«Мен бу тушни кўрганман олдин…»
Қудрат Бобожон 1965 йил Урганч шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган. Би-Би-Си, Озодлик радиоларининг минтнақавий мухбири бўлган. «Уруш ва тинчликни ёритиш» институтида ишлаган. Айни пайтда Швецияда яшайди.
Kўҳна Урганч
Мен бу тушни кўрганман олдин,
Ноҳуш таъбири ҳам эсимда:
Борармишман бўшлиққа қараб,
Келар эмиш Қўрқув изимдан.
Босиб келар эмиш кун сайин,
Босиб келар эмиш кун сайин…
Сўнгра Ваҳм-Зулумот билан
Бошлар эмиш бир маккор ўйин.
Кўзларининг соққаси чиққан
Оломонга ўхшармиш Қўрқув.
Бутун Турон эмиш занжирбанд,
Бутун юртни элитмиш уйқу…
Ва занглаган занжирларини
Шалдиратиб юрармиш Қуллик.
Бу Қулликнинг башарасига,
Кўзларига боқармишман тик.
Шалдиратиб юрармиш Қуллик,
Шалдиратиб келармиш занжир.
Оёқлари остида унинг
Уч юз олтмиш қабристон ҳам жим…
Ҳувиллармиш буюк қабрлар,
Тебранармиш зангилар қалт-қалт.
Уч юз олтмиш занжир халқаси,
Уч юз олтмиш халқа эмас – халқ!
Уч юз олтмиш авлиё ҳам жим,
Кўзларимга мунглиғ ёш қалқар.
Мен билмадим, ё англамадим,
Нечукдир жим эмиш бу халқлар?
Бу ерларни ортиқ кезмадим,
Сўнг хонамда бир ўзим қолдим…
Эслаяпман, барин эсладим!
Мен бу тушни кўрганман олдин.
Қудрат Бобожон
Озодлик оҳанглари
eltuz.com