Асосий мавзулар
27 ноябр 2019

«Абу Сахий”нинг сирлари

10 ноябрь куни Туркияда отиб ўлдирилган уйғур аслли тадбиркор Айэркен Саймаити журналистларга тақдим этган материалларда Тошкентдаги машҳур “Абу-Сахий” бозори фаолиятига оид қизиқ маълумотлар мавжуд.

Бу маълумотлар “Озодлик” радиосининг қирғиз хизмати Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури ҳамда Бишкекдаги Kloop ахборот сайти билан ҳамкорликда ўтказган журналистик суриштирув натижасида қўлга киритилган.

Ушбу суриштирувнинг асосий манбаси бўлган Айэркен Саймаити 2011-2017 йиллар давомида Қирғизистондан 700 миллион доллар маблағ ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилганини билдирган. 

Суриштирувнинг Қирғизистонга тегишли қисмини қолдирамизда, Ўзбекистон учун муҳим бўлган ҳолатларга тўхталиб ўтамиз.

Айэркен Саймаитининг журналистларга билдиришича, 1990-йилларда “Абу Сахий” бозорига келиб чиқиши хитойлик бўлган уйғур Ҳабибулла Абдуқодир асос солган. Аммо унинг бозорга хўжайинлиги узоққа бормагани кўпчиликка маълум.

Фото: Ozodlik.org
Саймаити ўлими олдидан журналистларга етказган ушбу суратда "Абу Сахий"га асос солган уйғур тадбиркори Абдуқодир ва унинг укалари акс этган. Чапдан: Алимужон Ҳадир, Наби Ҳадир, Маймаитали Ҳадир ва Хабибулла Абдуқодир.

Чунки кейинчалик бу бозор марҳум президент Ислом Каримовнинг қизи Лоланинг эри Темур Тиллаев қўлига ўтган.

Тиллаевнинг адвокати ўз мижозининг Ҳабибулла Абдуқодир ёки унинг шериклари билан ҳар қандай ҳамкорлик қилганини рад этиб келади. 

Аммо Айэркен Саймаитининг иддаосича, Ҳабибулла Абдуқодир Каримовлар оиласи билан келишган ва мазкур бозор устидан назоратни тўла Тиллаевга топширган.

Суриштирувлар давомида “Абу Сахий”нинг Ҳабибулла Абдуқодирга тегишли бўлгани, кейинчалик унинг Каримовлар оиласи қўлига қандай ўтганини тасдиқловчи ҳужжатларни қўлга киритишнинг имкони бўлмаган.

Лекин мазкур бозор ва “Абу Сахий” транспорт-савдо фирмаси фаолиятидаги боғлиқликлар мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. 

Чунки узоқ йиллар давомида бу карго фирмаси “Абу Сахий” бозорини, демакки, бутун Ўзбекистонни турли товарлар билан таъминловчи асосий монополист компания бўлиб келгани сир эмас. 

Бу фирма эса бевосита Ҳабибулла Абдуқодир яратган бизнес империясининг бир қисмидир. 

Фото: Айеркен Саймаити
Айеркен Саймаити

Айэркен Саймаитининг айтишича, бозорга узоқ вақт эгалик қила олмаган Абдуқодир бизнесини ташлаб Ўзбекистонни тарк этган ҳамда бир қанча вақт Қозоғистон ва Россияда бўлган. Кейин яна Тошкентга қайтиб, Темур Тиллаев эгалигидаги “Абу Сахий” бозорига товар етказиб берувчи худди шу номдаги савдо-транспорт компанияси фаолиятини йўлга қўйган. 

Шу ўринда “Абу Сахий” карго хизмати фаолиятига бир назар ташласак. Бу фирма транспорт хизмати кўрсатувчи монополист компания бўлиб, Ўзбекистонга Хитойдан ташқари Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Эрондан ҳам мол олиб келган.

Унинг хизматлари жуда қиммат бўлишига қарамай, савдогарлар айнан у билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлган. Чунки у ташийдиган ҳар қандай юк божхонадан ҳеч қандай муаммоларсиз ўтгани айтилади. 

Айэркен Саймаити сўзларига кўра, “Абу Сахий” команиясининг қарийб 600 та юк машинаси турли товарлар билан Хитойдан Тошкентга томон йўлга чиқиб, турли ҳудудларга юк етказиб берган. 

