Мултимедиа
17 октябр 2015

«Кечирмас ота» мўжизаси

Малоҳат Эшонқулова
Мустақил журналист, Eltuz.com

5 сентябрь, 2015 йил. Тунги соат 24.30.

Эшик тақиллади. Қарасам, Урлаева. “ортимдаги айғоқчиларим дам олгани уйларига кетиши билан йўлга отландим. Қорақалпоққа кетдик. Токи бизнинг “йўқолиб қолганлигимиз” ҳақида хабар топишмасдан дан назоратларидан ўтиб кетайлик, манзилга етиб олайлик” дедилар. Биз ўтирган Нукус-Тошкент йўналиши бўйлаб қатнайдиган такси жойидан жилганида тунги соат 1.00 эди.

13 соатлик йўл давомида нукуслик такси ҳайдовчиси ислом (ҳайдовчининг хотиржамлиги учун исми ўзгартириб ёзилди) ака билан суҳбатлашиб кетдик. Мажбурий меҳнатга оид мониторингни машина жойидан жилиши биланоқ бошлаб юборгандик: биз суҳбатдошимизни пахта мавсумининг долзарб масалалари хусусидаги саволларга кўмдик. Шофёр ҳам тўлиб турган экан, ёниб кетди:

photo_2015-10-08_10-26-02– Пахтани ўқитувчи терса, чидаса бўлади, ҳарбий қисмдагилар, солдатлар терса ҳам майли. Талабалар, мактаб ўқувчилари, ўқитувчи, тикувчи, солиқчи, боғча мудираларини ҳам пахтага қувишганларигаям розимиз. Лекин лоақал медикларга тегишмаса эди. Врачларнинг иши инсон ҳаёти билан боғлиқ бўлади-ку-а?

Мана, менинг аёлим дўхтир бўлиб ишлайди. Нукусда. Реанимацияда. Туни билан ухламасдан оғир беморга қараб чиқади. Чарчайди. Медработниклар реанимацияда через день ишлайди-ку-а. Эрталаб уйқусираган медработницани мажбурлаб пахта теришга юборишади. Норма қўйишади. Кун бўйи пахта терадими, дам олмасдан, ухламасдан. Эртасига аёлим уйқусираганча яна “дежурства”га, ишга боришга мажбур. Дам олиш деган гап йўқ. Ана энди, қаранг-да, толиққан, уйқусираган аёлим худо кўрсатмасин чарчаганидан реанимацияда ётган оғир касалга бирор бир “нито” укол қилиб қўйса, ким жавоб беради?

Уни пахта теришга мажбурлаган катталарими? Беморга бир гап бўладиган бўлса, аёлим жавоб беради-ку! Тўғрими? Одамнинг ҳаёти билан ўйнашиб бўладими? Нега тепадагилар шуни ўйламайди? Нега улар дўхтирниям пахта теришга мажбурлайди? Хордиқ олгани имкон беришмайди? Мана, солдатлар ҳам пахта тераяпти-ку-а? Майли, “чёрт с ним”, солдатлар ишласин, пахта терсин, фақат медработникларга тегмасин эди. Йўқ, буларга барибир. Пахта, пахта, пахта. Тамом. Бошқа гап йўқ, бошқа ўйлари йўқ! – дея дудаб кетди Нукус-Тошкент, Тошкент-Нукус бўйлаб қатновчи такси ҳайдовчиси.

photo_2015-10-08_10-19-32Бухоро вилоятининг Рометан туман ҳудудидан ўтаётганимизда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан Республика касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида мажбурий меҳнатга қарши қаратилган чақириқ, огоҳлик битилган катта-катта плокатлар деймизми ва ё лозунгми, хуллас, уларни реклама шаклида туман марказий кўчаларидаги симёғочларга ўрнатишаётганликларига гувоҳ бўлдик.

Тошкентдан то Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманига боргунимизга қадар сал кам 1300 км. йўл босган бўлсак, бунингдек плакат(лозунг)ларга биргина бухоронинг Рометан туман марказий кўчаларида икки бор кўзимиз тушди холос. Ажабланарлиси, ҳафта олдин шу йўлдан хоразм вилоятига ўтгандик, уч кун илгари ҳозараспдан худди мана шу йўл орқали пойтахтга қайтгандик. Яқин кунларда ҳам бу кўчаларда мажбурий меҳнатга қарши қаратилган “реклама”лар ўрнатилмаганди, бир бор кўзимиз тушмаганди. Қизиқ.

Мазкур шиорлар гуё муҳташам санъат саройида концерт дастурини намойиш этаётган хонанда рекламаси каби улкан. Ҳайбатидан от ҳуркади. Адашмасам, ҳажми: бўйи бир метрча, эни икки метрчалар келарди.

Тегишли вазирлик ва касаба уюшмалари федерациясининг мажбурий меҳнатга қарши қаратилган мазкур рекламаларига кўзим тушаркан, ўйланиб қолдим.

Пахта терим мавсумида мажбурий меҳнатга қарши қаратилган чақириқ, мурожаат, огоҳлик каби матнларни санъаткор рекламаси каби улкан, баҳайбат ва жозибадор шаклда шаҳар ва туман марказий кўчаларидаги симёғочларга бунингдек тарзда “осиб” кетиш, эҳтимол, у қадар тўғримасдир?

Балки, пахта мавсумидаги мажбурий меҳнатга қарши қаратилган огоҳликларни маҳаллий аҳоли дунёқарашидан келиб чиқиб тарғибот қилиш керакдир?

Ўзбекистонда қарйиб 50 йил истиқомат қилаётган шахс сифатида шуни аниқ биламанки, кўпчилик инсонлар, айниқса, қишлоқ кишилари сим ёғочларга ўрнатилган баҳайбат плакатларга у қадар эътибор қаратишмайди. Фикру ёди турмуш ташвишларидан ортмайди. Мабодо, марказий кўчаларга ўрнатилган катта-катта плакатларга назарлари тушди ҳам дейлик, зеҳн солиб ўқиб қарамасданоқ, “бирор бир санъаткорнинг ва ёки ҳинд кинофильмининг рекламасидир-да”, деган хулосага келади-қўяди. Тарғиботнинг бу усули кўпам диққатни тортмай кўйганига кўп бўлган.

Шу боис ҳам атай пахта мавсумининг охирлашига тақаб (биз ўзбекларда буни сайил ўтгандан кейин дейишади!) “осилаётган” мажбурий меҳнатга қарши огоҳлик “реклама”ларининг самара беришига кўпам кўзим етмайди.

rasm178
Эгатларидан бош кўтарган турли касб эгалари тўпланиб, варақаларни ўқир, унда битилган мурожаатларни муҳокама қила бошлашарди: “ҳали шунақа гаплар ҳам бор денглар-а?” Дея лол бўлиб қолишарди.

