Ғоявий қўпорувчи ёки менга қарши иш қандай тўқилди?
Дмитрий Тихонов,
Eltuz.com
Давлат тарғибот аппарати 2015 йил мартдан бери мени Ғарб агенти сифатида кўрсатишга тиришиб келади.
Менинг ҳуқуқбонлик ишим эса Ўзбекистонни қоралаш ва мамлакатдаги вазиятни Украинадаги майдон даражасига етказиш мақсадини кўзлайдиган кўп ҳақ тўланадиган профессионал фаолият сифатида талқин қилинади.
Ўзбекистонда яна бир ҳуқуқ ҳимоячисини йўқ қилиш учун ахборот билан манипуляция қилиш механизми ёрдамида ўзига хос уйдирма яратилди.
Милиция, прокуратура ва МХХ мени мустақил шахс ва ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида йўқ қилиш учун репрессив имкониятларининг бутун қудратини ишга солмоқда. Бундан мақсад ҳокимият манфаатлари учун ўзбек халқининг бутун иқтисодий имкониятларини сўриб олаётган мажбурий меҳнат каби замонамизнинг энг шармандали воқелиги ҳақида гувоҳлик берадиган бирор кимсани қолдирмасликдир.
Ўтган йил давомида менга қарши СССРда КГБ органлари томонидан диссидентларга нисбатан қўлланилган тазйиқларнинг қарийб барча усулларидан фойдаланилди. Пок номимни булғаш учун уюштирилган ОАВдаги қоралаш кампанияси, туҳмат, ёлғон, кузатувлар, жамоатчилик фикри билан босим ўтказиш, почта қутисини бузиш ва ёзишмаларни ўғирлаш, суд жараёнлари, мендан ҳуқуқий ёрдам олган ва менга бу борада кўмак берган шахсларга тазйиқлар, хусусий мулкни йўқ қилиш, миллатлараро низо қўзғаш айби, Ғарб давлатлари фойдасига жосуслик қилиш кабилар шулар жумласидандир.
Менинг гўёки “Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ағдариш мақсадидаги террорчилик фаолиятига” алоқадорлигим тўғрисидаги янгилик бу уринишларнинг чўққиси бўлди. Сўнгги вақтларда мени ҳимоя қилишни тўхтатиш талаби билан адвокатимга фаол руҳий тазйиқлар кўрсатилмоқда.
Ҳуқуқбонлик ва журналистик фаолиятимни ёппасига сохталаштириш – бу Ўзбекистонда ҳукуматга сўзи ва иши бир-бирига мос келмаётганини айтаётган, амалдорларнинг оғзаки буйруқлари билан эмас, қонун асосида яшашни истаётган бутун бошли “ижтимоий” гуруҳни режали ва секин-аста йўқотиб битиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг давомидир.
Ўзбек мафкурачилари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни фақат ва фақат Ғарбнинг ғоявий таъсири ўлароқ кўрмоқда. Улар ўз мамлакатида инсон ҳуқуқлари оммавий равишда бузилаётгани тўғрисидаги фактлар юзасидан баҳс-мунозараларни атайин инсон ҳуқуқлари мавзуси “буюртмалиги” ва “сиёсийлаштирилаётгани”га буриб юбормоқда.
Ўзбек маъмурияти назарида, ҳуқуқ ва қонунларга риоя қилишга оид ҳар қандай талаб фақат давлат тузумини ағдаришга қаратилган туҳматдир.
Ҳар қандай норозилик ва фуқаровий бўйсунмаслик ҳаракатлари жамоатчиликка тартибсизлик келтириб чиқаришга, жамоат тартибини бузишга ва Майдонга чиқишга (бу ҳақда кейинги вақтларда кўп гапирилмоқда ва қўрқитилмоқда) даъват қилишга уриниш сифатида тақдим этилмоқда.
Сийқаси чиқиб кетган бир ёқлама гап-сўзлар давлатнинг мамлакат ичида сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқларига қарши тажовузкор сиёсатини кўздан пана қилишга қаратилган. “Мустақиллигимизни кўра олмайдиган” қандайдир уйдирма қора кучлар ҳақидаги қуруқ ваҳималар ортига яшириниб, ҳокимият тўғрисўз инсонларнинг оғзини ёпиш учун айбномалар тўқимоқда.
Менинг мисолимда ҳокимият инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига қандайдир террорчилик ташкилоти билан алоқани тиқиштиришга ҳаракат қилиб кўряпти. Яқин вақтларгача фақат диний айбловлар асосида қамаш мақсадида шундай йўл тутиларди, лекин ҳуқуқ ҳимоячилари бундан мустасно эди.
Ҳибсга олишларнинг бирида тезкор ходим менга “қонун бошқа, реаллик бошқа нарса”, деган эди. Жиноят қидирув бўлими ходими мамлакатдаги ҳуқуқий воқеликни ана шундай қисқа ва аниқ қилиб тушунтириб берганди.
Ҳуқуқбонлик ва журналистик фаолиятим давомида милиция томонидан неча марта ҳисбга олинганимни эслай олмайман. Лекин ҳар доим бир ўхшашлик бор эди. Деряли барча “учрашувлар” икки қисмга бўлинарди. Расман – ушланганлик, баённома тузиш. Норасмийси эса менинг ҳуқуқбонлик ишим ва бу ишга ундаган сабаблар.
Юзма-юз қолганда одатда милиционерлар мени тушунишлари ва гапларимга қўшилишларини айтарди. Ўтган йилнинг 20 сентябрида раҳбар зобитлардан бири ҳужжатлар тўплами билан юзим ва бошимга урганини айтмаса, мени калтаклашмасди.
