Асосий мавзулар
6 ноябр 2020

РТдан ваъз: Нима бизга Америка? Ўзимизда ҳам мўйлов бор!

 Ойна – менинг энг яхши дўстим. Чунки йиғлаган пайтим у ҳеч қачон кулмайди. Мана, ҳафта бир айланди ва яна сиз билан юзлашдим. Ҳафта воқеалар билан тўла бўлди. Қорасувликлар Франциянинг гўрига гувала қалади. Венада террор ҳужуми. Измирда ер қимирлади. Америкада сайлов. Арнасойдагилар таппи ëқа бошлади. Қиш келмоқда. 

Қиш ўчоғи тор – тур уйингга бор, деган нақл бор. Аммо расман қиш келишига бир ой бор. Корона боис уйда ўтиравериб юрагим сиқилди. Кўнгул саëҳат тусади. Юрган дарë – ўтирган бўйра. Қарасам учоқ билетлари сув текин бўлиб кетибди. Шартта чиптани олиб, қайдасан Париж дея йўлга тушдим.

“Эйр Франс” учоғидаги стюардессанинг исми Жанна экан. Ҳамма ëғидан француз атирининг ҳиди келади. Таблетимни очсам, бир ўзбек мулозими ўзбек аëлларидан тезак ҳиди келади, деб ëзибди. Тезак ëққандан кейин тезак ҳиди келади-да, ғалча.

Эҳ, Овропа, Овропа!! Бўлсангда бизга  опа. Ўз болангни ўйлайсан.

(Уста Гулмат – Анвар Обиджон)

УЧОҚДА

Учоқ дарчасидан дарë ва кўллар кўринади. Учоқ капитани француз ватандоши, аммо таги тунислик араб. Исми Халил Иброҳим. Ëнимдан ўтаëтганда ассалому алайкум ва барокатуҳ, дедим. Учувчи менга жавобан ва алейкум ассалом ва раҳматулоҳ, деди. Ëнимдаги афкор омма қўрқиб бир менга, бир пилотга қаради. Аммо бекор қўрқишди. Эгиз бинолар аллақачон нишонга олиб бўлинган.

Йўлда бир одам Макрон билан макароннинг фарқини сўради. Макарон –  Италияда ижод қилиниб, бутун дунëда  ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулоти. Лағмонга ўхшайди, фақат ичи тешик. Францияда макарон деб устма уст ëпиштирилган икки думалоқ печеньега айтилади. Қизил ëки яшил рангли печеньелар орасига повидло ëки мураббо қўйилади. Чой билан ичишлик аммо-лекин. 

Макрон эса Франциянинг ҳозирги президенти. 42 ëшда. Оти Эммануэль. Олдин иқтисод вазири бўлиб ишлаган. Суннатга амал қилиб, ўзидан катта Брижит холага уйланиб олган. 

Макрон  Аменг деган шаҳарда, яхши одамларнинг оиласида туғилган. Отаси неврология бўйича катта профессор. Университетда домла. Онаси катта врач, кўп одамларни даволаб дуо олган.

Макрон карикатура чизадиган рассом эмас. У президент бўлган Франция ҳудудда битта журнал бор. Бизнинг илгариги “Муштум” журналига ўхшаш. Ўша журналдагилар чизади унақа ëмон карикатураларни. Лекин шу Макроннинг кучи журнални ëпишга етмас экан.

ПАРИЖДАГИ МЕҲМОНХОНА

Париждаги меҳмонхона корона боис меҳмонсиз қолиб роса ичиккан экан. Мени худди тоғасини кўргандай, хурсандлик билан қаршилади.

Ресторанда олдимга шағам ëқиб кетишди. Қўрқиб писиб “чироқ ўчадими”, десам, “Ака, бизда чироқ умуман ўчмайди. Шағам ëқиб қўйса – романтика. Кўнглингиз анақа, кейин бунақа бўлади. Шағам ëнган стаканнинг четига арвоҳ келиб ўтиради. 200 йиллик меҳмонхонага келиб кетганларнинг арвоҳлари”, деди.

