Асосий мавзулар
3 июл 2020

Пахтачилик тизимидаги хатар омиллари

Ёмғирдан қутулиб, дўлга тутилишми?

Ўзбекистон пахта секторини хусусийлаштириш жараёнидаги хатарлар

Power Briefs туркумининг Ўзбекистондаги пахта секторини хусусийлаштириш жараёнида асосий роль ажратилган кластерлар тизимига оид навбатдаги нашри тайёрланди. 

Буюк Британиядаги Ольстер университетининг амалий ижтимоий ва сиёсий фанлар мактаби раҳбари, криминология профессори Кристиан Ласслетт ва Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми ҳамкорлигида тайёрланган ушбу нашрда кластерлар ортида турган ношаффоф ширкатлар, уларни ўрганиш натижасида олинган маълумотлар, пахта секторининг бу тарзда хусусийлаштирилиши жараёнида юзага келаётган хавф-хатарлар ҳақида сўз боради. 

“Элтуз” сайти мазкур тадқиқотнинг асосий жиҳатлари ҳақида ўз ўқувчиларини хабардор қилишни лозим топди.

Ўзбекистон пахтачилигидаги кластерлар тизимига оид схема

Пахтачилик тизимидаги хатар омиллари 

Мақоланинг бу қисмида гап жуда кўп сонли хавотирли аломатларга эга бошқарув компаниялари тўғрисида боради. Гарчи уларни жиноий ёки инсофсиз фаолиятда тўғридан-тўғри айблаш қийин бўлса-да, мавжуд ҳужжатли далиллар кластерлар тизимида ҳуқуқбузарликлар хатари эҳтимолини оширади.

“Sherobod Textile Invest” ва “Surxonteks” 11820 гектар майдонга эга кластернинг бошқарувчи этиб тайинланган. “Surxonteks” акцияларининг мажоритар пакети эгаси “Nortex Corporation LP” ҳисобланади. 

“Sherobod Textile Invest”нинг назорат пакети (59,2%) Ўзбекистон Миллий банкига тегишли. Қолган қисмига эса (40,8%) “Nortex Style” эгалик қилади. Худди шу компания Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманидаги 8 742 гектар ер майдонига эга яна бир кластерни бошқаради. 

Қизиғи мана шу жойда. “Nortex Style” “Nortex Corporation LP”нинг шўъба корхонасидир. Айнан “Nortex Corporation LP” бу кластерларни ўзаро боғлаб турувчи асосий оффшор механизм саналади. 

Номигагина “корпорация” бўлган бу компания Шотландиядаги оддий бир ширкат, холос. Унинг Британия регистрация палатасига тақдим этган ҳисоботларига Мэттью Брэдли исмли кимса имзо чеккан. 

Асосий нуқта шу ерда. БМТ Тараққиёт дастури бу шахсни фирибгарлик, жинояткорона тил бириктириш, шунингдек, БМТТД жараёнларига халақит бериш айби билан “қора рўйхат”га киритган.

“South Development Holding” номли гуруҳ “Sherobod Textile Invest” ва “Surxonteks” унинг корпоратив тузилмаси эканини маълум қилган. Гуруҳ ўзининг эгаси Абдуқодир Норбеков ва “унинг шериклари” эканини билдирган. Аммо бу шериклар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ”, дейилади Power Briefs тадқиқотида.

“South Development Holding” таркибига кирувчи компаниялар қаторида “Nortex Style”, “Surхonteks”, “Amudartextile”, “Tela Textile”, “Janub Fayz Teks”, “Surkhon Shifer”, “Surkhon Sandwich”, “Silver Style” ва “Sherobod Textile Invest” санаб ўтилган. 

“South Development Holding” 2017 йил 4 апрелда “Hi-Tech Bank”ни харид қилгани ҳақида баёнот берганди. Ўзбекистон ҳукумати бу банкни Шеробод туманидаги кластерга хизмат кўрсатувчи тузилма сифатида белгилаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 мартдаги қарори билан “Sherobod Textile Invest”, “Surxonteks” ва “Nortex Style” бошқарувидаги кластерлар фаолияти тўхтатилди. Аммо ҳукумат бунга нима сабаб бўлгани ҳақида бирорта тушунтириш бергани йўқ. 

Худди шу вақтда мазкур компаниялар вакиллари ҳам “Hi-Tech Bank” бошқаруви кенгаши аъзолигидан чиқарилган.