Давлатнинг ғоявий рақиби
Ўтган йилнинг баҳоридан бошлаб мени нафақат амалдаги ҳокимиятни танқид қилиш ва қоралашда, балки гўёки давлат тузумини ағдаришга қаратилган ҳаракатларда айблаш учун информацион асос яратилди. Мени Ўзбекистондан “сиқиб чиқариш” нияти ўшандаёқ пайдо бўлганди.
Кейинги воқеалар буни тасдиқлайди, холос.
2015 йил 2 июнда “Маҳалла” сайтида “Британияликлар Ўзбекистонда “бешинчи колонна” яратишни хоҳлайди” сарлавҳали мақола пайдо бўлди. Унда Буюк Британия вакиллари ўз ўйинини бошлагани ва бу ўйинда Тихонов каби “ҳуқуқ ҳимоячилари”га таянаётгани, улардан қандайдир “бешинчи колонна” яратишни режалаштирилаётгани аниқ айтилганди. Мен АҚШ, Буюк Британия ва Франция фойдасига қўпорувчилик ишларини амалга ошираётган ички душман эканим очиқ баён қилинганди.
Ўтган йилнинг август ойларида милиция мен ва оилам тўғрисида танишларимдан маълумот йиғаётгани маълум бўлди. Уларни қизиқтираётган саволлар ҳам анъанавий эди: нима билан шуғулланаман, қаерда ишлайман, ким билан гаплашаман, қайси мавзуларда суҳбатлашишни маъқул кўраман, қайси хорижий давлатга ва кимнинг олдига бораман, нима ҳисобидан яшайман, нимага қизиқаман, оилам қаерда, ота-онам ким ва улар қаерда.
Ҳатто мен қандай спиртли ичимлик ичишимга ҳам қизиқишган. Булар ҳақида кўпчиликдан сўраб-суриштиришгани менга маълум.
19 сентябрь куни Ангренда мажбурий меҳнатни мониторинг қилаётган вақтимда пахтакорлар колоннаси жўнатилаётган жойда бир гуруҳ кишилар, жумладан, маҳалла қўмиталари раҳбарлари мени интернетда Ўзбекистонни қоралаш мақсадида пахта кампанияси ҳақида маълумот йиғишда айблади.
Ўнга яқин киши, аксарияти кекса аёллар, бақир-чақир қилиб ҳужжатларимни сўраган ҳолда мени ўраб олди. Сал бўлмаса, уларнинг назарида ҳозиргина пахта йиғим-теримига кетаётганларини аудио, фото ва видеотасвирга олганим смартфонимни қўлимдан тортиб олишаёзди.
Бу воқеалар уларнинг ватанга ёрдам бериш учун пахта теримига кўнгилли бўлиб бораётгани тўғрисидаги ватанпарварлик чақириқлари фонида бўлди. Бақирганлар пахтага бораётганлар эмас, балки жўнатаётганлар эди. Ҳар қандай мулоқот бесамар бўлишини англаб, воқеа жойидан кетишни маъқул кўрдим.
Кейин маълум бўлишича, маҳалла қўмиталарининг уч раиси шу куннинг ўзидаёқ европа миллатига мансуб номаълум киши пахта кампанияси ўтказишга халақит бераётгани тўғрисида ҳокимлик ва милицияга мурожаат этган. Улар номаълум киши, яъни мен уларни беҳаё сўзлар билан ҳақоратлаганимни айтган.
Ҳар икки айб ҳам ёлғон эди. Мен пахтага жўнаб кетишга тўсқинлик ҳам, ҳеч кимни беҳаё сўзлар билан ҳақорат қилганим ҳам йўқ.
Маҳалла қўмиталари раислари бўлган аризачиларнинг бундай йўл тутишига сабаб, менимча, қуйидагилар эди. Улар мен пахтакорлар орасида гўёки кўнгилли равишда теримга бораётган маҳалла қўмитаси вакиллари ўрнига аслида пул эвазига ёлланган мардикорлар кўпчилик эканини аниқлашга муваффақ бўлганимни билиб қолганди.
Бу фактлар фото, видео ва аудиоёзувлар билан биргаликда интернетда эълон қилиниши мумкинлигини тахмин қилган раислар ўзларини бу вазиятдан қутқариш учун ҳокимлик ва милицияни шундай маълумотлар ташқарига чиқиб кетиши эҳтимолидан огоҳлантирган. Шу билан бирга, ўзларининг ҳушёр, ватанпарвар, садоқатли ва мавжуд ҳолатдан қониқишларини намойиш этган.
Эртаси куни, 20 сентябрда ангренлик пахтакорларнинг навбатдаги колоннаси теримга жўнатилаётган жойда мен ўша ариза асосида жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан ушландим ва шаҳар ИИБга олиб келиндим.
Милицияда нега пахтага қарши эканим тўғрисида тушунтириш хати ёзиб беришимни талаб қилишди. Мен қонунларга риоя этилиши тарафдори ва мажбурий меҳнатга қарши эканим, пахта кампаниясига эса ҳечя қандай эътирозим йўқлигини ёздим.
Сал вақт ўтгандан кейин хонага раҳбар зобитлардан бири кирди ва мени сўка кетди. Жисмоний йўқ қилиш билан таҳдид этар экан, пахта ватанимиз мулки ва бойлигимиз экани ҳақидаги ватанпарварона шиорларни бақириб айта туриб, қалин ҳужжатлар боғлами билан бошим ва юзимга ура кетди.
Милиция томонидан чақирилган тез ёрдам менда калтаклаш излари йўқлигини қайд этди, шу билан милиция ходими мени умуман урмагани тўғрисида ҳужжат расмийлаштирилди.
