Дайжест
17 январ 2017

Далаларда танклар пахта теради

Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни байрами халқ орасида тантана қилинмаган бўлса-да, расмий доиралар томонидан анча дабдабали кутиб олинди. Мамлакат нашрларда ана шу юзаки дабдабаларнинг инъикосини кўриш мумкин бўлди.

Янги йил мавзуси эскириши билан барча нашрлар бутун диққат-эътиборини Ватан ҳимоячилари мавзусига қаратди. Уларда «қудратли ва шавкатли» армиямиз ҳақида бири-биридан нуқс олган мақолалар чоп этилди.

Аммо мамлакат президентининг байрам табригини ҳижжалаб ўқиб, сал мулоҳаза қилинса, аслида армиямиз унчалик ҳам мақтанадиган даражада эмаслиги, ҳал этилиши керак бўлган масалалар жуда кўплиги аниқ кўринади.

Аввало, президентнинг бу галги табриги аввалги йиллардагидан кўра ҳажман анча йирик, залворли ва айтиш мумкинки, дастурий бўлгани эътиборлидир. Бу табрик орқали давлат раҳбари армия тараққиётининг янги йўналишларини белгилаб берди, дейиш мумкин.

Эътиборни тортадиган биринчи жиҳат шуки, президент миллий хавфсизлик соҳаси қонун талаблари асосида бошқарилмаётганини билвосита тан олган ва буни «…ўта муҳим соҳани қонун талаблари асосида бошқариш самарадорлигини ошириш устувор вазифаларимиз қаторига киради», деб юмшоқроқ ифодалаган.

Албатта, бу ўринда гап Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги манзили томон ҳам йўналганини англаш қийин эмас. Зеро, сўнгги вақтларда бу идораларнинг ўзини қонундан устун қўйиб, жиғилдонни Ватан манфаати билан адаштириб қўяётганини ўз тақдирида тинимсиз синовдан ўтказиб келаётир.

Давлат раҳбари оғиз кўпиртириб мақталган миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш ҳам кўнгилдагидек эмаслигини айтган. Бу борада 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс дастур ишлаб чиқиш биринчи галдаги вазифа этиб белгилангани бунинг исботи сифатида кўринади.

Табрикда Қуролли кучлар академиясини янгидан ташкил этиш ташаббуси илгари сурилгани қўшинлар учун қўмондонлар тайёрлаш сифати талабга жавоб бермаслигига ишорадир.

Президент қўшинларни тайёрлаш борасидаги тадбирларни режалаштиришга янгича ёндашувни ишлаб чиқиш аҳамиятга эгалигини ҳам билдирган.

Албатта, ҳар йили кузда минглаб аскарлар пахта йиғим-теримига жалб этиладиган мамлакатда қўшинлар тайёргарлиги масаласи долзарб эканлигини сир тутиб бўлмайди.

Балки бу ёндашув аскарлардан бевосита белгиланган мақсадлар йўлида (по назначению дейди ўрислар) фойдаланишни назарда тутар?!

Далаларда танклар пахта теради, дея ёзганди тинчликни куйлаган шоир бир вақтлар. Афсуски, ҳақиқатан ҳам танклар, тўғрироғи, аскарлар пахта терадиган даврда яшаяпмиз.

Тинчлик замони бўлгани учун эмас, ҳамма ўз ишини қилмай, фуқаролар кимларнингдир манфаати йўлида бошқа ишларга жалб этилаётгани учун шундай бўляпти.

Президентнинг дастурий каби кўринадиган табригида айтилган сўзлар қўшинларнинг ишончли ватан ҳимоячилари бўлишига қаратилган, деган некбин мулоҳазаларга чорлаётгандек…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 август 2015
Урганч кўли фожиаси ҳақидаги хабарни ўқиб ўтириб, унга қолдирилган ғалати изоҳни кўриб қолдим: “8-oй, 8-кун 8-канал! 888-сатаник рақам”. Бошқа ...
30 ноябр 2018
1992 йилнинг декабрь ойида Қаҳрамон Хўжақулов яна ўз манбаларидан жиддий маълумот олади. Бу сафар МХХ ходимлари Афғонистондан Ўзбекистонга контейнерда ...
26 август 2023
Украинага қарши Россия томонида жанг қилаётган “Русич” неонацистлар гуруҳи «ҳар қандай жанговар топшириқларни бажаришни тўхтатганини» билдирди. Ҳаммаси жангари гуруҳнинг ...
4 январ 2017
Украин халқ артисти, “Верка Сердючка” тахаллуси билан шарафланадиган 44 яшар Андрей Михайлович Данилко янги йилни Тошкентда қутлади. Данилко Тошкентдаги ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...