Асосий мавзулар
7 март 2020

Британия суди Дубай шайхи қизларини ўғирлаб кетгани ва хотинига таҳдид қилганини тан олди

Малика Ҳаё бинт ал-Ҳусайн ўғирлик, мажбурий қайтариш, қийноқ ва қўрқитиш компанияси бошида ўзининг собиқ эри, миллиардер ва Дубай амири шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мақтум турганини эътироф этди ва унинг бу қилмишини қоралади. 

Пайшанба куни унинг айбловлари Британия Олий судининг бир қатор қарорларида тасдиқланган далил сифатида тан олинди. Бу ҳақда Би-би-си мухбири Фрэнк Гарднер хабар тарқатди.  

Шайх Муҳаммад суд қарори жамоатчиликка эълон қилинмаслигини талаб этди, бироқ суд мазкур қарор жамоат манфаатларига мос келишини тан олиб, унинг шикоятини рад қилди. 

Суд қарорида Дубай ҳукмдори «суд олдида очиқ ва шаффоф эмас», деб эътироф этилди. 

Суд қарорлари эълон қилингандан кейин берилган баёнотда шайх Муҳаммад: «Ҳукумат раҳбари сифатида мен судда далилларни аниқлаш жараёнида иштирок эта олмайман. Бу «фактлар аниқлангани» ҳақида хулоса чиқаришга олиб келди ва хулосада воқеалар муқаррар равишда фақат бир ёқлама кўрсатилган”, деди. 

Шайх фарзандлари билан боғлиқ жараённи ўзининг шахсий иши деб ҳисоблади ва ОАВни ўз фарзандларининг ҳаётига аралашмасликка чақирди.

Ушбу шов-шувли иш бўйича суд жараёни саккиз ой давом этди. Охир-оқибат суд шайх Муҳаммадни икки қизи – Латифа ва Шамсанинг ўғирлаб кетилгани ва БАА (Бирлашган Араб амирлиги)га мажбурий тарзда қайтарилгани учун жавобгар деб топди.

Малика Шамса 2000 йилда Англия жанубидаги Суррей графлигида жойлашган уйидан қочиб кетди. Аммо кейинчалик уни шайхнинг агентлари Кемрбрижэширда қўлга туширди. 

Гўёки тинчлантирувчи дори берилган Шамса Дубайга олиб кетилди ва ҳибсда сақланмоқда. Кембрижэшир полицияси малика ўғирлаб кетилиши бўйича тергов доирасида Дубайга ташриф буюрмоқчи бўлди, бироқ Британия полициясининг сўрови рад этилди. 

Шамсанинг синглиси малика Латифа отасидан қочиш учун 2002 ва 2018 йилларда икки марта уриниб кўрди. Аммо ҳаракатлари муваффақиятсиз якун топди. 

Биринчи марта қочишга уринган чоғда уни отаси ватанига қайтариб юборди ва у уч йил давомида ҳибсда ўтирди. 

2018 йилда 33 ёшли Латифа иккинчи марта қочишга уринди, аммо Ҳинд океани соҳилида ушланиб, яна Дубайга қайтарилди ҳамда у ерда ҳанузгача ҳибсда сақланмоқда. 

Суд Латифага нисбатан қийноқлар, жисмоний зўравонликлар қўлланганига оид айбловларни ишончли деб топди. Бу ҳолатни у иккинчи марта қочишга шайланишдан олдин видеода тасвирлаб берганди.

Судья шайх Муҳаммад «режимни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда, шу боис ҳам ҳар иккала аёл озодликдан маҳрум қолмоқда», деган қарорга келди. 

45 ёшли малика Ҳаё Иорданиянинг амалдаги подшоҳи Абдуллоҳ II нинг синглиси, 2004 йилда шайх Муҳаммадга (ҳозир 70 ёшда) турмушга чиққан. У шайхнинг олтинчи – энг кичик хотини. Уларнинг биргаликдаги турмушидан 7 ва 11 ёшдаги икки фарзанди бор.