Меньюни ўқиб, тотор деган овқат танладим. Тоторларнинг овқати бўлса керак, деб. Олдимга хом гўштдан бўлган хом қиймани олиб келиб қўйишди. Яхшилаб қарасам, хоразмликлар ейдиган ижжонга ҳам ўхшади. Официант болани чақириб, бу хом-ку десам: “Оға, бемалол еяверинг, нона илдириб. Оди французча бўлса ҳам зоти ижжон буни.  Ўзим этчопар билан чопганман”, деса бўладими. 

Бу официант бола хонқадан экан. Бу бола келиб, шу овқатнинг устига хом тухум чақиб кетди. Мен унга қараб: “Эй хонқали, агар французлар бир тухумни хомлай еса, хоразмликлар юз тухумни бир товоққа чақиб, бир ютганда ичади”, деб қўлимдаги телефондан видео кўрсатдим.

Бу ресторанда бир одат бор экан, ҳар бир хўранда дафтарга бир нарса ëзиб кетар экан. Париждаги меҳмонхона ресторани дафтарига қуйидаги гапни ўзбек лотин ëзувида ëзиб қўйдим.

“Битта хизматкор бойдан бир ой хафа бўлиб юрибди. Бой буни билмабдиям”.

Меҳмонхонага машҳур француз рассоми Фернан Леже асари осилган. Расм нархи бир миллион доллардан кўп. Бу оригинал расм меҳмонхона йўлагида осилиб турибди. Ҳар ерда ҳашамат, бойлик ва зодагонлик нафаси уфуради. Меҳмонхона нозирини ëнимга чақириб, «Мусë, майлими сизга икки оғиз ўзбек Шекспиридан иқтибос ўқисам, ўзбекча”, дедим.  “Мусë, майли ака, хизматингиздамиз, бемалол бангиллатиб айтаверинг”, деди. 

Мен олтин қуббали ҳашаматга бармоғимни қарата дедим: “Эҳ бойлик, бойлик. Сен менинг уйимга келсанг-у, уйимдан иймон кетса, мен бундайин бойликка ўт қўяман! Ўт!!!”. 

Мусë чапак чалиб, “Ака, зўр айтаркансиз монологни”, деди. Ана шунақа, биз гапираверамиз биров тушунмасаям.

Рифат Ўзбек дея донг таратган  машҳур француз либос дизайнери асарларини томоша қилдим. Рифат ака 67 ëшда. Париждаги энг машҳур ва бой одамлардан бири.  

Рифат ака Истанбулда туғилган.  Ота-буваси 400 йилча олдин Кўҳна Урганч тарафлардан Рум элига келиб қолган, дейишади. Боя айтганимдек, юрган дарë, ўтирган бўйра. Ўтирсанг ўтираверасан қатламадай ëйилиб.

ТАКСИДАГИ ТАЛОНЧИЛАР

Дунëни кезиб пархоналик каби муомаласи яхши одамларни учратмадим. Бирам сипо. Қўли кўксида. Акажону опажонлаб туради. Юраëтиб чумолини эзволмай, деб аëқларини эҳтиëт бўлиб босади. Такси ушлашса, сизга иш қилдирганидан хижолат бўлиб ўтиришади ерга қараб. 

Ана шунақа муомаласи чирайли икки пархоналик йигит такси ушлади. Таксичи ëзëвонлик. “Nexia”ни такси қилиб, уйимга иккита нон оборай, деган қоракўз ватандош. 

Хуллас, анави муомаласи яхши икки пархоналик Гулистон маҳалласи ҳудудига етиб келган вақтда таксичининг биқинига пичоқ тираб, пархоначалаб сўкиб бошлашди. Кейин таксичи қора кунга дея телефон ғилофининг ичига солиб қўйган иккита юзталик долларни олишди.

“Mi 8” телефон аппаратини очиқдан-очиқ тортиб олиб, бонусига ëзëвонликнинг башарасига икки мушт тушириб, ҳодиса жойидан яширинишди.

Таксичининг уйи куйса куйсин, телефони ўғирланмасин. Бутун мижозлар ана шу телефоннинг ичида.  Ëзëвонлик бират тўғри милисага бориб йиғлаб сиқтаб, озроқ ўзиданам қўшиб воқеани айтиб берди. Ариза ëзди.

