Асосий мавзулар
9 октябр 2020

Эридан калтак еган аёл ИИБга мурожаат қилди. Аммо ИИБ нега жим?

3 октябрь куни Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани Намозгоҳ маҳалласида истиқомат қилувчи 41 ёшли эри Икром Қаюмовдан калтак еган 32 ёшли Нигора Ҳакимова ҳушидан кетди.

Бу сафар қўни-қўшни ҳам ёрдамга келмади. Чунки бу ҳол улар учун янгилик эмас эди. Бу хонадонда ҳар икки-уч кунда қий-чув, тўполон, уруш-жанжал бўлиб туради.

Калтакланган қиз сал олдинроқ ота-онасига эри ураётганини ва олиб кетишларини қўнғироқ қилиб айтган эди. 

Қизнинг қариндошлари воқеа жойига келганда аёл ҳушидан кетган, эр жаҳл отига минган эди. Камига маст, ўзини билмас куёв қайнона ва қайнопаларини ҳақорат қилади. Ушбу ҳолат “Элтуз”мухбирига тақдим этилган видеолавҳада ўз аксини топган.

Эр-хотиннинг уруши

Нигора Ҳакимова 2013 йилда Икром Қаюмов билан турмуш қуради (иккаласининг ҳам иккинчи турмуши). Аёлнинг бир қизи, эркакнинг бир ўғли (фарзанд онаси билан) бўлган. Келишмовчилик бошда ҳам бўлган, аммо эр ва хотин Туркияга бориб ишлаб қайтгандан сўнг бу жанжаллар янада авж олган.

“Элтуз” мухбири воқеани ўрганиш мақсадида томонлар билан боғланди. Қўшниларнинг айтишича, аёлга бу хонадонда кун йўқ. Эр томонидан аёвсиз калтакланади. 

Икром ичиб келганда (кўп ичиши таъкидланди) аёл кўчада, қўшниларникида тунаб қолган вақтлари ҳам бўлган. Икром биринчи хотинини ҳам калтакларди, дейди суҳбатдош. Ҳатто ўғлига оталик ҳуқуқидан воз кечган. Иккинчи хотининг қизига ҳам кун бермаган.

Нигора Ҳакимованинг синглиси “Элтуз”га поччасининг калтаклари оқибатида опаси икки маротаба ҳомиласидан айрилгани, асл муаммо уй масаласида бўлаётганини билдирди.

“Опам эри билан Туркияда ишлади. Ишлаган пулларини дадамга юборарди. Дадам пулларни йиғиб, уларга уй қурдирди. 4 йил давомида уйни замонавий кўринишга келтирди. 

Бу орада поччамнинг отаси уйни ўзининг номига ўтказиб олди. Кадастр ҳужжатларини ҳам тўғрилашга улгурди. Бу почча Туркияда ҳам кўп қилиқлар кўрсатган, ишламай опамнингтопганини еб ўтирган. 

Катта опам ва поччам ҳам Туркияда эди. Ўша ерда Икром поччам опамнинг топган пулига қараб ўтирган вақтлар ҳам бўлган. Пандемия сабаб улар Туркиядан қайтиб келди”, дейди жабрланувчининг синглиси.

3 октябрда бўлиб ўтган жанжал бўйича аëлнинг яқинлари ИИБ (маҳалла профилактика нозири ва Пастдарғом тумани ва Самарқанд вилояти ИИБ)га мурожаат қилган, аммо ИИБ ходимлари масалага совуққонлик билан қарашган…

Уй можароси

Маҳалладошлари тақдим этган маълумотга кўра, Икром ва Нигора янги қуриб битказилган уйда 2020 йил март ойидан бошлаб яшай бошлайди. Аёл Туркияга кетар чоғда ота-онасига ташлаб кетган қизини ҳам ўз уйига олиб келади. 

Ўгай ота қизни уйга сиғдирмайди. Уруш-жанжалдан сўнг Нигорани калтаклайди, ўгай қизни кўчага ҳайдайди. Нигора қизини олиб отасиникига келади. Маҳалла, қўни-қўшни аралашуви ва Икромнинг лафзига ҳамда қайтиб қўл кўтармайман қабилида ёзилган тилхатига ишониб Нигора қизини уйига ташлаб, яна Икром билан яшай бошлайди.

Аммо кўп ўтмасдан аёл яна калтакланади. Эр ароқ ичишни ташламайди. Ушбу жанжаллар оқибатида аёл Самарқанд шаҳридаги шифохоналардан бирида оғир аҳволда ётибди…

Икром Қаюмов “Элтуз” мухбири билан суҳбатда воқеа ҳақида маълумот беришни хоҳламаслигини айтди. Нима бўлганда ҳам уйни бировга бериб қўймаслигини, пешонасида бўлса, яна уйланишини (учинчисига) билдирди.

Психолог Нафиса Тоштемированинг айтишича, бугун эр ва хотиннинг уруши – дока рўмолнингқуриши экан, деб қараб ўтириш ўзини оқламайди. 

“Қурғур эрларнинг калтаклари оқибатида аёлларнинг эри билан ярашиши учун қалин кигиз матосининг қуришига кетадиган вақт ҳам етмайди.

Ўзбекистон қонунчилигида хотинини калтаклаган эр узоқ борса 15 сутка қамалиб чиқади. Маҳалла ва қандайдир яраштириш комиссиялари ёшларни яна яраштириб қўяди. Барча можаролар кейин бошланади”, дейди психолог.

Ўзбекистонда хотинини калтаклаган муштумзўр эрларга жазо беришга ҳамон панжа орасидан қараб келинади. Буни ўзбек маҳаллий нашрларида эълон қилинган кўплаб мақолалардан ҳам билиш мумкин.

Калтак оқибатида хотинлар ўлмоқда. Ёш жувонлар ўзини ва боласини сувга отмоқда. Бирининг қўли синган, бирининг оёғи. Калтак натижасида юз кўкариши ва шишиши оддий ҳолга айланган. 

Яна бири оғир аҳволда шифохонада ётибди…

Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 август 2019
Таниқли жаноб Алламжонов раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон Президенти маъмурияти ҳузуридги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тағин айбловлар билан «Озодлик»ка хуруж ...
28 октябр 2015
Суткалаб свет ёнмайдиган, газ ўтказилган ҳолатда, газни трубасидан ҳаво ҳам кемайдиган қишлоқда, движок ёқиб ўтирганизда, хаёлингизни бўлиб, телевизордан ёнаётган ...
14 декабр 2018
Фарғона мусиқали драма театри актрисаси Малоҳат Тоирова томошаларига қалбаки чипталар сотилганлигини фош қилгани учун ишдан бўшатилганини билдирмоқда. Бу ҳақда ...
21 март 2023
Gazeta. Uz нашри таги ўзбекистонлик Украина қочқинлари Германия бошкенти Берлинда ресторан очди «мазаси яхши» деб ëзгани учун бу емакхонани ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...