Тажрибамиздан маълумки, Елена Урлаева билан қай бир вилоятда пахта мавсумидаги мажбурий меҳнатга оид мониторинг олиб борган бўлсак, Ўзбек-Герман Форум ташкилотининг “сизни пахта теримига мажбурлашса нима қилиш керак?” Сарлавҳа остидаги мажбурий меҳнатга қарши қўлланма кўринишидаги варақаларини, шунингдек, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан республика касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида мажбурий меҳнатга қарши огоҳлик матнларини варақа шаклида юзлаб нусхада чиқариб, пахтазорларда пахта тераётган турли касб эгаларининг қўлларига тутардик.  Ана шундагина биз тарқатаётган варақалар аҳолининг эътиборини тортарди.

Пахта теримига жалб этилган ўқитувчи, ўқувчи, талаба ва шифокорларнинг ҳайратларидан шу нарса маълумки, демак, улар мажбурий меҳнатга қарши қаратилган чақириқлардан ҳамон огоҳ этилмаган. Дунё бехабар.

Юқоридаги ҳолатларнинг қиёсидан ҳам кўриниб турибдики, демак, мажбурий меҳнатга қарши қаратилган чақириқ, мурожаат ва огоҳликларнинг варақа шаклида тарғиб этилиши сизу биз кутган самарани бериши шубҳасиз.

Ахир, бош мақсад вазирлик ва касаба уюшмалари федерацияси “ихтиро” қилган мажбурий меҳнатга қарши матнлар “рекламаси” кўмагида кўчаларни рангли плакатлар билан безаш эмас-ку, тўғрими?

Муддао, мажбурий меҳнатга қарши қаратилган чақириқ, мурожаат ва огоҳлик чорловларини кенгроқ тарғибот этиш, мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, тушунтириш, шундайми?

Бас шундай экан, марказий кўча симёғочларига самарасиз реклама “осиш” билан халқ ва халқаро ташкилотлар қулоғига лағмон осиш ўртасида қандай тафоввут бор? Тушунмадим.

Гоҳо хаёл билан, гоҳида гап-гап билан манзилга ҳам етдик. Ишни Элликқалъа туманида ўтган авлиёлар қадамжолари ва қабристонларини зиёрат қилишдан бошладик. Дастлаб Элликқалъа туманидаги “кечирмас ота” зиёратгоҳида бўлдик. Кейин ишга шунғидик.

“Кечирмас ота” қабристонини обод қилган одам

Шу ўринда “Кечирмас ота” зиёратгоҳи хусусида икки оғиз:

photo_2015-10-08_10-27-35Мазкур зиёратгоҳни Тўхтабой ота деган бобо обод қилган эканлар. (Тўхтабой ота хусусида интернет сайтларида ёритилган. Отахоннинг мўжизавий хусусиятлари хусусида икки нафар ижодкор томонидан иккита катта-катта китоб битилган бўлиб, мазкур китоблар рус ва инглиз тилларига ҳам ўгирилган. Бизнинг ҳам илк қилган ишимиз Тўхтабой отанинг мўжизакор хусусиятларига оид китобни харид қилиш бўлди. Бироқ ҳали уни ўқишга улгурган эмасман.)

Айтишларича, “Кечирмас ота” қабрини обод қилишни кўнглига туккан куни Тўхтабой отага худо мўжизавий куч ато қилган эмиш. Шу-шу ота 20 йилдирки оғир хасталарни даволармиш.

“Кечирмас ота” зиёратгоҳи обод эди. У ерга келган тумонат одамни кўриб, ҳайратим ошди. Ҳар куни республикамизнинг турли вилоятларидан мингга яқин хасталар Тўхтабой отадан шифо тилаб келишаркан.

Тўхтабой ота вилоятдан келган беморлар қийналиб қолмасликлари учун зиёратгоҳ худудида бепул меҳмонхона – улкан “карвонсарой” барпо қилган эканки, мамлакатимизда ёлғиз “Кечирмас ота” зиёратгоҳидаги “меҳмонхона” беморларга бепул бериларкан.

Ҳар ҳолда етарлича шароит яратилган. Кейинги пайтларда кўзлари ожиз бўлиб қолган Тўхтабой отанинг ёшлари тахминан 70 ларда эди. Отахон шифо истаб келган беморларини, асосан, шапатлаб – уриб даволар эканлар.

Иш бошлашдан олдин биз ҳам сеанс олдик

photo_2015-10-08_10-28-07(“Кечирмас ота” зиёратгоҳи ва авлиё даражасидаги одам эканлиги айтилаётган Тўхтабой отага бежиз кенгроқ тўхталмадим. Бу ўта муҳим. Эслаб қолинг, бунинг тафсилотлари хусусида хотима қисмида батафсилроқ, кенгроқ тўхталаман)

Бетоблигим сабаб мен ҳам сеанс олиш мақсадида отанинг бўйи тахминан 40 метр, эни 15 метрлар (нигоҳим билан чамалашимча) келадиган ниҳоятда катта “қабулхона”ларига кирганимда бу ердаги навбатни кўриб, хушим бошимдан учди: отанинг ҳузурида сал кам мингга яқин бемор навбат кутиб ўтирарди.

Тасодифни қарангки, менинг ЎзМТРКдаги ҳамкасб ўртоғимни айнан мана шу “қабулхона”да учратиб қолдим. Дугонам Тўхтабой ота хусусида учинчи китобни битаётган экан.

– Бунингдек катта навбатни кута олмаймиз. Бизнинг юмушимиз бисёр. Отадан сеанс ололмайдиганга ўхшайман, – дедим умидсиз.

– Бир беморни бор-йўғи 2 ё 3 дақиқа кўрадилар. Илтимос қилсак, балки сизларни навбатсиз сеанс қилишга рози бўлар, – деди ўртоғим ва отанинг “ёрдамчилари”дан бирининг қулоғига шивирлади.

Изн тегди чоғи, мен билан Урлаевани имлаб қолишди. Отанинг қаршисига чўкарканман, “менинг қўлларим панд бериб қолаяпти, ота” дедим секингина.

Отахон аввалига бошимни икки кафтлари орасига олиб сиқди. Кейин бўйнимдан то белимга қадар шапатлади. Сўнг қўлларимга урди. Ундан кейин, “боравер энди, касалинг ариди” деди.

Дугонам айтганидек, узоғи билан икки ва ё уч дақиқада сеанс тугади. Мендан сўнг отахонга Елена Михайловна юзланди.

Мониторинг ўтказиш мақсадида пахта далаларига отланарканмиз, адиба ўртоғим, “оғир юкларингизни ортмоқлаб юрмангизлар. Шу ерга, дарахтлар тагидаги сўрига ташлаб кетаверингизлар. Ишларингиз тугаса, албатта яна шу ерга қайтингизлар. Бу ерда меҳмонхоналар кўп, текин. Мен ҳам китоб ёзиш учун бир ойдирки шу ерда истиқомат қилмоқдаман. Бугун сизлар ҳам шу ерда тунайсизлар. Туни билан мириқиб суҳбатлашамиз” дея таклиф қилиб қолди.

Ўртоғимга ишониб-ишонмай, зиёратгоҳ сўрисига юкларимизни қўйгач, қушдек енгил бўлиб, пахта далаларига йўл олдик.

– Отанинг сеанси қандай экан? Бирор нарса ҳис қилдингизми? – савол қотдим Урлаевага.

