Асосий мавзулар
16 август 2019

РТдан ваъз: Гондурасликларга қучоқ очган эл!

Мана, ҳайит ҳам ўтди. Бор товоғим – кел товоғим тугаб, кундалик ташвишларга қайтдик. Ҳаëт табрик откриткаларидаги каби ранг-баранг эмас. 

Пайариқ туманидаги Челак шаҳри бозорида жойлашган дорихонада бир аëлни собиқ эри келиб чавақлаб ташлади (видео). Одамлар бемалол томошабин бўлиб телефонига видео олиб қараб туришди. ИИБ ходимлари ҳам без бўлиб туришди. Тез ëрдам машинасини соатлаб кутишди.

Бир аëл ўлди кетди.  

Тошкент кўчасида эса тез ëрдам врачлари бир одамни ўласи қилиб калтаклагани видеоси тарқалди (видео).  

Уйчи туманидаги Янгиҳаёт маҳалласида 18 яшар йигит Бахт кўчасидаги танишини ёғоч тўқмоқ билан уриб майиб қилди. Йигит қамоқда.

Петербургда 35 яшар ўзбек аёлни икки ўзбек навбат билан зўрлади. Зўрлаш 10 август куни Дмитров кўчасидаги 17-уйда юз берди. Зўровонлар қамоқда. 

Жиззахнинг Қанғли МФЙда яшовчи 47 яшар ука ўз акасининг оëғини кетмон билан чопиб ташади. Ака баннисада, ука қамоқда. 

Қўрқинчли хабарларга нуқта қўйиб, битта хушхабар ҳам айтсак.

Барбадос ва гондурасликлар Ўзбекистонга визасиз кирадиган бўлди. Хуш келибсиз, гондурасликлар, гўзал ватанимизга. Аммо зинҳор ëмон коммент ëзманглар.

Гондураслик экан, меҳмон-ку, бу деб ўтирмасдан, сизни дарров қамаб ташашлари мумкин. Ўша капризмен  Комил Алламжонов баёнот билан чиқиб, «қайси муаллифнинг мақоласи остида ëмон коммент бўлса, жавобгарликка тортилади», деди.

Масалан, мен милисада ишлайман. Палончи журналист мени фош қилиб, мақола ëзди. Мақола чиқиши билан бемалол ўша журналистни қамашга йўлга чиқаверишим мумкин. Йўл-йўлакай аноним аккаунтимдан бир-икки сўкиш ëзиб қўйсам бўлди. Шартта бориб журналистнинг қўлига кишан соламан-қўяман. Кимсан, «Автотсест»дай соғин сигири бор Алламжон айтса-ю, мен қамамайманми журналистни?!

Аммо Алламжоновга пошел дейдиганлар ҳам бор экан. Улардан бири блогер Нурбек Алимовнинг ëзганини ўқиб берсам.

«Ҳурматли Комил Алламжонов, менинг постим остида ёзилган комментарийлар учун мен эмас, ўша комментарийни ёзган одам жавобгар. Пост учун эса мен жавобгар. Кейин қонунда ҳеч қачон комментларни зудлик билан ўчириб ташлаш ҳақида гап йўқ.

Мисол учун, Тошмат блогер ёзган пост остида Эшмат бирорта Ғишмат ҳақида «унинг ноқонуний шунча бойлиги бор», деб гапирса ёки ҳақорат қилса, мен у комментарийни ўчирмайман, максимум қўлимдан келадигани – бировни ҳақорат қилмаслик бўйича маслаҳат ва тавсия беришим ва бунга қонунда жазо борлигини эслатиб ўтишим мумкин, холос.

Агарда СУД томонидан ўша менинг постим комментига Эшматнинг Ғишматга нисбатан ёзган гаплари туҳмат ва ҳақорат эканлиги тан олинсагина, СУД ҚАРОРИ билан ўша комментарийни ўчиришим мумкин», дейди Нурбек брат.

Мошаллоҳ. Бу гапларингиз учун бериладиган ажр савоби 10 карра ҳаж қилган билан тенг бўлсин, илойим.

Алламжон – бир ўзбек мулозими. Ўзбек мулозими дегани эса умуртқасиз махлуқ. Масалан, кечган ҳафтада бир тўда баччабоз толибонлар шалварини судраб ўзбек мулозимларининг азиз меҳмони бўлишди.  Турдимов деган Самарқанд ҳокими бу соқолтой толибонларга меҳр кўзи билан боқиб, ачомлаб, тўнлар кийдирди. 

Беқасам тўнлар кийиб, мунча мени ëндирасан, деб ғамза қилди Комилову Турдимовлар.

Аслида уларда айб йўқ. Уларга Кремлдан шунақа буйруқ келган. Кремль амри бугунги Ўзбекистон раҳбарлари учун вожиб бўлиб қолди. Истиқлол, ватан мустақиллиги деган нарсалар унутилиб, Росссияга вассал бўлиб эмаклашдан ҳузур қиляпти булар.

