Қора танлиларни “қул қилганлик”да айбланган қўшиқчининг “ҳақиқатлари”
Нигериядан икки қора танлини олиб келиб, уйи олдидаги контейнерга қамаб қул қилганлик айбловлари билан юзма-юз қолган 26 ёшли қўшиқчи, Siroj Boom тахаллуси танилган Сирож Узанов “Элтуз”га берган суҳбатида уларга фақат яхшилик қилганини айтди.
– Мен ўзбек санъатига меҳри баландлиги учун уларни ҳамкорликка чақирганман, – дейди Siroj Boom. – Менга пул бермайди, ишлатади, деб нолиб интернетларга чиқиш қилди. Мен уларнинг ижод қилиши учун имконият яратиб бердим. Кўп киши билан таништирдим. Бу ерда яхши обрў топди. Менинг кўмагим билан озми-кўпми танилди. Улар эса мени ваҳшийга чиқариб қўйди.
Siroj Boom ўз ҳақиқатлари борлигини, тарқатилган маълумотларнинг кўпи “ёлғон” эканини таъкидлади. У одамлар ҳақиқатни билмай туриб уни ҳатто ҳақорат қилишаётганини айтар экан, айби бўлса, қонун олдида жавоб беришга тайёрлигини билдирди.
“Элтуз”га маълум бўлишича, ўзларига Шоҳ ва Муниса тахаллусларини олган, Siroj Boom шаънига айбловлар билан чиқаётган нигериялик ака-сингил ҳозир Дубайда.
“Бу ерга дадамни кўргани келдик. Шахсимизни тасдиқловчи ҳужжатларимиз ҳозир ўзимизда. Тошкентга қайтгандан сўнг, албатта, “Элтуз” мухбирига воқеаларни батафсил айтиб берамиз, – деди Шоҳ. – Сирож ўзини оқлаш учун баҳона излаб юрибди.
Биз унга душман эмасмиз. Фақат уни инсофга чақирмоқчимиз. Мусулмонга ярашадиган ишларни қилмаяпти. Биз Тошкентга қайтамиз. Ижодий фаолиятимизни давом эттирмоқчимиз. Ўзбек санъатига меҳримиз бўлакча, ўзбек халқига ҳам. Фақат бизга инсофли ҳамкор керак”.
Элтуз”га тақдим этилган, ўзбек хонандаси айбланган видеода нигериялик ака-сингил хонанда Siroj Boomнинг ҳовлисида яшагани, хонадон эгалари уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини олиб қўйгани айтилади. (Siroj Boom “Элтуз”га улар ўз ихтиёри билан ҳужжатларини топширганини билдирганди).
Шунингдек, видеода ака-сингил ҳақорат қилингани, алдангани ва мажбурлаб ишлатилгани, уларга кийим олиб бермагани, ҳатто кир ювиш, ювиниш учун шароит яратмагани, қўшиқчининг онаси уларни таҳқирлагани, ўзи шахсиятга тегувчи гаплар айтгани қайд этилган.
Ака-сингил Дубайдан Тошкентга қайтгандан сўнг “Элтуз” мавзуга яна қайтади.
eltuz.com