Асосий мавзулар
31 январ 2020

РТ ваъзи: Ортга қараб юрган йиқилади

Эртаклар иккига бўлинади – ўтмиш ва бугун эртаклари. Эркаклар ҳам иккига бўлинади – хотини олиб берган машинани миниб ошнасига мақтанадиганлар ва четда ишлаб топганини хотинининг ҳою ҳавасига сарф қиладиганлар. Аëллар ҳам иккига бўлинади – эрга текканлар ва ажрашганлар. Ажрашган эркаклар ҳам иккига бўлинади – алиментни умуман тўламай қочиб юрадиганлар ëки атайлаб паст ойликли ишда ишлаб, алиментни кам тўлайдиганлар. Болалар ҳам иккига бўлинади –  четдаги отасини скайп орқали кўриб ўсганлар ва телеграм мессенжери орқали гаплашадиганлар. Президентлар ҳам иккига бўлинади – мамлакатни хароб қилиб, тахтга ëпишиб ўлиб кетганлар ва одамларни алдаб, бир умр президентлик курсисига қолмоқчи бўлганлар. Жамиятлар ҳам иккига бўлинади – физика, математика каби илмларга таяниб “Мерседес бенц” мошина чиқарадиганлар ва чўпчакка ишониб кўкнор экадиганлар.

Маҳаллий хабарлар

Шу ҳафтада президент ғалла ва пахтага давлат буюртмаси босқичма-босқич бекор бўлишини эълон қилди. Пахта мавсумидаги мажбурий меҳнат, аввало, юқоридан келадиган давлат буюртмаси, пахта хомашёсининг нархини бозор эмас, давлат белгилашидан келиб чиқади. 

Шунингдек, пропискадан босқичма-босқич воз кечиш ҳақида ҳам гапирилди. Депутатлар гўёки бу борадаги хорижий тажрибани ўрганиш ва кейин уни муҳокама қилишга даъват этилди. Албатта, депутатларни прописка тажрибасини ўрганиш учун Шимолий Кореяга жўнатиш мумкин. Аммо у ерда нимани ўрганиш мумкин? Нега кишиларни ҳудудий мансублигига қараб тоифаларга ажратадиган прописка тизимини шунчаки бекор қилиш мумкин эмас? 

Қашқадарëда гумонланувчини сўроқ пайтида уриб ўлдирган беш ички ишлар ходими қамоққа олинди. Сўроқ пайтида ўлган 32 яшар гумонланувчи Юсуф Абдураҳмонов жисмонан бақувват эди. Мол бозорида даллол эди. Уни икки соатда чироқчилик ментлар ўлдирди.

АОКА раҳбари Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева 29 январь куни аризаларига кўра лавозимларидан озод этилди.

Хабарларга кўра, Алламжонов президентнинг қизи Саида билан биргаликда матбуотга алоқадор жамоатчилик фонди тузишни режалашган. Бу ташкилот бир вақтлар биринчи президентнинг қизи Гулнора Каримов тузган «Фонд форум»га ўхшаш бўлишидан хавотирлар янграмоқда.

Чет эл хабарлари

Истанбулдаги Reina тунги клубида 2017 йилнинг 1 январига ўтар кечаси террор ҳужуми содир этган ўзбекистонлик Абдулқодир Машариповга туркиялик прокурорлар 40 та умрбод қамоқ жазоси сўради. Агар суд прокурорнинг талабига қулоқ солса, Машарипов қамоқда 2385 йил ўтирар экан. 

Британияда фаоллар қизликни тиктириш амалларини қонун билан тақиқлашни сўрашмоқда. ББСнинг ëзишича, бу мамлакатда асосан муслималар ушбу жарроҳликдан фойдаланишади. Чунки тўйдан кейин  қизнинг бокира бўлмаганини билиб қолса, эр ундан ажрашади.

Кўплаб муслималар тўйдан олдин шифокорга учраб, қизлигини тиктириб қўйишади.

Бўлинган жамият

Келган жойдан давом эттирсам. Демак, жамиятлар чўпчакка ишонадиган ва илмга ишонадиганларга бўлинади. Илм маҳсулидан фойдаланиш бўйича илғормиз, албатта. Бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир нуқтасида телефонга қараб турган одамни кўрасиз. Телефон бўлганда ҳам ақлли телефон. Кўчада, азада, тўйда, ресторан ва кафеда одамлар афсунлангандек телефонга қарашади. Бир жоду боқади экрандан, куламиз, кўз ëшлар тўкамиз. Бу жодунинг оти телефон. 