– Шунақанги енгил бўлдимки!, – ҳайрат ва ихлос билан жавоб берди ҳамроҳим.

Кулиб қўйдим.

Элликқалъа туманининг Ал-Хоразмий фермерлар уюшмасида

photo_2015-10-08_10-25-11Мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказиш мақсадида теримчилар жавлон ураётган дастлабки пахтазорга йўлимизни бурдик. Теримчилар билан суҳбат жараёнида сахтиён қишлоқ яқинида жойлашган ушбу пахтазорларда тумандаги №13-, №43- мактаб ўқитувчилари, шунингдек маиший хизмат кўрсатиш коллежи ўқувчилари пахта тераётганлиги аён бўлди.

– Бизнинг мактаб ўқитувчилари пахтага навбат билан чиқишади. Бир кун бир группаси, иккинчи кун бошқа группаси. Дарс ҳам ўтамиз, пахта ҳам терамиз, – деди пахта тераётган №13-мактаб ўқитувчиларидан бири.

Елена Михайловна теримчиларга мажбурий меҳнатга қарши қаратилган варақаларни тарқатди.

12032444_10206421722856398_891250461_n (1)

– Сизлар меҳмонми? – сўради теримчилардан бири. Тасдиқ ишорасини олгач, – шу бугун бизникида меҳмон бўласизлар. Сахтиён қишлоғидаги Қурбон тракторчининг уйи қаерда десангиз, ҳамма кўрсатади. Албатта келинглар, кутаман, – деди очиқкўнгил билан.

Теримчилар билан самимий хайрлашиб, пахтазорни тарк этдик.

Йўл юриб, (юкларимиз йўқ, қушдек енгилмиз. Қўлимизда биргина фотовидеоаппаратимиз) йўл юрсак ҳам мўл юриб, маккажўхоризорда ўт ўраётган 60 ёшлардаги кишига дуч келдик.

– Ассалому алайкум, амаки, айтолмайсизми, бу хўжаликларда шифокорлар ҳам пахта тераяптими, йўқми? Теришаётган бўлса, қайси далада теришмоқда? – гап қотдим унга.

Одатда қишлоқ кишилари ниҳоятда содда, самимий ва жудаям ростгўй бўлишади.

– Ҳа, дўхтирларам пахта термоқда, – деди амаки, – Элликқалъадан келган врачлар “Ҳайитбой механизатор” деган фермер ерларида пахта теришмоқда.

– Шифокорлар пахтага кунлик чиқишадими? Эрталаб келиб, кеч уйларига қайтишадими?

– Йўқ, дўхтирлар ётиб теришади. Врачлар Гулдирсин қишлоғига, ўша “Ҳайитбой механизатор” фермерлар уюшмаси бошлиғининг уйига жойлашган. Ўша ерда ётиб туришади, – жавоб қилди суҳбатдошимиз.

– Ёқилғи харажатингизни берсак, сиз бизни ўша “Ҳайитбой механизатор” фермер хўжалиги бошлиғининг уйига, шифокорлар ётиб қоладиган гулдирсин қишлоғига олиб бора оласизми? – сўради Елена опа.

photo_2015-10-08_10-25-58Нотаниш киши бироз иккиланиб турди-да, рози бўлди. Биз уларнинг ўт ташишга мўлжалланган Жигулисига ўтириб, Гулдурсин қишлоғига, “Ҳайитбой меҳанизатор” фермер хўжалиги бошқарувчисининг уйига йўл олдик. Истагимиз, Элликқалъа туман шифохонасининг пахта теримига жалб этилган шифокорларини яшаш шарт-шароитлари билан яқиндан танишиш эди.

Йўл-йўлакай бизга ҳамроҳлик қилаётган киши билан танишиб ҳам олдик. Саъдулла ака қишлоқ мачитида имомлик қиларканлар.

Машина биз истаган хонадон ҳовлисига тўхтагач, уй эшигида 65 ёшлардаги одам кўринди.

– “Ҳайтибой механизатор” деганлари мана шу киши бўлади, – бизга очиқ юз билан юзланаётган кишини таништирди Саъдулла ака, – бу кишининг ўғли фермер хўжалигини отасининг номи билан атаган. Фермер хўжаликга Ҳайитбой аканинг Дониёр деган ўғли раҳбарлик қилади.

Машинадан тушдик.

– Келинглар меҳмонлар, келинглар, қани, ичкарига, бир пиёла чой ичиб кетинглар, уйга киринглар, – деди Ҳайитбой ота меҳмондўстлик билан.

– Йўқ, амаки, биз кўп ишли одамлармиз. Чой ичишга вақт тиғиз. Эшитишимизча, сизнинг уйингизга туман шифохонасининг врачлари жойлаштирилган экан. Биз шифокорларнинг яшаш шароитлари билан танишсак деб келгандик, – мақсадга кўчарканман, қўшиб қўйдим, – мен Малоҳатман – журналист. Ҳамроҳим инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Михайловна. Тошкентдан келганмиз.

– Аттанг-а, кеч қолибсизлар, овора бўлибсизлар-да. Тўғри, бизнинг уйга район касалхонасининг 20 та дўхтири жойлашган. Лекин ҳозир улар бу ердамас. “Қирқ қиз” деган совхоздаги Чайка участкасида ўғлимнинг яна 35 гектар пахтаси бор. Дўхтирларни шу бугун саҳарда чайкага олиб кетишганди. Улар бугун қайтишмайди. Чайка участкаси узоқ, 45-50 км. чиқади. Шунга дўхтирлар то 35 гектарнинг пахтасини териб бўлмагунча қишлоққа қайтмайди, ўша ердаги шийпонларда ётиб қолишади, – деди Ҳайитбой ота афсус-ла бош чайқаркан, бизга астойдил ачиниб, – ўзи шу районни дўхтирлари бизни фермер хўжаликни оталиққа олган. Бизга бириктирилгани учун шу пахтани уруғини қадашдан тортиб, чопиқми, яганами, ёввойи ўтлардан тозалашми, чеканками, баҳордан то кузгача, пахта теримгадовур бизга ёрдамга келишади.

photo_2015-10-08_10-27-45Узр-маъзуримизни айтиб, ортга қайтдик. Катта йўлга чиққач, қишлоқ имомидан Чайка участкасига олиб-бориб келишини илтимос қилдик. Рози бўлди. Бироқ Саъдулла аканинг машинасида ёқилғи тугаб қолганлиги сабаб “газ заправка”га киришга тўғри келди. Аксига олиб, “газ заправка”да ҳам газ йўқ экан. “бир ярим соатлар кутсангиз газ келиб қолади” деди “газ заправка” хизматчиси. Шу сабаб катта йўл ёқасидаги ёқилғи қўйиш шаҳобчасида ярим соатлар кутиб туришга мажбур бўлдик. Бетоқат бўлиб ўтирган чоғимизда ёқилғи қуйиш шаҳобчасига олд “лабовой”ига “пахта-2015” деган ёзувли катта ҳажмли қоғоз қўндириб олган “Зил” юк машинаси келиб тўхтади.

– Амаки, нега “Зил”ингизга “пахта-2015” деган ёзувни ёпиштириб олгансиз? Шу машинангизда сиз ҳам пахта ташийсизми? – саволга тутдим ҳайдовчини.

