Озодбек ўтирган турма нозирининг ҳикояси
Қашқадарë вилоятида жойлашган Шайхали қамоқхонасида нозир бўлиб ишлаган 38 ёшли Ғаффор Акмалов жазони ижро қилиш тизимларидан ноҳақ бўшатилганидан шикоят қилиб «Элтуз»га мактуб юборибди.
УЯ64/33, УЯ64/49, УЯ64/61- жазони ижро этиш колонияларида маҳкумлар устидан назоратчи бўлганини ëзган мактуб муаллифи ўзи ишлаган даврга оид тафсилотларни ҳам баëн қилади.
Акмаловга кўра, у қўриқлаган қамоқхонада амалдаги маданият вазири Озодбек Назарбеков ва журналист Ҳамза Жумаев диний айбловлар билан жазо ўтаган. Шунингдек, Ғаффор Акмалов қамоқда жазо ўтаган «Ал вакил» мусиқий гуруҳи қўшиқчилари ҳамда хонанда Алишер Раҳматуллаевни ҳам назорат қилганини ëзади.
Ғаффор Акмалов илтимосига кўра, «Элтуз» унинг мактубини тўлалигича эълон қилади. Муаллиф имлоси сақланди
Мактуб
Ассалому алайкум. Мен камбағал оилада ўсиб улғайдим. Мен ёшлигимдан ҳарбий соҳага қизиқиб, ҳарбий бўламан деб, спорт билан шуғулланиб юрардим. Ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, Қашқадарё вилоятининг Шайхали пасёлкасида жойлашган, ИИВ қоровул қўшинларига қарашли 7533-ҳарбий қисмга шартнома асосида, ишга кириш учун Шаҳрисабз тумани мудофаа ишлари бўлими орқали керакли барча ҳужжатларни тайёрладим. Шахсий жилдим Қашқадарё вилояти мудофаа ишлари бошқармасида текширилиб, қарор чиқариш учун кетди. Мен ҳақиқат бор деб юрардим. Кўпчилик инсонлар пора бермасанг, ишга олмайди, деганида ишонмагандим…. Ишга кириш учун икки йил сарсон бўлдим. Охири тегишли давлат органларига ёзма равишда шикоят қилавердим… Ёзувчи деган номим чиқиб кетди… Охири ишга кирдим. Аммо ҳарбий соҳада ҳам адолат йўқ экан. Мен жангавор хизматни, асосан, УЯ64/33, УЯ64/49, УЯ64/61-жазони ижро этиш колонияларида ўтаб, маҳкумларнинг устидан назорат қилганман. Қўшин назоратчилар наряди бошлиғи лавозимида ишлаганман. Қамоқхоналарда ҳам ҳақиқат йўқ. У ерда маданият вазири Озодбек Назарбеков қамалиб чиққан экан, диний оқим билан. Ўзим қамоқхоналарда «Ал вакил» гуруҳини, журналист Ҳамза Жумаевни, қўшиқчи Алишер Раҳматуллаевни ва кўплаб таниқли кишиларни -раҳматли Аҳмаджон Одиловни Жаслиқ қамоқхонасига олиб кетишаётганини кўрдим. Ҳақиқатпарастлигим сабабли фақат мени Тошкент шаҳри Миробод тумани Амиробод кўчасида жойлашган, ИИВ қоровул қўшинларига қарашли 7531-ҳарбий қисмга ротация қилиб, иш жойимни ўзгартиришди.
Ҳарбий қисмда ишлаб юрганимда, бир неча марта мен ва бошқа ҳарбий хизматчиларнинг ҳақ-ҳуқуқи командирлар томонидан поймол бўлди. Ҳақ-ҳуқуқимни талаб қилиб, тегишли давлат органларига ёзма равишда мурожаат қилдим ва командирларнинг кўзига ёмон кўриниб қолдим.
7531-ҳарбий қисм қўмондонлиги менга ҳар хил айблар қўйиб, устимдан салбий ёзувларни қайд қилиб, шахсий жилдимга тикиб, уни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани мудофаа ишлари бўлими архивига махфий почта билан жўнатди ва 2013 йил 4 декабрда мени ишдан бўшатишди. Қоровул қўшинлари қўмондони, генерал-майор Димитрий Паннинг олдига бориб, илтимос, менга ёрдам беринг, ишлай, дегандим, русчасига мени ҳақорат қилиб ташлади…
Тегишли давлат идораларига мурожаат қилдим, лекин фойдаси бўлмади. Икки ёш фарзандим бор. Қизим ногирон…. Илтимос, ИИВ қоровул қўшинларидаги ишимни тиклашимга, амалий равишда ёрдам беринглар.
Мактубнинг иккинчи қисмида Ғаффор Акмалов Тошкент шаҳри ҳокимига қарашли ширкатда ишлаб, ноҳақликларга нишон бўлганидан шикоят қилади.
Тошкент шаҳри ҳокимига қарашли «Акфа-Артель» компанияси корхоналарида 7 йил ишладим. Шу даврлар мобайнида менга таътил берилмади, байрам кунлари ҳам ишлатишди. Корхонада иш вақти кўп, маоши оз.
Ҳақ-ҳуқуқингизни талаб қилсангиз, Меҳнат кодексининг 100-моддаси билан бўшатади, якуний ҳисоб-китоб қилинмайди. Касал бўлишга ҳаққимиз йўқ. Касал бўлиб, касаллик варақаси олиб келиб, кадрга топширсангиз, пулини тўлашмади Рустам исмли бухгалтер. Иш вақти тугагач, ишчиларни йиғиб, раҳбар ўринбосари Бунёд Ҳасанов Бунёд 20 дақиқа мажлис қилади. Ахир чарчаган ишчиларга мажлис ёқадими… Мен ҳамманинг олдида унга иложи бўлса, мажлисни иш вақти тугашига 20 дақиқа қолганда қилсангиз бўлмайдими, деб савол бердим…
Кейин менга асоссиз туҳматлар қилиб, айблар қўйиб, пулимни ҳам, ажратиладиган озиқ-овқатни ҳам бермасдан, ишдан бўшатиб юборди… «Артел»да ҳам адолат йўқ экан. Кимга шикоят қилсанг, қилавер, қўлингдан келганини қил, деб бақирди… Меҳнат инспекциясига бориб, дардимни айтсам, ёрдам бера олмаймиз, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли-ку у корхона, деди…
Демак, Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан барча вазирликларнинг мансабдор шахслари қўрқаркан… Ҳақиқат фақат эртаклару киноларда экан…
Хатимнинг ҳаммасини эълон қилинг… Ҳамма билиб қўйсин…
Ғаффоров Акмал Холмирзаевич
Тошкент шаҳри, Миробод тумани.
«Элтуз» нашри мактубда келтирилган шикоятлар борасида Жазони ижро этиш бош бошқармаси ва бошқа мутасаддилардан жавоб кутади.
Eltuz.com