Уни 1860 йилда Антонио Меуччи (итал. Antonio Meucci; 1808 —1889) ўйлаб топган. Леонардо да Винчига ҳамқишлоқ бўлган бу олим АҚШга бориб, телефон аппарати ихтиро қилди. 

Телефон аппарати яратилган пайтда Хива хонлигини ўрислар ҳали босиб олмаган эди. Хива хони Саид Муҳаммадхон телефон тугул дарëдаги кема елкан билан қандай сузиши ҳақида тасаввурга ҳам эга эмас эди. Бачча ва муғваччалар ҳақида ғазал ëзиб ўтирувди. 

Аммо орадан йиллар ўтиб, Ўзбекистон совет даврида Марказий Осиëдаги илм фан маркази дея танланди. Илк университет – Ўрта Осиë давлат университети Тошкентда очилди. 

1986 йилга келиб Тошкентда Ядро физикаси, Астрономия, Кибернетика, Сейсмология институтлари фаолият юритарди. 

Дунëдаги илк маротаба космосга одам учириш лойиҳаси Тошкентдан бошқарилди. Бойқўнғир махфий ҳужжатларда Тошкент-1 деб номланди. 

Чунки Қозоғистонда илмий салоҳият ва зарур инфратузилма йўқ эди. Ойда юрадиган лунаходнинг ғилдирак қисмидаги гидравлик механизм ва бурғулар Тошкентдаги космосни тадқиқ қилиш институтида яратилганини кўпчилик билмайди. 

1991 йили Ўзбекистон мустақил бўлганида унга СССРдан мерос сифатида улкан илмий тадқиқот институтлари тегди. Мамлакатда трактордан тортиб ҳарбий юк учоқларигача ишлаб чиқариладиган саноат мавжуд эди. Масалан, ўша даврда Қозоғистонда бу қадар юксак илм марказлари йўқ эди.

Аммо бугун Қозоғистон билан илм борасида бўйлашсак, аҳволимизни кўриб уяламиз.

Саҳрода кетаëтган карвон бирдан ортга бурилса, биринчи кетаëтган туя охирги туяга охирида кетаëтган туя эса биринчи туяга айланади.

Нега биз охирги туяга айландик? Бу шунчаки механика эмас ҳар ҳолда.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин давлат бошқарувида ҳам, аҳоли орасида ҳам аниқ фанлардан кўра чўпчагу эртакларга мойиллик сезилди.

Биз дунëдаги энг бой мамлакатмиз, мустақил бўлсак Швейцарияга айланамиз, дейишди зиëлилар.

Улардан пастроқда турганлар эса титул миллат мансуби бўлмагани учун илмли муҳандис ва олимларни ҳақоратлаб, бор, кет Исроилингга ëки Россиянгга, деб ҳақоратлашди.

Фарғона водийсида эса исломий халифалик қуриш ҳақида чўпчак айтадиган Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангонийлар азизу, академик олимлар хору нотавон бўла бошлади.

Оммага илм эмас, чўпчак кераклигини билган Ислом Каримов мамлакатдаги асосий чўпчак монополистига айланди.

Атом физикаси билан шуғулланмоқчи бўлган бўлажак олим энди «маънавият» дарсини ўқиб, Ислом Каримов ëзган «Мусаппо осмон» чўпчак китобидан имтиҳон топшириши керак эди.

Шу тариқа илм ўчоқларидаги олов ўчирилди. Академиклардан тортиб «Ўзбекфильм» студиясида монтажчи бўлиб ишлайдиган кичик мутахассисларгача Ўзбекистонни бир-бир тарк этди. 

Бутун бир мамлакат расман «маънавият» деган дарс ўқувчиларига айлантирилди. Уйига борганида эса мутаассиб экстремистлар чўпчагини ота-энаси ëки Москва ва Истанбулда ишлайдиган ҳизбчи тоғасидан эшитди.

Бу иккала чўпчак ҳам «ўтмишда зўр бўлганмиз», деган сафсата устига қурилган эди. 

Биз нега қоқилдик?

Нормал ҳолатда юраëтган одам бошини сал кўтариб олдга қарайди ва шаҳдам қадамлайди.