– Пахтани эмас, пахта теримчиларини ташийман, – қисқа жавоб қилди ҳайдовчи.

– “Зил”да-я?! Ҳашарчиларними? Дўхтирлар бўлса керак-а? – қизиқсиндим.

– Йўқ, дўхтирларнимас. Нукус академик лицейининг ўқувчиларини олиб юраман.

– Ўқувчиларни ҳар куни эрталаб нукусдан Элликқалъага, кечқурун Элликқалъадан Нукусга ташийсизми?

– Ҳа, йў-ўўўқ, – жавоб қилди ҳайдовчи ҳафсаласизлик билан, – академик лицей ўқувчиларини ҳар кун Нукусга ташимайман. Ўқувчилар “Ўзбекистон маҳалласи – 1” да ётишади. Уларни ҳар куни ётоғидан олиб “Боғёб” фермер ҳўжалиги далаларига олиб бораман. Улар “Боғёб” далаларида пахта теришади.

– “Зил” шахсий машинангизми? Ёки бирор бир ташкилот тасарруфидами? Қай бир идорага қарашлисиз, амаки? Мен Эшонқуловаман, сиз билан танишсак бўладими? Исмингиз ким?

– Э-э-э, нима, прокурормисиз? Отимни сўраб нима қиласиз? – ҳайдовчи менга норози қаради, кейин қўлини “бор-э!” деб силтаганча “Зил”ига бориб ўтирди-да машинасини ўт олдирди.

“Чайка участкаси” далаларида пахта тераётган дўхтирлар

photo_2015-10-08_10-25-16Ёқилғи қуйиш шаҳобчасига метан газ келишини кутадиган бўлсак, кунни кеч қилишимиз тайин. Шу боис бошқа бир такси буюртма қилишга тўғри келди. Саъдулла ака ҳамроҳлигида Нексия русмли автомашинада чайка участкаси томон йўл олдик.

Маҳаллий йўлбошчимизнинг кўмагида мўлжални тўғри олган эканмиз.

“Қирқ қиз” хўжалигида – Чайка участкасидаги “Ҳайитбой механизатор” фермер хўжалигининг 35 гектарлик пахта далаларида Элликқалъа туман шифохонасининг врачлари пахта теришарди.

Пахта ғўзалари оралаб тўғри шифокор – теримчиларга яқинлашдик. Улар билан суҳбат жараёнида шунга амин бўлдикки, теримчи – шифокорлар “ўқитилган” экан. Ўзаро суҳбат чоғида шифокор эканликларини айтишади, “Қаранг, пахтаси йўқ қоп-қора эгатлар оралаб юришга мажбур қилишади. План сўрашади” дея ҳасрат ҳам қилишади. Бироқ “мана шундай азоблар ҳақида бизга интервью берасизми?” десангиз, видеонгизни тўғрилагудек бўлсангиз, “керакмейди. Сўнг ишди нетамиз?” дейишади, юзларини чап ўгришади.

Пахта теримга жалб этилган шифокорларнинг обдон қўрқитилганлигига шубҳа йўқ эди. Улардан интервью олишнинг имкони йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, уларга мажбурий меҳнатга қарши юқорида айтиб ўтилган мурожаат, чорлов, огоҳликка оид варақаларни тарқатдик.

photo_2015-10-08_10-25-11Зум ўтмай “ҳайитбой механизатор” фермер хўжалиги раиси Дониёр ака пайдо бўлди. Улар пахта ғўзаларини оралаган эмас. Пахтазор четидаги каттагина ариқ ёқасида туриб барча шифокор – теримчиларни чорлади: “Қани, ҳаммангиз чиқингизларчи? Бу ёққа келингизлар?”

Шифокорлар эгатдан чиқишди. Биз ҳам Дониёр фермернинг ёнига йўл олдик.

– Сизлар кимсизлар? Нега менинг рухсатимсиз пахта далаларимда юрибсиз? Нима мақсадда суратга олаяпсиз? – фермернинг гап оҳангидан тажанглиги маълум эди.

Биз мақсадимизни маълум қилиб, ўзимизни таништиргач, Дониёр фермернинг янада жаҳли чиқди:

– Рухсатсиз бировнинг даласига кириш мумкинмаслигини билмайсизларми? Агарда эркак киши бўлганларингизда, сизлар билан қандай гаплашишни ўзим билардим? Қани, кетинг бу ердан?

– Фермер хўжалигингизда пахта тераётган мана бу аёллар шифокорлар экан-ку? – дедим фермерга.

– Ким айтди сизга буларни дўхтир деб? – асабийлашди Дониёр ака, – булар ҳеч қанақасига врач эмас. Булар тикувчилар. Ўз ихтиёрлари билан пахтага чиқишган.

– Элликқалъада “шифокор” касби “тикувчи” деб аталишидан бехабар эканмиз. Сиз ҳақсиз. Ростанам улар одам танасини кесиб, тикишади, – дедим ҳазиломуз.

photo_2015-10-08_10-23-54– Хова, хова, биз тикувчилармиз, биз тикувчилармиз, Нукусдан келганмиз. Ўз ҳоҳишимиз билан пахта тераяпмиз. Пул керак, – дея чуғурлаб қолишди ҳалигина ўзгача ҳасрат қилиб турган “теримчилар” ҳам.

“Нукусда асосан қорақалпоқ тилида сўзлашадиган аҳоли истиқомат қилади. Бу аёллар эса хоразмча шевада гапиришаяпти-ку? Элликқалъаликларнинг гаплари хоразмликларнинг тилига ўхшаб кетаркан. Булар нукуслик эмас, Элликқалъанинг одамлари” дея менга секингина шивирлади Урлаева.

– Қани, кетингизлар. Олдин раҳбарлардан рухсат сўраб келингизлар, боринглар, – деди Дониёр фермер. У отаси Ҳайитбой механизатордан муомила жиҳатидан мутлақо фарқ қиларди. Негаки, Дониёр фермернинг пенсиядаги соддадил отаси пахта борасидаги “можоролар”дан мутлақо бехабар эди. Шу боис ҳам бор гапни очиқ-ойдин сўзлаб берганди.

photo_2015-10-08_10-23-47“Ҳайитбой механизатор” фермер хўжалиги раиси шундай деди-да, теримчи шифокорлар қўлидан ҳалигина биз тарқатган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ва республика касаба уюшмаси федерациясининг, шунингдек, “Ўзбек-Герман Форуми” томонидан тайёрланган мажбурий меҳнатга қарши қаратилган чақириқ, мурожаат, огоҳликга даъват акс этган варақаларини шошилинч тарзда юлқиб-юлқиб териб олди-да, барчасини йиғиштириб Урлаеванинг қўлига тутқазди.

– Бу шифокорлар учун керакли қоғозлар. Олиб қолинг, бунинг зиёни йўқ. Нега териб олиб, қайтармоқдасиз? – ажабландим.

Дониёр фермер:

– Бунақа қоғозлар биза керакмейди, – дея тўнғиллаб қўйди адашмасам, сўнгра мобил телефонидан қандайдир рақамларни тера бошлади.

