Cатира
3 май 2023

3 май — Халқаро матбуот эркинлиги куни

1997 йил 3 майдан буён ҳар йили матбуот эркинлигига муносиб ҳисса қўшган инсонлар ЮНЕСКО тарафидан мукофотлар билан тақдирланади.

Бироқ бу сана матбуот тизгини якка ҳокимият қўлида бўлган Ўзбекистон каби мамлакатлар учун муҳимроқ эканини таъкидлашни истар эдим.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти маълумотларига кўра, бу йил матбуот эркинлиги бўйича Ўзбекистонда ўзгаришлар сезилган бўлса-да, мамлакат ҳамон ташкилот эълон қилган 180 давлат рўйхатидаги энг ёмон ўнталик ичида қолмоқда.

БМТ резолюциясига эркин Африка матбуоти ривожига бағишланган Виндҳук декларацияси асос қилиб олинган.

rasm1290
Қудрат Бобожон, 2004 йил, 3 май, Тошкент.

Ўзбекистонда «Эркин сўз»

1988 йили «Эркин сўз» газетасини, тўғрироғи, норасмий Ўзбекистон эркин ёшлари уюшмаси хабарномасини чиқаришга муваффақ бўлганимни эслайман. Бунгача биз фаоллар билан Ўзбекистон мустақиллиги ва демократия тарғиб қилинган турли варақа ва чақириқлар кўпайтириб тарқатардик.

Журфак талабаси бўлароқ, нима учун варақа ва брошюралар чиқариш мумкин бўлган ускунада газета қилиш мумкин эмас, деган хаёл менга тинчлик бермасди.

Рассом дўстим Қуронбой Матмуродов билан кечаси (кундузи ўқиш) ишга киришдик. Биз мўлжалдагидан икки ҳисса (масштабини 50 фоиз кичрайтириш имконини ҳисобга олиб) катта ватман қоғозга бўлажак газета матни, сарлавҳалари ва расмларни жойлаб ёпиштиришимиз керак эди.

Қуронбой қўлбола тайёрланган махсус туш ва скалпелни олиб ишга киришди, мен эса ёзув машинкасида колонка матнларини тера бошладим.

Мақсад тўрт саҳифага долзарб ва қисқа мақолаларни ихчам шаклда жойлаш эди. Адолат нуқтаи назаридан айтишим керак, ўша йили газетамиз билан параллел «Бирлик» ҳаракатининг Фахриддин Худойқулов бош-қош бўлган хабарномаси ҳам чиқа бошлади.

«Эркин сўз»ни сотишдан тушган пулга тўртта мегафон сотиб олдик. Тарқатиладиган материаллар, уюшма низоми ва яна анча варақалар, жумладан, алоҳида нашр тарзида «Ку-Ку-88» (Яъни Қудрат ва Қуронбой) имзоси билан сатирик карикатуралар кўпайтирилди.

Ҳатто айрим хизматчиларимизга озроқ қалам ҳақи бериб, қолганига иккита хона ва битта мажлислар залини доимий ижарага олиш қувватига эга бўлдик.

Тугатилаёзган цензура

Норасмий нашр фаолияти узоққа бормади. Уни давлат рўйхатидан ўтказиш масаласи бошни қотирди.

1989 йили мен “Эркин сўз” газетасини қайддан ўтказиш учун Давлат матбуот қўмитаси раиси Рустам Шоғуломовнинг қабулига кирдим.

У кишининг асосий эътирози аввалига газетанинг номига бўлди. «Нима дегани «Эркин сўз», нима эркин эмас сўз ҳам бор эканми?» дея мени калака қила бошлади.

Лекин у пайтлар ҳар ҳолда ошкоралик, мен ҳам тап тортмай, газетани унинг рухсатисиз ҳам чиқариб келганимиз ва шундай давом эттиришдан бошқа чорамиз йўқлигини айтдим.

Ҳукуматнинг бош цензори ўша пайтда тутақиб, менга тағин ғазабини сочишдан нарига ўтмади. Бу пайтда цензура идораси тутатилиш арафасида эди.

rasm1291
«Муносабат» газетасининг нишона сони

«Муносабат» газетаси

1990 йилнинг ноябрида Фахриддин Худойқулов раҳбарлигида «Муносабат» газетасининг нишона сони босилди. Газета қайта қуриш йилларида қўлга киритилган ютуқ, хусусий мулк яратилиши натижасида барпо қилинган «Ўсарфильм» қошида таъсис этилди.

Бироқ биз яна ҳам долғалироқ янги ўзгаришларни кутардик.