Кейинроқ менга нисбатан “майда безорилик” айби билан 183-модда бўйича маъмурий иш қўзғатилгани маълум бўлди. Қонунга кўра, банди қилинган куним мен бу ҳақда огоҳлантирилишим ва шу куни суд қилинишим керак эди. Чунки ишнинг барча ҳолатлари аниқлаштирилганди. Лекин ўша куни ҳозирча ҳеч қандай иш қўзғатилмаганига мени ишонтиришди ва қўйиб юборишди. Бир ғараз билан қўйиб юборишди.
Кейинги тўққиз кун давомида, 30 сентябрга (2015) қадар мен Ангренда эдим, мобил телефонларим ҳам хизмат доирасида ва милицияга маълум эди. Аммо мени чақиришмади.
Сал ўтиб қатор фактлар ва танишларнинг гапларидан маълум бўлдики, бу кунларда номаълум хизмат ходимлари томонидан менинг ортимдан ташқи кузатув амалга оширилган. Улар МХХ ходимлари бўлган, деб ҳисоблашга асос бор.
Мисол тариқасида бир воқеани келтириб ўтаман. Ўша кунларнинг бирида тахминан соат 22.00 да Тошкентдан Ангренга йўловчи машинада қайтаётганим. Барча йўловчилар тасодифий кишилар эди ва бир-бирини танимасди.
Олмалиқ-Оҳангарон чорраҳасидаги ДАН постида машинани ДАН ходимлари тўхтатди. Гўёки шунга ўхшаш машина одам уриб кетиб яширинганини тушунтириб, улар ҳаммадан машинадан тушишни талаб қилди. Эксперт келиши ва машинанинг шикастланган-шикастланмаганини кўздан кечириши айтилди.
Ҳаммамизни навбат билан таянч пунктига олиб киришди. Фуқаро кийимидаги, ёнида тўппончаси бор кимса ҳар бир кишидан ким қаердан ва нимага кетаётгани, йўловчилардан кимни танишини сўраб-суриштирди. Ҳаммадан ёзма тушунтириш хати олишди. Фақат мендан смартфоним, телефонларим, флешкаларимни олишиб, пакетга солишди ва норозилигимга қарамай, номаълум томонга олиб кетишди. Ўн беш-йигирма минутдан кейин қайтаришди.
Сўраб-суриштиришимга қарамай, нарсаларим билан нима қилишгани ва қандай мақсадлар билан олишганини ҳеч ким менга тушунтириб ўтирмади. Агар ўхшаш машина одам уриб кетган бўлса ҳам уни топиш учун менинг телефонларим, қолаверса, флешкаларимнинг қандай ёрдами тегиши мумкин? Ҳа айтгандай, машинани кўриш учун эксперт келмади ҳам.
Мен бу кузатувлар менинг алоқаларим, мен билан мулоқотда бўлиб, пахта кампанияси қандай ўтаётгани тўғрисида маълумот оладиган кишиларим тўғрисида маълумот йиғиш, шунингдек, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат борасида ахборот йиғиш усулларимни ўрганиш мақсадини кўзлаган, деб ҳисоблайман.
30 сентябрь куни Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг мониторинг гуруҳи пахта теримига мажбурлангани тўғрисида айтишни истаган кишилар билан мулоқот қилиш учун Ангренга келиши керак эди. Шу куни мен биринчи марта орқамдан кузатувни сездим. Ортимдан уч киши оқ жигулида кузатиб юрди.
Воқеалар ривожидан илгарилаб кетиб айтмоқчиманки, милиция ходимлари ХМТнинг мониторинг гуруҳи билан учрашган кишиларни аниқлаб, кейин улар билан иш жойида суҳбатлар ўтказилган. Бу келажакда ХМТ мониторинг гуруҳига ишонч масаласига тааллуқли.
ХМТ ўз иш услубини ўзгартирмагунига қадар мен барчага ўз хавфсизлигини ўйлаб ХМТ мониторлари билан мулоқотга киришмаслигини тавсия этаман. Уларнинг иш услуби кўпроқ ҳокимият манфаатларига мос келади. Улар билан мулоқот қилган одамларга эса чиқинди материал бўлиш тақдири насиб этади. Мен тўғридан-тўғри айтмоқчиманки, мониторинг гуруҳлари кишиларнинг ишончини йўқотган, чунки кўпчилик бу сохтакорлик эканини яхши англайди.
Ўз хавфсизлигимни ўйлаб шу куни Ангрендан кетдим ва бир қанча вақт бошқа жойда яшаб юрдим.
Мен ариза ёзиб, 20 сентябрь куни шаҳар ИИБдаги хонада мени калтаклаган милицонерни аниқлаш ва жазолашни сўрадим. Милицияга ўзим келишдан чўчиб, адвокат ёлладим.
Октябрнинг биринчи ярмида адвокатнинг сўровига Ангрен шаҳри ИИБдан ёзма жавоб келди. Унда “20 сентябрь куни менга нисбатан жисмоний куч қўлланилмагани, мен банди қилинмаганим, фақат милицияга олиб келинганим” ёзилганди. Шу куни менга нисбатан 183-модда билан “майда безорилик” бўйича маъмурий иш қўзғатилганини маълум қилишди.
Иш уйдирма эди, нафақат мени мажбурий меҳнатни мониторинг қилишдан чалғитиш, балки 15 суткага қамаш мақсад қилинганди. 183-моддада шундай жазо кўзда тутилганди. Қамоққа олинганимда менга қарши қийноқлар қўлланилиши тайин эди.
Кейинчалик бу менга босим ўтказиш мақсадида режалаштирилган ва ташкил этилган ахборий-маъмурий тадбирлар занжирининг бир ҳалқаси бўлиб чиқди.