Биз эса шифокор – теримчилар билан хайрлашиб, Нексияга ўтирдик-да, изимизга қайтдик.

Ал-хоразмий маҳалла оқсоқоли ҳамроҳимизга ҳамла қилди

Ҳали “Қирқ қиз” хўжалиги далаларини ортда қолдириб ҳам улгурмаган эдикки, бизга йўлбошчилик қилаётган имом – Саъдулла аканинг мобил телефонлари жиринглаб қолди.

Салом йўқ, алик йўқ:
photo_2015-10-08_10-26-36– Сан кимларни етаклаб юрибсан?! – дея пўписа қила кетди гўшак ортидаги одам.

– Ҳеч кимни етаклаб юрганим йўқ, – жавоб қилди Саъдулла ака.

– Ҳозиргина Чайка участкасига кимларни олиб бординг? Уларни қаердан олиб келдинг? Кимлар улар? Пахта теримчиларини расмга, видеога олиб юрганларни танийсанми? – саволларни қаторлаштирди гўшак ортидаги эркак овози.

  • Мен ҳеч кимни ҳеч ердан олиб келганим йўқ. Уларни танимайман. Йўлда ўзлари мендан “дўхтирлар қайда тераяпти?” Деб сўраб қолди. Айтгандим, “олиб боринг” деб илтимос қилишди. Шунга бир мошин заказ этиб, бирга келдим. Булар ўзларини Тошкентдан келган журналистлармиз деб таништиришди, – “отчёт” бера кетди Саъдулла ака.

– Отлари нима экан? Қайси газетдан? Қорақалпоққа қачон келибди? Уларни яна нерлара олиб бординг? Яна уларни қаерга олиб боражаксан? – терговни давом эттирди гўшак ортидаги киши.

– Отлари эсимда қолмади. Қачон келганиниям билмайман, қайси газетданлигиданам хабарим йўқ. Мен уларни кўп ерга олиб бормадим, бир шу Чайка участкасина олиб бордим, – жавоб қилди имом ака.

– Энди қаерга олиб бормоқчисан деб сўраяпман, – бетоқат бўлиб сўради телефондаги суҳбатдоши.

Имом амакининг телефонлари бемалол бизга ҳам эшитилиб турарди. Гўшак ортидаги одамнинг шу саволини эшитдиму, Саъдулла акага “улар катта йўлда Нукусга кетамиз деб тушиб қолишди, мен қайтаяпман” денг деб имо қилдим шивирлаганча.

Маҳалла мачити имоми шундай деди: “улар йўлда тушиб қолишди”.

Суҳбат тугагач, суриштириб билсак, бизга ҳамроҳлиқ қилаётган имомни “терговга тортган” киши “Ал-хоразмий” маҳалла оқсоқоли Комилжон ака деган киши экан.

Пахта далаларидан ўтиб асфальт йўлга чиққач, бизга ҳамроҳлик қилган маҳаллий аҳоли вакилини нохушликка рўпара қилмаслик учун машинадан тушиб қолдик.

Навбатдаги йўловчи машинани кутарканмиз, қорақалпоғистон сафарида ортимиздан кузатувчилар тушганини шундагина биринчи марта ҳис қилдик.

Машинадан-машинага “сакраб” қош қорая бошлаганида “Кечирмас ота” зиёратгоҳига кириб келдик.

Бир кеча “Кечирмас ота”да қолдик

photo_2015-10-08_10-28-24Қайтиб келишимиз билан дарахтлар тагидаги сўрилардан бирида қолдириб кетган юкимизни кўздан кечирдик. Очиғи, юкларимизни “Кечирмас ота”да қолдириб кетишга кетдигу, бироқ барибир йўлкироларимиз, паспорт, заҳирадаги флешкалар, хуллас, нарсаларимиздан хавотир олгандик. Рости, “алвидо, йўлкирамиз” деган ўйга ҳам боргандик.

Қайтиб келгач эса, шахсан мен кўнглимдан кечган ножўя ўйлардан ўзим уялим қолдим. Негаки, шундай гавжум жойда, юзлаб одамлар орасида сўрида қолдириб кетган юкларимиз қандай қўйган бўлсак, шундайлигича турарди. Мана, Ўзбекистонда ҳам ўзганинг нарсасига кўз олайтирмаса ҳам бўларкан-ку! Қандай яхши! Ҳайратим янада ошди. Адиба дугонамдан ҳайратимни яшириб ўтирмадим.

У эса ўта босиқлик билан:

– Бу даргоҳга одамлар мол-дунё, бойлик истаб келишмайди, тан сиҳатлик тилаб келишади. Бу ерда ҳеч ким ҳеч кимнинг ҳақига кўз тикмайди. Худодан ҳайиқишади, – деб қўйди.

Биринчи кеча республикамизнинг турли вилоятларидан келган мингга яқин зиёратчилар билан бирга “Кечирмас ота”да тунаб қолишимизга тўғри келди.

Мажбурий меҳнатга оид мониторинг тунда кенгроқ кечди

photo_2015-10-08_10-27-40“Кечирмас ота”га Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, фарғона, намангандан келган зиёратчилар билан суҳбатда бўлдик. Беихтиёр мажбурий меҳнатга оид мониторингни давом эттирдик.

Аслида бундай ниятимиз йўқ эди. Негаки, тун бўйи узоқ йўл юриб келгандик. Чарчоқ устунлик қиларди. Бироқ, кутилмаганда дарахт тагидаги сўрилардан бирида ўтирган аёл сўз қотиб қолди:

– Сизни журналист деб эшитдим. Менга ёрдам қилаолмайсизми? Мана, мен бу ерга даволаниш учун Навоийдан мажбурлик сабаб келгандим. Аммо ҳозиргина мактаб директоримиз қўл телефонимга қўнғироқ қилиб, “қаерларда юрибсиз?! Эртага эрталаб кўрпа-тўшагингиз билан етиб келинг! 10 кунлик пахтага жўнайсиз! Мабодо, келмайдиган бўлсангиз, қайтиб мактабга қадам босмайсиз. Бу ерда сизга ўрин йўқ!” деб бақириб берди. Энди мен нима қиламан?

photo_2015-10-08_10-28-58“Кечирмас отага” эндигина етиб келгандим. Орқамга қайтаманми? Мактаб директоримизга нима дейман энди, уларга қандай бас келаман? Мени ишдан бўшатиб юборишса нима қиламан? Шунга ҳақи борми директоримизни? – деди сиқилиб.

Ҳамма гап ўша аёлнинг кутилмаганда берган саволидан бошланди.

– Сиқилманг, директорингизни сизни пахта теришга мажбурлашга ҳаққи йўқ. Кутиб турсангиз, ҳозир мен сизни муаммолардан халос қиладиган қоғозларни келтираман, бўладими? – деб сўрадим. Бемор ўқитувчи рози бўлди. Ҳовли сатҳи катта эди. Мен ўзимиз қўним топган сўрига қайтдим. Елена Михайловнага аёл арзини қисқача тушунтирган бўлдим-да, тайёрлаб борганимиз мажбурий меҳнатга қарши қаратилган варақалардан беш-олти нусха олиб, ҳар эҳтимолга қарши фотовидеоаппаратимни тайёрлаб, ўқитувчининг ҳузурига шошилдим.