Пархонанинг милисасини яхши кўраман. Ишлайман деса, ишлайдиган хилидан. Икки талончини дарров топишди. Гоп стопчилар қамоқда. Телефонни ҳам топишди. Аммо 200 долларни харжлаб юборибди бу яшшамагур пархоналик талончилар.

Мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а” банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилди.

5 йил муддат олиб, Мирзиëев амнистияси билан 1 йилда қайтиб чиқиб яна талончиликни давом қилаверади бу пархоналик икки йигит. Дарвоқе, тергов пайтига яна аслига қайтиб, бирам одобли, сипо ва намозхон бўлиб қолибди бу пархоналик икки бандит. Ўғри қариса сўпи бўлади, деган мақол бор Пархонада.

CОВУҚ ХАБАРЛАР

Мана, гап билан бўлиб хабарларга ҳам ўтдик. Намангандан нуқул аëллар билан боғлиқ совуқ хабар келади.

Наманганда шаърий никоҳда бўлган хотин икки боласини сувга чўктириб ўлдирди. Кейин ўзини ўлдирди.

Мирзо Улуғбек тумани суди блогер Asalhoneyни (Асал Хўжаева) 5 кун қамоққа ташлади ва 4,46 млн сўм жарима қилди.

Asalhoneйга 31 октябрь куни кечқурун А.М. деган аврат қоровули телефон қилиб, сиз шишган лабларингиз билан ўспирин йигитлар  юрагига чўғ ташлаяпсиз. Бу ишингиз маънавиятга зид, деган. Ҳалиям бўлса товба қилиб, иймон йўлига ўтинг, деб миясини қотирган.

Шундан кейин А.М. деган жабрланувчи роса сўкиш эшитган.

А.М. дарров Мирзо Улугбек тумани маъмурий судига ариза ёзиб, номуси топталганини айтган.

Суд А.М.нинг тарафини олиб ҳукм чиқариб берди. Яшасин дунëдаги энг адолатли суд – Мирзо Улуғбек тумани маъмурий суди.

+++

Лох ҳассасини бир марта йўқотади. Лекин Лохистондагиларга тааллуқли эмас бу. Аҳмадбойдан еб қўйган лохлар энди бор-будини бошқа аҳмадбойга обориб беришди.

“Қашқадарëда 2 минг киши ҳўкизию мошин, уйини сотиб, Nasdaq Unique Finance ширкатининг маҳаллий вакилларига  икки қўллаб тутқазишди.

Пуллар эса қумга сингган сувдай ғойиб бўлди. Пулни фирибгарга берган лохлар президентга хат ëзиб, адолат сўрамоқда. Учтани туғдириб, “Кобалт” бер президент”, дейдиганларга ўхшаб.

Nasdaq Unique Finance ширкатининг норасмий вакили Тўйчи Ризаев ва унинг шериги Зокир Йўлдошев қамоқда.

Лекин 2 минг лохнинг пули аллақачон Канада чегарасига етиб олган.

Шу кунларда Қарши ва Тошкент симёғочларига ва телеграм каналларига янги лохотрон эълонлар турибди: “Ишламасдан пул топиш имкони!!!”,  “Бир соатда 50 долларни пешана терисиз топишни истайсизми, марҳамат, мошинингизни сотиб, пулини тугиб, бизга олиб келинг”.

Эй, дўстим, эшит!!! Абсатторнинг хотини кун бўйи далада ишлаб 10 доллар пул олиб келади (Абсаттор бир долларам топмайди).

Ҳаëтилла дамасчи эса куни билан темирнинг ичида ўтириб, уйига 15 доллар олиб киради.

Сен лох бўлмасанг, қанақа қилиб ишламай бир соатда 50 долларни чўнтакка сола оласан?

Сен ва сенга ўхшаган 33 миллион учун катта ҳашаматли лохотрон қурилган.

Топганингни олиб бориб бер. Кейин хотининг кун бўйи далада тўнқайиб ишлаб, сенга папирос пули олиб келиб берсин.