Тарихий чекиниш қилсам. 1987 йили рассом  Қобилжон Одилов Мюнхендан ўзбекча газета олиб келди. Газета «Ҳур Туркистон учун истиқлол газети» деб номланар эди. «Истиқлол – бу мустақиллик, эркинлик, биз совет ишғолидан қутулиб озод яшашимиз керак» дея тушунтирган эди бу ажойиб рассом.

Истиқлол сўзи кўнглимга ўтирди. Ўша пайтда «Ўсарфильм» деган хусусий студияда ишлар эдим. Студиянинг «Ëш ленинчи» газетасида босилган эълонига «истиқлол» калимасини киритиб қўйдим. Аммо ҳушëр муҳаррир бу сўзни дарҳол «истиқбол» деб ўзгартириб чоп қилди. 1991 йили 31 августдан кейин бирдан бу ҳушëр муҳаррирлар «истиқлол» сўзини отчопардаги улоқдек тортқилаб қочишди.

Кечагина Ленин, Кремль ва коммунизмни улуғлаб ëзганлар бирданига истиқлол ҳақида шеър бита бошлашди. Ашулачилар ҳам бу сўзни шартта илиб олиб нақоратга қўшишди. Хуллас, собиқ коммунистлар 25 йил истиқлол деб томоқ йиртишди аммо..

Табиатда атавизм деган ҳолат бор. Атавизм аслига қайтиш дегани. Масалан, Булгаков асари қаҳрамони профессор Преображенский итни одамга айлантиради. Аммо атавизм боис у итлигини қилаверади. 

Истиқлол дея энг кўп томоқ йиртган ашулачи Юлдуз Усмонова ўтган йили қизил большевик кийимини кийиб, «Катюша» айтиб расмга тушди. 

Ўзбекистоннинг «янги» (аслида эски) раҳбари “Истиқлол” саройини “Халқлар дўстлиги”га алмаштирди.

Ўзи бу собиқ коммунист, институт комсорги бўлиб ишлаган партфункционарни олқишламаганларнинг торгина сафида эдим. 

Ичимда бир туйғу бу одамдан хайр чиқмаслигини шивирлар эди. 

Айнан шу одам «Туркистон» газетаси номини «Ëшлар овози» деб ўзгартирди. Айнан шу одам Қримни ишғол қилган Россия пропаганда телеканалларини Ўзбекистонга олиб кираман, деб мулозаматланди. Айнан шу одам даврида Рамзан Қодиров деган «тип» мамлакатга кир оëғини босди…

Майли, «истиқлол» калимаси етим қолмас. Яна мен, рассом дўстим Қобилжон ва бошқа миллатсевар укаларим бу калимани кул ичидаги чўғдек сақлайверамиз. 

Қўрқаëтганим – бу популистнинг навбатдаги қадами нима?

Наҳотки Амир Темур ҳайкалини олиб ташлаб, ўрнига Сталин ҳайкалини тикади. Наҳотки?

Мени бу қўрқинч истиқболдан кўра Россия тарғиботини чанқоқ туя каби симириб, руслардан ҳам кўпроқ патриотга айланган «uzbekhomosovetikus»лар ҳуркитмоқда. 

1991 йилнинг 17 мартида ўтказилган СССРни сақлаб қолиш референдумида қатнашган 10 миллион ўзбекнинг тўққиз ярим миллиони мустақилликка қарши овоз берган эди.

Рефередумда қатнашган ўзбекларнинг 94 фоизи қулликни танлаган эди.

Бугун уларнинг болалари яшасин қуллик дея Туркистонни ишғол қилган империя ашуласини оғзини йиртгудай очиб баралла айтмоқда.

Миллат душманлари ватан тупроғида кезмоқда.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 январ 2018
Очиқ манбалар асосида суриштирув олиб борувчи Open source investigations журналистик гуруҳи, 29 декабр куни Шариф Иноятовнинг Россиядаги йирик бизнесига ...
22 март 2016
Ўзбекистонда 2015 йилги пахта йиғим-терими мавсумида тўпланган маълумотлар ҳукумат мажбурий меҳнатдан тизимли равишда фойдаланишга чек қўйиш учун зарур ислоҳотлар ...
14 июл 2017
11 июлда президент Шавкат Мирзиеев чиқиш стикерлари ўрнига ҳорижий паспорт жорий қилиш қарорини имзолади. Ҳужжатда, айни масалани кўриб чиқиш ...
14 май 2024
Анорбанк мижози муаммоси ечилди, имтиёздан марҳум оқ олтинлик фермерлар ғазабда, деновда канализация ахлати ариққа оқизилмоқда, ғузорликлар эса ҳокимнинг лой ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...