Асосий мавзулар
29 сентябр 2020

Мирзиëев қадамини санаëтганлар ким?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг энг ишонган давлат амалдорлари МХХ (ҳозирги ДХХ)нинг собиқ раиси Рустам Иноятовнинг жосусларидир.

Бундай ақл бовар қилмас иддао билан «Элтуз»га мактуб йўллаган шахс ўзини «ҳукуматда муҳим вазифа» бажаришини таъкидлайди.

«Ҳукуматда муҳим вазифа» бажарувчи аноним шахс йўллаган мактуб икки қисмдан иборат. Мактубда, шунингдек, Ўзбекистон ҳокимиятининг юқори эшелонларида президент Каримов ўлимидан сўнг юз берган эврилишлар таҳлил қилинган.

“Элтуз” мазкур мактубдаги даъволарнинг баъзиларини текширди. Баъзиларига аниқлик киритди. Ўзининг ҳукуматдаги манбалари орқали мактубда келтирилган маълумотларни қисман тасдиқлатди.

Мактуб билан танишганлардан бири уни йўллаганлар “янги бош вазир учун йўл очиш мақсадида амалдаги бош вазирни ëмонотлиқ қилиш” мақсадини кўзлаган, дея фикр билдирди.

Айни пайтда Ўзбекистон бошқарув элитасининг ëпиқлиги боис барча иддаоларни текшириш имкони йўқ. Аммо биз тақдим этилаётган маълумотларнинг Ўзбекистон келажагига таъсири ва потенциал аҳамиятини инобатга олиб, мактубни борича нашр этишга қарор қилдик.

Қуйида унинг дастлабкисини эътиборингизга ҳавола этамиз. Ҳукм чиқариш азиз ўқувчиларга, маълумотни текшириш Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига ҳавола. Мактуб-мақола “Иноятовнинг айғоқчилари” дея сарлавҳаланган.

Иноятовнинг айғоқчилари

2015 йилнинг 21 апрелда президент Ислом Каримов Ихтиёр Абдуллаевни Ўзбекистон бош прокурори этиб тайинлади.

Бош прокурор вазифасида Ихтиёр Абдуллаев қалтис ҳаракат қилмасликка уринди, чунки унинг атрофини ўраб олган ўринбосарлари собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ва МХХнинг ўша пайтдаги раиси Рустам Иноятов билан яқин алоқаларга эга эдилар.

Шахс сифатида ўта қўрқоқ ва мустақил фикрга эга бўлмаган Ихтиёр Абдуллаев ҳар қандай буйруқни сўзсиз ижро этишга ўргатилганди. Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлган даврда ҳам ҳеч бир қарорни мустақил қабул қилмас, И.Каримов берган ҳар қандай топшириқ ҳақида тўғри бориб Р.Иноятов ва Р.Қодировга ҳисобот берарди.

Хавфсизлик хизмати, прокуратура, президент аппарати ва бошқа вазирликлардаги вазифаларни тақсимлашни амалда Рустам Иноятов ва Рашиджон Қодиров ҳал қиларди. И.Каримов столи устига қандай ҳисобот ва маълумотномалар бориб тушиши ҳам шу икки шахс назоратида эди.

Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласига қарши прокуратура ўтказган режали босимлар ортида эса бир шахс – Рустам Иноятов турарди.

Схема жуда оддий эди: Ихтиёр Абдуллаев босим кўрсатади, Рустам Иноятов эса тиз чўктиради.

Шавкат Мирзиёев ёки оиласи кичик хатога йўл қўйса ёки қонундан озгина ташқари чиқса, Рашид Қодиров дарҳол бу фактларни ковлашни бошларди. Лекин Рашид Қодировда ҳокимият олий эшелонига оид оператив маълумотлар йўқ эди.

Прокуратура ҳузуридаги департаментга оператив хизмат сифатида қараш керак эмас – у прокуратура ва МХХ ўртасида маълумот ташувчи орган вазифасини бажарарди.

Ш.Мирзиёев ҳақидаги барча оператив маълумотларни Р.Қодировга ё Р. Иноятовнинг ўзи ёки унинг МХХдаги содиқ одамлари беришарди.

Бундай ҳолат биргина Рустам Иноятовга қўл келарди – шу тарзда у Шавкат Мирзиёевни доимий қўрқувда ушлаб турарди. У ўзига қулай фурсатда Р.Қодировни бир қўнғироқ билан тўхататар ва сўнгра Шавкат Мирзиёев орқали ўзига алоқадор бизнес ёки бошқа масалаларни ҳал қиларди.

И.Каримов вафотидан кейин бошланган ҳокимият учун ички курашни Ихтиёр Абдуллаев бир четда қўл қовуштириб кузатиб турди. Аммо кези келганда энг қудратли шахслар – Зелимхон Ҳайдаров ва Рустам Иноятовнинг фикрларини қўллаб-қувватлади.

