Президентга “Анжанча спектакль” қўйиб берган ҳоким яна бир лавозимни эгаллади
Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси (ММА) Андижон вилояти бўлимининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда ассоциациянинг Андижон вилояти бўлими раҳбари ва ижрочи директорини сайлаш, вилоятда мазкур спорт тури оммавийлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Конференцияда ассоциациянинг вилоят бўлими раҳбари лавозимига очиқ овоз бериш йўли билан айни чоғда вилоят ҳокими бўлиб ишлаб келаётган Шуҳратбек Абдураҳмонов сайланди.
Шундай қилиб, ўтган йилнинг 9 июнь куни Андижон шаҳрида бўлиб ўтган селектор йиғилишида энергетика ва соғлиқни сақлаш вазирлари ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, турли ташкилотлар раҳбарларини ўта жирканч, уятли, ҳақоратли сўзлар ишлатиб сўккани ортидан “шуҳрат қозонган”, шунингдек, 2019 йил 16 май куни Андижонга ташриф буюрган Ўзбекистон президентига “Андижонча спектакль” қўйиб берган Шуҳратбек Абдураҳмонов яна бир лавозимли бўлди.
Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси 2019 йилнинг ноябрида ташкил этилган бўлиб, унга мамлакат раҳбарининг бир вақтнинг ўзида бир неча мансабни, жумладан, Триатлон федерацияси раиси лавозимини эгаллаган иккинчи куёви Отабек Умаров президент этиб сайланган.
Eltuz.com