Асосий мавзулар
22 март 2021

Олигархлар фойдаси учун халқ ва давлат товон тўлаган “ислоҳот”

Ўзбекистонда стратегик аҳамиятдаги йирик корхоналарни олигархларнинг шубҳали компанияларига ишончли бошқарувга бериш амалиётининг миси чиқди. Ҳукумат яқинда уларнинг бири билан тузилган шартномани бекор қилишга мажбур бўлди. 

Гап ўзбек аслли олигархлар – Шодиевларга тегишли “SFI Management Group” компаниясига ишончли бошқарувга берилган “Ўзметкомбинат”, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва “Иккиламчи қора металлар” АЖ борасида тузилган шартномалар тўғрисида бормоқда. 

Суратда: Қобул Шодиев (ўнгда)

Гарчи расмий маълумотда “SFI Management Group” “ўз олдига қўйилган вазифаларнинг асосий қисмини бажаргани ва бу корхоналарнинг очиқ бозор шароитида фаолият кўрсатишга деярли тайёр бўлгани” сабаб шартнома бекор қилингани айтилса-да, коса тагида нимкоса борга ўхшаб кўринмоқда.

Хабарларга кўра, жорий йил 20 январда “Ўзметкомбинат”га кутилмаганда бош вазир Абдулла Арипов келиб, комбинат бошқаруви раиси Жаҳонгир Мустафоев ва унинг ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринбосари Сергей Чайковскийни ишдан олган. 

“Бунинг сабаби жуда оддий. Барчаси корхона бошқарувида “SFI Management Group” бўлган вақтдаги улкан ҳажмдаги ўғирликларга, бунинг оқибатида “Ўзметкомбинат” деярли инқироз ёқасига келиб қолганига бориб тақалади”, деди комбинатдаги манба “Элтуз”га йўллаган маълумотда.

Бу маълумот анча батафсил бўлгани сабабли уни ўқувчига тушунарли бўлиши учун манбанинг ёзганлари асосида қисқача баён қиламиз:

Матиев Шерзод

“SFI Management Group”нинг амалдаги хўжайинлари Қобул ва Бобур Шодиевлар унинг бош директори Улуғбек Муҳаммедов ва хавфсизлик бўйича директор Шерзод Матиев билан биргаликда “Ўзметкомбинат” АЖ ва “Иккиламчи қора металлар” АЖни оғир аҳволга солиб қўйди. 

Ҳатто “Иккиламчи қора металлар” банкрот бўлиш даражасига келиб қолди, “Ўзметкобинат” эса кўп миллиардлик йўқотишларга дучор бўлди. Бу маблағларнинг барчаси амалда Шодиевлар тўдасининг чўнтагига кирди. 

Бунда бир вақтлар Ўзбекистон бош прокурорининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Шерзод Матиев асосий роллардан бирини ўйнади. Шодиевларнинг чексиз ишончига эришган Матиев Ўзбекистон ҳукумати томонидан “SFI Management Group”га ишончли бошқарувга берилган корхоналарга раҳбарларни тайинлашда ҳал қилувчи овозга эга бўлди.

Хусусан, “Ўзметкомбинат” “SFI Management Group” бошқарувига ўтгач, барча раҳбар лавозимларга прокуратуранинг собиқ ходимлари – Шерзод Матевнинг қўлида ишлаганлар, дўстлари ва танишлари олиб келинди. Айнан улар воситасида Матиев Шодиевларга уларга ишониб топширилган мулкни талон-торож қилишга кўмаклашди, йўл-йўлакай ўзи ҳам бойиди. 

Табиийки, бу жараёнга корхонага умуман алоқаси бўлмаган, аммо Шерзод Матиевга алоқадор шахс ва фирмалар ҳам аралашган. Шулардан бири Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида рўйхатдан ўтган, металлоломни саралаш ва қайта ишлашга ихтисослашган “WANGDA METAL” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасидир. 