Бош прокурор этиб тайинлангандан кейин Рашид Қодировдан фарқли Ихтиёр Абдуллаев Шавкат Мирзиёев, унинг оиласи аъзолари ва қариндош-уруғларини таъқиб қилишни тўхтатди.

2016 йил сентябрида Шавкат Мирзиёев президент вазифасини ижро эта бошлади. Худди шу пайтдан Ихтиёр Абдуллаев президент ишончини қозониш йўлларини излай бошлади.

Эътироф этиш керак, Шавкат Мирзиёев аввалига унга ишончга лойиқ шахс сифатида қарамади. Аммо кейинчалик муқобил номзодлар бўлмагани сабабли, қолаверса, ўзи ва яқинлари муаммолари қаердан пайдо бўлаётгани ҳақида маълумотлар бериб тургани учун Ихтиёр Абдуллаевни ёнига олди.

Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев Мирзиёев ва унинг оиласига қарши Рашид Қодиров тўплаган кўплаб компроматларни йўқ қилиб ташлади ва Шавкат Мирзиёевнинг энг ишончли одамига айланди.

Ана ундан кейин Ихтиёр Абдуллаев ўз одамларини прокуратура тизимларидаги энг муҳим вазифаларга жойлаштиришга ўтди ва бир пайтнинг ўзида исталмаган шахсларни йўқ қилиб борди.

Энди Бош прокуратурадан фақат Иихтиёр Абдуллаевнинг оғзидан чиққан маълумотларгина Шавкат Мирзиёевга етиб бора бошлади. Ихтиёр Абдуллаевга қарши Рашид Қодиров томонидан кўплаб компроматлар тўпланган эди. Шунинг учун ҳам Ихтиёр Абдуллаев онгли равишда Рашид Қодировни таъқиб этмади.

Ихтиёр Абдуллаев хавфсизлик хизматига раис бўлиб ўтгач, унинг ўрнига бош прокурор этиб тайинланган Отабек Муродов Рашид Қодировга қарши кампанияни сидқидилдан бошлаб юборди ва президент топширган бошқа вазифаларни ҳам муваффақият билан бажара бошлади.

Аммо янги бош прокурор бир хатога йўл қўйди – Отабек Муродов зиммасига юклатилган вазифалар Рустам Иноятовнинг қулоғига бориб етди. У эса тажрибасиз бош прокурорнинг каръерасига моҳирлик билан нуқта қўйди.

Шавкат Мирзиёев хавфсизлик хизматига раис этиб тайинланган Ихтиёр Абдуллаевга қуйидаги вазифаларни юклаган эди:

1. Шавкат Мирзиёевнинг яқинлари ва давлат мулозимлари орасидаги ёлланган агентлар рўйхатини қўлга киритиш;

2. МХХ томонидан Мирзиёевга қарши тўпланган барча компроматларни тозалаш ва йўқ қилиш;

3. Р. Иноятов тайинлаган, унга ишлайдиган барча мулозимларни топиш ва вазифаларидан четлатиш;

4. Рустам Иноятов ва Зелимхон Ҳайдаровга қарши компромат тўплаш.

Шавкат Мирзиёев бу вазифаларни бажариши учун Ихтиёр Абдуллаевга илк навбатда ўз жамоасини тузишга рухсат берди. Муҳим постларга ишончли одамларини қўйиб чиққан Абдуллаев президент берган вазифаларни бирин-кетин бажара бошлади.

Шу аснода МХХнинг чексиз қудрат ва ваколатларга эга эканидан шошиб қолган И.Абдуллаев ўз командаси билан Ш.Мирзиёевни ўз йўриғига солиш ва алал-оқибат мутлақ ҳокимиятга эга бўлиши мумкинлигини англаб етди. Бунинг учун секин, ҳисоб билан ва хатосиз ҳаракат қилиш зарур эди.

Аммо махсус хизматларда ишлаш тажрибаси ва вазиятни чуқур таҳлил қилиш уқувига эга бўлмаган И.Абдуллаевнинг режаси яшин тезлигида чилпарчин бўлди.

Давлат хавфсизлик хизмати раиси ваколатларидан фойдаланиб Ихтиёр Абдуллаев ўзи ва яқинлари ҳақида тўпланган маълумотларни ҳам йўқ қилиб ташлади. Энг қизиғи, унинг ўзи ҳам МХХнинг ёлланган агенти эди.

Ихтиёр Абдуллаев ва унинг командаси Шавкат Мирзиёев ва оиласи ҳақидаги махфий маълумотлар нусхаларини сақлаб қолишди. Шу билан бирга, келажакда асқатади, деган умидда Шавкат Мирзиёев атрофидаги баъзи ёлланма агентлар ҳақидаги маълумотларни ҳам яшириб қўйишди.

Ихтиёр Абдуллаев командаси бир йил давомида бу агентлардан моҳирлик билан фойдаланди. Улар берган кўплаб маълумотлар ОАВга сиздирилди ва турли бизнес манфаатларида ишлатилди.