Сен лох диванда ëтиб, сериал кўр. Яна кечқурун хотиннинг устига сакраб чиқиб, бўғоз қил. Лохотрон учун чурвақа кўпайтир. Кейинги 9 ойда Ўзбекистонда олти юз ўн тўрт минг бола туғилди. Бундан лохотрончилар хурсанд. 20 йилдан кейин ҳам уларнинг иши тўхтамайди.

ҚОТИЛЛИК ҚИССАСИ

Чўлпон устидан ким чақув ëзгани, ким уни отиш учун тепкини босгани ноаниқ. Лекин Андрей Кубатин устидан донос ëзган Жониев Музаффардир. Ислом академияси докторанти.

Журналист Хана Арендт ўзининг  “Банальность зла” китобида собиқ СС оберштурмбанфюрери Адольф Эйхман устидан суд жараёнини тасвирлайди. У яҳудийларни йўқ қилиш бўйича катта амалиётга бошчилик қилган. Яҳудийларни ўлим лагерларига жўнатиш учун шахсан буйруқлар берган, у ерда уларни газ билан заҳарлаб ўлдиришган.

Арендт ўз китобида Эйхман садизмга мойиллиги йўқ бир оддий одам бўлганини таъкидлайди. У тақводор, намунали оила эгаси, беш боланинг отаси бўлган. Эйхманнинг суд жараёнидаги берган маълумотлардан келиб чиқилса, у ўз қилмишларининг қанчалик даҳшат эканини англамайди, унда қилмиши учун жавобгарлик туйғуси бўлмаган. У шунчаки ўз ишини бажарган. Унинг учун одамларни  газ камераларида ўлдириш учун жўнатиш шунчаки одатдаги иш бўлган.

Мен қабиҳликнинг баналлиги ҳақида олим Андрей Кубатин иши юзасидан эсладим. 37 ёшли Кубатин 29 октябрь куни шифохонада ковиддан вафот этди. Ўлимидан олдин у ёвузликлар қилиш одатий касби бўлароқ, бу иш билан муттасил шуғулланувчи одамлар қўлида бўлишига тўғри келган.

Андрей Кубатиннинг опаси Клара ҳикоя қилади:

“Андрейни 2017 йилнинг 25 мартида ҳибсга олишди. Уни аввалига 15 суткага Панельнийга қамашди. Гўё бўйсунмасликда айблашди. Бу пайтда уни бир неча бор МХХ ертўласига олиб тушишди. Мен ҳар куни у ерга борардим. Гарчи бизни у ерга қўйишмаса-да, дарвоза олдида кутардик, ҳеч қурса кимдандир Андрей тўғрисида билиш илинжида турардик.

Укам яшаган Бектемир тумани Сувсоз мавзесида турувчи бир йигит уни терговга олиб кетиб, кейин чалажон қилиб келтиришгани ҳақида гапириб берганди. У ҳатто юролмай қолган. Уриб, аъзои баданини тўкиб ташлашган. 

Унинг айтишича, бирга камерада бўлганлар Андрейнинг устига чопон ташлаб қўйишган ва у бир сутка қимирламаган. 15 сутка тугаши билан Андрейни ДХХнинг Гвардейскийдаги ҳибсхонасига олиб боришган. Бу ерда тергов давом этган. Уни кўзимиз олдида олиб ўтишди. Қора “Ласетти”га бошини пастга қаратиб тиқиб олиб кетишди. Бу даҳшат эди.

Андрей Кубатинга доносни Жониев Музаффар ёзган. У ҳибс пайтида ҳам шахсан иштирок этган.

Жониев Музаффар – Ўзбекистон ислом академияси доктаранти.

Кейин Гвардейсийда 5 ой жаҳаннам давом этган. Биринчи терговчи Дониёр Абдуллаев унга куч қўллаган. Жобур эса терговни якунига етказган. Шунингдек, унинг ёнига лохмач Кунаевни ўтирғизишган. У менинг укамни дўппослаб, буйраги ва юрак аъзоларини уриб эзиб ташлаган. Юрак соҳасида қон кетиши юзага келган. Шунингдек, кружка билан бошига урган. Бир неча бор уни бўғган. Бу одам ҳайбатли гавдали ва руҳий носоғлом бўлган.

