Қорақалпоқ сепаратизмнинг қора юзи
Олмаотадаги туманлараро тергов суди 7 октябрь куни Ўзбекистонда сепаратизмда гумонланган қорақалпоғистонлик Зиуар Мирманбетовани ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.
Бундан олдин ўзларини Қозоғистондаги қорақалпоқлар диаспораси вакили деб атаган ва Ўзбекистонда сепаратизмда айбланган Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жаксимбетов 13 сентябрь куни Қозоғистонда ҳибсга олинган эди.
Ботирми ёки жиноятчи?
Айни пайтда сепаратистлар ҳуружи боис харбийлар дохил 20 дан зиëд киши ўлган Ўзбекистонда «ўз жиноятига пушаймон бўлган» сепаратистларни қамоқдан чиқариш бошланди.
Қорақалпоғистонда содир бўлган тартибсизликларда иштирок этгани учун қамоққа олинган аммо қилган жиноятидан пушаймон бўлган 22 киши 14 октябр куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгес раисининг сўрови ва депутатлар кафолатлари билан инсонийлик тамойили асосида уйларига қайтарилди. Жорий йилнинг август ойида депутатлар сўрови билан Қорақалпоғистондаги намойишларда қатнашган 34 нафар шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси уй қамоғига алмаштирилганди. Бир қарашда ижобий туюладиган бу хабар остидаги қолдирилган изохларда эса озод қилинган сепаратистлар ботирларга тенглаштирилганини кўрамиз.
«Сизлар айбли эмас ботирсизлар» деб ëзади тармоқ фаоли Шинар Алланазарова. Яна бир юзер Гулҳафиза Боймуротова бўлса «Мард ботирларимизсиз. Ота онагизга раҳмат. Ҳеч уялманг. Уяладаиган иш қилганиниз йўқ. Кўкракларингизни кериб юришга арзийсиз. Халқимиз ботирлари деб ëзади. Бу каби юзлаб изохларда сепаратизм дохийларини романтиклаштириш истагини кўрамиз.
«Сепаратчилар жазоланиши керак!»
Айни пайтда барча қорақалпоғистонликлар ҳам шундай ўйлаëтгани йўқ. Нукусдаги «Ақбасқур» нодавлат ташкилоти раҳбари Азимбой Отаниëзовнинг Элтузга билдиришича, жиноятчиларнинг жазоланмаслиги жамиятда ҳуқуқий нигилизмни келтириб чиқаради ва сепаратчиларга илхом беради.
«Миллатчилик қилган одам. Бошқа миллатни камситган одам. Бошқа миллат вакилиига таҳдид қилган одам жазоланиши керак. Кўрсатилиши керак. Жазо муқаррар эканлигини билиши керак. Сен инсонсан. Инсон учун приоритет нима? Инсон бўлишми? Инсон бўлишнинг шартлари бор. Ҳужжатлаштирилган бу шартлар. Сенда бор ҳуқуқ, сенинг олдингда турган одамдаям бор.
Сепаратизм бор экан уни халқ қўллаяптими деган савол туғилади. Йўқ. Сепаратизмни халқ қўллаëтгани йўқ. Бизлар халқнинг ичида юрибмиз. Тўй маъракаларида қатнашамиз. Сўзлашамиз. Сепаратизмни халқ қўллаëтгани йўқ. Лекин сепаратизм хавфли нарса. У юқумли нарса.
Зиёсиз зиёлилар
Шу кунларда Урганчдаги тергов излояторида одам ўлимига сабаб бўлган ғалаëнларни ташкил қилишда айбланиб сақланаëтган Давлатмурод Тожимуродов инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учраштирилганида «ўзбекларни ëшлигимдан ëмон кўрганман ва нафратланганман дея таъкидлаб, бу фикридан ҳеч ким қайтаролмислигини ҳам қўшимча қилган.
