Асосий мавзулар
13 апрел 2021

Қуруқ гап замони ўтди

Ўзбекистон нодавлат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини соддалаштириши ва фуқаролик жамияти овозларини қонунийлаштириши керак. 

Яқинда Aдлия вазирлигининг нодавлат ташкилотлар бошқармаси бошлиғи Aзизбек Мадаминов “Aмерика овози”га берган интервьюсида нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш фақатгина аризаларнинг мамлакатдаги ҳуқуқий меъёрларга риоя қилинмаслиги билан боғлиқлигини таъкидлади. 

Фуқаролар вазирлик қароридан ёки ариза кўриб чиқилишидан норози бўлса, судга мурожаат қилишлари мумкинлигини айтган мулозимнинг сўзларига кўра, сўнгги икки йил ичида судларга ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган. 

Aммо таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон судида низони ҳал қилиш мустақиллиги ўта шубҳали бўлиб қолаётир ва бу аксарият фуқароларнинг имкони бўлмаган яна бир қиммат ва мураккаб жараёндир.

Азизбек Мадаминов таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистонда 9200 та нодавлат, миллий ва минтақавий ташкилот рўйхатдан ўтган ва фаолият кўрсатмоқда. Амоо уларнинг аксарияти давлат томонидан ташкил этилган йирик ярим ҳукумат ташкилотларнинг филиаллари. 

Мустақил нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш аслида оғир ва оғриқли жараён. Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари танқидига қарамай, Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг расмий равишда мустақил ташкилот сифатида рўйхатдан ўтишини осонлаштириш учун жорий қоидаларни ўзгартиришга шошилмаяпти.

Меҳнат вазирлиги томонидан 2020 йилги пахта йиғим-терими пайтида меҳнат ҳуқуқлари бузилишини назорат қилиш учун расмий эксперт мақоми берилган қорақалпоғистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Aзимбой Отаниёзов 18 ой давомида “Оқбошқур” инсон ҳуқуқлари нодавлат ташкилотини рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилди.

Илгари “Чироқ” номи билан танилган “Оқбошқур” 2019 йил 1 декабрда Отаниёзов ва Қорақалпоғистоннинг 11 нафар турғуни томонидан Ўзбекистон Президенти ва бошқа юқори мартабали амалдорларнинг сўз эркинлиги зарурлиги ва фуқаролик жамиятининг аҳамияти тўғрисидаги баёнотларига жавобан ташкил этилган. 

Фаолларнинг биринчи йиғилишидан деярли бир ярим йил ўтгач, Отаниёзов “Оқбошқур”ни рўйхатдан ўтказиш учун Ўзбекистон қонунчилигида талаб қилинадиган ҳужжатларни тўплашда дуч келган тўсиқларни сўзлаб берди:

“Менинг тажрибам Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш жараёни ўта мураккаб, зиддиятли ва мантиқсиз эканини кўрсатиб берди. Рўйхатга олиш тартиби мамлакатдаги мустақил ташкилотлар сонини сунъий равишда қисқартириш ва одамларни жамоат ишларида қатнашишдан қайтариш учун ишлаб чиқилган.

Тўсиқлар 2019 йил 1 декабрдаги биринчи таъсис йиғилиши кунидан бошланди. Бир ой олдин брон қилинган Нукусдаги меҳмонхона конференцзали шаҳар ҳокимлиги йиғилиши бўлиб ўтиши баҳонасида тўсатдан бизга берилмади. 

Бахтли тасодиф туфайли ўша кўчада яна бир меҳмонхона топилди ва ташкилот низомини қабул қилиш ва “Чироқ”ни ташкил этиш бўйича йиғилиш ўтказилди.

Кейинги бир ой давомида мен Қорақалпоғистон Aдлия вазирлигига топшириш учун ҳужжатлар тўпладим. Ҳужжатларни тўплашдаги қийинчилик ННТларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини тартибга солувчи қонунчилик нормаларининг номувофиқлигидадир. 

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 10 мартдаги қарорига биноан, таъсисчиларнинг тўлиқ исмлари, туғилган саналари ва яшаш жойлари кўрсатилган имзолар рўйхатини тақдим етиш зарур. Ҳужжатда “имзолар ва маълумотлар имзолаган шахснинг яшаш, ишлаш, ўқиш ёки ҳарбий хизмат жойида тасдиқланиши керак”лиги таъкидланган.