Тарих институтидан келган эксперт укамнинг адабиётлари умумий очиқ манбалардан олингани ҳақида хулоса берди. Шунга қарамай, МХХ ўз амалини тўхтатмади.

Ўша   конторада ишлайдиган яна бир адвокат бўлган – Шаҳзод Шарипов. У ҳимоя қилмасликка, аксинча яна ҳам кўпроқ муддат қўшиб беришларига астойдил ҳаракат қилган ва адвокатлик хизмати учун биздан пул ҳам олган. Айиқлик хизмати учун, дея таърифлаганди укам.

Кейин республика ҳарбий судида маҳкама бўлди. Андрейга “давлатга хиёнат” учун 11 йил беришди. Судья Умид Шокиров. Судья муҳокама хонасига кириш ўрнига, фоэега чиқиб пинг-понг ўйнади, кейин кириб 11 йиллик ҳукмни ўқиди. Азиз исмли МХХ опери келиб укамга, мен қанча десам шунча ўтирасан, агар опанг тилини тиймаса, сен билан бирга ўтиради деган”.

2019 йилнинг сентябрида Андрей Кубатин оқланди ва турмадан озод этилди. Салкам бир йилдан сўнг унинг путурдан кетган соғлиғи коронавирусга дош бера олмади ва 29 октябрда Андрей ўлди.

Терговчилар, оперлар, судьялар ва адвокат Шарипов ўзларининг одатий ишларини давом эттиришмоқда. Жиноят ишлари уйдирилмоқда, қийноқлар, алдовлар билан шуғулланишмоқда ва пинг-понг ўйнашдан бўшаганларида ҳукмлар чиқаришмоқда.

Халқ эмиш, кабобпаз, ана, “келинг” дер,

Кўзидек қизариб сихда чандири.

Лунжқизил сомсапаз пиёз қоради,

Уятдан қизариб, чатнаб тандири.

Халқми шу, бировнинг ҳақини гизлаб,

беш-ўнни юлишни пойлаб турганлар?

Халқми шу, нуроний сиймолар қолиб,

сохта сумбатларни сийлаб турганлар?

Халқми шу, хаёлу орзуларини,

Ўзидан баландроқ тиклолмаганлар?

Халқми шу, халқининг номидан сўзлаб,

мингдан бир ваъдасин оқлолмаганлар?

Халқ улким, ўзининг пешонасида,

Юлдузлар борини билса, қувонса!

Халқ улким, ғурури бўлса ўзида,

аслга ишонса, сохтадан тонса!

ИЖТИМОИЙ ЛИФТ

Бир пайтлар советлар даврида ижтимоий лифт деган механизм бўлган. Дейлик Бухоронинг Олот туманидаги ит топмас мактабда математика ўқиган бола олимпиадада ютиб, Москвадаги математика интернатига ўқишга бориб қоларди. Охирида бу бола Фанлар академиясида ишлаб Москвада уйли-жойли бўларди. 

Тошкентдаги амалдор ëзувчи-шоирлар ҳам турли қишлоқларда иншодан беш олган боллар. СССР қулаши билан бу лифт ҳам қулади. Ўзинг учун ўл етим, деган замон келди. Иншодан беш, математикадан олти олсанг ҳам институтга иккичи ўғрининг боласи кирди.

Аммо худди шу пайтда Ўзбекистонда АҚШнинг “Грин кард” лотереяси ўйнала бошланди. Бу ҳам ўзига хос лифт эди. Йилига 5000 ўзбек оиласига ютуқ чиқади. Оила аъзоларини камида 4 киши десак (эр, хотин, икки бола), демак камида 20000 киши АҚШдан бошпана олади. Уйли, элли, молу мулкли бўлади. Ҳисобида миллион доллари ëки иккитадан уйи бор ўзбеклар Америкада минглаб.

Яхшиям Америка каби демократик ва бағрикенг мамлакат бор дунëда. Тарозининг бир тарафига Сомали, Сурия, Афғонистон каби чўпчак, ëлғон, коррупция ва жиноятлар концентрацияси бўлган давлатларни қўйсак. Бир тарафига Ғарб ва АҚШни қўямиз. 