Маъмурий кодексга кўра, маъмурий жавобгарликка тортиш муддати икки ойни ташкил этади. Агар шу муддат охиригача суд бўлиб, жазо тайинланмаса, иш ёпилади. Шундан келиб чиқиб, қамоққа тушмаслик учун жавобгарликка тортиш муддати тугагунча яшириниб юришга қарор қилдим.
17 октябрь куни интернетда электрон почтамдан ўғирланган, мени атайин обрўсизлантириш мақсадида гўёки таҳлил қилинган ҳисобот ва ҳужжатлар мавжуд мақола пайдо бўлди. Бу мақолани ўқиб, электрон почталарим бузилгани, улардаги ҳуқуқни ҳимоя қилишга оид маълумотлар, шунингдек, барча шахсий ёзишмаларим ўғирлангани ва менга қарши ишлатилаётганини тўла англадим.
Электрон почталаримдан бирини август ойи охирида очгандим. Октябрнинг бошига келиб ундаги маълумотлар ўғирлаб бўлинганди. Буни ким қилгани – ИИВми ёки МХХ, фақат тахмин қилиш мумкин.
Мени “фош этувчи” мақола асосида пахта мавзуси, мажбурий меҳнат бўйича кузатишларим ётарди. Аммо унда ишимнинг аниқ фактларга асосланган таҳлили келтирилмаганди. Фақат менинг “қаллоб, товламачи” эканим, демак ишларим ҳам қалбакилиги ҳақидаги бўлмағур фикрлардан иборат эди. Мақоладан мақсад мени жамоатчилик олдида ёмонотлиқ қилиш экани аниқ кўриниб турарди.
Мақолага учта видеоролик илова қилинганди. Улардан иккитаси суҳбатдошларнинг рухсатисиз “хизматдагилар” томонидан яширин камера ёрдамида тасвирга олинганди. Учинчиси эса менинг электрон почтамдан ўғирланганди ва интернетга қўйилганди. Мен бу роликни интернетда эълон қилмагандим.
Икки аёл иштирокидаги, давомийлиги бир минутга яқин видеороликда бир аёл пахтадан озод этиш тўғрисида қонун борлиги ва у озод этилганини гапиради. Роликнинг қолган бир неча минути қирқиб ташланган. Чунки унда ўша аёл пахта теримига қандай мажбур этилаётгани ва бу қонунни ҳеч қаердан топиб бўлмагани ҳақида гапиради.
Видеоролик почтамдан ўғирланиб, интернетдаги кўпчиликка маълум бўлмаган сайтда ва Youтubе да эълон қилинди. Шундан сўнг бу аёллар ишхонага чақирилди ҳамда уларга маъмурият, корхона хавфсизлик хизмати ходимлари ва номаълум кишилар иштирокида роликни гўёки мен интернетда эълон қилганим айтилди.
Аёллардан менинг улар билан қандай алоқам борлиги ва нега улар бундай мавзуни муҳокама қилгани ҳақида ёзма тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилишган. Бу икки аёлга видеоролик уларнинг рухсатисиз, демак уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда эълон қилингани важидан менинг устимдан милицияга ариза ёзиш таклиф қилинган. Милиция уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши тушунтирилган.
Аёллардан бири менга ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, роликнинг эълон қилингани унга ҳеч қандай зарар етказмаганини айтиб, ариза ёзишдан бош тортган. Иккинчиси ҳам менга даъвоси йўқлигини ва ариза ёзишни истамаслигини айтган. Аммо унга маънавий-руҳий босим ўтказилгандан кейин ёзиб берган. Кейинроқ у “бошқа иложи қолмагани” учун шундай қилганини айтди. Унинг аризаси асосида октябрь ойида менга нисбатан иккинчи маъмурий иш очилди.
“Хизматдагилар” оддий психологик усуллардан фойдаланиб иккита видеороликни тасвирга олди. Уларда Самаликова Люция Ҳамидовна ва Усмонов Ринат ўз хизматлари учун мендан пул олмаганини таъкидлайди. Роликлар яширин камерида ва рухсатсиз, яъни ноқонуний олинган.
Мақолалардан бирининг муаллифи “хонадон бекаси видеотасвирга олишга қарши бўлмаган”ини ёзади. Бу ерда гап тасвирга олишдан бир ярим ой ўтгандан кейин ўзи иштирокидаги видеороликни интернетда кўрган Самаликова Люция ҳақида бормоқда.
Маълум бўлишича, аввал уникига фуқаро кийимидаги икки эркак келган. Улардан бири ўзини участка милиционери деб таништирган ва аёлдан ўз квартирасини ижара бермаслиги ва бунинг учун пул олмаслиги тўғрисида тилхат ёзиб беришни сўраган. Табиийки аёл ёзиб берган. Акс ҳолда турар жойни ижарага берганликдан олинган даромаддан солиқ тўламаганлик учун солиқ инспекцияси олдида жавоб бериш масаласи кўндаланг бўлади.
Бир неча кундан кейин Самаликованинг квартирасига бир йигит бир қиз билан келган ва улар ўзини аёл номини эслаб қолмаган қандайдир хорижий фонд ходимлари сифатида таништирган. Улар аёлга валюта билан ноқонуний операциялар учун жазога тортилишини айтган.
Кекса аёлни қўрқитиб, улар гўёки унинг паспорти нусхаси билан хориждан келган валютани олишга уриниш бўлгани, Дмитрий Тихонов шундай қилмоқчи бўлганини айтиб, уни ишонтирган. Қиз папкасини очиб, аёлга менинг электрон почтамдан ўғирланган тилхати нусхасини кўрсатган ва гўё мен буни интернетда эълон қилганимни айтган. Аёл менинг “сотқинлигим” билан буткул руҳий мувозанатдан чиқарилган.
