Кундалик
2 октябр 2015

Кишанларни севманг!

Каримовнинг мухолифи бўлган Муҳаммад Солиҳнинг машҳур сатрлари бор, – “Озодлик – ҳаёлларнинг энг гўзалидир, орзуларнинг энг юксагидир” деган. Мен бу тушунчага шундан ортиқ таъриф бера олмайман.
Биз озодликни орзу қилдик ва шу орзу йўлида ҳатто ватанни тарк этдик, – мутлақо тушимизга кирмаган юртлардан бошпана топдик.

Ватан эса тобора олис ва қўрқинчли тушга айлана бошлади, чунки биз унинг озодлиги ҳақида орзу қилишдан тўхтадик.

Ватанни озод қилиш ҳақидаги гаплар, тобора бир эртакка, бангиҳаёлга айлана бошлади. Бу бир бангиҳаёлнинг қулига айланмаслик учун, ё ундан воз кечиш, ё устимиздан бир совуқ сув уриб, мақсадни аниқ белгилаб олиш лозим. Ҳақиқатан ҳам биз ватанни озод кўришни истаймизми ёки занглаган кишанларимиз билан қолишними?

Озодлик қаердан бошланади?

Холбуки биз ватанни озод қилиш ҳақида эмас, кўпроқ бу ватанда яшашнинг ёмонлиги, ундаги зулм, қабоҳат, емирилаётган инсон ҳуқуқлари ҳақида тинимсиз ёзаяпмиз. Интернет Ўзбекистоннинг ёвуз ҳукмдори ҳақидаги мақолаларимизга ва атрофимиздагиларнинг бизга қарши айни адоватга йўғрилган мақолалари билан тўлаяпди.

Ватандан анқиётган қулликнинг қўланса ҳиди мақолаларимизга, ундан чиқиб ўқувчиларнинг бурунларига ва ҳужайраларига сингияпди. Ҳолбуки биз ёзаётган нарсалар, Ватандан қочиш истагини, ёки ватандагиларнинг биздан юз ўгириш истагини уйғотмоқда холос.

Ҳолбуки, биз Ўзбекистон турмасининг темир зирҳли эшиги ҳақида қанча кўп ёзсак – бу эшик қалинлашса қалинлашадики, ҳеч емирилмайди. Наҳот биз унинг зулфлари занглагани ва унинг очилишини истаётганлар биз ўйлагандан кўра кўпроқ экани ҳақида ёзмаймиз. Биз бошқаларни эшитишни истамаймиз, аксинча бизга очилган эшикларни ёпамиз, ёмонлик муждаларини тарқатишдан нарига ўтмаймиз.
Ҳолбуки, Озодлик – ватан сарҳадларидан, шу занг босган эшикларнинг очилишидан бошланади!!

Демак, ният қилиш керак!

Мен ватан олис бир тушга айлангани, у ердан қора бошимизнигина олиб чиққанимизни ёздим. Лекин, ишонингки, бу озодлик эмас – бу эришилган неъмат, старт чизиғига келиб тўхтаган учоқнинг ҳолати бўлиши мумкин холос, унинг учиши шууримиздаги ички бир буйруқ, – учиш истаги билан боғлиқ.
Биз келиб тўхтаган шу манзилда қоламизми, ёки “орзуларнинг юксаги ва гўзали” бўлган Ватанни озод қилиш аҳдида давом этамизми – бу ҳам қилишимиз мумкин бўлган ўша аҳд паймонга, ниятга боғлиқ.
Зотан, Ватанни тарк этаркан, ният қилганимиз жонимизни озод қилишга эришдик.
Тақдирнинг гардиши билан бу йўлда етти денгиз оша Америка ва Европа каби қитъалардаги мамлакатларда бўлиб қолишни балки ўйламагандирмиз, лекин озодликни ният қилганмиз.

Ўзга юртларга келиб биз озод бўлдикми?
Яқинда Туркистон радиосида таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубовнинг қуллик ҳақидаги фикрларини эшитиб, ҳайратим ортди. Гарчи бу ҳақда илгари ҳам эшитгандим.
Толиб аканинг айташича, қуллик шу даражага етарканки, ҳатто қуллар бир-бирларига кишанларини кўрсатиб мақтанишаркан – “менинг кишаним сеникидан чиройли” деб.
Бу бир томондан, бизнинг ҳозирги ҳолатимизни эслатади – гўё биз олис юртларга келиб озод бўлдигу, бошқалар қулликда қолди.
Буюк файласуф Пифагор: “Мен умрим бўйи қулликни ҳужайраларимдан ситиб чиқариш билан шуғулландим”, деган экан.
Балки, ҳамон Ўзбекистон турмасида қолаётган Муҳаммад Бекжон ёки бошқа бирор виждон маҳкуми ўз ниятида биздан кўра озод, биздан кўра илдамроқ йўлдадир!
Лекин ҳеч қачон “унинг кишанлари занглаган” деманг, зотан сизни бегона юртларга боғлаган кишанлар уникидан асло чиройли эмас.

Йўлни юрган енгади

Айтайлик бирор вилоятнинг овлоқ бир туманида чопиқ қилаётган деҳқон нари борса туман марказига бориб чойхона палов еб келишдан катта орзуни тасаввур қила олмайди.
Унинг учун Тошкент у ёқда турсин вилоят марказидаги каттароқ шаҳарга бориш ҳам эришиб бўлмайдиган бир орзу.
Бунинг учун “Йўлкира қилиш керак, автобус, маршрутка – ҳаммаси пул туради. Пишириб қўйибдими менга у ерларда” дея ўйлайди у.
Бу ҳудди Швециянинг Ўмиё ёки Лўлиёсида юрган ўзбекнинг “Тошкентда менга пишириб қўйибдими” деган писандасига ўхшаб кетади.
Ўқувчим чалғимаслиги учун айтаман, – гап Тошкентга эмас Ватан озодлигига олиб борадиган йўл ҳақида кетаяпти. Уни истаган одам қидириб топади. Масала биринчи қадамни қўйишда.
Шу қадам қўйилдими “йўл узоқ” деган фикр ўз мантиғини йўқотади.
Зотан – йўлни юрган енгади.

Қудрат Бобожон,
www. eltuz.com

Тағин ўқинг
16 феврал 2017
13 январ куни кечга яқин Стокгольмнинг жанубида 35 ёшлардаги чимкентлик Шуҳрат исмли ўзбек мухожири жанжал ортидан пичоқлаб ўлдирилди. Воқеа ...
13 март 2018
Тошкентнинг Мирза Юсуф масжиди имоми Раҳматулло Сайфуддиновга 9 март куни «Озодлик» радиосини лаънатлаб, унга «жаноза ўқигани» ортидан Вазирлар Маҳкамасининг ...
9 октябр 2018
Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) Россия ҳарбий разведкасининг 206 нафар штатсиз жангариси рўйхатини очиқлади. Улар «Вагнер» дея аталмиш гуруҳ аъзолари ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. Шу пайт менинг орқамдан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...