Ким нима деса, оғзида деяверади. Оғизнинг ўлчови йўқ. Лекин амалда Ўзбекистондаги афкор омма худди магнитга тортилган каби АҚШга интилади. Ўтган йили 2 миллион, бу йил эса ундан ҳам кўп одам “Грин кард” ўйнади.

Сурияга кетиб, ўзимни бангиллатаман деганлар сони 20 минг атрофида. 2 миллион қайда-ю, 20 минг қайда? Хазон.ўз каби сайтлар ИШИДни мақтагани билан одамлар ақлига таяниб Ғарбни, Очиқликни, Демократияни, Дунëвийликни ва Эркин матбуотни танламоқда. 

Улар фақирлигим – фахрим, дея чувринди бўлишни эмас, бой ва бадавлат яшашни танлашмоқда. Бугун таги ўзбек америкаликлар президент сайлайди. Трамп аканими ëки Байден тоғани. Танлов уларники. Яхшиям танлов бор. Танловсиз давлат қандай қилиб энасининг тешигига кирганини Ўзбекистон мисолида кўриб турибмиз. Доллар деган ҳаммамиз учун азиз пулнинг устида ëзилгани каби “IN GOD WE TRUST”. Яратган Американи қўлласин.

АМЕРИКАДА САЙЛОВ

Ҳар йили 5000 ўзбек оиласига бошпана берадиган Америкада сайлов.

Эгаси бор юртнинг эртаси бордир. АҚШ сайловидан хулосам шу. Эгасиз юрт турғунлари саргардонлигини кўриб турибсиз ўзингиз.

1804 йили оламдан ўтган немис файласуфи Иммануэл Кант  айтганидек, эркин овоз бериш салоҳияти ватандошни қўйдан фарқли қилади.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, минг йиллардан бери шу қўйларни сўйиб еймиз. Улар йўқолиб ҳам кетмайди. Кўпайиб ëтаверади. Масалан, Турон йўлбарсини пишириб емаймиз. Лекин у аллақачон йўқолиб кетган.

Яна Америка,

Учинчи ноябрь,

Нью-Гэмпшир,

Саксон минг одам.

Трамп тахти билан

Хайрлашмоқда.

Қаршисида рақиб,

Микрофон бу дам.

У сўнг сўз айтмоғи

Керакдир тахтга,

Кейинги умрига

Эса  сўзбоши.

Американи севинг,

Севинг, деди у.

Севинг, деди

Кўзида ëши.

НИМА БИЗГА АМЕРИКА?

АҚШдаги Демократик партия тимсоли эшак. Республикачи партия тимсоли эса фил. Шу иккала ҳайвонни ҳам ейишлик жоиз эмас. Аммо эшакнинг эти ҳаром бўлса ҳам меҳнати ҳалол-ку. 

Кечаги Ўзбекистонда “Буюк келажак”, “Ҳеч кимга қарам ва ҳеч кимдан кам эмасмиз” деган шиорлар бўлгич эди. Бу шиорлар олдинги президентга қўшилиб гўрга кирди. 

Янги Ўзбекистонда эса “учинчи ренесанс” деган шиорни нақорати билан ëд олдик. Бундай ўйлаб қарасам, “Биз зўрмиз ҳаммадан. Энг уятчан, энг иболи, энг ҳалол, энг болажон, энг ишчан, ошни ўрмалатиб юборадиган даражада моҳир ошпаз ва ҳоказо”, деган гаплар бошланганига ҳам 100 йилга яқинлашибди. Мана бу шеърни 1932 йили Ҳамид Олимжон ëзган.

НИМА БИЗГА АМЕРИКА!

Нима бизга,

Америка?

Нима бизга

Унинг суръати.

Унинг тезликлиги,

Кучи,

Қуввати.

Унинг шижоати,

Унинг ғайрати.

Мана биз

Шу қисқа муддат ичида

Шундай тезлик билан

Етдик-ки,

Шундай гигантларга

Кетдик-ки,

Ҳатто

Ўйлай олмас

Унинг фордлари,

Унинг раҳбарлари,

Унинг лордлари.

Булутларга

Бош чиқарган

Америка

Мана!