Нима бўлаётганини тушунмай, ўзини ҳимоя қилиш ҳисси устун келиб, Самаликова ҳеч қандай пул ҳақида билмаслигини гапира кетган. Келганларга айнан шу керак эди. Бу ўринда бечора аёлни ҳам тушуниш мумкин.
Қиз ўз “маълумотлари” билан аёлни чалғитиб турган вақтда йигит уни видеога (сифатига қараганда мобил телефонда) олган.
Смаликованинг айтишича, тасвирга олиш учун ундан рухсат сўрашмаган, у видеороликни интернетда кўрмагунча тасвирга олингани ҳақида ҳеч нарса билмаган ҳам.
Меҳмонлар жўнаб кетгандан кейингина аёл пул ўтказмасини ҳатто ўзининг паспорти нусхаси билан ҳам олиб бўлмаслигини, бунинг учун паспортнинг асли кераклигини, бировнинг ҳужжати нусхаси тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини англаб етган.
20 октябрь куни ўша йигит билан қиз худди шу сценарий бўйича Усмонов Ринатни ҳам чув туширган. Тилхат менинг электрон почтамдан ўғирланганини айтмай, меҳмонлар уни мен бу қоғозни интернетда эълон қилганимга ишонтирган. Мен унга чув тушдим, деб ўйлаган, энди солиқ органлари мени тинч қўймайди, деб чўчиган. Ҳеч ким ўзига муаммо истамайди ахир.
Қўрққанидан у мен шубҳали киши эканим, чунки Германия, Франция, Польшада бўлганимни айта кетган. Унинг гапларидан совет давридаги қатағонларнинг ҳиди келади.
Қиз уни папка ичидаги тилхатлар билан чалғитиб турган пайтда йигит бўлаётган воқеаларни видеотасвирга олиб турган. Видеоролик қаҳрамони бўлишни хоҳлайдими-йўқми, буни Усмоновдан ҳам сўрашмаган. Интернет юлдузига айланганини у ҳали ҳам билмайди. Видеотасвирга олинаётганини билганида эди, айтганларини балки гапирмасди ҳам.
Ёнғин
20 октябрь куни Янгиобод посёлкасидаги уйим ёниб кетди. Ёнғин тахминан тунги соат иккида содир бўлган. Тонгги тўртларда қўшнилар уй ёнаётганини кўриб қолган. Бу вақтдан олов тиллари деразалар ва томдан юқорига ўрлаётган бўлган.
Ёнғин ҳақида мен деярли бир ҳафтадан кейин билдим ва фақат еттинчи куни ёнган уйимга келдим. 30 сентябрдан шу кунгача мен Ангренда эмас эдим.
Ёнғин ўчоғи барча аппаратуралар, компьютерлар, ҳуқуқий ҳужжатлар ва ҳуқуқий кутубхона жойлашган хонада эди. Хона бутунлай ёниб кул бўлганди. Ёнғин ҳуқуқбонлик ва журналистик ишим учун зарур бутун моддий-техник ва маълумотлар базасини йўқ қилганди.
Буюмлар, пуллар ёнган. Турли маълумотлар ёзилган иккита ташқи қаттиқ диск йўқолган. Ёнғин жойида мен уларнинг ёнган қолдиқларини топа олмадим. Ҳолбуки, улар қаерда сақланаётган бўлса, ўша ерда қолши керак эди. Уй аввал тинтув қилиниб, кейин ёқиб юборилган бўлиб чиқяпти.
Ичида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга оид кўплаб ҳуқуқий маълумотномалар сақланадиган картон қути ҳам йўқолган. У ёниши мумкин эмас эди, чунки бошқа хонада турганди. Бу хонадаги ҳеч нарса ёнмаган, фақат ёнғин туфайли шикастланган эди. Фақат маълумотномалар солинган қути йўқолганди.
Ўтказилган экспертиза асосида Ангрен ёнғин хавфсизлиги хизмати менга уйдаги қулфлар бузилмагани, ойналар синдирилмагани, ёнғин эса чердакдаги симда рўй берган қисқа туташув туфайли келиб чиққани ҳақидаги хулосани берди.
Иккита ташқи қаттиқ диск йўқолгани, эшикларни эса синдириш эмас, бошқа калит ёки асбоб билан, айниқса сен билан ИИВ ва МХХ каби хизматлар қизиқаётган пайтда, очиш мумкинлиги ҳақидаги фикрларни четга қўйиб турайлик. Уйнинг томида боғланган ёғоч нарвон турарди ва ҳали ҳам турибди, чердакка кирадиган жой эса очиқ эди. Аммо ўт ўчирувчилар бу ҳақда ғинг демади, буни ҳисобга ҳам олмади.
Учинчи маъмурий иш
Менга қарши тўқилган учинчи маъмурий ишни айнан ёнган уйимга келишимга мўлжаллашди.
Ангрен шаҳридаги 3/2 квартал 6-а уйда жойлашган ширкат раисаси М.Х.Чимбоеванинг аризасига кўра, 24 октябрь куни соат 9.00-10.00 ларда мен гўёки унинг олдига келиб, уларнинг уйида ёки иссиқ сув, ёки иссиқлик таъминоти йўқлиги тўғрисида ариза беришни талаб қилганман. Шунингдек, мен гўёки уйнинг ертўласини очиб, менга ертўла ва қувурларнинг ҳолатини кўрсатишни талаб қилганман. У рад этган. Мен 26 октябрь куни келишни ваъда қилиб кетганман.