Ушбу корхона низом жамғармасидаги 30 фоиз улуш Баҳодир Абдуллаевга тегишли. Асли наманганлик бу шахс прокуратурадаги карьерасини ўша ерда бошлаган Матиевнинг дўсти эди. 

2018 йил бошидан 2019 йил августгача Шерзод Матиев ушбу қўшма корхона билан 10 минг тонна металлолом олди-бердиси қилиш орқали қарийб 5 миллиард сўмни ўз чўнтагига урган. Аслида бу пул “Иккиламчи қора металлар”АЖнинг ҳақи эди.

“Ўзметкомбинат” “SFI Management Group”нинг ишончли бошқарувига берилгандан кейин металлолом топширувчи бирорта тадбиркор Шерзод Матиевнинг розилигисиз комбинат билан шартнома туза олмади. 

Бундай шартномалар фақат “танланган” корхоналарга насиб этди. Улар “Иккиламчи қора металлар”ни четлаб ўтиб, металлолом топширувчилардан маҳсулотни паст нархда олиб, “Ўзметкомбинат”га тўғридан тўғри қиммат нархларга сотишни йўлга қўйди. 

Мана уларнинг номлари: “BUISNESS SMART GROUP” МЖЧ, “ARGAYL” МЖЧ, “DOOZY WORKING” МЧЖ, “CHINOZ FERRUM” МЖЧ. Улардан фақат сўнггиси Шерзод Матиев билан бевосита боғлиқ. 

Қолганларининг раҳбарлари ва таъсисчилари сифатида бошқа кишилар кўрсатилган бўлса-да, аслида улар бир одамга – Анвар Раҳматуллаевич Нурхўжаевга тегишли. Улар бир кишига қарашлилигини кўрсатувчи жиддий факт шуки, давлат рўйхатида барчасининг электрон почтаси манзили бир хил кўрсатилган – wallrus1987@mail.ru

Анвар Нурхўжаев эса ҳар мавриди келганида ўзининг Ҳафиз исмли куратори президентнинг куёви Ойбек Турсуновнинг акаси Улуғбек Турсуновнинг яқин дўсти ва ёрдамчиси эканини эслатишни унутмайди.

“Ўзметкомбинат”ни талон-торож қилиш схемаси жуда оддий. “ARGAYL” МЖЧ мисолида айтганда, у “Иккиламчи қора металлар”ни четлаб ўтган ҳолда комбинатга юқори ликвидли ломнинг ҳар тоннасини 2 150 000 сўмдан тўғридан-тўғри етказиб бериш тўғрисида шартнома тузади.

Аслида эса аҳолидан тоннаси 900 000 сўмга сотиб олинадиган паст сифатли металлоломни етказиб беради. Бу ишларнинг барча Матиевнинг кўрсатмаси билан бажарилади албатта. 

Бунинг устига, юк машиналарига аввал шағал ва шлак (тошқол – металл эритишдан қолган қотишма) ортилиб, устига номига металл парчалари ташланиб, юқори ликвидли маҳсулот сифатида ўтказилган. 2019 йил августдан 2020 йил январь охиригача шундай қинғирликлар қилинган. Натижада бугунги кунда комбинат ҳудудида оғирлиги 5 минг тоннага яқин шлак тоғи пайдо бўлди, комбинатнинг ўзи эса кўп миллиардлик зиён кўрди.

Бундан ташқари, “танланган” корхоналар қоидага зид равишда комбинатнинг тайёр маҳсулотларини олдиндан тўловсиз олди. Бу эса кўп миллиардлик дебиторлик қарзларини вужудга келтирди. Ҳозир комбинат бу қарзни ундиришга муваффақиятсиз уриниб ётибди. 

Комбинат раҳбарияти ўзгаргандан сўнг ташқаридан бошқариш тизгинини йўқотган Ш.Матиев ўз ҳамтовоқларига эксклюзив шартномалар муддатини узайтириш энди ўзининг ваколатидан чиққанини билдириб, уларга янги раҳбарлар билан тил топишиш йўлларини ўзлари излашини тавсия қилган.