Хўш, Мирзиёев атрофидаги агентлар кимлар?

01 – бош вазир Абдулла Ариповдан бошлаймиз. Бутун дунёда ахборот тизимлари ва коммуникацияларга масъул шахслар махсус хизмат агентлари ҳисобланади.

02 – бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очил Раматов ҳам МХХ томонидан ёлланган.

Уларнинг иккаласи ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам ўз хўжайинларига Шавкат Мирзиёев ҳақидаги маълумотларни шипшиб туришади. Уларнинг хўжайини бу маълумотларни ўзи ишонган шахсларга, улар эса оммавий ахборот воситаларига сиздиради.

03 – Зайнобиддин Низомиддинов МХХга ёлланган агентдир. У бу соҳада кўп йиллик тажрибага эга.

Шавкат Мирзиёев Низомиддиновни ўзига бунчалар яқинлаштирмаган бўларди, аммо МХХ ўз мақсадига ниҳоятда аста-секинлик ва эҳтиёткорлик билан эришди.

Бир пайтлар Шавкат Мирзиёевнинг ёрдамчиси бўларди. У халқ орасида Бахтиёр штангист лақаби билан танилган эди. Рустам Иноятов одамлари уни бир неча бор ёллашга уриниб кўрганлар, аммо табиатан ўта қайсар ва қайтмас бўлган Бахтиёрни ўз томонларига оғдира олмаганлар.

Аммо ДХХ ўз мақсадига қандай қилиб бўлмасин эришади – ё уларга ишлайсан ёки умуман ишламайсан. Режалари амалга ошмагач, Бахтиёр штангистни бир кунга ўғирлашади. Энг содиқ одами йўқолганидан хавотирга тушган Шавкат Мирзиёевни Бахтиёрнинг МХХ жосуси эканига ишонтиришади.

Бу шаклда МХХ бир ўқ билан икки нишонни уради: Бахтиёр штангист Шавкат Мирзиёевдан узоқлаштирилади, Зайнобиддин Низомиддиновга йўл очилади.

Зайнобиддин Низомиддинов Шавкат Мирзиёевнинг ҳар қандай топшириғини силлиқ қилиб бажара бошлади. Шавкат Мирзиёев қандай қилиб ёшгина бир йигитнинг оғир вазифаларни моҳирлик билан бажаргани ҳақида ўйлаб кўрганмикин?

Жавоб: Низомиддиновни профессионаллар қўллаб-қувватлашарди.

Нима учун оммавий ахборот воситаларида Шавкат Мирзиёев ва оиласи ҳақида салбий маълумотлар кўпайиб кетганини энди кўпчилик англаб етган бўлса керак?

Абдулла Арипов, Очил Раматов ва Зайнобиддин Низомиддинов ўз хўжайинлари Рустам Иноятовнинг содиқ итларидир. Аммо Рустам Иноятов ҳеч кимга ишонмайди.

Ўзини ҳимоялаб олиш мақсадида Рустам Иноятов Арипов, Раматов ва Низомиддинов ҳақидаги маълумотларнинг бир қисмини Россия ГРУсига бериб қўйган.

Абдулла Арипов, Очил Раматов ва Зайнобиддин Низомиддинов нима учун Шавкат Мирзиёев иши ва унинг оилавий муаммолари ҳақида жуда кўплаб салбий маълумотларни матбуотга сиздириб туришади?

Бу учлик Шавкат Мирзиёев, унинг хотини, қизлари ва куёвлари характерини яхши ўрганган. Салбий хабарларни тарқатиш орқали Шавкат Мирзиёев оиласи аъзоларини ўзаро келишмовчиликларни ҳал қилиш билан банд қилиб қўйиб, улар ўз масалаларини ҳал қилиб олишмоқда.

(Мактуб-мақола муаллифи давомини ëзишни ваъда қилди)

Мақолада келтирилган фикр-мулоҳазалар “Элтуз”нинг нуқтаи назарини акс эттирмайди. Шу билан бирга, “Элтуз” бу мақолада келтирилган иддаоларни рад қилувчи ëки тўлдирмоқчи бўлганларга ҳам минбар беради.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 апрел 2018
«Чегара билмас мухбирлар» (RSF) ташкилоти 25 апрель куни эълон қилган 2018 йилги матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон ўтган йилги 169-ўриндан ...
13 декабр 2019
Таниқли мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ президентни популизмда айблади. Популизм нима ўзи? Популизм лотинча populus, яъни халқ деган маънони беради.  Халқнинг олдига чиқиб, ...
24 апрел 2019
Жиззах вилоятининг Зомин туманида 23 апрель куни ўтган йили «Зомин сити» қурилиши учун бузилган уйлари эвазига етарли товон пули ...
15 март 2023
Бугун таниқли ўзбекистонлик журналист Ҳурмат Бобожоннинг туғилган куни. Ҳурматнинг мақолалари бир қатор ҳорижий тилларда ҳам янграётгани билан ҳам қадри ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...