«Болаларнинг ëнида бошқа миллатни камситишга бўлмайди. Сасаби у ўсиб бораëтган мурғак. Эртага катта бўлганидан кейин, ундан Аман Сагидуллаевга ўхшаган сепаратист чиқади. Қаëқдан чиқди у. Кичкина вақтида эшитган. Ўзбек фалон, ўзбек пистиëн деган гапни. Отасидан, онасидан, қўни-қўшнидан эшитган шу нарсани. Миясига ўрнаб қолган. Айбни ўзбекдан қидиради. Хозир ўзбек ҳукуматини айблаяптими? Эртага кафолат йўқ, бу ердаги ўзбек вакилларини камситиб бошламаслигига кафолат йўқ. Чунки эшитяпмиз ана. Питердаги қайсидир диаспора бошлиғи референдум ўтказиладиган бўлса Қорақалпоғистонга 1992 йилдан кейин кўчиб келган ўзбеклар қатнашмасин, деб чиқди.
Эртага референдум бўлган тақдирида ўзбекнинг уйига бориб референдумга бормайсам демаслигига кафолат йўқ. Бу нацизм эмасми? Бу фашизм эмасми?!»
Жорий йил бошида Ўзбекистон ҳукумати тарафидан «журналист ва блогер» дея олқишланиб, қўллаб қувватланиб келинган Лолагул Қаллибекованинг июл ойидаги мана бу чиқишини қандай изоҳлаш мумкин? Нукусдаги ғалаëнни Тошкентдан туриб бошқаргани айтилган «доҳий» Лолагул Каллиханова ўз видеочиқишларида «Ўзбекистондан бутунлай айрилиб чиқиш»га чақиради. Қаллиханова талқинидаги айрилиш – бу айнан сепаратизмдир:
«Не жағдай бўлсада, Қорақалпоғистонни Ўзбекистоннинг ичидан бўлак олиб чиқинг. Ўзбекистоннинг қураминда қолманг. Бор билим ва тажрибангизни бириктириб, Ўзбекистондан бўлак чиқувга ҳаракат этинг. Менинг сизлардан сўрарим шул. Сизлардан ўтинчим. Қўлга олдингизми? Қўлдан ëздирманг. Иложи боринча кучингизни бириктиринг. Заволли қорақалпоқлар дунëнинг қай жеринда юрган бўлсангизда Ўзбекистон қураминдан чиқувга ҳаракат этинг.» – дейди ўз видеочиқишида Каллиханова.
Бу видеога муносабат билдирган Азимбой Отаниëзов айни пайтда Қорақалпоғистонинг қўштирноқ ичидаги зиëлилари шуурини саратон ўсмаси каби ўраб олган айирмачилик кайфиятига ҳам тўхталди:
«Сепаратизм йўқ деяпмиз. Аммо кўрдик. Интелегенция, зиëли одамларнинг қилмишини кўрдик. Давлатмурод Тожимуротов, Лолагул Қаллихановалар ҳам бўлиниб чиқамиз менга эргашинглар деган чақириқлар билан чиқиши ҳалиги айтганимдек зиëлиларнинг зиëси йўқлидир. Зиëсиз зиëлилар. Бўлиниш оқибатларини таҳлил қилиш йўқ уларда. Бошқаларни эшитиш ҳам йўқ. Ўзида зиë бўлмаганидан кейин, эшитган нарсасини тарқатади. Изимга одам эргашади экан, айтганимни қилади экан деб шу ишларни қилишди. Жазоланиши керакми? Албатта қонун доирасида жазоланиши керак.»
Азимбой Отазниëзовнинг яна айтишича, референдум ўтказилган тақдирда ҳам аксар аҳоли Ўзбекистон таркибида қолиш учун овоз беради.
Сепаратистлар кимга таянмоқда?
