Асосий мавзулар
1 июл 2019

Сўконғич ҳоким коррупция ҳақида нималарни айтди?

Шу кунларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг республика даражасидаги раҳбарлардан тортиб маҳаллий амалдорларгача шалтағини чиқариб сўккани можароси ОАВлару ижтимоий тармоқларгача шов-шов бўляпти. 

Ҳамманинг оғзида битта гап: “Ҳоким президент тайинлаган вазирларни сўкди”, “Унинг оғзи шалоқ”, “Маҳаллийчилик қиляпти”, “У ўзи ўйлаётганидек ҳокимият таянчи ҳам эмас, президент таянчи ҳам эмас”.

Биз бу гаплардан сал узоғроқда турган ҳолда ҳокимнинг ўша йиғилишдаги сўкинишларини четлаб ўтиб, эътиборингизни у тилга олган улкан коррупция масалаларига қаратишни лозим топдик. 

Зеро, республика ва маҳаллий даражадаги коррупция иллатларига оид бу гаплар эътибордан четда қолиши керак эмас. 

Чунки ҳамма ҳокимнинг сўконғичлигини биринчи планга чиқариб, аслида халқ маблағларининг совурилишини эсдан чиқараётгандек кўринади. 

Биринчи мисол шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев фаолиятига оид. Бу одам ҳам сўконғичликда Шуҳрат Абдураҳмоновдан ҳеч ҳам кам эмас. 

Вилоят ҳокими уни шаҳар учун ажратилган 48 та чиқинди ташиш машинасининг 16 тасинигина тегишли мақсадлар учун ишлатиб, қолганини шағал ташишга чиқариб юборганлиги учун сўкяпти

Шаҳар ҳокими бу машиналарга шағал ташитяпти, шаҳар эса чиқиндига тўлиқ бормоқда.  

Шуҳрат Абдураҳмонов шаҳардаги Нодирабегим истироҳат боғидаги қурилиш ишларига оид яна бир коррупция фактини келтирганки, суммани эшитган одам ёқа ушлайди. 

Ҳокимнинг гапига қараганда, Миллий банк бу қурилиш учун ўтказган пулнинг 400 минг доллари ҳали иш бошланмасданоқ ўғирланган. Еб қўйганлар эса энди “ёниб турган қозондан” чиқиш ҳаракатини қилиб ётибди. 

Бу пулни ўмарганлар, англашилишича, илгари Тошкентдаги паркларни ҳам “жаннат” қилиб юборган. 

Савол туғилади, ҳали иш бошланмасданоқ шунча пулни туя қилганлар Тошкентда “жаннат” барпо этаётганда томоғига тиқин тиқиб ўтирганми? 

Ҳоким тилга олган навбатдаги муаммо мамлакат тиббиёт тизимидаги коррупция ҳолатларига тегишлидир. 

“Тошкентдаги битта и***с бир ердан импорт қилиб олиб келяпти шприцни. Унинг тепасида 15-20 фоиздан ҳаммаси ўтирибди. Уларнинг ризқи қирқилди-да энди”, дейди ҳоким.

Соҳага яқин кишилар ҳокимнинг бу гапларида жон борлигини айтади. Умуман, тиббий таъминот масаласида марҳум президент Каримов давридаги бундай салбий амалиётга ҳали барҳам берилмаган.

“Ҳозир тиббиёт муассасалари таъминоти учун аввалгидан ҳам кўп маблағ ажратиляпти. Бундан хулоса шуки, давлатнинг пулини туя қилиш кўлами ҳам олдингидан каттароқ”, дейди улгуржи дори-дармон савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлардан бири “Элтуз” билан суҳбатда. 

Ҳокимнинг иддаоларига жавоб қайтарган Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса вилоятда шифохоналар эҳтиёжи учун сотиб олинган тиббий буюм ва дори-дармонларнинг мувофиқлик сертификати ҳам бўлмаганини билдираётир. 

Агар бу ўринда вазирлик ҳақ бўлса, сертификати бўлмаган маҳсулотларни харид қилганлар, агар ҳокимлик ҳақ бўлса, Тошкентдаги “фоизчи” воситачиларга чора кўриш керак бўлади. 

Эътибор беринг, ҳоким томонидан айтилган иддаолар асосида қандайдир иш қўзғатилгани ҳақида ҳали бирорта расмий хабар йўқ. Ҳамма ҳокимнинг “сўконғич оғзи”ни муҳокама қилиш билан банд.

Ҳолбуки, бу ўринда гап миллиардлаб маблағ тўғрисида кетмоқда. Парк учун ажратилган пулни ўмарганлар, чиқинди ўрнига шағал ташиб юрган машиналар, сифатсиз (балки сифатсиз эмасдир!!!) тиббий буюм ва дори-дармонлар масалалари ҳуқуқий баҳосини олиши керак. 

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 декабр 2017
Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон президенти этиб сайланганига 4 декабрда бир йил бўлди. Куз ўтиб қиш келди. Газсиз, чироқсиз уйларда сайловчилар ...
7 апрел 2020
Таниқли ҳофиз Рустам Ҳожимамедов Самарқандий 6 апрель куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида коронавирусдан ўлгани ҳақида яқинлари маълум қилди. «Қурбон ўлам» ...
26 сентябр 2018
Тошкент марказидаги аҳоли кўчириб юборилиб қурилаëтган «Тошкент сити»да гўëки таниқли боксчи Майк Тайсон уй сотиб олди, деган реклама ролиги ...
5 апрел 2023
Бугун эсламоқчи бўлганимиз – улуғ француз ёзувчиси Антуан де Сент Экзюперининг «Кичик шаҳзода»си. 1943 йилнинг 5 апрелида Америкада илк ...
Блоглар
28 май 2024
Мен миллатчи эмасман! Лекин қайтадан таъмирлатилган ва Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Ж. Ортиқхўжаев томонидан Пасхага ...
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...