Ўзини навоийликман деган ўқитувчи ёлғиз эмасди. Ўнга яқин аёллар даврасида ўтирарди. Аёлларга қўлимдаги мажбурий меҳнатга қарши қаратилган варақаларни тарқатдим. Ва айни дамда мазкур варақалар мазмуни ҳақида сўзлай кетдим.

– Мен Бухоронинг ромитаниданман, айлонай, – деди ёши 70 ларга яқинлашиб қолган онахон тожикча акцент билан, – ўзи ман бир етимликда ўсган бачча эдим. Худога шукур, меҳнатнинг орқасидан кун кўрдим. Мана, менинг ўртанча набирам шу йил дўхтирлик коллежига ўтди. Пахта дейишди. Ўзимиз пахтага олиб бориб, ўз чўнтагимиздан квартира олиб бердик. Бир ойга. Иккита катта-катта сўмкага продуктасини ғамлаб жўнатдик. Иб-э, сиз нима деёпсиз ҳали? Ўқувчи пахта териши мумкинмас? Дўхтир пахтага чиқиши мумкинмас? Ўқитувчи дарсини берсин деёпсизми? Қаернинг гапи бу? Ёшгина набирам аллақачонлар пахтага. Ҳамма куртошларининг еб-ичиши ўзидан, ётоқ пули киссасидан, кунлик планни қилса қилди, бўлмаса, планни бут қилиш учун камига қишлоқдаги теримчилардан пахта сотиб олиш чўнтагидан. Ҳаммага келган тўй шу-да ҳозир. Мана, мендан интервью олинг, – онахон қулайроқ ўтириб олди.

– Албатта, -дедим онахонга. Шу маҳал сўри гирдида бизни кузатиб турган тўрт нафар норғул йигитларга кўзим тушди.

“Булар бизнинг шу ердалигимизни қаердан билишди экан? Шу ерниям топиб келишибди-я?” Деган ўй ўтди кўнглимдан. “кузатувчи”ларга эътибор бермаган кишидек, нигоҳимни тезда олиб қочдим, – сиздан интервью олмасам, кимдан оламан, онажон, – гапимни давом эттирдим.

Бир зумда ўн чоғли аёллар сони 20 га айланди. Қўлимдаги варақаларнинг харидорлари кўпайиб кетди. Яна қайта “огоҳлик” варақаларини келтиришимга тўғри келди.

Ўзимиз ўтирган сўрига келганимда Урлаева йўқ эди. Варақалар уларнинг сумкасида бўлганлиги сабабли, бировнинг сумкасига қўл сололмай, ҳамроҳимнинг қайтишини кутиб қолдим. Елена Михайловнага “айғоқчилар”имиз ҳақида суюнчиладим. Улар “Ҳа, мен аллақачонлар сезгандим буни” деб қўйдилар. Бироз ҳаялласам-да, қўшимча мажбурий меҳнатга қарши қаратилган огоҳлик варақаларини олиб, аёллар олдига қайтдим.

Варақаларни тарқатиб бўлгач, “энди интервью олсам ҳам бўлади, тайёрмисизлар?” Десам, қайда, ҳаммалари то огоҳлик варақаларини келтиргунимга қадар айнаб қолишибди.

Ҳалигина “мана, мендан олинг интервьюни!” дея шай турган бухоролик онахоннинг фикри 360 градусга ўзгариб ўтирибди. “йўқ, мен ниманиям билардим. Пенсияда бўлсам, уйдан чиқмаган қария ниманиям биларди?” деб ўтирибди. “тиббиёт коллежининг 1-курсида ўқийдиган набирангизни пахтага кетгани ва егулиги, ётоғига чўнтагингиздан харж қилганингиз ҳақидаги ҳикоянгизни гапириб берсангиз бўлгани?” дедим. Унамади.

Мажбурий меҳнатга оид варақани ўқиган навоийлик муаллима эса “шуни олиб бориб директорга кўрсатаман, бир гап деса, мана бу рақамларга телефон қиламан” деди-ю, ҳалигина айтган “ҳангомаси” ҳақида интервью берай демайди. Уларни ҳам кўндира олмадим.

Бироқ халқимизнинг мардона вакиллари ҳам бор экан. Даврамизга қўшилиб, варақалар моҳияти билан танишаётган аёллардан бири:

– Қани эди биз томонларга борсангиз эди. Бизда ҳатто 6-синф ўқувчиларини ҳам пахтага қувишган. Сиз ҳали ўқитувчиларни пахтага жалб қилиш мумкинмас, деб турибсиз. Бизда бундай гаплар йўқ, – дея гап қўшиб қолди.

– Қаер экан сиз томонлар, опа? – сўрадим жонланиб.

– Қашқадарёликман. Касби туманидан мен ҳам ўқитувчи бўлиб ишлайман.

Касбилик муаллима бир озлик иккиланишдан сўнг интервью беришга рози бўлди.

Уларнинг суҳбатларидан сўнг мониторингни Қашқадарё вилояти, Касби туманининг Фазли қишлоғида давом эттиришни дилимга тугиб қўйдим.

– Бизда эса ўқитувчилар навбатма-навбат пахтага жалб этилади, – деди Қарши шаҳридан келган ўқитувчилардан бири, – мактабда тўртта физика ўқитувчиси бўлса, иккитаси чиқади, иккитаси уларнинг ўрнига дарс ўтади. Мактабимиздан қирқ киши пахтага олиб кетилган. 20 нафари ўқитувчи, қолган 20 таси фаррош, қоровул, боғбон… Шунақанги ходимлар…

Суҳбатдошимнинг овозларини ёзиб тургандим, Елена Михайловна билан Тўхтабой отанинг хислатлари ҳақида китоб ёзаётган адиба дугонам келиб қолди.

– Ўртоқ, бу ерда интервью олиш мумкин эмас. Бунга ота рухсат бермайдилар. Сиз тўғри тушунинг, ҳозир ота беморларни даволаяпти, уларга шунча шарт-шароитлар яратиб қўйибди. Сиз пахта сиёсатига оид интервьюлар олиб ўтирибсиз. Эртага буларни интернетга чиқариб юборганингиздан кейин, “интервьюни қаерда олганди?”, “Кечирмас отада олганди” деган гаплар чиқади. Кейин отанинг фаолиятларини тўхтатишлари, “Кечирмас ота”ни ёпиб қўйишлари мумкин. Сиз эса даволаниш умидада келган шунча хастанинг қарғишига қоласиз. Илтимос, ёзманг, йиғиштиринг ишингизни, кетдик, юринг, – деди.

– Тўхтабой отанинг ўзи айтиб юбордиларми сизга шу гапларни? – деб сўрагандим, ўртоғим:

– Йўқ, сеансдан кейин, кечаси уларнинг тинчини бузишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди. Буни менинг ўзим айтаяпман. Негаки, отанинг рухсат бермасликларини яхши билганим учун ҳам айтаяпман, – деди.