Бугун дунëда сепаратизмнинг 50 дан зиëд ўчоғи мавжуд. Шундан 20 таси ўта агрессив бўлиб қуролли конфликтлар хамиртуришига айланган. Украинанинг Луганск ва Донецк бўлгасидаги Россия парваришлаган сепаратизм минглаб одамлар ҳаëтига нуқта қўйди. Жорий йилнинг июль ойида сепаратизм тўлқини Ўзбекистонни ҳам силкитди. 14 октябрь куни Остона шаҳрида «Марказий Осиё – Россия» саммитида сўзга чиққан Беларус президенти Лукашенко июль ойида Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишларига ишора қилди. Бу ишорада агар ким Россияга содиқ бўлмаса низо конфликтлар чиқаверади деган пўписа оҳанги бор эди. Абхазия, Қрим, Луганск ва Донбасдаги сепаратистлар Россия парваришида экани ҳисобга олинса Лукашенконинг гаплари шунчаки риторик пўписа эмаслиги тушунилади.
«Озгина бағри кенглик туфайли кейинги даврда эркинлик эпкинлари эса бошлади. Лекин негадир сепаратизм авж олди. Албатта уларни четдан бошқариб турган одамлар бор. Сепаратизмни келтириб чиқаришдан манфаатдор кучлар бўлади» – дея изоҳлайди Отаниёзов.
Унинг кузатишига кўра, 2014 йил Россия Қиримни аннекция қилгани Қорақалпоқ сепаратчиларига илхом берган:
«Қримни Россия аннексия қилган вақтда кўрдик, кузатдик. Сепаратистларни бошқарганлар тармоқда «Давай Путинга ёзамиз! Бизни аннексия қилсин!» деган гапларни ёзган. Энди, ақли расо одам буни гапирмайди. Лекин ақли расо одам гапирган бўлса нега интеллегенция жим турибди деган савол туғилади».
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев июл ойида Нукусда юз берган воқеаларда “ташқи кучлар”ни айблаган. Мирзиёевга кўра, оммавий норозилик намойишларини ташкиллашга ташқи кучлар томонидан йиллар давомида тайёргарлик кўрилган.
«Мана қўлларида милтиқ билан Миллий гвардияни отди. Бу нима деган гап? Албатта, бу воқеалар бир кунда ёки ўн кунда ташкил қилинган эмас. Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган. Уларнинг асл мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган», – деган президент Мирзиёев 6 июль куни.
Хўш Мирзиëев айтганидек йиллар давомида ташқаридан туриб қорақалпоқлар шуурига сепаратизм фитнасини ерлаштирган ким? Июль воқеаларини бошқарган ким? Ташкил қилганлар кимлар?
Нукусдаги Ақбасқур ташкилоти раҳбари Азимбой Атаниëзов фикрича, 10 йил мобайнида ижтимоий тармоқ орқали сепаратизм ғояларини тарқатиб нукусликлар шуурини чет элдан туриб парвариш қилган «Сепаратчи»маскасини кийган коррупционер Аманбай Сагидуллаев Нукусдаги ғалаëнларнинг сабабчиларидан биридир.
«Бошида турган одам. Биз эшитиб келаётганимиз, 2014-2015 йилларда аввал Қирғизистонда, кейинчалик Норвегиядан қочқинлик мақомини олга Омон Сагидуллаев. Аввал қайсидир туманда ҳоким бўлиб ишлаган. Кейин лизингга олинган, буғдой ўрадиган, шоли ўрадиган «Кейс» комбайнларини сотиворган, деган айблар билан унга жиноий иш қўзғатилган. Шу сабабли қочиб кетган. Норвегиядан қочқинлик мақомини олган. 2015 йилдан бошлаб актив… Фаол бил тарзда ўз ташвиқотини олиб бораяпти. Мен уни мудом кузатиб ўтирганим йўқ. Бир икки видеосини кўрганимдан сўнг маълум бўлган…»
Ўзбекистон «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг Элтузга билдиришича, сепаратизм ғоялари Қорақалпоғистондаги раҳбар ходимларининг ҳам миясини ишғол қилган.