Ўзбекистон чегарасида божхоналар худди хусусий тузилмалар каби ишлашини таъминлаш учун Абдуқодирга “садоқатли” одамлар етарлича бўлган. Шунинг учун “Абу Сахий” ва у билан боғлиқ фирмаларга тегишли бўлган юк машиналари божхоналардан тез ва ҳеч қандай муаммоларсиз ўтган. 

Рақобатчиларда эса бундай имконият бўлмагани сабабли бизнес юритишда жиддий қийинчиликларга дуч келган. 

Айэркен Саймаитининг таъкидлашича, юк машиналари божхонадан муаммосиз ўтишининг нархи ҳар бир машина учун 4,6 минг доллардан 5 минг долларгача бўлган. Агар бу суммани 600 та юк машинаси бўйича ҳисобласа, ойлик ноқонуний тушум 3 миллион долларгача етади. 

Бу маблағ турли даражадаги амалдорлар ва уларниг ҳукумат доирасидаги ҳамтовоқлари ўртасида тақсимланган. 

Божхонадагилар билан яхши алоқалар Ҳабибулла Абдуқодирга товарларни фақат тез ва муаммосиз ўтказишгагина ёрдам бериб қолмай, уларни арзон маҳсулотлар сифатида кўрсатиб, божхона тўловларидан ҳам яхшигина даромад қилиш имконини яратган.

Шунингдек, қоғозда Ўзбекистонга киритилган товарлар кейинчалик худди Қирғизистонда ишлаб чиқарилгандек кўрсатилиб, амалда бошқа давлатларга юборилган ва бу каби ноқонуний схемаларнинг турли кўринишларидан фойдаланилган. 

Сўнгги бир-икки йилдан буён Ўзбекистондан Қирғизистонга жуда катта миқдордаги валюта олиб чиқилишининг олди олингани тўғрисидаги хабарлар кўплаб пайдо бўлмоқда. 

Агар Айэркен Саймаитининг гапларидан келиб чиқилса, аслида бу аввалдан мавжуд бўлган схеманинг бугунги кундаги рудимент кўриниши эканини сезиш қийин эмас. 

Чунки журналистик суриштирувда Саймаити “Абу Сахий” бозорида ишланган пуллар кейинчалик турли йўллар билан Қирғизистонга олиб чиқилиб, қирғиз банклари орқали “ҳалол”ланганини баён қилади.

Унинг айтишича, бу пуллар юк машиналарининг захира баллонлари ичига яширилган ва кузатувчи икки автомобиль ҳамроҳлигида чегарадан олиб ўтиб кетилган.

PS. Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг унинг оиласининг Тошкентдаги бизнеси ҳам касодга учради. Хусусан, айни пайтда “Абу Сахий” бозори ва карго хизмати бошқа тузилмалар ихтиёрига ўтгани айтилади. 

Аммо бу жараён қандай юз бергани ҳали ҳам кенг жамоатчилик учун сирлигича қолмоқда. Айэркен Саймаитининг гувоҳликлари ва маълумотлари асосида ўтказилган журналистик суриштирув бўйича эълон қилинган мақола бўйича ҳам шу кунгача Ўзбекистон расмийлари бирорта баёнот бергани йўқ. 

«Элтуз» нашри 16 ноябрь куни “Тошкент савдо маркази»  (собиқ “Абу Сахий” МЧЖ) бозор маъмуриятининг 700 дан зиёд дўкон эгаларидан дўконларини 1 декабргача бўшатиб қўйишлари ҳақида огоҳлантириши тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлгани ҳақида ёзган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 декабр 2024
Ўзбекистон антсемитизм чақириқлар ва нафрат пропгандаси жазосиз қоладиган платформага қачон айланди? Тамал саводи бўлмаган, Европа илм дунëсида ҳеч қачон ...
26 апрел 2018
Андижон шаҳридаги 18-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси 22 апрель куни ўсмирлар ўртасидаги ўзаро жанжалда пичоқбозлик қурбони бўлди. Мактаб жойлашган маҳалла ...
8 ноябр 2022
Cotton Campaign коалицияси 7 ноябр куни эълон қилган янги матбуот хабарида Ўзбекистондаги мавжуд барча ишлаб чиқариш соҳаларида мажбурий меҳнатга ...
15 феврал 2023
Ўрусия шаҳарларидан биринда бир қизалоқ яшарди. Сочи сариқ, кўзи кўм-кўк қизгина. Бир куни шу қизнинг отасига военкоматдан повестка келди. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...