Мана ўша

Бадмаст гавда,

Қарри тантана,

Букун шундай:

Асаби

Бузилган

Томири

Толган.

Гўштлар

Эриб тушган,

Бир суяк қолган.

Илдизи чириган

Бир чинор каби

Қаттиқ шамолларга

Бўйин эгади.

Булутлардан

Кулиб боққан

У мағрур тана

Бир карра

Ерга тегади.

Заводда

Иш кўрган

Бечора ишчи,

Эртанги

Қора кун

Тушин

Кўради

Эртанги

Ишсизлик

Ашуласини

Оқшомги уйқудан

ёдлаб туради.

Ранги сўлғун унинг,

Дилида — алам

Юрагини

Эзаётир

Жуда оғир

Ғам.

1934 йили ëзилган бу сатр, яъни минглаб ишсизлар ҳақидаги жумла бугунги Ўзбекистон реаллиги бўлиб турибди.  Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройига иш излаб келган қоракўзлар…

Бутун дунёга рекорд даражада олтин сотаётган шаҳар… Яхшиям Америка бор. Буларнинг бир қисми “Грин кард” ютиб, ишсизлик деган даррдан фориғ бўлиши мумкин.

Машина ўғриси

Америкада кофе финжонини  тўнкариб, ë Трамп, ë Байден деб фол боқилаëтган, Вена террор хужумига учраган бир пайтда самарқандлик тоға ўзининг севимли “Жентра”сини ювдириб ярқиратиш учун Самарқанд шаҳрининг Кимёгарлар қўрғони Сайқал кўчасида жойлашган автомашиналарни ювиш шохобчасига келди.

“Жентра”нинг “Ë Али” деган тумор осилган калитини 25 яшар йигитга бериб, палон сўмлик қилиб юв, деди. Амаки бир четга бориб смартфонда Асалҳонийларини томоша қилиб ўтирди.

Ювғучи бола “Жентра”ни ювиб-тараб, меҳри тушиб қолди. Калитни бураб, мошинни миниб, мингга қўйиб қочди.

Буни кўрган тоғанинг геморройи ирғиди. Шакари тушди. Астма тутқаноғи тутиб оғзини сувсиз қолган лаққа балиқдай каппа каппа очиб юмди. Кейин қулади ўнг томонга. Яхшим ўнг томонга қулади. Мабодо чапга қулаганда нарëққа кетворарди.

Аммо шаҳар бедарвоза эмас. Бўлиб ҳам Самарқанд. Ўғрини қувлаб кетишди. Иккита милиса мошин қувди. Ўғри қочди. Самарқанд Амир Темур замонидан бери бундайин қочди-қувдини кўрмаган эди. Мана, насиба экан, буни ҳам кўрди заволли Самарқанд.

Самарқанд шаҳри ИИО ФМБ ходимлари  ўғирланган “Жентра”ни мажбурий тартибда тўхтатди  Шунга қарамай, ўғри ИИО ФМБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, ўзи олиб қочган автомашина эшикларини очмасдан, ундан тушишдан бош тортиб ўтираверди.

Машинага меҳри мантиқдан устун келди. Ëмон ўжар бола экан.

Милисалар битта тош билан мошина ойнасини синдириб, эшикни очиб, анави ўғри болани суғуриб олишди.

Икки милиса ушлаб турди. Биттаси ўғрининг қорнига тепди.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ш.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ўғри қамоқда. Бирор ўн йил ўтиради энди у.

Мошинаси қайтарилган тоғанинг геморройи яна ирғиб жойига тушди. Нафас олиши яхшиланди. Юзига қизил югурди. Кўзи намланиб, “мендан қайтмаса, хидодан қайтсин, ако миршаблар”, деб дуогўй бўлди. Ойна ерунда. Ана шунақа гаплар. АҚШда эса ҳалиям ким президент эканини биров билмайди.

ИЗМИР МАРШИ

Бундан анча йил илгани умримда илк бора Туркияга сафар қилгандим.  Қўналғадан қалққан учоқ Истанбулга қараб йўл олди. Ўша пайтда энди чиққан Тарқан қўшиқлари янграб турган лайнер ичида орзиққан ҳолда ўтирибман Истанбулни кўраман, дея. Аммо нимадир бўлиб учоқ Измирга бир муддат қўниб турди. Бизни учоқ салонидан ташқарига чиқаришмади.