Аризага кўра, 26 октябрь куни келмаганман, гўёки худди шу талаблар билан 27 октябрь куни соат учларда келганман. Бу вақтда ширкатда Чимбоеванинг синглиси, яна бир эркак ва аёл бўлган. Чимбоева менинг талабимни иккинчи марта рад этган. Бунга жавобан мен гўёки жанжал кўтарганман, бу ердагилар билан уришиб кетганман, жумладан, ҳақоратлаганман ҳам. Охирида эса Чимбоеванинг синглисининг қўлига урганман.
Шундай қилиб, Чимбоеванинг гувоҳлик кўрсатмалари келтирилган аризасини уч киши тасдиқлайди. Мен эса одатдагидек ёлғизман, менинг ҳимоямга сўз айтадиган ҳеч ким йўқ.
На Чимбоевани, на бошқаларни умримда кўрмаганман ва бу кишилар менга бутунлай нотаниш. Ҳатто гўёки ўзим келган ширкат қаерда жойлашганини ҳам билмайман. Ҳеч қандай ариза сўрамаганман, ертўлани кўрсатишни ҳам талаб қилмаганман. Иш юз фоиз уйдирма.
Чимбоеванинг аризаси асосида менга нисбатан 183-модда билан “майда безорилик” бўйича маъмурий иш қўзғатилди.
Бир жиҳат кўзга ташланади. Мендан “ранжиган” ширкат менга нисбатан 20 сентябрда маъмурий иш қўзғатилган ва 17 декабрь куни мен жазога ҳукм қилинган аризани ёзган раисларнинг бири раҳбарлик қиладиган маҳалла ҳудудида жойлашган.
Айрим маълумотларга кўра, унинг ўғли Ангрен шаҳри кенгаши депутатидир. Бу эса тиниб-тинчимас раиса опанинг ватанпарварлик шиддати қаердан улги олаётганини англатаётгандек. Менинг такроран “маъмурий ҳуқуқбузарлик қилишим” куни ва жойи органлар томонидан тасодифан танлангандек кўриниши мумкин. Лекин ундай эмас. Электрон почтамдан ўғирланган маълумотлар бу иш учун асос бўлган.
30 сентябрдан 26 октябргача мен на Ангренда, на Янгиободда йўқ эдим. Ишнинг сценарийнавислари бу вақт орқалиғида қаердалигим ва ким билан мулоқотга бўлганимни тўлиқ билмасди. “Хол қўйиб” қўймаслик учун 27 октябрни танлашганди.
Ширкатга “келган” пайтим, 27 октябрь куни соат 15.00 шу куни мени ўнлаб одам Янгиободдаги уйимда кўрганидан келиб чиқилиб танланганди. Демак, Ангренда ҳам бўлишим мумкинлигини даъво қилса бўлади.
Бу сценарийни тайёрлаганларга эрталабдан тахминан соат бирларгача қўшниларим мен билан гаплашгани яхши маълум кўринади. Бу вақтда ёнғин билан боғлиқ расмиятчиликларни ҳужжатлаштириш учун олдимга милициядан, ўт ўчириш бўлимидан ва маҳалладан келишганди. Тахминан соат тўртларда ҳовлига участка инспектори ва посбон келиб, менга милицияга чақирув қоғозини ташлаб кетди.
Соат бирдан тўртгача бўлган оралиқда мен уйда ёлғиз бўлганман ва бунинг гувоҳлари йўқ, деб ҳисоблаш мумкин. Демак, бу вақтда мен уйимда бўлмаганман ва ширкатда жанжал кўтарганман, бунга тўртта “гувоҳ” ҳам бор, деб айтса бўлади.
Ҳуқуқий жиҳатдан ҳаммаси мос келаётгандек. Инсонийлик жиҳатдан-чи? Уйим ёниб кетди, деярли бутун мулким, ҳужжатларим, пулларим куйиб кул бўлди. Бу ҳар қандай одам ҳаётида оддий воқеа бўлмагани сабабли фожеа, ташвиш, турли қайғули кечинмалар фонида бошқа барча истак-хоҳиш ва ишлар иккинчи, ҳатто учинчи планга тушиб қолади.
27 октябрь куни мен биринчи марта ёнғин жойига келяпман. На уйим, на мулким қолмаганини кўряпман ва англаяпман, соғ қолган бирор нарса топиш умидида вайроналарни титкилаяпман. Кутилмаганда ширкатдан ариза олиш ва бегона ойнинг ертўласидаги қувурларни кўздан кечириш кераклигини эслаб қоляпман. Уйимни ташлаб, 13 километр йўл босиб Янгиободдан Ангренга келяпман, ширкатда жанжал кўтариб, кечқурунга яқин уйга қайтяпман ва омон қолган нарсаларни излаяпманми?
Бунақасини фақат аҳмоқлар ўйлаб топиши мумкин.
Суд
17 декабрь куни Ангренда мени милиция ушлади. Шу куниёқ мени 183-маъмурий модда асосида “майда безорилик” бўйича судлашди. Прокурор жазо сифатида беш кунлик қамоқ сўради, судья энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдорида жарима белгилади.
Судда тергов манфаатларини прокуратура ходими ҳимоя қилди. Адвокатимнинг фикрича, маъмурий ишлар бўйича судловни амалга оширишда бу мутлақо кузатилмаган ҳолатдир. Бу менинг ишимга қизиқиш юқорилиги алдоматидир. Одатда прокуратура маъмурий ишларга бефарқ бўлади.