1991 йилнинг 13 апрель куни Совет Иттифоқида цензура тугатилиб, матбуот тўғрисида қонун қабул қилинди.

“Матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари эркиндир, цензурага йўл қўйилмайди”, деган икки жумла бизни эркинликнинг янги уфқлари сари қанотлантирди. Ўшанда мен ҳам Фахриддин акага ҳамроҳ бўлиб Москвага бордим.

rasm1295
Фахриддин Худойқулов

Москва шамоли

Москвада қарийб бир ҳафта қолиб кетдик. Сафаримиз анча сермаҳсул бўлди, Фахриддин ака ўзбек тилларида 200 минг, рус тилида 200 минг нусхада чиқадиган бутуниттифоқ газетасини рўйхатдан ўтказишга эришди, 007 рақамли чўғдай қип-қизил гувоҳномани олганимизда хурсандчилигимиз чексиз эди.

Орадан уч ой ўтиб, ноябрь ойида бу газетанинг нишона сони чиқди. Ёзувчилар уюшмаси биносидаги офисимизга ўрнатилган учта компьютерда кечалари билан уйга бормасдан газетани макет қилар эдик.

Бироқ тағин бахтиёрлигимиз узоққа бормади. Газетанинг бор-йўғи учта сони чиқди.

Референдум арафасида газета тайёрлаб ўтирган пайтимиз офисимизни бир гуруҳ «мент»лар келиб босди. Ҳаммаёқ ваҳима.

Қизиқ ҳол ҳеч эсимдан чиқмайди. Милиция қуршовида ўтирган кишанбанд Фахриддин акага яқинлашмоқчи бўлдим. У киши кулимсираб, «Э, бу бола бизда ишламайди», дегандай шаъма қилди, мен нима қилишим кераклигини тахминан тушундим. «Муштум»да ишлаган Фахриддин акада юмор ҳисси анча кучли эди.

Эртаси куни Фахриддин акани қўйиб юборишди. Чимкентда «Муносабат»нинг янги сони чиқиши керак эди. Босмахонага мен борадиган бўлдим.

Газетани юклашга ажратилган «Камаз»да менга тошкентлик олифта йигитлар ҳамроҳ бўлди. Улар икки юз минг тираж газетани кўриб капалаклари учиб кетди.

«Бундан кўра ерёнғоқ юклаганимиз яхши эди», дея тихирлик қила бошлашди, лекин ўртага қўйилган яримта ароқ ишни ҳал қилди. «Камаз» тезгина газета тахлами билан лиқ тўлди.

Биз босмахонани тарк этдик. Чимкент-Тошкент шоссеси бўйлаб бораркан, газета ортилган «Камаз» юкхонасидан бир тахлам газета ажралиб, йўлга сочилганини эслайман.

Машина йўл чеккасида тўхтаганида беш юзтача газета саҳифалари шамолда учаркан, уларни йиғиштириб олишдан мантиқ ҳам йўқ эди…

Газеталарни келтириб Ёзувчилар уюшмасидан ижара олинган омборга жойладик. Бироқ газетани тарқатишга улгурмай, тираж сақланган омборга ўт қўйилди. Таҳририятга қарши иш очилди.

Шу билан газета фаолияти тўхтади. Бироқ газета атрофидаги муаммолар яна анча давом этди. Бунинг кўп тафсилотлари Фахриддин аканинг хотираларида бор.

Сўнг мен журналистиканинг босма тури билан хайрлашгунимга қадар анча вақт Муҳаммад Бекжон ва ҳур фикрли бошқа кўп ҳамкасбларим билан «Эрк» газетасида бир муддат ҳамкорлик қилдим.

Кейин аллақачон Кремлдан мустақил ҳукумат цензураси бу газета фаолиятини ҳам тўхтатди.

Сўз эркинлиги узра дам оқ, дам қора булутлар алмашаётган суронли даврлар эди бу.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com муҳаррири

Тағин ўқинг
3 октябр 2021
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 33-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.) 1995 йилга келиб, ...
27 март 2019
27 март куни ўзбекистонлик аралаш жанглар устаси Мурод Хонтўраев учинчи бор пичоқланди. Спортчининг жароҳати жиддий эмаслиги билдирилди. Хонтўраев дастлаб ...
27 декабр 2020
Манбалар “Элтуз”га Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев тошкентлик ишбилармонлар орасида “Шайтон” лақаби билан танилган, муқаддам фирибгарликда айбланган 45 ёшли ...
20 октябр 2017
18 октябр кунги соғлиқни сақлаш тизимига бағишланган селектор йиғилишида президент Мирзиёев тиббиёт ходимларини тағин жиддий танқид қилди. President.uz сайтига ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...