Масалан, у юраëтиб ортга қараса ëки қанақа юряпман деб оëғига қараса, қоқилиб йиқилиши тайин.

Илк марта велосипед ҳайдаган одам оëғига қараса йиқилгани каби.

Бугунги замондошларимиз тасвири менинг кўз олдимда нуқул бўйнини қайириб ортга қараëтган тентак одамдай гавдаланади.

«Беруний Американи очган, Ибн Сино кўричакни даволаган, Амир Темур Европани қутқарган¸ Навоий Гиннес китобига кирган» ва ҳоказо деб нуқул мақтанаëтган бу одамлар лоақал битта ихтирони патентламайди.

Патент олиш истагида юрганлар эса энг узун лағмон, энг катта палов ëки энг кўп мошкичири учун Гиннеснинг эшигини қоқишади.

1928 йил 3 июль АҚШда яшайдиган рус аслли муҳандис Владимир Зворикин телевизор ихтиро қилган кун сифатида тарихга кирган. Бу сана айни пайтда ўзбек ватанпарварларини ранжитибди.

Уларнинг иддаосига кўра, биринчи ҳаракатланадиган оқ-қора тасвирли ускуна совет физик ихтирочиси Борис Грабовский томонидан 1925 йилда Тошкентда яратилган. 1928 йилда эса телевизон тизим ишга туширилган ва кўчадаги ҳаракатланаётган одамлар университет ичида туриб кузатилган.

Балким шундайдир, лекин патент ëки ишончли ҳужжат йўқ. 

Бу жуда оддий – иккита рус олими параллел тадқиқот олиб борган. Биттаси Тошкентда, яна бири Питтсбург (АҚШ)да. Тақдир тақозоси билан биринчи ТВ ëйин АҚШда бўлган. Биламиз, Грабовский Навоий кўчасидаги трамвайларни ТВда кўрсатган. Лекин бу ҳолат патентланмаган.

1923 йилда Зворикин АҚШнинг Питтсбург шаҳрида ТВ намойиш қиладиган приëмник учун патент аризаси берган (US Patent 2141059 of 20.12.1938).

Бу баҳс ўзбекларнинг иззат-нафсига тегади, чунки улар Тошкентни ТВ ватани деб ишонишган.


Худди шу маънода Тошкентни Россия инқилоби ватани деб ҳам айтиш мумкин, зотан Керенский Тошкентда туғилган. Ëки рус модерн поэзияси ватани дейлик, чунки Анна Аҳматова ўзининг сара мисраларини Тошкентда ëзган.

Гап шундаки, Грабовский ТВ кинескопи устида ишлаëтган пайтда Тошкент олимлари Або Муслимнинг гурзиси неча ботмонлиги ëки ҳазрат Алининг шамшири мубораклари неча газ бўлганини тортишиб ўтирган.


Мадрасадаги бошқа олимлар эса Калвак махсумнинг оëғига занг тақиб¸ рақс тушиб муқом қилганидан маст бўлиб¸ «дўўўст» деб яқосига муштлаган.

Олим Грабовский Тошкентда телевизор кинескопини яратаëтган даврдаги муҳит билан бугунги кунимиздаги воқелик ўхшаш эканига ҳайрон қоламан.

Гап шундаки, Тошкентга эвакуация қилинган буюк шоира Анна Аҳматова бир қучоқ ўтин ëки бир челак кўмир сўраб Ёзувчилар уюшмаси раиси Ҳамид Олимжон олдига борганида камситилиб қайтиб келган.

Аҳматовага қараб, «Мен совет ҳукуматини улуғлаб шеър ëзишим керак, сенинг иссиқ-совуғинг билан ишим йўқ», деган одам бугун Тошкентда ҳайкали қўйилган коммунистик бахт куйчиси Ҳамид Олимжон эди.

Оти ўзмаганлар

Замондошларимга берадиган саволим булдур.

Хўш, бугун нимани қойил қилдик? Эришганимиз Каримов даври ихтиро қилган супургини Мирзиëев даврида чапанича ушлаб, зарғалдоқ нимчани кийиб, ўриснинг кўчасини супурганимизми?

Ëки олий маълумотли филолог қизалоқларнинг дунë исловотхоналарини обод қилаëтганими?