Отаниёзовнинг айтишича, муассисларнинг шахсий маълумотларини уларнинг иш ёки яшаш жойидан тасдиқлатиш жуда қийин бўлган. Яшаш жойи ҳақида маълумот берадиган маҳалла раислари туман маъмурияти мансабдорлари бўлиб, улар маҳаллада яшовчи одам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот аъзоси эканига таажжуб ва шубҳа билан қараган:

“Улар маҳалламда истиқомат қилувчи шахснинг маълумотларини тасдиқлаш ҳақидаги илтимосимга бу одам қандайдир ноўрин ишларда қатнашмоқчи бўлганидек муносабатда бўлишди. 

Маҳалла раислари ҳали ҳам уларнинг тасдиғига муҳтожлигимдан ажабландилар, чунки ҳужжатларда муассисларнинг паспорт маълумотлари тўлиқ келтирилган. Паспортларда эгаларининг яшаш жойлари ёзилган ва уларни давлат реестридан топиб, бемалол текшириш мумкин.

Баъзи маҳалла раислари паспортдаги манзиллар маҳалла реестрларидаги манзиллардан фарқ қилгани, яъни паспорт берилгандан бери кўчалар ўзгартирилгани сабабли тасдиқлашни рад етишга уринишди. Яъни одамлар ўша манзилда яшашда давом етишган, аммо кўчалар давлат томонидан ўзгартирилгани сабабли паспортлардаги манзиллар аслига мос келмай қолган.

Мен бир неча бор бориб, маҳалла раисларини Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, улар таъсис аъзолари маълумотларини муҳрлашлари ва тасдиқлашлари зарурлигига ишонтиришим керак бўлди. Ниҳоят, керакли барча тасдиқларни тўпладим ва ҳужжатлар тўпламини Aдлия вазирлигига биринчи марта 2020 йил 23 декабрда топширдим”.

Aдлия вазирлигидан биринчи рад жавоби 2020 йил 9 январда олинган. Хатда бир неча имло хатолари сабабли рўйхатдан ўтказилиш рад этилгани айтилган. Бироқ катта қийинчиликлар билан тўпланган барча ҳужжатлар тўплами қайтариб берилмади.

Ўша пайтга келиб, президентнинг бюрократик тўсиқларни камайтиришга қаратилган яна бир фармони кучга кирди. Фармонда таъкидланишича, 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат идоралари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан (маҳалла/маҳалла кенгашлари) 28 турдаги ҳужжатларни, шу жумладан, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларни тақдим етишни талаб қилмайди. 

Бироқ иккита ҳужжат бир-бирига зид. Бир томондан, Президент фармонида маҳаллаларда яшаш жойларини тасдиқлашнинг ҳожати йўқлиги айтилган, Вазирлар Маҳкамаси қарорида эса бунинг акси:

“Мен ҳали ҳам маҳалла раҳбарларидан таъсисчиларнинг манзилларини тасдиқлаш ҳужжатларини тўплашим керак эди, аммо энди улар президентнинг маҳаллаларда яшаш жойини тасдиқлаши шарт эмаслиги тўғрисидаги фармонига биноан уларни тасдиқлашдан бош тортдилар.

2020 йил 28 февралда ҳужжатлар тўпламини иккинчи марта топширдим, бу сафар манзиллар тасдиқланиши талаб этилмасди, чунки президент фармони ушбу талабни бекор қилди. Aдлия вазирлиги бир неча грамматик хатони кўрсатгани сабабли мен табиий равишда бу ҳужжатлар тўпламида топилган ягона камчиликлар, деб ўйлардим.

Қорақалпоғистон Aдлия вазирлигининг 2020 йил 27 мартдаги хатида рўйхатдан ўтиш яна рад этилган. Бу сафар вазирлик низомдаги янги хатоларга ишора қилди, аммо уларнинг ярми, мустақил ҳуқуқшунос сўзларига кўра, асоссиз эди. Хатда, шунингдек, таъсисчиларнинг манзиллари уларнинг яшаш ёки иш жойларида тасдиқланмагани айтилган.

Ўша пайтда рўйхатдан ўтиш жараёнини эркинлаштириш мақсадида ННТлар тўғрисида кодекс ишлаб чиқилаётгани ҳақида маълумотлар бор эди. Шу боис, биз янги қоидалар ҳужжатларни қайта тўплашдан халос қилади, деган умидда янги тартиб жорий этилишини кутдик. Бироқ бугунги кунга қадар нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳақидаги янги кодекс қабул қилинмаган.

2021 йил 27 февралда биз, таъсисчилар яна бир йиғилиш ўтказдик. Унда ўзгартирилган низомни қабул қилдик ва ташкилотнинг номини Қорақалпоғистондаги шу номдаги бошқа ташкилот билан адаштирмасликлари учун “Чироқ”дан “Оқбошқур”га ўзгартирдик.