«Қорақалпоғистондаги айирмачиликниг асосий сабабларидан биттаси, маълум бир зиёлилар қатлами ўртасида сепаратистик ғоялар борлигидир. Масалан, бу амалдаги қорақалпоқ ҳукуматининг айрим вакиллари ичида ҳам бор. Ташқарида эса, мана Аман Сагидуллаев деган фаоли бор. Ўзи ҳорижда истиқомат қилади. Ҳар йили улар тадбирларини қилиб келишади. Ҳалқаро доираларда Женевада ва Венадаги тадбирларида ўзларининг чақириқларини қилиб келишади. Энди, албатта Европа мамлакатларида демократия ва сўз эркинлиги жудаям қадрлангани учун ҳар ҳил гапларни эшитишади, лекин аслида, бу айирмачилик ғояларидир. Мен 2006 йилдан бери йиғилишларга қатнашиб келаётгн бўлсам, ҳар йилди диаспораларнинг ўшандай чиқишларини қилиб келишига гувоҳ бўлганман…»
Абдураҳом Ташанов номини айтиб ўтган Аман Сагдуллаев нафақат тадбирларда балки ижтимоий тармоқлар орқали сепаратчилик ғояларини тарқатиб келади. Жорий йил бошида Сагидуллаев қорақалпоғистонлик журналист Солижон Абдураҳмонов билан суҳбат чоғида қорақалпоқларни партизанлик курашига чақириб ўзбек харбийларининг қуролларини тортиб олинлар дея тарғиб қилади.
«Бунинг бирдан бир йўли, ёпиқ ҳаракатга келувимиз керак. Қорақалпоғистондан Ўзбекистоннинг бари аскарлари чиқиб кетиши керак. Бўлмаса, қорақалпоқ азаматлари уларни қуролсизлантириши керак!» дея изоҳлайди видеодаги чиқишида ўз ғоясини Аман Сагидуллаев.
Oддий коррупционер
Қарийб 10 йилдан бери ижтимоий тармоқ орқали сепаратизм ғояларини тарқатиб нукусликлар шуурини чет элдан туриб парвариш қилиб сепаратизм ғоясини четдан туриб «Алға Карақалпақстан» деган ТГ канал орқали тарқатаëтган «фаол» Аманбай Сагидуллаев ким?
Сагидуллаев 2016 йил июль ойида сиёсий қочоқ мақоми билан Норвегия давлатидан бошпана олиб, ушбу давлатнинг Ставангер шаҳрида яшаб келаëтганидан ҳабардор эдик.
Биз у кишига Норвегиянинг исталган меҳмонхонасида биз билан учрашиб видеокамера олдида чиқиш қилиб ўз ҳаракатларига очиқлик киритишни таклиф қилдик.
У кишига берадиган саволларимизни очиқ ëздик. Сагидуллаев йиллар мобайнида Нукус ва атроф туманлардаги мулозимлар орасида ташвиқот олиб борганини яширмади. Икки кун давомида Сагидуллаев «ҳар куни уриб ўлдирилаëтган юзлаб қорақалпоқлар ҳақидаги далилсиз гапларни гапириб охири суҳбатга рози бўлмади.
Элтузда мавжуд маълумотларга кўра, Аман Сагидуллаев Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари томонидан қидирувга берилган, ҳозирда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги эса уни қайтариш бўйича Норвегия қироллиги мутасаддилари билан музокаралар ўтказмоқда.
Сагидуллаев нега халқаро қидирувга берилган? Ёхуд чиновникдан сиёсий қочоққа айланган “фаол” ким?
Ўзбекистон «фуқаровий жамияти» деб аталган олақуроқ гуруҳнинг сўнг 30 йиллик тарихига назар ташласангиз саводсиз, жохил ва бирор жойда ишламай паразитлик билан кун кўрадиган нотавону шубҳали шахсларнинг бир айланиб, ўзидан ҳалол-пок инсон, демократ, инсон ҳуқуқлари фаолини ясаб олгани фактига ҳам дуч келасиз.
Аммо бу гурух ичида собиқ мулозимлар оз. Ўз вақтида амалидан, таниш-билишлари имкониятларидан фойдаланиб, давлат пулини ўмаргани иддао қилинган ва ўз коррупцион ўтмишини яшириш учун «фаол» ролини ўйнаëтганлардан бири Аманбай Сагидуллаевдир.