Бугун ўзбек археологи Стокгольм дўконида қоровул¸ ўзбек тоғ муҳандиси эса Варшавадаги уйларни қумсувоқдан чиқармоқда. Билганим – олий маълумотли ўзбек доктори Америкада чойчақа эвазига уйларга пицца элтади.

Бу менинг билганларим, сиз ҳам бунга билганингизни қўшишингиз мумкин.

Бугун Нобель мукофоти олган ўзбек олими бўлса, фахрланган бўлар эдик.

Афсуски, йўқ. Берлинда ўзбек ресторани очиб чўчқа палов ихтиро қилаëтганлар бор, лекин илм-фан, технология соҳасида бирор арзирли иш қилган элдошлар борми, бор бўлса айтинглар, фахрланайлик.

Қўлимиздаги телефонни, тиззамиздаги лэптопни Стив Жобс ихтиро қилган. Мунозара юритаëтганимиз ФБ саҳифаси эса Цукербергнинг ихтироси. Эгнимизга кийган албисалар ҳам ғаюр дизайнерларнинг маҳсули.

Ўзбек, қани ўзбек? Бу саволга 1983 йилда шоир Муҳаммад Солиҳ «ўзбек пахтада», деб жавоб берган эди. Бугун ҳам ўзбек нарвоннинг энг паст узангисида турибди.

Оти ўзган ери йўқ унинг.

У мансуб жамиятнинг битта улгиси бор, у ҳам бўлса Шимолий Корея.

Хуллас, ўтмишдаги бобойларни тинч қўяйлик.

Бир жойда қотиб қолиб, ҳадеб орқага қарайвермайлик. 

Қайси замонлардаги урушдаги қаҳрамонлигини ҳадеб такрорлайверадиган эзма чолга ўхшамайлик, биродарлар.

Ғоз туриб олдинга юрайлик!

Бу гапларни ëзиб турсам, Ўзбекистон ҳукумати давлат бюджети маблағига фаолият юритадиган «Бахши» журналини таъсис этиш ишларини бошлаб юборибди.

Демак, яна чўпчаклар давом этар экан. 

Туз оға, қўйинг бу гапларни, сиз ҳам уларга қўшилиб эртак айтинг, дейишди. 

Майли бир эмас, икки эртак айтай. Фақат бу эртагим сичқонларнинг никоҳ тўйи ҳақида эмас. Бу эртагимдаги воқеалар бугун ҳам кўз олдимизда юз бермоқда. 

Мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиëев Россияга бориб Путин билан бир соат гаплашганини мақтаниб айтиб ўтирибди. Суҳбат Ўзбекистоннинг Россия назоратига ўтиши ҳақида эканини ҳозир ëш бола ҳам билади. Тарихни ўқимаган ва тарихдан сабоқ чиқармаган одам бу Мирзиëев.

1873 йилда рус оккупанти Кауфман Хоразмни босиб олгани оқибатида Муҳаммад Раҳимхон ўриснинг этигини намойишкорона ўпиб вассалга айланиш каби шармандалик билан юзма-юз бўлган эди. 

Хон имзолааган Гандимиëн сулҳи деб аталган бу ҳужжат шартлари нимаси биландир Мирзиëев кирмоқчи бўлаëтган Евроосиë иқтисодий иттифоқи шартларига ўхшайди.

Тарихга қайтсак.

Руслар Хивага 70 км яқинлашганида ҳам Муҳаммад Раҳимхон кайф-сафосини тарк этмагани муаррихлар тарафидан таассуф билан эсланади.

Рус оккупант гуруҳлари сафида туриб ишғолни ëритган АҚШ журналисти Мак Гаҳаннинг ëзишича, босқинчиларга қаршилик икки ҳолатдагина кўринган.

Биринчисини «Ҳўббининг қасоси» десак.

«Ҳўбби» – Амударëнинг руҳи. У ҳақда Хоразмда афсоналар юради. Бировлар уни «Эрҳўбби» дейди.

1873 йилда Кауфман армияси Хивадан 100 км узоқдаги Шорловуқ деган жойда капа тикиб ëтганида дарë бўйида яшайдиган аҳоли (ўзбек қипчоқ ва сартлар) уларни оқ тут ва чўрак нонлар билан сийлашган.

Руслар дуч келган иккинчи қаршиликни «Туркман аëл жасорати» деб номласак.