Кластерларга алоқадор компанияларнинг бенефициар эгалари тўғрисидаги маълумотларда аниқлик йўқлиги, шунингдек, уларнинг кластер тизимидаги иштироки кутилмаганда тўхтатилгани хавотирлар кучайиши учун қўшимча сабаб бўла олади.

Андижон вилоятининг Балиқчи туманида ташкил этилган кластер бошқаруви эса “Digital Prime Textile”га берилган. Бу компания тўлиғича Британияда 2012 йилда рўйхатга олинган “Vitcom Textile Limited” ширкатига тегишли. 

Ўзбекистон ҳукумати тақдим этган ҳисоботларга кўра, “Vitcom Textiles Limited” Буюк Британиядан 14,6 млн доллар инвестиция киритиш канали ҳисобланади. 

Энг эътиборлиси, бу ширкат ортидан ҳам “фирибгарлиги” учун БМТТДнинг “қора рўйхати”га киритилган Мэттью Брэдлининг сояси қалқиб чиқади. “Nortex Corporation LP” эгаси бўлган бу шахс “Vitcom Textiles Limited”ни ҳам бошқаради.

Британия қонунчилигига кўра, тақдим этилган ҳисоботда “Vitcom Textiles Limited” ширкатининг асосий назорат пакети эгаси сифатида Ўзбекистон фуқароси Улуғбек Эргашев кўрсатилган. Шунингдек, “LinkedIn” ижтимоий тармоғидаги профилида у Ўзбекистондаги тўқимачилик конгломерати бўлмиш “Anteks” гуруҳи асосчиси сифатида тилга олинган. 

Ўзбекистонга тақдим этилган корпоратив ҳисоботда унинг тўлиқ исми-шарифи Эргашев Улуғбек Орипович экани кўринади. 

“Vitcom Textiles Limited” асосий акциядори бўлган компаниялар рўйхатида “Digital Prime Textile”, “Magnus Textile”, “Global Orient Textile”, “Skorton Textile”, “Inter Global Tekstil”, “Elite Group Tekstil”, “Fan Tekstil”, “Anteks Group”, “Trust Rest Servis” ва “Shaxrixon-Avto Ravon” номларини кўриш мумкин. 

Уларнинг якуний акциядорлари қаторида эса Мэттью Брэдли ва Улуғбек Эргашевдан ташқари Эргашевнинг қариндошлари бўлиши мумкин бўлган Умидбек Орипов ва Дилнозахон Орипова исмлари учрайди. 

Британия регистрация палатасига 2019 йил учун тақдим этган ҳисоботида “Vitcom Textile Limited” 21 337 доллар зарар кўрганини билдирган. Шунинг учун у Британияда даромад солиғини тўламаган. 

“Vitcom Textile Limited” билан боғланган “Anteks Group” Ўзбекистон автомобиль саноатида ҳам ўзига хос “жиноий из” қолдирганини кўриш мумкин. Компаниянинг Тошкент фонд биржасига жўнатган маълумотларида “Anteks Group” Андижондаги “Shaxrixon-avto Ravon” автосалони фаолиятини ҳам назорат қилгани айтилади. 

Аммо 2018 йил сентябрда “General Motors” мазкур автосалон билан шартномани бекор қилди. “General Motors”нинг баёнотида айтилишича, бунга “Shaxrixon-avto Ravon” автосалони фаолиятидаги ношаффофлик, коррупция, фирибгарлик, ваколатларни суиистеъмол қилиш сабаб бўлган. 

“Vitcom Textile Limited” ва “Anteks Group” фаолиятидаги юқорида қайд этилган салбий ҳолатлар уларнинг пахтачилик кластери тизимида ҳалол ва шаффоф ишлай олиши юзасидан асосли хавотирларни юзага келтиради. 

Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги кластер бошқаруви “Bukhara Cotton Textile Cluster Agrokompleks (BCT cluster)” ширкатига берилган. Аммо ҚҚС тўловчи ўзбек компаниялари рўйхатида унинг номини топишнинг имкони бўлмади. 

Номи уникига анча ўхшаш бўлган “Bukhara Cotton Textile”нинг эса 85 фоиз акцияси “Paraglide Limited”га тегишли. Пахта кластерлари тизимига алоқадор юқори мартабали раҳбарлардан бирининг илмий мақоласида мазкур компания “Bukhara Cotton Textile” Британия-Ўзбекистон қўшма корхонасидан олинган 123,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ёрдамида ташкил этилган. 