Шундан буён Анвар Нурхўжаев барча ломни “Подъёмик” АЖнинг Яшнобод туманидаги ҳудудига олиб келиб тўкмоқда. Айни пайтда бу ерда қарийб 15 минг тонна метоллолом тўпланган. У бу маҳсулотни Чирчиқ шаҳрида қурилаётган, 2021 йил майда ишга тушадиган янги заводга сотишни мўлжалламоқда. 

Шодиевлар тўдаси жиноий бойишнинг бошқа йўлларини ҳам ўйлаб топган.

Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган ҳисоботда 2020 йилнинг 9 ойи давомида хорижга 325 минг тонна, шундан Афғонистонга 84 минг тонна, Тожикистанга 50 минг тонна, Қозоғистонга 10 минг тонна, жами 144 минг тонна металл маҳсулотлари экспорт қилингани айтилади. Қолган 181 минг тоннаси қаерга кетди? 

Жавоби қуйидагича. Улар аффилланган офшор компаниялар – “DIKAM”, “SOFIA”, “URTA OSIYE”, “BORNOVA” ва “AZIA SKAY” хусусий корхоналари воситасида жиноий йўл билан ўзлаштирилган. 

Масалан, 2020 йил 1 июлда “Ўзметкомбинат” АЖ Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариоғоч туманида рўйхатга олинган “DIKAM” ХК билан қора металл прокатини тўғридан тўғри сотиш ҳақида шартнома тузган. Гарчи комбинат маҳсулотини биржадан ташқари сотиши тақиқланганига қарамай, қонунчиликдаги “туйнук”лардан фойдаланилган. 

Хусусан, тўловни шартнома бўйича контрагент бўлмаган учинчи томонидан амалга ошириш имконияти белгиланган. Шунингдек, товар Ўзбекистон ҳудудида турли объектлар қурилиши учун жўнатилаётгани, хорижга чиқарилиши ва қайта сотилиши мумкин эмаслиги кўрсатилган. 

Шу йўл билан, маҳсулот комбинат ҳудудидан олиб чиқиб кетилган ва Ўзбекистондаги бозорлар орқали аҳолига сотилган. Табиийки, бундан “Ўзбметкомбинат”, унинг тимсолида давлатга жуда катта зарар етказилган. 

Бу жиноий ҳаракатлар ортида Дилмурод Пўлатов (Ойбек Турсуновнинг дўсти), россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг куёви бўлмиш Эркин Нарзиевнинг куёви Шоҳруҳ Носирхўжаевнинг укаси Фаррух Носирхўжаев турибди. 

Бугунга келиб Шодиевларнинг металлолом ва қора металл прокати савдоси бўйича ноқонуний бизнесига чек қўйилди. Аммо уларнинг ўрнига Ўзбекистон иқтисодиёти флагманларидан бирига кўз олайтирган бошқалар пайдо бўлди. 

“Ўзметкомбинат”дагиларнинг сўзларига кўра, ҳозир лом тайёрлаш ва қайта ишлаш бизнеси бош вазир Абдулла Арипов ва унинг куёви қўлига ўтган. Заводдаги бошқа ишларни эса кўпчиликка маълум “ERIELL Group” компанияси бошқаряпти.

Айни пайтда бир вақтлар “SFI Management Group” компаниясининг ишончли бошқарувига берилган барча корхоналарда жиддий текширувлар кетмоқда. Ўз навбатида, “SFI Management Group”да ҳам можаро бошланган. Жумладан, “Ўзметкомбинат” ва “Иккиламчи қора металлар” АЖларни шу кўйга солган Шерзод Матиев компаниядан шармандаларча ишдан ҳайдалган.