Пахта компаниясига қизиқишимни асослаш учун суддан иш материалларига болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тўғрисидаги мен тарқатаётган ҳуқуқий маълумотномани ҳам тиркаб қўйишни сўрадим. Бу маълумотномада Миллий режалар, ХМТнинг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциялари, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга оид миллий қонунчилик ҳужжатларидан олинган иловалар жамланганди.
На суд, на прокуратура бу маълумотномага эътироз билдирмади.
Диққатга сазовор жиҳат. Прокуратура ходими мажбурий меҳнат муаммосига қизиқишимни асословчи шахсимни тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни сўради. Судга ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоя қилувчи FrontLine халқаро ташкилоти томонидан берилган ҳуқуқбонлик гувоҳномасини кўрсатдим.
Унда ташкилотнинг БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий кенгашида консультатив мақомга эга экани кўрсатилганди. Суд ҳам, прокуратура ҳам гувоҳномага эътироз билдирмади. Устига устак, прокуратура ходими гувоҳномамнинг муддати 2016 йил охирида тугаши, шунинг учун уни узайтиришим кераклигини эслатиб ўтди. У кейинчалик одамлар билан мулоқот пайтида тушунмовчилик келиб чиқмаслиги, кимлигим ва нима билан шуғулланишимни билиши учун уларга гувоҳномамни кўрсатишимни ҳам тавсия қилди.
2015 йилда мени қораловчи айрим мақолаларда мен “агенти” бўлган Front Lain ни қандайдир тушунарсиз ташкилот сифатида талқин қилувчи хабарлар пайдо бўлди. Ҳатто бундай ташкилот умуман йўқлиги, мен қаллоб сохтакор эканим тўғрисида фикрлар ҳам билдирилди.
Сўнгги ойларда мен билан юз бераётган воқеалар ва сиздирма ахборотларнинг умумий йўналишидан келиб, барча имкониятларни ишга солган ҳолда мени ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида йўқ қилишга киришилгани англашилиб турарди. Мени қамоққа олишни эмас, балки мамлакатдан чиқиб кетишимни исташаётгани аниқроқ эди.
Мамлакатдан ҳеч қандай тўсиқсиз чиқиб кетиш учун эртаси куни жарима тўлашга мажбур бўлдим. Чунки суд қарорини бажармаслик чегарадан чиқармасликка асос бўла олади.
Ғоявий қўпорувчи ва қонуний ҳокимиятнинг душмани
Мен Ўзбекистондаги ягона ҳуқуқ ҳимоячиси эмасман. Аммо, маълум бўлишича, айнан менинг ОАВдаги хатти-ҳаракатларим (барча ҳуқуқ ҳимоячилариники сингари) нафақат “мамлакатимизнинг амалдаги қонуний ҳокимиятини” қоралаш, балки террорчилик ташкилотига аъзо бўлган ҳолда тўғридан-тўғри давлат ҳокимиятини ағдаришга қаратилган, деб топилди. Мен давлатнинг ғоявий душмани деб аталдим.
Режали равишда ёмонотлиқ қилиш учун сохта маълумотлардан фойдаланилган ҳолда 2015 йил 20 декабрда “Ҳуқуқ-тартибот органларимиз Дмитрий Тихоновдан келаётган хавфга нега панжа орасидан қараётганига умуман тушунмайман” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Эълон қилинишидан олдин у электрон почта орқали ҳуқуқ ҳимоячилари ва турли ташкилотларга тарқатилди.
“Мана, бир неча йиллардан бери Ўзбекистон Республикасида Дмитрий Тихонов исмли ғоявий қўпорувчи муваффақиятли фаолият кўрсатяпти, – деб ёзади Zamondosh сайти. – Узоқ вақтлардан бири бутун кучи билан мамлакатимизнинг амалдаги қонуний ҳокимиятини ёмонотлиқ қилишга уриниб келади. Унинг ҳаракатлари фақат давлат тузумини емиришга қаратилган”.
“У ҳақиқатни билиб туриб сохталаштиради, ҳозирги давлат тузумининг ғоявий душмани ҳисобланади… Жаҳон тажрибаси кўрсатаётганидек, ғоявий қўпорувчиликдан террорчилик ҳаракатларигача бир қадам… Тихонов бирор террорчилик ташкилотига алоқадор бўлиши ҳам ҳеч гап эмас”.
Ва чақириқ янграйди: “Ҳуқуқ-тартибот органларимиз Дмитрий Тихоновдан келаётган хавфга нега панжа орасидан қараяпти? Тихоновга ўхшаганлар жуда хавфли – улар биринчи навбатда (ҲОЗИРЧА!) бутун жамиятга маънавий зарар келтиради!”
Ҳаракат дастури шу чақириқдан англашилиб турибди.
Ҳатто ёниб кетган уйимдан қўшнилар гўёки қўлбола портловчи модда тайёрлашга оид қўлланмалар ҳам топди. Улар бор бўлгани учун топилмади, балки уларни топиш шартлиги учун топилди.
Ахборот тарқатиш йўли билан огоҳлантириш берилди – агар кетмасам, мени қамоқ кутмоқда. Учта маъмурий иш тўқишди. Тўртинчи, яъни узоқ муддатли қамоқ кўзда тутилган жиноят ишини тўқиш учун ижрочи топиш эса муаммо эмас. Терроризм вируси атрофимда учиб юрарди ва мен билан мулоқотга бўлган ҳар бир кишини зарарларди. Мақолалар барчани огоҳлантирганди.
Аммо эгилган таёқ шу ўринда синди. Ҳуқуқ ҳимоячилари орасидан тез-тез сиёсий мухолифатчилар чиқиб туради, аммо террорчилар эмас. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – бу куч ишлатмаган, ҳокимиятга эришишга интилмаган ҳолда ўзгаришлар қилиш талабидир. Террор эса ҳуқуқ ҳимоячиларининг усули эмаслиги аниқ.