Ўз навбатида, бу қўшма корхона “Paraglide LTD” ва “Petromaruz” (Россия) томонидан тузилган. Бошқа материалларда “Petromaruz” Британия инвестори сифатида келтирилади. 

Худди шу шериклар Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида ташкил этилган кластерни ҳам бошқаради. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги қарорига кўра, улар жуда катта ер майдони ва инфратузилмани текинга олган. 

Қарор билан уларга божхона тўловларидан ва бошқа бир қатор имтиёзлар берилган, паст фоизли қарз ҳам тақдим этилган. Кластер бошқаруви бу қўшма корхонага шаффоф ва рақобатли тендер асосида берилганига оид бирорта маълумот йўқ.

“Умуман, мазкур қўшма корхонага тегишли иккита кластер, ҳужжатларга кўра, 345,6 миллион долларга эга”, дейилади Power Briefs тадқиқотида. 

Энди бевосита бу шерикларнинг бири “Paraglide Limited” фаолиятига оид маълумотлар билан танишинг. 2012 йилда Лондонда рўйхатга олинган бу масъулияти чекланган ширкатнинг учта директори бор: Ежи Мирослав Гавришчак, Стивен Жон Гольдсмит ва Музаффар Раҳматов. 

Тасдиқланган сўнгги баёнотларга кўра, ширкат акциядорлари “Alphabet Capital Inc” ва “Ilion Nominees Ltd” ҳисобланади. Унинг активлари дебитор қарздорлик (1 411 178 доллар) ва 284 доллар нақд пулдан иборат. 

Бор-йўғи шу. Унинг бошқа бирорта активи кўрсатилмаган. Аммо молия йили ҳисоботида “Paraglide Limited” Ўзбекистонда умумий қиймати 20 150 000 доллар бўлган бешта савдо корхонасини харид қилгани билдирилади.

Унинг учта директоридан иккитаси – Гавришчак ва Раҳматов Британияда “Paraglide Limited” билан битта юридик манзилда рўйхатдан ўтган “Company Petromaruz Limited” бошқаруви кенгаши аъзолари ҳисобланади. 

Ежи Гавришчак томонидан яқинда имзоланган ҳисоботга кўра, “Company Petromaruz” 931 фунт стерлинг қийматдаги тоза активга эга.

Бошқа томондан, Ўзбекистондаги юридик шахсларнинг ягона реестрида “Company Petromaruz Limited” нефть қазиб олувчи йирик “Jarkurgonneftqaytaishlash” компаниясининг 55 фоиз акциясига эгалик қилиши кўрсатилган. Қолган 45 фоиз акцияга эса давлатга қарашли “Jarqo’rg’onneft” корхонаси эгалик қилади. 

Ўзбекистонда маҳаллий юридик манзилга эга бўлган “Petromaruzgaz” компанияси ҳам бор. Унинг энг йирик акциядорлари Мустафо Раҳматов (75%) ва Мустақим Раҳматов (25%) ҳисобланади. 

“Озодлик” радиоси ўтказган суриштирувда “BCT cluster” ишчилари уларга шартномада кўрсатилган маошнинг фақат ярми берилаётгани, белгиланганидан кўп ишлатилаётгани, техник хавфсизлик қоидаларига умуман риоя этилмаслигидан шикоят қилган. Ишчилар “BCT cluster” раҳбарияти хавфсизлик хизматининг собиқ амалдорларидан ташкил топганини ҳам айтган. 

Хориждаги яширин манзиллардан фойдаланадиган, ношаффоф тузилмага эга бу компанияларнинг кластерлар бошқарувида вилоят ҳокимликлари билан тўғридан-тўғри иштироки улар фаолиятини жиддий ўрганишни талаб этади. 

2018 йилда Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида ташкил этилган кластер АҚШнинг “Silverleafe International LLC/Silverleafe Capital Partners” компанияси ва Ўзбекистоннинг “BMB Trade Group” конгломератига қарашли қўшма корхона ҳисобланади. 

Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарорида кластер қўшма корхона иштирокчилари 344 млн доллар инвестиция киритиш мажбуриятини олгандан кейин ташкил этилгани айтилади.

