Асосий мавзулар
11 феврал 2019

Ўлгани иддао қилинган уйғур қўшиқчисининг Хитой қамоғидан йўллаган видеотасвири эълон қилинди

Турк дунëсининг буюк қўшиқчиси¸ “дутор қироли” 55 яшар Абдураҳим Ҳайитнинг Хитойдаги қамоқда суратга олинган видеотасвири 10 февраль куни тармоқда тарқалди. Абдураҳим Ҳайитнинг қамоқда ўлдирилгани ҳақидаги хабарни 8 февраль куни турк нашрлари маълум қилган эди.

Бу хабар ортидан Туркиядаги таниқли сиëсат арбоби, Ийи партия лидери Марол Оқшанар дохил ўнлаб турк сиëсатчилари ва жамоатчилик вакиллари Хитой зулмини қоралаб чиқишди.

Матбуотда кўтарилган хавотирлар ортидан 10 февраль куни таниқли қўшиқчи Абдураҳим Ҳайитники дея тақдим қилинган видеотасвирни Эркин Эмет (Erkin Emat) исмли фейсбук юзери тармоқда эълон қилди.

Видеода ўзини Абдураҳим Ҳайитман дея билдирган шахс Хитой қамоғида гумондор сифатида ушлаб турилгани ва соғ-саломатлигини билдирган. Видеода инглизча ва туркча тагëзув бор.

Абдураҳим Ҳайит дея ўзини таништирган киши “Бугун 2019 йил иккинчи ойининг ўнинчи куни (2019 йил 10 февраль ). Қонун тарафидан мени гумон қилинганим учун текширилиш муносабати билан бу ерда турибман. Ҳозир саломатлигим яхши. Мажбурлаш, зўрлаш бўлмади”, дейди.

«Элтуз» мухбири суҳбатлашган Шарқий Туркистон фаоллари видеодаги шахснинг “2017 йили Урумчида қўлга олиниб, Хитой фашист режимига малайлик қилаëтган суд» тарафидан 8 йил оғир қамоқ жазосига ҳукм қилинган таниқли қўшиқчи Абдураҳим Ҳайит эканлигини тасдиқлашди.

Уйғур фаолларидан яна бири Аблаким Тўхтанинг «Элтуз» мухбирига айтишича, “Абдураҳим Ҳайитнинг қийноққа солингани ва мажбуран видеокамера қаршисида гапиртирилгани кўриниб турибди”.

Унинг билдиришича, Абдураҳим Ҳайит 2017 йили қамоққа олингани ҳақида Урумчидаги «Шинжон қўшиқ ва рақс группаси» вакиллари тарафидан дунëга маълумот тарқатилган эди.

Аблаким Тўхтага кўра, “буюк қўшиқчи Абдураҳим Ҳайит ижро қилган «Оталар» қўшиғи Хитойнинг туркларга қарши тизимли қирғин олиб бораëтган хавфсизлик хизматлари диққатини тортган”.

Абдураҳим Ҳайитнинг “Лайлим”¸ “Қаршилашганда” каби қўшиқларида турк тилида гаплашувчи мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистонда машҳур.

Улуғ уйғур шоири Абдураҳим Тилешуп Ўткур (1923 -1995) қаламига мансуб “Қаршилашганда” шеърининг уйғур ҳофизи Абдураҳим Ҳайит ижросидаги талқини кўплар таҳсинига сазовор бўлган.

Қўшиқдаги «Дедим: «ўлим бордур..» Деди: «йўлимда». Дедим: «қўрқармисан?» У деди: «Йўқ йўқ»” сатрлари бугун Хитой қамоғида азоб чекаëтган, ўлик-тириклиги савол остида қолаëтган улуғ қўшиқчи Абдураҳим Ҳайитнинг кураш йўлини ифода этади.

«Саҳар вақти кўрдим кўзим султонин
Дедим: «Султонмисан?» У деди «Йўқ, йўқ» .
Кўзлари ëлқинли¸ қўллар хиноли
Дедим «Чўлпонмисан ?» У деди: «Йўқ, йўқ» .

Дедим: «Исминг нима?» Деди: «Ойхондир».
Дедим: «Юртинг қаер?» Деди: «Турфондир».
Дедим: «Бошингда не?» Деди: «ҳижрондир».
Дедим: «ҳайронмисан ?» У деди: «Йўқ йўқ» .

Дедим: «Ойга ўхшар..» Деди: «Юзимми ?»
Дедим: «Юлдуз каби..» Деди: «Кўзимми?»
Дедим: «Ёлқин сочар». Деди: «Сўзимми ?»
Дедим: «Вулқонмисан?» У деди «Йўқ йўқ»

Дедим: «қиëқ надур?». Деди. «қошимдур».
Дедим «қундуз надур?» Деди: «сочимдур».
Дедим «ўн беш надур?» Деди: «ëшимдур».
Дедим «жононмисан?» У деди: «Йўқ, йўқ» .

Дедим: «Денгиз надур?» Деди: «қалбимдур».
Дедим: «раъно надур?» Деди: «Лабимдур».
Дедим: «шакар надур?» Деди: «тилимдур».
Дедим: «бер, оғзимга» У деди: «Йўқ, йўқ» .

Дедим: «занжир турар». Деди: «бўйнимда».
Дедим: «ўлим бордур..» Деди: «йўлимда».
Дедим: «билагузук». Деди: «қўлумда».
Дедим: «қўрқармисан?» У деди: «Йўқ, йўқ».

Дедим: «Нечун қўрқмайсан?» Деди: «Тангрим бор».
Дедим: «Яна нима?» Деди: «Халқим бор».
Дедим: «Яна йўқми?» Деди: «руҳим бор».
Дедим: «Хурсандмисан?» У деди: «Йўқ, йўқ» .

Дедим: «Истак надур?» Деди: «Гулимдур».
Дедим: «Кураш бордур..» Деди: «Йўлимдур».
Дедим: «Ўткур кимдир?» Деди: «қулимдур».
Дедим: «Сотармисан?» У деди:»Йўқ, йўқ».

Абдураҳим Ҳайит 1964 йилда Кошғарда туғилган. Кошғар санъат билим юртида таълим олди. Қисқа вақт ичида юксак дутор ижрочиси сифатида танилди. 1986-1993 йилларда Пекиндаги Хитой халқлари марказий ансамблида фаолият юритди. Бу орада у уйғур халқининг чексиз муҳаббатига сазовор бўлган моҳир хонандага айланди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 ноябр 2022
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та навбатдаги шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Дастлабки шикоят Бухоронинг Шофиркон туманидан. Шофирконда ток йўқ «Ассалому ...
6 август 2023
Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги “Зарбдор” газетасининг бош муҳаррири Ғуломжон Ҳамзаев Элтузга мактуб йўллаб, мамлакат раҳбариятидан туман ҳокими Зафар Рўзиев ...
9 декабр 2023
Жиззах вилоятида ҳам «Долзарб – 40 кунлик» махсус профилактик тадбирлари доирасида жиноий гуруҳларга аъзо бўлган, ижтимоий муҳитга салбий таъсирини ...
21 июн 2016
Россиялик енгилатлетларни халқаро мусобақаларга қўймаслик қарори уларнинг муттасил допинг истеъмол қилишлари билан боғлиқ. Бу ҳам етмагандай, россиялик спортсменларни допинг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...