– Яхши, бўлди, аудиога ёзмайман. Зиёратгоҳга келган аёллар билан ўзим истаган мавзуда шунчаки гаплашиб ўтирсам бўлар? – сўрадим.

Ўртоғимнинг розилигини олгач, суҳбатни давом эттирдик.

– Биздаям ўқувчилар пахтага чиқишади. Лекин Қашқадарёдаги каби 6-синф ўқувчилари ҳам эмас. Мана, масалан, 9- синфларни мисол қилиб олсак, бир кун 9-“а” синф тушликкача пахта терса, эртаси куни 9-“б” синф пахтага чиқарилади. 8-“а” бир кун теради, бир кун дарс ўтади, кейинги куни пахтага чиқиш гали 8-“б” синфга келади, – деди ўзини Навоий вилоятининг кармана туманиданман деб таништирган муаллима.

– Нафақаларимизни берухсат пластикка ўтказиб юборишмоқда. Шулар ҳақида ёзинг, – деб қолди онахонлардан бири.

– Шаҳар кўчаларининг озода эмаслигини гапиринг, – гап ташлади яна кимдир.

– Бизни пахтага чиқаришганларида “ўз ихтиёрим билан пахта тераяпман. Пул керак. Ҳар кунги терганимизга ҳар куни, 1 килограммига 240 сўмдан ҳақ беришади. Шунинг учун ҳам чиққанмиз” деб айтасизлар, деб ҳаммага бир тайиндан минг тайин қилишади, – деди андижонлик опа.

– Маҳаллакомлар икки ёшгача бўлган болалар пулини тўғрилаб бериш учун 200 минг сўм сўрашади, кам таъминланганман деб ёрдам сўрасак, икки ойлигини берасан дейишади. Шу масалаларниям кўтариб чиқмайсизларми? – сўрайди самарқандлик аёл….

Суҳбат орасида отадан шифо топганлар ҳам тўлқинланиб гапга қўшилиб қолишарди:

– Мен ўпка ракига чалингандим. Онкологиядан “умид йўқ” деб уйимга жавоб бериб юборишганди. Кимдандир Тўхтабой отанинг дарагини эшитиб қолдим. Умид билан келгандим. Шапатлаб, дардимга шифо берди. Қайтиб бориб, аппаратга тушгандим. Дўхтирлар “қандай соғайиб кетдингиз? Сизда ракдан асорат ҳам қолмабди-ку?” деб ёқа ушлашди. Шу-шу отага аҳён-аҳёнда келиб тураман, – дея ҳикоя қилди қашқадарёлик аёллардан бири.

– Хато ўйлаётган бўлсам, худонинг ўзи кечирсину, бироқ мен фақат худонинг ўзигагина ишонаман. Бандасида мўжизавий хислатлар борлигига ишонмайман. Одам Яратганнинг қули-ку. Қандай қилиб қул Эгамдан қудратли бўлиши мумкин? Сизни ишончинигиз даволаган бўлса керак. Сиз ўзингизни ўзингиз даволагансиз аслида, – дедим.

– Ундоқ деманг, – бош чайқади суҳбатдошим, – Худо дардингизга шифо бераман деса, кимнидир сабабчи қилиб юборади….

– Қайдам…, – иккиланиб қолдим. Чунки айни шу тобда мен ҳам отанинг мўжизакорлигига сидқидилдан ишонишни, ихлос қилишни, ана шу ишонч шарофати билан шифо топган кишилар каби оёққа туришни, дардларимни унутишни, тамомила соғайиб кетишни ич-ичимдан истардим. “ихлос – халос” дейишади, ахир….

Аёллар билан суҳбатимиз то ярим тунга қадар давом этди….

Мўжизакор тўхтабой ота ҳақиқий “мўжиза” кўрсатди….
ёхуд тўхтабой отанинг сиёсати…

photo_2015-10-08_10-26-07Очиғи, ушбу эпизодни қаламга олмоқчи эмасдим. Бироқ, ёзмагудек бўлсам, охири кўринмас ҳикоямда нимадир етишмаётгандек кўринаверди. Охийри, ушбу қисмни қайта киритмасам бўлмади. Балки бу ҳикоя ўзгалар учун аҳамиятсиздек туюлар. Аммо мен учун жуда муҳимдек….

Феълимда бир қусур бор. Ҳамма нарсага савол назари билан қарайман, шубҳа кўзи билан боқаман.

Гарчи Тўхтабой отанинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мўжизавий хислатларига ҳам ишончсизлик билан қарасам-да, эрта тонгда негадир отадан яна бир бор сеанс олишни дилимга тугиб қўйдим.

Одатда тўхтабой ота сеансни ҳар куни соат 10.00 да бошлар экан. Уддалашимиз керак бўлган юмушларимиз бисёрлиги сабаб биринчилардан бўлиб навбат олдим.

Шу кутдик, шу кутдик. Аксига олиб, отахон даволаш сеансига бир ярим соат кечикиб келди. Ёрдамчилари отахонни уй тўрига – сўри томон етаклади.

“қабулхона”лари лиқ тўла одам. Камида 700 га яқин. “тезроқ сеансни бошласалар эди” деб бетоқат бўлиб тургандим, бироқ Тўхтабой ота даволаш сеансини бошлашга шошилмади. Сўрига ҳам ўтирмади. Тик турган ҳолда зиёратчилар ва беморларга юзланди-да, Хоразм шевасида баланд овозда сўз бошлади:

– Сенларнинг ораларингда фикри бузуқ аёллар бор! Ношукур бандалар! Сенлар бу ерга нимага келгансизлар?! Шифо топганими? Ё ҳар хил ғаламисларнинг гапига қулоқ осганими? Қўшилманглар уларга дедим! Уларни эшитманглар! Уларга гапирманглар! Онги бузуқ уларнинг! Шукурни билмайди! Қани, айтинг, нима етмайди сизга! Ҳамма нарса сероб бўлса, мўл бўлса! Юртимиз тинч бўлса! Яна нима керак сенларга! Йўқ, бу иғвогарлар мустақиллигимизни кўролмайди! Фасод қилади! Юртини сотади! Элини сотади! Ота-онасини сотади! Муттаҳамлар улар! Нонкўрлар! Аҳмоқлар! … – Тўхтабой ота қахр ва нафрат билан хитоб қиларди.

“Аҳмоққа калтак, ақлга ишора” деганларидек, ота кифтини келтириб “таърифлаётган”, “ахмоқ, фикри бузуқ хотинлар!”, “ота-онасини сотадиган, юртни сотадиган юртфурушлар!”, “мустақиллигимизни, тинчлигимизни кўролмайдиган ношукур бандалар” деганда айнан бизларни назарда тутаётганлигини англаб турардим. Ота биз томон ўгирилмаса-да, айнан бизга қарата нутқ сўзларди. Бизни “обориб-обкеларди”. Ҳақоратли сўзлари айнан Елена Урлаева ва менга тааллуқли эканлигини тушуниш қийин эмас эди.

