Асосий мавзулар
9 июн 2020

Асакадаги автозавод механиги карантинда кўричакдан ўлди

“Uzauto Motors”нинг Асакадаги заводида автобуслар гаражида навбатчи механик бўлиб ишлаган, икки ўғилнинг отаси, 53 ёшли Аҳрорбек Сайфиддинов кўричакнинг зўрайиши оқибатида 3 июнь куни операция столида ўлди.

Воқеадан ўн кун бурун навбатчиликда бўлган механик Аҳрорбек Сайфиддинов мазаси йўқлиги, қорни ва белида оғриқ пайдо бўлганини айтиб рухсат сўраганида уйга кетишга изн беришмаган.

Бунинг ўрнига завод санитария қисми шифокори унга уч кун мобайнида оғриқ қолдирувчи укол қилиб, баралгин бериш билан кифояланган. Беморнинг кўричаги йиринглаб, ошқозонига ўтганидан сўнг уйига жўнатишган.

Бу ҳақда Сайфуддиновнинг ўз исмини очиқлашни истамаган ҳамкасби, “Uzauto Motors” заводи ишчиси “Элтуз”га 8 июнь куни гапириб берди.

Унинг билдиришича, карантин даврида жорий қилинган қоидага кўра, ишчилар 15 кун заводда ётоқда, 15 кун уйда қолиб, алмашиб ишлашмоқда.

Завод санитария қисмида ҳам икки врач – бир аёл ва бир эркак ходим алмашиб ишлаган. Тез ёрдам чақириш ўрнига улар оғир беморни ишда сақлаб ўтиришган.

“Элтуз” Сайфуддиновнинг яқинлари билан боғланди. Улар ҳам ўлим тафсилотларини тасдиқлашди. Марҳумнинг беваси, 42 ёшли Насиба Бозорбоеванинг “Элтуз”га айтишича, 15 кунлик навбатчиликда қолган эри аҳволи оғирлигидан, иштаҳаси йўқлигидан шикоят қилган.

“Карантин бўлгани учун уйга жавоб беришмаяпти, деди. Арафа куни бошланган. Оғриқ қолдирадиган дориларни ичиб юрган. Жавоб беришмабди унга. Карантинда ваҳима бўлиб кетади, деб қўрқишибди. Кейин оғриқ зўрайган. 30 май куни укасини чақириб, бериб юборишган. Асакага, “шошилинч”га олиб боришди кейин. Аввалига оғриқ қолдирадиган укол қилиб қўйворишди. Кейин яна олиб бордик ўша ерга. Ўтказиб юборибсизлар, бу камида 10 кунлик касал, кўричак ёрилиб, йиринглаб, ички аъзоларига ҳам ўтиб кетган, дейишди. 3 июнь куни наркоз остида операция столида ўлди кейин”, деди марҳум механикнинг беваси.

Мақола чоп этилишидан олдин «Элтуз» 8-9 июнь кунлари “Uzauto Motors” матбуот маркази ва колцентр телефон рақамларига қўнғироқ қилди.Телефонни кўтарган ширкат матбуоти хизмати ходимаси илтимосига кўра, Аҳрорбек Сайфиддинов ўлимига оид саволлар “Uzauto Motors” матбуот хизмати телеграм месенжерига жўнатилди. Лекин ҳозирча жавоб олингани йўқ. Бундан олдин “Озодлик” радиоси “Uzautо Motors” автомобиль заводи ишчилари коронавирус хавфи сабаб ётиб қолиб ишлашаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 январ 2019
Журналист Каримберди Тўрамурод ўзининг фейсбукдаги саҳифасида Самарқанддаги 64-махсус мактаб-интернат директори Шуҳрат Садинов аслида шантаж ва туҳмат қурбони бўлгани, унинг ...
20 апрел 2017
Таниқли журналистлар Шуҳрат, Қудрат ва Хурмат Бобожоновларнинг Урганч туманида яшовчи онаси Шукуржон Мадраҳимованинг айтишича, у 18 апрел куни ўз ...
21 октябр 2015
Элтуз Ўзбекистоннинг жасур инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Малоҳат Эшонқулова ва Елена Урлаеваларнинг мониторинг рейдлари давомида олган эксклюзив фотосуратлар ва аудио ...
10 август 2022
Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солих билан май ойида ўтказилган бу суҳбат бевосита Элтуз ташаббуси билан тайёрланди. Фақат ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...