Cатира
16 феврал 2019

РТдан ваъз: Кичик давлат раҳбари ҳақида

Пул ҳамма нарсани ҳал қилади, дейишади. Менимча, сиëсат ҳамма нарсани ҳал қилади. Вақтида берилган ваъда ва одамларни ишонтириш санъати. Бу гапимга илова сифатида ривоят айтсам.

Иккита давлат қўшни бўлиб яшар экан. Битта давлат катта экан. Халқиям кўп. Иш жойларию иш ҳақлари ҳам. У давлатда пул дарахтларда барг каби ўсиб ëтар экан. Эринмаган одам ўша дарахтни бир тепса, дув этиб пул тўкилар экан.

Иккинчи давлат ҳудуди кичик ва халқи ҳам ночор яшар экан. Улар ўзларини қашшоқ деб айтишар экан. Паспортига ҳам «қашшоқ» деб ëзилганмиш. Уларни 25 йил эзиб қашшоқ қилган президенти ичбуруғдан ўлиб қолиб, ўрнига ўнг қўл вазир президент бўлиб олган экан.

У олдинги президент нима қилган бўлса, тескарисини қила бошлабди. Ҳовузларни кўмдирибди. Уйларни буздирибди. Дарëларни тескари оқиздирибди. Одамлар кундузи ухлаб, кечаси ишласин дебди. Товуқлар ўнта тухум қилсин, деб буйруқ ҳам чиқарибди.

Сигирларнинг эмчагига ҳисоблагич ўрнатибди. Куëвлари ва қизлари эса халқнинг чўнтагига камера ўрнатишибди. Ҳар 10 сўмдан 9 сўмини бизга берасан, дейишибди президент куëвлари.

Бу аснода халқ бошқа давлатга кўчиб кета бошлабди. Лекин хотинлар тезда учтадан туғиб, кетган аҳоли сонини тўлдириб қўйишибди.

Бу орада нариги катта бой давлат ўз қўшниси бўлган кичик ва камбағал давлатни босиб олмоқчи бўлибди.

Қўшни давлат чап вазири маслаҳат берибди: “Нима қиласиз босиб олиб уларни. Телевизорига чиқиб айтамиз, эртадан бошлаб сизлар бизниксиз деб. Булар дўпписини осмонга отиб, хурсанд бўганидан сийиб юборишади”.

Катта давлат президентига бу таклиф ëқмабди: “Бир мамлакат уруш йўли билан олинади. Жангчиларни ëлланг», дебди катта давлат президенти.

Катта давлатда ҳамма роҳат қилиб яшагани учун аксар аҳоли урушга боришни исташмабди.

“Катта пул беринг уларга”, дебди президент.

Одамлар эса «пулни нима қиламиз, ана, дарахтни бир тепсанг пул ëғилади», дейишибди.

Катта давлат президенти пул дарахтларининг атрофини темир панжара билан ўраб қўйиб, “жангга бориб келгандан кейин тўсиқни олиб ташлайман», дебди.

Хуллас, катта пул ва егуликлар эвазига тўпланган аскар ноғора чалиб йўлга тушибди.

Улар кириб борган биринчи қишлоқ аҳолиси хурсанд бўлиб кетиб, дарров жамоа бўлиб асирга тушибди.

“Асирларни яхшилаб боқинг. Сникерс беринг уларга”, дебди катта давлат президенти.

Шу тариқа қишлоқ ва шаҳарлар тўда-тўда, ўрда-ўрда бўлиб асирга тушаверибди.

Мамлакатнинг учдан бири қўлдан кетибди.