Жамоатчиликка босимлар
БМТнинг мажбурий меҳнат қурбонларига кўмак кўрсатиш лойиҳаси доирасида 2015 йил баҳори ва ёзида бир неча киши мен орқали моддий ёрдам олди. Бу маблағ даволаниш, ҳуқуқий кўмак ва психолог ёрдами олишга мўлжалланган.
Мен пахта теримидан азият чеккан таълим соҳаси ва кўмир кони ишчиларига турли суммадаги маблағларни етказиб бердим. Шунингдек, Ангрен ҳокими буйруғи билан Тошкент-Қўқон автотрассаси ёқаси ва ариқларни тозалаш учун ҳашарга чиққан пайтда машина уриб кетиб ҳалок бўлган мактаб ходимасининг оиласига ҳам маблағ берилди. Марҳумнинг оиласига товон пули тўланмади, ҳолбуки унинг ўлимини ишлаб чиқаришда содир бўлган, деб ҳисоблаш мумкин эди.
Мен ким, нима учун ва қанча пул олгани тўғрисида видеоҳисоботлар тайёрладим. Бу ҳисоботлар ҳам бошқа маълумотлар сингари электрон почтамдан ўғирланди. Улар орқали октябрдан январь ойигача милиция Ангренда ёрдам олганларнинг ҳаммани топди. Шунингдек, бу кишилар ҳақиқатдан ҳам пахтада жабрлангани ҳақида гувоҳлик берганларни ҳам аниқлади.
Уларнинг ҳаммаси ишхонасинг раҳбари хонасига чақиртирилди. Бу ерда милиция ҳар биридан нима учун пул олгани ҳамда менинг улар билан қандай алоқам борлиги ҳақида тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилди. Уларга пахта кампанияси давлат сиёсати экани, буни тўғри тушуниш кераклиги уқтирилди.
Ҳар бир кишидан энди бундай ишларни бошқа такрорламаслик, давлат ишларини тўғри тушуниш ҳақида алоҳида тилхат ёзиб бериш талаб қилинди. Бошқача айтганда, бу кишиларга маънавий-руҳий тазйиқ ўтказилди. Тўғри, пулларни тортиб олишмади.
Ана шундай “йиғилишлар”дан бирида милиция ёки МХХ ходими маъмуриятдан “ишончсиз” ходимни ишдан бўшатишни талаб қилгани ҳақида аниқ маълумот бор. Аммо ходимни ишдан бўшатиш учун ҳеч қандай асос йўқлигини айтиб, бу талабни рад этган раҳбарга ҳам қойил қолиш керак. У агар кимнидир ишдан бўшатиш керак бўлса, раҳбар сифатида ўзини ишдан олишларини таклиф этган. Пировардида ҳеч ким ишдан бўшатилмаган.
Бу ҳолатлар билан ХМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси қизиқиб кўриши лозим, деб ҳисоблайман.
2016 йил январда адвокатимга руҳий босим кўрсатиш бошланди. Бир ой давомида унга яширин рақамдан номаълум кишилар кўп бор қўнғироқ қилиб, тергов ва судда менинг манфаатларимни, мени ҳимоя қилишни тўхтатишни талаб қилди.
Январнинг бошларида Ангрен милицияси мени топиш ва қилмаган гуноҳларим учун иккита маъмурий иш бўйича “адолатли” судга тортиш учун янгидан сафарбар этилди. Участка милиционерлари кўп марта қўшниларим, танишларим, онамникига келган.
Мени, асосан, электрон почтамни бузиш орқали милиция қўлига тушиб қолган манзиллар ва алоқалар орқали излашган. Шу танишларимнинг сўзларига кўра, милиция уларнинг уйига келиб, улар мен билан алоқаларни давом эттираётгани ўзларига маълум эканини айтган.
Ўзларининг ҳар нарсадан хабардорлигини кўрсатиш, органлар барчасини билиб тургани, жазо муқаррарлигига ишора қилиш учун милиционерлар бир қатор танишларимнинг отини айтган. Танишларимдан бундан кейин мен билан барча алоқаларни узишни талаб қилган.
Мен билан алоқа қилаётганини билишларини айтиб, улардан ўз хоҳишим билан милицияга келиб, белгиланган муддатни (улар айнан шундай деган) ўташим кераклигини менга етказиб қўйишни қатъий таклиф этишган. Менинг яширинишимга ёрдам бераётганлар жиноятчини яширганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантиришган. Шунингдек, агар милиция ушласа, мени калтаклашларини ҳам етказиб қўйишни сўрашган.
Милиция мени танийдиган ангренликлар орасида менга нисбатан иккита жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида атайин миш-миш тарқатган. Булар қанақа ишлар ва мен нимада айбланаётганимни тушунтиришмаган.
Ёнган уйимда портловчи қурилмалар тайёрлаш тўғрисидаги қўлланмалар ва портловчи моддалар топилгани, шунинг учун менга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини айтишган. Ким мен билан мулоқотда бўлса, ҳамтовоғим ҳисобланиши, шунга яраша жавобгар бўлишини билдиришган.
Милиционерлар мени излаб уйма-уй юрган ва шу ахборотларни тарқатган.
Мақсад аниқ ва равшан – мени буткул қўрқитиш, ваҳимага тушириш ва Ўзбекистонда яшаш хоҳиш-истагимни бутунлай сўндиришдир. Жамоатчиликни чўчитиш, одамларни мендан юз ўгиришга мажбур қилишдир. Менинг мисолимда жамиятдаги норозилик кайфиятини бостириш, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган уринишларни йўққа чиқаришдир.