Асосий мавзулар
10 август 2019

РТдан ваъз: Пул учун OPEN

Мана, денгиз бўйларида дам олиб, қайтиб келдик яна ишлашга. Биз дам олган пайтда Ўзбекистон президенти қаттиқ ишлабди. Ëмонам қаттиқ ишлаб ташабди. Ҳокимларни тергаб, блогерлардан кечирим сўрашга мажбур қилибди. Мошоллоҳ. Бундай президент қайда бор?

Биз ишга чиқсак, президент дам олишга кетворибди. Дам олсин-да энди. Бош вазир бўлиб 14 йил ишлаганида ҳам, президент бўлиб уч йилдан бери лавозимда ўтирганида ҳам ҳеч дам олмади. Асалари каби туну кун ишлайди. Ит тинса тинади, қуш тинса тинади, лекин президент тинмайди. Яхши дам – меҳнатга ҳамдам.

Биз ҳам отпускага кетишдан олдин Берлинда йиғилиб режаларни белгилаган эдик. Кечқурун Берлин кўчаларини сайр қилиб юрсам, немисга эрга тегиб, ували-жували бўлиб кетган ўзбекларни кўрдим. Бир пайтлар «Пона.ўз» деган сайтни юритганимда берлинлик Олимжон исмли мухбиримиз немисга ошиқ ўзбеклар ҳақида бир нарсалар ëзворувди.

Бу Олимжон дегани ўша пайтда туппа-тузук блоггер бўлган экан – буни на Туз, на эл билибди. Ҳозир тўйларда журналистларни ташқарига ҳайдаб юбориб, ичкари уйда блогерларнинг олдига қазили палов қўйишмоқда.

Қази – бу ўзбек виаграси, дейишади ўзбек эркаклари. Аммо негадир ўзбек қизлари немисга ошиқ.

Хуллас 10 йил олдин ëзилган матнни ўқисак.

Берлин марказидаги Гезунтбрунен (шифоли булоқ) мавзеидаги интернет кафеда ўтирирарканман, қулоғимга ўзбекча овоз эшитилди.

Танишга ўхшадир овозинг сенинг…

Мендан сал нарида 40 ëшлардаги бир ўзбек опахон ëнида бўйи етган қизи билан компьютер ойнагига интиқлик билан тикилиб ўтиришар эди.

– Мама, я уже устала, бошқа қидиргим келмаяпти. – Онаси бўлса унга далда беради.

– Қизим, яна бир қидириб кўргин, зора санга лойиқ топармон-тупармон бир немис куëв чиқиб қолса.

Она билан қиз интернетдан немис эр излашар эди. Немис эр дегани ҳам анқонинг уруғи шекилли, ҳа деганда топилавермади. Ҳаммага ëр учраса – менга ағëр учради…

– Қизим ўша Ганс дегани тузук эди. Гапимга қулоқ солиб ўшанга тегиб кетавермадинг-да.

– Опа, ман сизга этвомман-у. У қари. Кейин бирор бир тайин иш жойи ҳам йўқ экан. Он социале сидит. Я его не хочу. – Она бечора қизига гап уқтиради.

– Ҳечам Ганс қари эмас. Бор йўғи 55 да. Эркак одам тупроқдан бўлган. Сув қуйсанг яшнайверади. Самий главний – он немец. Тушундингми, ғалча?

Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас…

Интернет кафедаги суҳбат мавзуси менга таниш. Немис эр излаб Тошкентдан Германияга қараб йўлга чиққан она қизларни бундан олдин ҳам учратган эдим. Бир куни яқин бир танишим қўнғироқ қилиб қолди:

– Ўзбекистондан икки киши кевотди. Ўшаларни кутвосанг…

Берлин вокзалида танишим айтган икки кишини кутволдим. Булар юнусободлик Лазокат опа деган аëл ва унинг қизи Дилфуза экан.

Салом-аликдан кейин улар олиб келган зил-замбил чамадонларни кўтариб, машинамни парк қилган жойга шошилдим. (Агар шошмасам нақ 70 қўқон жаримага тушардим). Машинани кўриб Дилфуза бурнини жийирди.

– Вой, намунча исқирт бунингиз, – онаси бўлса қизига танбеҳ берди. – Унақа демагин, ҳар ҳолда иномарка-ю бу.

Менинг эътироз билдиришга вақтим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ эди. (Умуман, Дилфузанинг гапи тўғри. 1989 йили чиққан AUDI тўкилай-тўкилай деб турар эди).

Йўлда уларнинг муддаосини билволдим. Дилфузани бундан олти ой олдин ипподромда савдо қилувчи, Қўйлиқда турадиган бир йигитга эрга беришган экан. Уч ой яшаб, уйга қайтиб кепти қиз бояқиш.

– Илойим оғзидан қони келсин у яшшамугурни. – Лазокат опа собиқ куëвини қарғар эди.

Хуллас, бир эрга тегиб чиққан қизгина яна эрга теккиси келибди, аммо бу сафар немисга.

Мен севаман, сен севасанму?

Дилфуза интернетда ўтириб Ҳайнрик дегани билан маслаҳатни маҳсига тиқибди. Ҳайнрик дегани таклифнома жўнатибди. Лазокат опа бўлса қизини нотаниш эркакникига ëлғиз юборишдан қўрқиб, ўзи ҳам бирга келишга қарор қилибди.

– Ҳайнрик чипта билетининг пулини тўладими? – деб сўрайман Лазокат опадан.

– Йўқ, у немис-ку. Ҳисоб-китобли халқ. Дилпузни кўрсин, ëқтирсин, загсдан ўтсин, ана ундан кейин чипта пулини кампенсатсия қиларкан. Лазокат опа гапини тугатаркан, қизи тарафга қараб, кўзини қисиб, ҳиринглаб кулди. Қиз уялгандай бўлиб, қошини чимирди.