Бу пайтда кичик мамлакат президенти ўз товуқхонасида товуқларнинг тагини тозалаб юрган экан. Унинг товуқлари ҳар куни 12 тадан тухум қўяр экан. Кейин тухумларнинг бир қисмини у гўшт ва сариëғга алмаштирар экан. Аслида ҳеч бир товуқ деярли тухум туғмас экан. Президент ухлаган пайтда ëрдамчи вазирлар бозордан тухум олиб келиб товуқхонага сочиб қўйишар экан…

Хуллас, президент мундай таблетини очиб қараб, ўз давлатининг учдан бирини қўшни давлат босиб олганини халқаро хабарлардан билиб қолибди.

«Энди нима қилсам экан. Арнасойга бориб бекиниб олсамми», дебди у хотинига қараб.

Хотини бўлса унга қараб: “Э, ўл! Бунақа пайтда жанг қилинади”, дебди.

“Қанақа жанг? Нега? Осмонимиз мусаффо…”, деб бошласа, яна хотини жеркиб берибди.

“Аскарларни тўпланг, душманга қараб жангга кирсин”, дебди рафиқаи мукаррама.

Кичкина давлат президенти бўлса: “Жангчиларга тўлашга ҳазинада пул йўқ. Ҳаммасини Жаҳонгир сити қураман деб харжлавордик”, деб хотинига яна мўлтирабди.

“Пул тўлаш шарт эмас, сиз уларга ваъда беринг”, дебди хотин.

Хотинни доно билиб, эр ҳам кўкрагини керибди.

Президент озгинагина армияни тўплаб, селектр ўтказибди.

“Агар душманни енгсангиз, ҳар бирингизга Ўзбекистон қахрамони ўрденини бераман, ҳар бирингизга биттадан «Кобальт» мошина, биттадан намунали уй бераман. Эчки бераман. Товуқ бераман. Ўзим белкуракни олиб ҳовлингизга лимон экиб бераман”, дебди.

“Аммо бунинг учун душманни енгиб беринг”, дебди кичкина давлат президенти.

Аскарлар урра деб жангга киришибди. Улар фикран эртанги виллаю кобальтлар эгаси бўлишини сезиб куч ва ғайратга тўлишибди.

Бу орада катта давлат шунча асирни сникерс билан боқавериб, хазинаси деярли бўшаб қолибди. Аскарлар ойлиги кечикибди.

Уфқда эса буюк келажакка ишонган кичик давлатнинг қудратли армияси душманга қараб азму қарор билан босиб келаëтганмиш.

Катта давлатнинг катта ойлик олиб ўрганган танбал аскарлари эса орқасига қараб қоча бошлашибди.

«Нега ойлиги кечиккан армияда жанг қилишим керак», деб ўйлабди улар ва қуролини ташлаб, мингга қўйиб қочибди.

Кичик давлатнинг буюк келажак ҳақидаги қуруқ ваъдасига ишонган армияси ғалаба қилибди.

Мамлакат озод бўлибди. Асир тушиб, текин еб ëтган паразитларни кўтига бир тепиб, сити қурилишида тупроқ ташишга жалб қилишибди.

Шу ерда ривоят тамом.

Ғолиб аскарларга «Кобальт» мошин, намунали уй ва товуқ эчки берилган ëки берилмагани ҳақида ровийлар сукутда.

Қиссадан ҳисса. Пул эмас, сиëсат вақтида берилган ваъда давлат бошқаришда катта рўл ўйнайди.

Ассалому алайкум, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 ноябр 2018
Ўзбекистонда шу йилнинг 16 ноябридан электр нархи 44,79 фоиз оширилди. Бу ҳақда хабар берган «Ўзбекэнерго» акционерлик жамияти расмий сайтига ...
14 май 2016
Андижон шаҳар «Уйғур» жоме масжиди имом‑хатиб ноиби ўзбек ëзувчиси Нурилла Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон)нинг “Бу кунлар” романига қарши мақолани ...
10 май 2019
Рассом Туз
20 сентябр 2018
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида 25 сентябрга режаланган Рауф Парфининг 75 йиллиги тадбирининг тақиқланиши ортидан фейсбук ижтимоий тармоғида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...