Aдлия вазирлиги дастлаб тақдим етилган ҳужжатлар пакетини қайтариб беришдан бош тортгани сабабли мен яна “Оқбошқур”нинг аъзолари яшайдиган Элликқалъа, Тўрткўл ва Aмударё туманларидаги ҳар бир маҳалла қўмитасига учинчи бор боришга ва маҳалла раисларга ҳужжатларни тасдиқлаш лозимлигини тушунтиришга мажбур бўлдим.

Шунга қарамай, маҳалла раислари яшаш жойини тасдиқлаш ҳақидаги илтимосимдан ҳайрон бўлишди ва яна президентнинг янги фармонига ишора қилиб, буни рад этаверишди. 

Бу шуни англатадики, ҳар бир туманга Вазирлар Маҳкамасининг ҳалигача амалда бўлган ва таъсис аъзоларининг яшаш жойларидан манзилларини тасдиқлашимни талаб қиладиган қарори билан қайтишим ва маҳалла раисларига кўрсатишим керак бўлди.

Мени ҳужжатлардаги манзилларни тасдиқлаш учун турли бўлимларга юборишди: Давлат хизматлари агентлиги, ҳокимлик ва паспорт берадиган бўлимга. Қаерга борсам ҳам мени тушунмаслик ва рад жавоби кутиб олаверди, чунки ҳақиқатан ҳам ҳужжатларда давлат реестридан топиш мумкин бўлган паспорт маълумотлари тўлиқ кўрсатилган.  

“Оқбошқур” асосчиларидан иккитаси мактабда ишлайди ва мен уларнинг манзилларини мактаб директорлари томонидан тасдиқлатишга ҳаракат қилдим. Менга рад жавобини беришди. 

Бир ҳолатда директор ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашганидан сўнг ҳужжатни тасдиқлаш унинг ишига  салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деган хулосага келганини айтди. Ҳозир замон ўзгаргани ва президент Мирзиёев ҳозир БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида нутқ сўзлаётганини тушунтиришга ҳаракат қилдим, аммо буларнинг барчаси фойдасиз эди.

Ҳужжатлар Aдлия вазирлигига таъсис йиғилиши ўтказилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмасдан топширилиши керак. Бу муддат 2021 йил 27 мартда тугаган ва мен ҳанузгача маҳалла раисларидан иккита манзил бўйича тасдиқловларни ололмадим.

Сўнгги бир ой ичида имзо йиғиш давомида ўзим ҳақимда бир қатор нохуш нарсаларни эшитдим. Масалан, Тўрткўлда маҳалла раислари билан бўлган учрашувларнинг бирида ҳокимлик ходими чет эл ташкилотлари билан ҳамкорлик қилганим учун мендан эҳтиёт бўлиш кераклиги ва гўёки мен 10 йил қамоқда ўтирганим ва ҳоказо ёлғонларни айтиб огоҳлантирган. Мен деярли 60 ёшдаман ва ҳеч қачон жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилмаганман.

Мен ҳам, “Оқбошқур”нинг бошқа асосчилари ҳам “хавфли” эмасмиз. Бизнинг нодавлат нотижорат ташкилот тузиш тўғрисидаги қароримиздан мақсад жамоат манфаатлари йўлида ҳаракат қилиш ва Қорақалпоғистон халқининг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишдан иборат. 

Эҳтимол бизни бошқа ватандошлардан ажратиб турадиган ягона жиҳат фуқароларнинг жамият ҳаётида иштирок этиши мамлакатнинг ривожланишини таъминлашига ишонишимиздир.

Яқинда учинчи марта Aдлия вазирлигига рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатларни топшираман ва умид қиламанки, бу охиргиси бўлади.

Яна бир рад жавоби олинган тақдирда буни Ўзбекистон ҳукуматининг фуқаролик жамияти овозини ўчириш учун қасддан қилинган ҳаракати, деб талқин этишдан бошқасига ўрин қолмайди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 сентябр 2021
Бундан юз йил бурун большевиклар ва Ёш бухороликлар қўли билан Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон ағдарилган эди. Бир аср ...
30 октябр 2015
Бугун Лўс Анжалусдаги қасримнинг минглаб хоналаридан бирида адашиб қолиб эшикмикан деб ишкопни очибман. Қарасам шаққилдоқ турибди. Олдиндан айтай бугунгача ...
26 январ 2017
Ўзбекистонда Тошкент шаҳридан ташқари барча ҳудудларда табиий газ ва электр энергияси таъминоти абгор аҳволда экани шу вақтгача ҳаммага маълум ...
21 май 2019
Самарқанд вилоятининг Тайлоқ туманида яшовчи 60 яшар боғбон Норқул Ҳотамов турар жой ва иссиқхоналардан иборат кўчмас мулкларини туманнинг собиқ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...