“BMB Trade Group” ўзини ёш инвестиция ва консалтинг компанияси сифатида таништиради ва 500 млн доллар қийматдаги лойиҳаларни бошқараётганини иддао қилади. 

Айни пайтда компаниянинг энг йирик акциядори (40%) Азиз Маматқуловдир. Компания бошқаруви раиси Бекзод Маматқулов, унинг маслаҳатчиси эса Турсунали Қўзиев ҳисобланади. 

2011-2013 йилларда Қўзиев маданият ва спорт ишлари вазири бўлган. “Озодлик” радиоси маълумотларига кўра, у “молиявий маблағларни талон-тарож қилгани” учун лавозимидан бўшатилган.

“BMB”нинг бош директори илгари “Камолот”нинг Тошкент шаҳри кенгашини бошқарган Маҳмуд Асомовдир.

Power Briefs тадқиқотида айтилишича, “Silverleafe International” бенефициар эгалар ҳақидаги маълумотлар ошкор этилмайдиган Дэлавер штатида рўйхатга олинган. Кўринишидан у билан яқин боғлиқ бўлган “Silverleafe Capital Partners” ҳам шу ерда рўйхатдан ўтган. 

АҚШ қонунчилигига кўра, инвестициялар бўйича консалтинг компанияси ҳисобланадиган “Silverleafe Capital Partners” Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияга йиллик ҳисобот топширишга мажбур. 

Яқинда тақдим этилган ҳисоботга кўра, компания штати 5 кишидан иборат бўлиб, тўрттаси инвестиция маслаҳатчиси ҳисобланади.  47 та мижознинг 226 261 918 доллар, шунингдек, жисмоний шахсларнинг 32 024 479 доллар қийматидаги активларини бошқаради. 

Ҳисоботларда “Silverleafe Capital Partners”нинг 75% акцияси Уильям Дэниэл Паттерсон (Дэн Паттерсон)га, 10-24% оралиғидаги акцияси Жон Б.Расселга, 5-9% акцияси эса Жеймс Мэйсон Казэнс и Брок Филип Крайтцга тегишли экани айтилган. 

Пахтакор кластери ўз фаолиятини бошлагандан буён иштирокчи фермерларнинг танқидига учраб келади. 2019 йилда эълон қилинган материалларда фермерлар бошқарув компаниясидан ўз ҳақларини ундиролмаётгани, компания ва ҳокимлик уларнинг муаммоларига эътибор қаратмаётганини билдирган. 

Назарий жиҳатдан олиб қараганда, бу қўшма корхона-кластер юқорида номлари тилга олинган бошқа компанияларга нисбатан камроқ хавотир уйғотиши керак. Шунга қарамай, бир қанча омиллар борки, ноқонуний амалиёт эҳтимолига ишора беради. 

Хусусан, кластер раҳбарининг сиёсий алоқалари, давлат томонидан жуда катта кўмак берилиши, штатида ўз ваколатини суиистеъмол қилган собиқ амалдор борлиги, кластер фаолиятидан фермерларнинг норозилиги шулар жумласидандир. 

Қолаверса, қўшма корхонанинг хорижий иштирокчиси тўқимачилик саноати етакчиси эмас, балки молиявий консультант экани, 344 миллион доллар ҳажмидаги улкан инвестиция мавжудлиги ҳам бу кластер бўйича изчил ўрганишларни талаб этади. 

Тағин ўқинг
10 феврал 2023
Ўткан хафта Қахрамон Мараш, Малатия, Усмония, Адана, Хатай ва Ғози Антепдаги юртдошларим учун оғир бўлди. Улар Туркия тарихидаги оғир ...
5 ноябр 2019
«– Эээ, Фозилбек, узр, умуман танимабман-а, – дедим ва елкасига қоқиб қўйдим. Шу пайт Фозил бирданига инграб юборди. – Нима бўлди, Фозилбек? Яра бормиди елкангизда?  ...
4 сентябр 2019
Менинг узоқ йиллар аввал ёзган бир шеърим бор эди. Унда Шарқнинг шоири гул бутоғига боғлаб қўйилган девга қиёсланарди. Бу ...
23 октябр 2024
Олимжон Абдуллаев лавозимга тайинлангунга қадар мамлакатимизнинг Франкфурт-Майн шаҳридаги (Германия) бош консули лавозимида ишлаган (2021-2024 йиллар). Eltuz – Ўзбекистон ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...