Хонликдаги ўзбек ва бошқа элатлардан фарқли ўлароқ, така ва ëвмут туркманлари босқинчиларга қарши мардонавор қаршилик қилишган.

Бир қўлида боласини тутган туркман аëлининг қилич билан рус босқинчиларидан бир нечтасини очиқ жангда ўлдирганини 1873 йили рус газеталари ëзган эди.

Анна Каренинанинг поезд тагида ўлганини муҳокама қилаëтган Петербург киборлари хивалик туркман аëлнинг ўз ватани ҳимояси учун жасоратидан ҳайратга тушгани эсланади.

Ватанни руслардан ҳимоя қилган бу туркман аëлга шарафлар бўлсин.

Аммо не тонгки¸ Хива Россия этиклари пойига йиқилди.

Руслар Хивани назоратда ушлаш учун Амударëнинг у қирғоғида Петро-Александровск шаҳрини қуришди.

Пировардида бу шаҳар ҳам Амударë руҳи «Хўбби»нинг қасосига учради.

1969 йилги тошқин пайтида бу шаҳар бутунлай сув остида қолиб кетди. Руслар қурган 17 минг иморат сувга ғарқ бўлди.

Катта бобом, бувимнинг отаси Латиф ота «ўрис қалъани ҳўббининг қарғиши урди», деб айтганини эслайман.

Қиссадан ҳисса – босқинчиларга бўйин эгмаслик борасида Амударëдан ибрат олайлик. Бу гапларим русларнинг пайтавасини юваман деб енг чизғаб турган ватандошларга аталди. Баъзи ўзбеклар уялмасдан осиб юрган Георгий тасмаси хивалик ëш болаларни найза санчиб ўлдирган босқинчиларга бериладиган медалнинг латтаси эканини ҳам унутмайлик.

Энди иккинчи эртагимни бугун қарсагу олқишлар куршовида ўз иқтидорининг уч йиллигини нишонлаëтган президентга атасак. Шоирлар шеъру ғазал айтаëтган пайтда бир эртак нима ҳам бўлибди.

Эртак

Мирзиëев Арнасойдаги кўчадан ўтиб кетаëтиб машинасини тўхтатди. 4 қаватли бетон уйнинг эшиги синиқ йўлагидан ўтиб тепага кўтарилди. Ўнг томондаги эшикни очиб ичкари кирди. 

Бу уйда камбағаллар яшайди, деди Арипов кал калласини қашлаб. Биламан, деди Мирзиëев. Уй эгаси иккита қўлтиқтаëқда юрадиган ногирон экан. 

Бу одам уришадиган хўрозларга ҳам қизиқар экан, тўғриси хўрозни уриштириб тирикчилик қилар экан. 

Келаси жангда тикаман деб қўйган ягона хўрозини меҳмоннинг шарофатига сўйиб дастурхонга қўйди. Мирзиëев эса унга эътироз билдирибди. 

“Димлама зўр бўлибди, аммо хўрозни бекор сўйдингиз. Бунинг ëнига 9 та товуқ олсангиз, ҳар куни 9 та тухум қилар эди. Иккитасини ўзингиз ердингиз, иккитасини менинг кал вазирим Ариповга берардингиз, қолганини семиз Элëрга…”, деб санаб кетибди.

Кетар чоғи бўлганида мезбон ўрнидан туриб меҳмонни кузата олмабди.

Нега?

Чунки газ йўқлигидан қўлтиқтаëқларини ўтин қилиб ëққан экан.

Эртакнинг давомини сиз ëзинг. Менинг томоғим тиқилиб, кўзимга ëш келди. 

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
16 феврал 2017
13 январ куни кечга яқин Стокгольмнинг жанубида 35 ёшлардаги чимкентлик Шуҳрат исмли ўзбек мухожири жанжал ортидан пичоқлаб ўлдирилди. Воқеа ...
8 декабр 2016
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Ўзбекистон конституцияси байрамида «ҳамроз» қўшиғини ижро қилди. Кейинги 9 йил давомида Усмонова катта саҳнадан ...
20 апрел 2019
Рассом Кирпиeltuz.com
13 январ 2020
Учкўприк туманидаги бир гуруҳ фермерлар президент ташаббуси билан ташкил этилган кластер тизими ўзларини хонавайрон қилаётганидан шикоят этишди. Бу муаммони ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...