Ўз вақтида Шодиевлар ишончини қозонган бу одам аслида хўжайинлари бурни тагидан миллиардларни ўмарадиган оддий каламуш бўлиб чиқди. Лекин Шодиевлар буни жуда кеч англади”…

Қайтар дунё…ми?

2018 йил 14 январда фейсбукда Бекобод металлургия комбинати меҳнат жамоаси номидан президент Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома эълон қилинганди. 

Бу мурожаатнома “Ўзметкомбинат” АЖ 2017 йилда “SFI Management Group” компанияси ишончли бошқарувига ўтганидан сўнг Шодиевлар манфаати йўлида Шерзод Матиев комбинат билан алоқадор ўнлаб тадбиркорларни Бош прокуратура ёрдамида қатағон қилганига оид. 

Мурожаат муаллифларининг билдиришича, ўша йили Бекобод металлургия комбинати билан боғлиқ жиноят ишини тергов қилишда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Улуғбек Мустафоев, унинг ўринбосари Мақсуд Ўролов, терговчилар Улуғбек Умарова ва Санжар Файзиев ўта қабиҳ ва шафқатсиз усуллардан фойдаланган. 

Бу иш 2017 йил августи охирида, Мирзиёев комбинатга келиб, уни хорижий инвесторнинг ишончли бошқарувига беришга тайёрлаш ҳақида топшириқ берганидан сўнг бошланган. 

Хуллас, шундан сўнг ўтказилган аудидорлик текшируви натижасида комбинатнинг бир қанча мансабдор шахслари ҳибсга олиниб, шафқатсиз тарзда сўроққа тутилган. 

Орадан кўп ўтмай, 2017 йил 20 октябрдан бошлаб эса комбинат билан металл олди-сотдисини амалга ошириб келган кўплаб фирмалар раҳбарлари ҳам бирин-кетин ҳибс этилган. Уларга нисбатан руҳий ва жисмоний қийноқлар қўлланилган. 

Терговчининг кўрсатмаси асосида тергов сирини ошкор этмаслик баҳонасида уларнинг адвокатлар ва яқинлари билан учрашувига ҳам рухсат этилмаган. Ҳатто айбланувчиларнинг баъзилари адвокатдан воз кечиш тўғрисида ариза ёзишга мажбурланган. 

Бу орада юқорида ҳомийлари бўлган 12 та “танланган” корхонага нисбатан айбловлар бекор қилинган. Ҳолбуки, улар ҳам бошқа корхоналар билан бир хил фаолият юритган. 

Ушбу мурожаат эълон қилингандан сўнгги воқеалар комбинат билан металл олди-сотдиси жараёни “бегона” корхоналардан туткул тозаланиб, тўлалигича Шерзод Матиев ва унга алоқадор фирмалар қўлига ўтганини тасдиқланмоқда. 

Қизиқ, энди Шерзод Матиевнинг ўзи ҳам металл олди-сотдиларидан, “SFI Management Group” компанияси эса комбинатни ишончли бошқаришдан четлаштирилгандан сўнг бу жиноий ҳаракатларга бош-қош бўлганлар жазоланрмикин? 

Ҳар ҳолда, бу қайтар дунё-ку! 

“Элтуз”

Тағин ўқинг
2 июн 2024
Салом қадрли мухлислар, Элтуз порталига келган навбатдаги бешта шикоят мактубини ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент ...
7 феврал 2020
Мана, яна ҳафта айланиб, сиз билан юзма-юз кўришиб турганимдан мамнунман. Жадвалга риоя қилиш ва интизом яхши нарса.  Бир катта ...
20 март 2020
Кўчадан келиб, қўлимни кирсовун билан уч қайталаб ювдим. Кейин спирт билан чайдим. Кейин лимон сиқиб, суви билан юз қўлимни ишқаладим.  ...
15 ноябр 2022
Хоразмда масжид қурилишига оид эълонлардан келиб тушган 40 миллион сўмни “туя қилган” имом-хатибга жиноят иши қўзғатилди. Андижонда эса Умрага ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...