Бир оз сўнгра учоқ қалқиб, Истанбулга кетишга ҳозирланаëтган эди.

Мен эса тезроқ салжуқ боболарим фатҳ этган заминга оëқ қўйишни истар эди.

Пилотнинг олдига бориб, ташқарига чиқиб бирпас турсам майлими, деб сўрадим. Йўқ, мумкин эмас, деган учувчи менга қараб истагим сабабини сўради.

Мен кичик пайтимда Измир маршини эшитганимни ва бу шаҳарга қачон бўлмасин боришни орзу қилганими айтдим. Пилот гапимдан таъсирланиб, Измир маршининг дастлабки икки мисрасини айтди:

Измир тоғларида чечаклар очар,

Олтин қуëш унда нурларин сочар.

Қолганини мен айтдим:

Измир тоғларида бомба қўйдилар,

Туркнинг санжоғини ўнгга қўйдилар.

Пилот қитмирлик қилиб микрофонни ëқиб бу айтишувни салонга трансляция қилди. Иссиқда учоқ қалқишини кутаëтган асабий йўловчилар юзига нур ëғилди, баъзилари нақоратга қўшилди.

Пилот эшикни очиб, нарвон чақирди ва истисно ўлароқ менинг Измир заминига оëқ қўйишимга кўмакчи бўлди.

Денгиз ҳавоси эсади Измирда, буни борганлар билади.

Юнонча “Смирна” деган номнинг турк лаҳжасидаги шакли бу асли Измир.

Қадим эллинлардан қолган сиғиноқу мозорлар шаҳри, Туркия жумҳуриятчилиги, либерал демократия ва ҳуррият тамали бўлган гўзал ошиëн бу Измир.

Бугун Измирни эслашимга сабаб шуки, бу шаҳарда юздан зиëд одам ўлимига сабаб бўлган зилзила рўй берди. Ер қимирлаш офатини тошкентлик ва навоийликлар яхши билади. 

Измирликлар бу офатни енгишига ишонаман. Уч кун давомида бетонлар орасида қолган бир чақалоқ қутқарилди. Ҳисларимни шоир Камолиддин Каму шеъри билан ифодалайман:

 Она! Денгиз қани? Кўшкимиз нерда?

Мана, кетажакмиз Измирга дея.

Мени ухлатардинг тиззангда, она!!!

Ўткан йил опам ҳам шундай дер эди.

Бу баҳор Измирга ўрду кирмаса,

Мен бу сўзларга алданмай, она.

Яшил бир баҳорга кўмилди тоғлар,

Булбулли боғчалар, узумли боғлар

Кимларнинг қўлига тушди-я, она!

У боғлар қаерда, боғчалар нерда?

Ҳар оқшом қуëшнинг ботдиғи ерда,

Кўзларим Измирни излайди, она!!

Ҳозир бир қуш бўлсам, қанотим бўлса,

Измирга кетар йўл агар бу бўлса

Бир бошимни олиб кетардим, она!!

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
29 апрел 2017
Ўзининг икки саҳифасини тўлиқ тез ёрдам хизмати фаолиятига бағишлаган “Оила ва жамият” газетаси (26.04) тиббиёт тизимидаги жиддий бир муаммони ...
4 май 2018
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 30 апрель кунги ташрифи чоғида сўзлаган нутқида Ўзбекистонни ўз ота юрти дея таърифлади. «Ота ...
30 октябр 2017
Марҳум президент Ислом Каримов замонида жиноий жавобгарликка тортилган жуда кўп амалдорлар амалдаги давлат раҳбари даврига келиб юксак лавозимларга тайинланмоқда. ...
6 июн 2024
Элтуз порталига навбатдаги 5 та мактуб Ўзбекистоннинг Сирдарё, Самарқанд, Наманган ва Қорақалпоғистондаги ватандошларимиздан келган. Таги ковланаётган кўпқаватли бино қулаб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...