Аммо 2019 йил бошида малика Ҳаё нималардандир шубҳалана бошлади ва ўз шубҳаларини оммага ошкор қилди. Шундан сўнг шайхнинг агентлари уни қўрқитиш тараддудига тушди.

Хусусан, суд Ҳаёнинг ўз уйидан судраб олиб чиқилиб, олис биёбонларда жойлашган қамоқхоналарга олиб кетиш билан қўрқитилгани ҳақидаги кўрсатмаларини эшитди. 

Лондон Олий суди 2018 йил охиридан бошлаб шайх Муҳаммад ўз одамларини хотинини унинг номидан қўрқитишга ундаган, деган хулосага келди.

Малика Ҳаёнинг қочиши

2019 йил апрель ойида Ҳаё икки боласини олиб Британияга қочиб кетди. Судда у эрининг яширин таҳдидлари туфайли ҳаёти хавфсиз эмаслигини таъкидлади, шунингдек, болаларининг ўғирланиши ва мажбуран Дубайга қайтарилиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

Ҳаёнинг сўзларига кўра, шайх Муҳаммад 2019 йил майда рафиқаси ва унинг фарзандлари учун Англия ҳеч қачон хавфсиз давлат бўлмаслигини айтган.

Судда, шунингдек, шайх малика ҳақидаги қатор салбий мақолаларни нашр қилиш учун ўз медиа майдонларидан фойдаланганлиги таъкидланди. Ҳаёнинг сўзларига кўра, мақолаларнинг аксарияти мутлақо ёлғон.

Шайх Муҳаммад  Яқин Шарқдаги нуфузли шахс. Унинг саъй-ҳаракати билан Дубай сайёҳлар учун машҳур масканга, бизнес ва кўнгилочар марказга айланди.

Дубай дунё миқёсидаги йирик халқаро анжуманлар, брифинглар, нуфузли кўргазмалар, саммитлар, форумлар ўтказиладиган жой ҳамдир. Масалан, Дубайда жорий йил 16 февралда Жаҳон аёллар форуми бўлиб ўтди.  

Мазкур форумда Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева иштирок этди ва нутқ сўзлади

Форумда сўзга чиққан Саида Мирзиёева: «Жаҳон аёллар форуми аёллар манфаати учун етакчи ғояларни сафарбар этиб, кўп ишларни амалга оширди. Ўзбекистон бу борада ҳамфикр ва янги ҳамкорлик учун очиқ. Аёл ҳуқуқларини таъминламай туриб, инсон ҳуқуқларини таъминлаб бўлмайди», деди.

Умуман, Ўзбекистон президенти оиласи БАА мулозимлари билан яқин алоқа ўрнатган, дейиш хато эмас. Буни ўтган йилнинг 13 октябридан то 1 ноябрига қадар Шайх Ҳамдам ибн Муҳаммад ал-Мақтум ўз лочинлари билан Навоий вилоятида Халқаро Қизил китобга киритилган йўрға тувалоқларни овлаш учун келгани, 1 ноябрь куни Мирзиёевнинг куёвлари Ойбек Турсунов ва Отабек Умаров Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдам бин Муҳаммад ал-Мақтумга шоҳона зиёфат бергани ҳам тасдиқлайди.  

Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 июл 2019
Шифокорлар далаларда ишлашга мажбур этиларкан, шифохоналарда беморлар ҳаёти учун таҳликали вазият юзага келади. 2018 йилнинг 28 июнь куни Брюссель ...
29 сентябр 2020
Президент Шавкат Мирзиёевнинг энг ишонган давлат амалдорлари МХХ (ҳозирги ДХХ)нинг собиқ раиси Рустам Иноятовнинг жосусларидир. Бундай ақл бовар қилмас ...
8 сентябр 2020
Туркия суди 2017 йил 1 январь куни Истанбулдаги тунги клубда теракт уюштирган ўзбекистонлик Абдулқодир Машариповни умрбод қамоқ жазосига ҳукм ...
24 ноябр 2020
«Ҳумо» номли учоқ ширкати ҳақида гап чиқиши билан эронлик дўстларим ўзбекларни плагиатда айблади. Эронда «Ҳумо» деган учоқ ширкати бор ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...