Нукусда юз берган охирги воқеалардан сўнг ўзининг чиқишлари билан жамоатчиликни ўзига қаратишга уриниб келмоқда.
Шу ўринда савол туғилади? Хўш, Сагидуллаев ким?
Биринчи эътибор қаратилиши керак бўлган масала шундаки, у феълан непотизм билан суғорилган Қорақалпоқ бошқарув элитаси учун бегона эмас. У Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг собиқ раиси, марҳум Муса Ерниязовнинг қариндоши ҳисобланади. Марҳумнинг турмуш ўртоғининг қариндошлиги сабабли республикада ёғли жойларда ишлайди. Аман Сагидуллаев 2007-2011 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги «Агроинтехника» АМТП бош директори лавозимида фаолият олиб борган. Шу вақт ичида, аниқроғи 2008 йил октябридан 2009 йил мартигача Нукус тумани хокими вазифасини вақтинча бажарган.
Элтуз суҳбатлашган маҳаллий мулозим иддаосига кўра, Аман мансабпараст, бефаросат, каландимоғ, “юқори”дагиларга танишилигини пеш қилиб, очиқчасига коррупция билан шуғулланадиган безбет чиновник бўлган.
Элтуз мухбири кўрган ҳужжатларда Сагидуллаевнинг давлатга миллионлаб зарар етказгани акс этган. 2010 йилнинг октябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан Аман Сагидуллаевга нисбатан давлатга келтирилган 139,56 млн. сўмлик (ўша вақтда расмий курс 1640 сўм бўлган – 85 минг доллар бўлган, ҳозирда қарийб 1 млрд. сўмга тенг) зарар учун Жиноят кодексининг 167-модда 3-қисми (ўзлаштириш ёки растрата), 205-моддаси 2-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209-моддаси 2-қисми (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўша пайтда оддий халқ ичида юрган гап-сўзларга кўра, Аман Сагидуллаев 4 та «КЛАСС» русумли комбайн ва 8 та МТЗ трактори ҳамда тракторларнинг техник қисмларини сотиб юборган. Оқибатда А.Сагидуллаев 2011 йил июл ойида жиноий жавобгарликдан қочиш мақсадида мамлакатни тарк этган ва Россия давлат университети – К.А.Тимирязев номидаги Москва қишлоқ хўжалиги академиясининг «Табиятшунослик…» факультетида аспирантурага ўқишга кирган ҳамда оила аъзолари билан бирга қочиб кетиб, Москвада яшаган.»
Сагидуллаевнинг ўз нутқларида Қорақалпоқларнинг 97 фоизи 1991 йилги референдумда СССРни ëқлаган дея таъкидлаган советпараст риторикаси бугунги кремль риторикаси билан уйғун. Бу уйғунлик Саъдулллаевни Москва парваришлаган деган эхтимолга асосдай кўринади.
Aйирмачилик
«Айирмачилик, яъни сепаратизм (лотин тилида сепаратисме сепаратус-алоҳида деган мазмун беради) – назария, сиёсат ва амалиёт, ажралиб чиқиш, айрилиш (ажратиш) истаги. Бу ҳудуднинг бир қисмини давлатдан ажратишга чақирадиган ва олиб борадиган мафкурага асосланган сиёсий ва бошқа ҳаракатлар ёки тенденцияларнинг алоҳида тури. Бундай ҳаракатлар, қоида тариқасида, оммавий тартибсизликлари фонида содир бўлади ва ҳудудни давлатдан ажратишга, унинг ушбу қисми устидан суверенитетини йўқ қилишга қаратилган.
Сепаратизм аксарият сиёсатшунослар томонидан ўз тақдирини ўзи белгилашнинг ўта салбий ва радикал шакли сифатида қаралади.»
