Дайжест
6 октябр 2016

«Сирли» номзодлар учун имзо йиғилмоқда

Айни кунларда 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловига иштирок этиши кутилаётган номзодлар учун сайловчилар имзосини тўплаш жараёни бормоқда.

Партияларнинг расмий газеталари бу жараён «фаоллик ва уюшқоқлик» билан ўтказилаётгани ҳамда тез кунларда якунланишини ёзаётир.

rasm1890
Президентликка «сирли» номзодлар. Рассом: Кирпи

«Миллий тикланиш» газетаси (05.10) шу номдаги демократик партиянинг барча бўғиндаги ташкилотлари имзо тўплашни «қонунчиликда белгиланган тартибда» ва «юқори савияда» ўтказаётганини билдирди.

«Сайловчилар имзосини белгиланган тартиб ва миқдорда тўплаш партиямизнинг ушбу сиёсий жараёнда ўз номзоди билан иштирок этишини таъминлайди», дейилади газетада.

Халқ демократик партияси нашри бўлмиш «Ўзбекистон овози» газетаси (04.10) ҳам имзо тўплаш жараёни якунланаётганини айтар экан, «имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбур қилиш ва уларни оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши»ни эслатиб ўтади.

Газеталар партиялар имзо тўплашда уларнинг аъзолари қанчалик фаоллик кўрсатаётганини ёзмасин, бу жараёнда Ўзбекистондек «демократик ва ҳуқуқий давлатларга» хос қусур – маъмурий босимдан фойдаланилаётганини кўриш мумкин.

Яъни шу кунларда маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларига иши тушганлардан, аввало, бирор партия номзоди учун имзо варақасини тўлдириш сўралаётир. Албатта, варақани тўлдириш ихтиёрий-мажбурий кўринишдадир.

Газеталарда эътибор қаратиш мумкин бўлган яна бир жиҳат шуки, сайлов жараёнига тааллуқли бирорта мақолада партиялардан кўрсатилиши кутилаётган номзодларнинг номи йўқ.

Масалан, «Миллий тикланиш» газетасида сайлов мавзусида бештадан ортиқ мақола берилган бўлса-да, «Миллий тикланиш» партиясидан президентликка кўрсатилаётган номзод исми сирлилигича қолган. ХДП ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин.

Бу «сирли шахслар»нинг номи газеталарда фалон «партиядан Ўзбекистон президентлигига кўрсатиладиган номзод» шаклида берилмоқда.

Албатта, ўзбекистонлик ҳозиржавоблар партияларнинг бундай «камтар»лигини сайловолди сиёсий тактикасига йўйиши ҳеч гап эмас. Лекин одатда демократик жамиятларда сайловга шундай ҳам кам вақт қолганда бундай сиёсий тактикадан фойдаланилмайди.

Илгари тўйларда катта товоққа чиқадиган, яъни энг йирик совринга даъвогар кучли полвонни омма кўзидан яшириб туриш одати бўларди. Балки партиялар ҳам «катта полвон» номини шунинг учун газеталари орқали билдирмаётгандир?! Ёки аввалроқ номини айтиб қўйса, кўз тегишидан чўчишяптимикин!?

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 ноябр 2023
Яна ўша эски тирмоғичга қоқилиш. Марказий банк миллий валюта конвертациясини чеклаш бўйича янги таклифлар билан чиқди. Ушбу ташаббуснинг Ўзбекистонга ...
13 феврал 2018
13 февралда Стокҳолм шаҳри судида террор жиноятида айбланаётган ўзбекистонлик Раҳмат Оқилов маҳкамаси бошланди. Ушбу жиноят иши 35 кун, яъни ...
21 июн 2019
Хушхабардан бошласам гапимни. Россиялик олигарх Усмонов Тошкентдаги мактаб деворини оқлаб берадиган бўлди. Малладес, брат. Ашнақа бўсин! Хонқа дон комбинати ...
4 феврал 2019
Тадбиркорликни ҳимоя қилиш шиорини кўтариб олган амалдорлар аслида ишбилармонларнинг саъй-ҳаракатларига энг катта тўсиқ бўлиб қолаётир. Хоразмда ўзи хон, кўланкаси ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...