– Опа, перестан.

Немис чиқди ўрмондан…

Ҳайнрик дегани Берлиндан 80 км узоқдаги Штраусберг деган қишлоқда яшар экан (бир колхозда).

– Шу, сизлар S ban (электричка) билан етволсангиз. Нима дейсиз, – деб каловландим, бензин нархини андиша қилиб.

– Вой, Олимхон укагинам. Нима девоссиз. Ялаб-юлқаб боққан қизимни поезга солиб обориб, куëвнинг қўлига тутқазарканманми. Ука бизда ҳам қолиб кетмас…

Картани олиб Штраусбергга борадиган яқин йўлни қидирдим. Ҳайнрик деган немис ўрмон ичидаги қишлоқда яшар экан.

Ишқилиб, пропкага тушмасак бўлди.

Ëрим кетаман дейди, кеткизгали қўймайман

Ҳайнрикка телефон қилдик. Телефонда саксония лаҳжасида ғўлдираган бир овоз келди. Хуллас, Ҳайнрик бизни Ратҳауз (селсовет) олдида соат 4 да кутадиган бўлди. Берлиндан Штарусберггача 40 минутлик йўл. Соат эса 2.

– Куëв тўранинг иши бор экан. 4 да бўшар экан.

Бир четга чиқиб тамадди қилдик. Лазокат опанинг сумкасидан қази, патир ва совиб қолган сомсалар чиқди.

– Вой, эсим қурсин, Шафаат опамлар (манинг аммам) сизга манавуни берворувдилар. Лазокат опа қўлимга зарчава солинган пакетни тутқазди (зарчава ошни сариқ қиладиган зиравор).

Туя ҳаммомни орзу қилибди

Ниҳоят, ратҳауз олдида Ҳайнрик (немис куëв) билан учрашдик. Ҳайнрик дегани бўйи икки метр, юзига сепкил тошган бир галварс экан. Ўрмонда ўрмончи бўлиб ишлар экан. Қўлтиғининг таги терлайди шекилли. Сасиб ëтибди. Ëш 46 да. Ўтган йили хотини билан ажрашибди. (Хотини қутулганига шукр қилаëтгандир).

Дилфуза Ҳайнрикка қараб инглизча бир-икки оғиз гап қилди. Лазокат опа бўлса бўлғуси куëвни русча калималар билан сийлади. Ҳайнрик деган галварс немисчанинг саксон шевасидан бўлак бирор тилни билмас экан. Тилмочлик вазифаси ҳам камина зиммасига тушди.

Тўғриси, Дилфузадек ëқимтой, олий маълумотли қизнинг шу галварс Ҳайнрикка тегишини ҳеч истамас эдим.

ПМЖ !!! Қандай ширин сўз бу

– Ука, бошши оғритманг. Бизга ПМЖ керак, ПМЖ. Лазокат опа манга қараб қўлини сарак-сарак қилди.

ПМЖ дегани Германияда доимий яшаш ҳуқуқи. Немис эркакка тегасан – ана шу ҳуқуқ соҳиби бўласан. Немис эркаклари ҳақида Лазокат опа тасаввури: – Немис эркак рашк қилмайди. Ҳатто келин бола қиз чиқмасаям хафа бўлмайди. – Немис эркаги чидамли бўлади. Хотинпарвар бўлади.

“Манинг бир элчихонада ишлайдиган дугонам олдин покистонлик билан юрди. Озгина эрга теккандай бўлди. Ҳатто ундан бола ҳам орттирди. Параллелний бир немис билан ҳам ош-қатиқ бўлди. Охирида барибир немисга тегди. Так что, ўзбек аëли учун немисдан яхшиси йўқ”.

“Ўзбек-чи, ўзбек?” деб сўраб балога қолдим Лазокат опадан.

“Ҳа ордона қолсин ўзбек эркаклари. Ҳаммаси аммамнинг бузоғи. На оила боқишга ярайди, на бошқа ишга. Уззукун чойхонада. Манинг эрим Украинага пул топаман деб кетганича 4 йилдан бери дараги йўқ. Куëвим эса қизим билан қўшилишга ҳам кучи етмади. Ҳезалакми нима бало…”.

Гапнинг уëғини эшитмасдан, она-болани немис қишлоғида қолдириб Берлинга қайтдим.

Пул учун OPEN

Берлинга оқшом пайти кириб бордим. Шаҳарга кираверишда бир уй-машина олдида бир фоҳиша қиз тизасини яланғоч қилиб турар эди. Уй-машина устида OPEN деган ëзув ëниқ турар эди. Машинани секинлатиб қизга савол бердим:

– Сан қайси миллат билан қўшилишни истайсан?

– Чўнтагида пули борини истайман. Миллатининг фарқи йўқ.

Ана шунақа – пулинг бўлсин. Пулинг бўлса халтада – дам оласан Ялтада.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 май 2016
Мақолада ёзилишича, Андижон вилоятида фермерлар ғўзага ишлов беришда катта тажриба тўплаган бўлиб, бугун бу куздаги мўл ҳосил гарови бўлиб ...
2 июн 2020
Тармоқда 2 июнь куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевники дея ишонилган аудиоёзув тарқалди. Унда давлат мулозими “Сўх туманини харитадан ...
5 январ 2022
Рассом Туз
19 март 2018
1972 йилда Ўзбекистон мустақиллигини талаб қилувчи уюшма тузгани, Совет Иттифоқига қарши курашгани учун КГБ тарафидан қамоққа ташланган Миртемир Мирабдуллаев ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...