Асосий мавзулар
10 декабр 2020

18 йил тақиқда бўлган фильм жамоатчиликка тақдим этилди

Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги киносаройнинг кичик залида 18 йил давомида тақиқда бўлган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” фильмининг тақдимоти камтарона ва одми ўтказилди. 

Бошқа премьералардан фарқли ўлароқ, ҳашаматли банерлар, рекламалар, фильм ижодкорлари учун махсус қизил йўлаклар ташкил этилмади. Актёрларнинг кўпи ҳаёт эмас. Аксарияти келишмади. Бош роль ижрочиси Фаҳриддин Шамсиматов бетоб. Томошабин ҳам шунга яраша кам бўлди.

“Маҳмудхўжа Беҳбудий” фильми тўғрисида фикр билдирган, исмини сир тутишни сўраган киномунаққиднинг айтишича, картина номини бундай аташ шарт эмас эди. Чунки у автобиографик фильм эмас. Қолаверса, Беҳбудий яшаган давр ҳақидаги картина бўлиб қолган. 

“Унда Беҳбудий оддийгина бош қаҳрамонлардан бири. Картинада кераксиз кадрлар кўп. Мақсадсиз ишлатилган деталлар ҳам йўқ эмас. Айрим жойларда картинанинг яхши тасвирга муҳтож бўлиб қолганини сезасиз”, деди киномунаққид.

Фильмни имкон қадар мукаммал ишлашга ҳаракат қилинган. Беҳбудий яшаган даврда содир бўлган ҳар бир катта воқеани тиқиштиришга уриниш сезилади. Овқатни ширин қилиш учун унга ҳаддан ташқари кўп масаллиқ солингани каби таассурот уйғонади фильмни кўрганда.

– Бу фильмни тарихдан хабари бор одамларгина тушунади, – дейди тарих фани ўқитувчиси Жаҳонгир Мустафоев. – У тор қатлам учун мўлжаллангандек. Уни ёшлар тушунмайди, кўрмайди ҳам. Тарихий фильмда бунчалар кўп ёлғон ишлатмаслик керак. Абдулла Авлонийни жуда содда киши қилиб қўйган, Фитрат бетгачопар қилиб кўрсатилган. Бу сингари ҳар қандай фильм тарихий ҳақиқатларга асосланган бўлиши шарт. Кимсан Исмоил Гаспиралибийнинг ташрифи ўта оддий тасвирланган. Бу катта воқелик бўлиши керак эди. 

Жаҳонгир Мустафоевнинг сўзларига кўра, Беҳбудийнинг Гаспиралибий билан учрашгани ёлғон. Қолаверса, Беҳбудий Дукчи эшон қўзғолонига кўр-кўрона ташкил этилган, дея баҳо беряпти. Ёш Беҳбудий Дукчи эшон билан учрашиб, унга ақл ўргатяпти. Бу факт ҳам ёлғон. Дукчи Эшон воқеаси содир бўлганда Беҳбудий бор-йўғи 20 ёшли йигит эди.

Фильмда Бухоро ҳукмдори Амир Олимхоннинг хулқи бузуқлигини кўрсатиш учунгина мақсадсиз кадрлар қўшилган. Беҳбудий ҳақидаги фильмда Амир Олимхоннинг хотинбозлигини ошкор қилувчи кадрлар нима учун керак?

Фильмда қисқа муддат яшаган Туркистон мухторияти фаолияти, Самарқанддаги Улуғбек расадхонасидаги оламшумул тадқиқотлар ҳам эсдан чиқарилмаган.

Ёш Беҳбудий ва унинг зиндонда ётиш давридаги ёшга оид тафовут сезилмайди. Қаҳрамонни ўйнаган актёрнинг сохта оқ соқоли томошабиннинг ғашини келтиради. 

Беҳбудийни яқиндан таниган китобхонни ҳам, албатта. Чунки Беҳбудий атиги 44 йил умр кўрган. Манбаларда соқоллари қора, айлана кўзойнакли, барваста киши сифатида тасвирланган.

– Фильм жуда зерикарли ишланган, – дейди томошабинлар қаторида бўлган талаба Сардор Ботиров. – Кадрлар ранг-баранг эмас. Сўзлардан ўта эҳтиёткорлик билан фойдаланилган. Шундай бўлса ҳам фильм намойиши тақиқланганига ҳайрон қолдим. Мен унда тақиққа асос бўладиган бирорта гап ёки воқеани кўрмадим. Бу Ўзбекистонда аср бошларида ҳукмрон тизимнинг қай даражада бўлганини кўрсатади.

Фильмда таниқли актёрлар Саидкомил Умаров, Фурқат Файзиев, Убайдулла Омон ва Ҳошим Арслоновнинг роллари анча ишончли чиққан. Дилшодбек Каттабековнинг роли картинага самимийлик бахш этган. 

Фильм ақлли диалоглар устига қурилган. Унда ҳар бир суҳбатда ўша давр тузуми ва мафкураси ҳақида олам-олам маъно бор. Уни бир вақтнинг ўзида ҳам томоша, ҳам ҳазм қилиш қийин.

Фильм Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг отувга ҳукм қилиниши саҳнаси билан тугайди…

Фильм икки соатдан ошиқроқ давом этади. Намойиш ярмига етмасидан залдан кўп одам чиқиб кетди. Аввал жуфт-жуфт бўлиб келган ёшлар, сўнг устози Бақо Содиқовнинг ҳурмати учун келган ёш актёрлар, киноижодкорлар… 

Хуллас, фильм сўнггигача чин томошабин ва фильмнинг айрим ижодкорларигина қолди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 декабр 2021
«Албатта, керагидан кўп хато қилганмиз, улардан жуда афсусдаман. Энг катта хатоим суд, жин урсин, мустақил суд тизимини туза олмаганимиз ...
10 май 2021
Хоразмнинг Хива туманида бир камбағал бева аёлнинг ўғли номига олинган 30 миллион сўм кредит маҳалла раиси ва ўқитувчи дохил ...
15 декабр 2020
Ўзбекистоннинг барча вилоятларида МФЙ амалдорлари тарози кўтариб, одамлар вазнини ўлчаб юрибди. Ҳаддан ошиқ семизлар эса махсус дафтарга хатланмоқда. Келажакда ...
18 август 2018
Швейцария федерал жиноят суди Ўзбекистоннинг биринчи президенти марҳум Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова адвокатларининг унга тегишли, мазкур мамлакат банкларида ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...