Тўхтабой ота овози борича бақирар, гапирган сари жаҳл отига минарди. Сув қуйгандек жим-жит ҳайҳотдек уйда отанинг овози акс-садо берарди. Тўхтабой ота маърузасининг “ифори”дан шуни англадимки, махсус хизматлар шу кечада, ёинки тонгда отани обдон ўз измларига солишган. Онгини заҳарлашган. Бизга қарши қайрашган. Буни фаҳмлаш учун инсон илмий иш ёқлаган бўлиши шарт эмас….

Шу алфозда узоқ сиёсий нутқ сўзлаган отахон:

Қани омин! – дея қўлларини дуога очди. Ўтирганлар ҳам. Жумладан Урлаева ва мен ҳам, – юртимизни тинч этган, ҳаётимизни фаровон этган президентимиз Каримов 100 га кирсин! Бизни тинчлигимизни сақлаётган СНБ (айнан шундай дедилар. МХХ эмас, СНБ) даги жонбозларимизгаям кўп раҳмат, мингга кирсинлар! Бизни қўриқлаётган милисаларимизни ҳам боши омон бўлсин! Тинчлигимизга кўз тегмасин! ….., – Тўхтабой ота ҳукуматга адоғсиз ҳамд ўқиди, давомли дуо қилди. “элини сотадиган юртфурушлар, онги бузуқлар”ни лаънатлади, Ўзбекистон президентига, снбсига, милициясига ҳамду санолар ўқиди, узоқ умрлар тилади.

Кафтимни дуога очиб турарканман, “энди нима қилдим? Қўлимни юзимга тортсаммикин, йўқмикин?” Деган ўйда секингина Тўхтабой отани етаклаб кирган “помощник” йигитга қарадим. Унинг ҳам нигоҳлари биз томонга қадалган экан.

Орадан қанча фурсат ўтди, билмадим, бир маҳал хаёлимни мўжизакор отанинг “Аллоҳу акбар!” деган овози тўзғитди.

Ҳамма қўлларини юзига тортди. Биз ҳам….

Ким билсин, қўлини дуога очганлар орасида балки айнан мен каби ўйда ўтирган одамлар ҳам бордир, эҳтимол? Балки “Аллоҳу акбар” дея қўлларини юзига тортган отанинг тили бошқа, дили бошқа дуо дегандир, ким билсин? Бу ёлғиз яратгангагина аён, бандасига гумон….

Сеанс бошланди. Биринчи бўлиб ёш болалилар, кейин ногиронлик аравачасига михланганлар, оғир беморлар…

Даволаш сеанси чоғида ҳам отанинг ғазаби босилмаганди.

Азалдан одатлари шунақами, билмадим, ота қаршисига келиб қўнган беморни шунчаки шапатламас, бошига, жағига қулочкашлаб тушириб қолар, (бир эмас, бир неча маротаба солиб қоларди) айрим беморларни тепиб ҳам юборарди.

“Нима жоним бор менинг? Мабодо мени ҳам шунақанги қулочкашлаб жон-жаҳти билан солиб қоладиган бўлса, ўпкам ўпирилиб тушса керак. Қайтиб тура олмай қолишим аниқ” деган хаёлда ҳадиксирардим.

Йўқ, қўрққанимдек бўлмади. Тўхтабой ота ички сезги билан ҳис қилдими, билмадим, ҳарҳолда мени “ўпкамни ўпириб юборар даражада” солиб қолмади…

“Кечирмас ота”ни тарк этарканмиз, “отахоннинг сиёсий нутқини тушундингизми?” деб сўрадим Елена Михайловнадан..

“Кам, кам. Ўзбекчадан фарқли. Хоразмча. Тушуниш бироз қийин” жавоб қилди Урлаева.

– Бу сафар махсус хизмат ходимлари, ортимиздан изма-из келган айғоқчилар бизнинг юзимизга Тўхтабой отанинг қўли билан шапалоқ тортмоқчи бўлишди, – дедим-да билганимча отахон нутқининг мазмунини ҳамроҳимга тушунтиришга уриндим.

– Наҳотки “светой отец” сиёсий маъруза қилган бўлса? – ҳайратланди Елена Михайловна, – наҳотки?!… У ерда мингга яқин одам бор эди. Куч ишлатар тизимлар нима қилмоқчи бўлишган? Менимча, отахоннинг кучи билан бизни одамларга тошбўрон қилдиришни режалаштиришган. Бу ердагилар Тўхтабой отага ниҳоятда ихлос қилишаркан. Мабодо, отахона буюрса, бу одамлар бизни тошбўрон қилишдан ҳам тойишмасмиди, ким билади янаям…. Демак, кеча тунда зиёратгоҳда бўлганимиз учун ҳам бизга тегишмагандир, Тўхтабой ота орқали жазолашни исташгандир, эҳтимол?…

– Ажабо! Агарда ростдан ҳам Тўхтабой ота мўжизакор хислат эгаси бўлса, куч ишлатар тизимларидан ҳайиқармиди? Бизнинг асл мақсадимиз, кимлигимизни билмасдан туриб, “ношукур бандалар! Фикри бузуқлар!” Дермиди? Махсус хизмат ходимларининг йўриғига юрармиди? – дедим ҳамроҳимга норози тўнғиллаб.

photo_2015-10-08_10-28-30Аммо бир нарсани худонинг олдида ҳам, бандасининг олдида ҳам тан олишим керак: гарчи Тўхтабой отанинг мўжизакор хислатига шубҳа кўзи билан қараган, у қадар ихлос қилмаган бўлсам-да, дардларим аригандек бўлди. Енгил тортдим. Қулоғим ортидан чиққан номаълум яра уч ойдирки битмасди. Доимо мадда оқиб турарди. Дўхтирга борсам, малҳам ёзиб беришарди. Бироқ ҳеч бир дори-ю малҳамлар кор қилмасди. Мен қарақалпоғистондан қайтаётган куним қулоғим ортидаги уч ойдирки тузалмас яра битиб кетди десам, ишонасизми? Ёки бу шунчаки тасодиф дейсизми, билмадим…

Бироқ, менинг билганим, кўзим билан кўрганим, қулоғим билан эшитганим – гувоҳи бўлганим шуки, “Кечирмас ота” зиёратгоҳида ҳайратомуз ҳодиса рўй бергани рост: мўжизакор Тўхтабой отанинг шифобахш сеанс ўрнига хасталарга кутилмаганда сиёсий маъруза ўқиши чинакам мўжиза эди!

(давоми бор)

 

Тағин ўқинг
2 октябр 2019
Бугун устозим, ака-дўстим, ажойиб инсон, ўз услуби ва сўзига эга бўлган шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг туғилган куни! Афсус, ...
6 июл 2016
Ўтган ҳафта АҚШ Давлат департаментиннинг трафикинг бўйича янги ҳисоботида янги рейтингида Ўзбекистон пахтачиликдаги мажбурий меҳнат боис энг паст даражага ...
12 июн 2023
Тошкентнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон пойтахтида яна бир университет очиш ниятида эканини билдирди.  Унинг бу баёноти Akfa университети ...
13 май 2016
Варшава циркининг Тошкентдаги гастроли чоғида циркда томоша кўрсатаётган филлар қутуриб, томошабинларга ташлангани ҳақида хабар тарқалди. Воқеани ўз кўзи билан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...