БМТ низомига мувофиқ, Халқаро ҳуқуқ тамойиллари тўғрисидаги декларацияда (1970 йил) мустаҳкамланган халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш тамойили халқларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаётган давлатларда сецессия (бир томонлама чиқиш) имкониятини рад этади.
Шунинг учун унитар давлатда ҳам, федератив давлатда ҳам давлат суверенитети ягона ва бўлинмасдир, битта давлатда иккита суверенитет бўлиши мумкин эмас.
Масалан Россия Федерацияси таркибида 22 та автоном республика бор, уларнинг бирортаси “суверен” ҳисобланмайди.
РФ Конституциявий судининг 2000 йил 7 июндаги қарорида кўрсатилганидек, суверенитет давлат ҳокимиятининг устунлиги, мустақиллиги ва эркинлигини, ўз ҳудудида давлатнинг қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимияти тўлиқлигини ҳамда халқаро муносабатларда мустақиллигини назарда тутади.
РФ Конституциявий суди хулосасига кўра, давлат суверенитетининг соҳиби Россия Федерациясининг кўп миллатли халқидир, демакки, РФ субъектлари суверенитетга (ҳатто қисман) эга эмас. Шу сабабли РФ таркибида бўлган, Конституция томонидан давлатлар деб эълон қилинган республикалар ҳам худди ўлка ва вилоятлар каби суверенитетдан маҳрум субъектлардир.
Жорий йилнинг июль ойида юз берган сепаратчилик ғалаëнларига 1992 йили ўша пайтдаги президент Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида яратилган Конституциянинг 70 моддасидаги жумла сабаб бўлгани айтилмоқда. Бу моддада Суверен Қорақалпоғистон Республикаси деган жумла ишлатилган.
Ўзбекистон «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов фикрига кўра, «ҳукуматнинг конституциядаги суверен сўзини олиб ташлаш фикридан қайтиб сепаратчиларга «ëн бериши» ҳали таслим бўлишни англатмайди:
«Ўзбекистон ҳукумати ўз ҳудудий яхлитлигини сақлаш нуқтаи назаридан озгина иродасизлик қилди деган иддао ва таъналар ҳам бор. Лекин ҳозир бутун дунёда кечаётган зиддиятларни инобатга олганда Ўзбекистон ҳукуматининг Конституцияга ўзгаришлар киритиш таклифини кун тартибидан олиб ташлаб, вазиятни ўнглашга қарата қилган ҳаракатини бир томонлама оқлаш мумкин, чунки вазият қалтис, бу одамларнинг кайфияти билан ҳам боғлиқ»
Айни пайтда Ташанов бу муаммо келажакда яна кўтарилишини таҳмин қилади:
«Лекин келажакда барибир бу муаммо кўтарилади. Чунки, мамлакат яхлитлигини, суверенитетини хоҳлаган ҳар битта инсон бунга қарши туриши керак деб ўйлайман. Чунки ватан манфаати ҳамма нарсадан устун».
Мақолага сўнг сўз сифатида таниқли ўзбек ойдини Умида Ҳақназарнинг тармоқда ëйинланган мана бу даъватнини олишни маъқул кўрдик:
«Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибидан чиқиб Россияга қўшилишини истаётганлар диққатига. Ягона давлат суверенитети доирасидаги автономия бу автономияда миллий ўзлик, тил, маданият, байроқ, гимн ва бошқа тимсоллар, ҳатто ўз конституцияси ва ҳокимият органлари йўқотилишини англатмайди.
Шу боис, “миллий ўзлик, байроқ, гимн, тил, конституция ва ҳоказоларга таҳдид” тўғрисида тўсатдан пайдо бўлган гап-сўзлар, албатта, ёки иғво, ёки нодонликдир.
“Таркибдан чиқиш” ва кимгадир (РФми ёки Қозоғистонгами) қўшилиш чақириқлари ҳам жуда катта билимсизлик ва ибтидоий популизмдир».
Жорий йилнинг июлида Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши Нукусда ғалаëнлар ташкиллаштирилган эди. Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Бунинг ортидан 500 киши қўлга олинган.
Eltuz.com