Асосий мавзулар
7 феврал 2020

Ўркачини ëриб ëғини олсангиз ҳам бақирмайдиган туялар

Мана, яна ҳафта айланиб, сиз билан юзма-юз кўришиб турганимдан мамнунман. Жадвалга риоя қилиш ва интизом яхши нарса. 

Бир катта оғамизнинг ўғли ўз итини қандай тарбия қилганига гувоҳ бўлгандим. У ўз буйруқларига ит сўзсиз итоат қилишини истарди. 

Буйруқларга итоат қилган ит эгаси қўлидан гўштли суяк олади. Итоат қилмаган тақдирда аëвсиз калтакланади. 

Бу оғамизнинг ўғлини диктатор деб, унинг ўз ити билан муносабатини диктатура деб атасак.

Хўш, ким у диктатор? Диктаторнинг қаттиққўл авторитар раҳбар ëки интизом талаб қиладиган менежердан фарқи нима?

Дикта́тор (dictato) лотинча dicto, яъни буюраман деган ўзакдан ясалган сўз. Тарихда илк марта қадимги Римда шундай лавозим бўлган. 

Мамлакат қийин аҳволга келиб қолганида сенат қарорига кўра консуллар тарафидан фақат 6 ой муддатга сайлаб қўйиладиган лавозим. Мамлакат уруш таҳдиди остида қолганидаги ëки табиий офатларни бартараф қилиш пайтидаги бошлиққа диктатор дейилган.

Диктаторнинг айтгани айтган, дегани деган бўлган. У гапирганида ҳамма қўлига қоғоз қалам олиб тикка турган ҳолда ëзиб туриши керак. 

Кулманг, нега куласиз? Чунки ўзбекнинг ëшу қариси кўргани фақат диктатор бўлган. 

Ўзбеклар диктаторни севадиган халқ. Совет даврида Сталину Ленинга атаб энг кўп мадҳия ëзган ўзбеклар бўлган. Бугун Ўзбекистондаги адиблар майдонида ҳайкали тикилган шоир зотининг ҳаммаси Ленин, Сталин, Брежневу Рашидовларга атаб мадҳия ëзган. 

Ҳар сафар бу халқ устига янги диктатор тайинланганда шоирлари ўртага чиқиб, “Келди хуш, гулгун замон, ҳаммомга бошланглар мени”, деб шеър айта бошлайди.

Президент Олий суд раисига қараб, анови каламушни қама, деб бақиргани ортидан палончи қамалса, демак сиз диктатор бошқаруви остидасиз.

Аммо диктаторлар фақат бизнинг бошимизда ўтирар экан, деб маюс бўлмайлик. Янги дунë тарихи диктаторлар билан тўла. Улар ҳақида хабарлардан кейин гапирсам

Ўзбекистон хабарлари

Ҳафта бошида Ўзбекистонга АҚШ давлат котиби Майк Помпео келиб, мамлакатга ислоҳотларни давом эттириш учун 100 миллион доллар ажратишга ваъда берди. 

4 февралда Ўзбекистонниг 250 нафар фуқароси коронавирусга чалинаётганлар сони кун сайин ошиб бораётган Хитойдан махсус рейс билан олиб келинди. Уларнинг барчаси икки ҳафталик карантинга жойлаштирилгани хабар қилинди.

Кейин яна иккита рейс билан юзлаб ўзбеклар Хитойдан ватанга қайтариб келинди. 

Президент Мирзиёев божхонада коррупцияни тугатишга кўрсатма берди. Амалда бу топшириқни бажариш мумкинмикин? 

Чет эл хабарлари

Қўшни сирли мамлакат – Туркманистон янгиликлари. Унинг президенти Бердимуҳаммедов давлат ташкилотлари ходимларига оқ тушган сочларини бўяшни тақиқлади. Ўзи ўтган йилдан бошлаб сочларини бўямай қўйгани учун ходимлари ундан улги олиши зарурлиги учун шундай қилди. 

Диктаторлар ҳақида гапираëтгандик. Масалан, Ўзбекистоннинг марҳум президенти Каримов энг ëвуз диктаторлар ўнлигидан жой олган эди.

Ҳозиргиси ҳам диктаторликнинг чандон ҳадисини олган. Лекин на Каримов, на Мирзиëев кичкина болаларни товада қовуриб емаган. Шунга ҳам шукур қилайлик. Ҳолбуки, шундай диктаторлар тарихда бўлган.

Дунёнинг ашаддий диктаторлари 

Марказий Африка Республикаси президенти Жан-Бедель Бокасса СССР ва Франциянинг катта дўсти эди. У Москвада, ҳатто Артекда бўлган ва пионерлар сафига қабул қилинганди.

Бокасса рус таомларини шунчалик хуш кўрганки, ўзига совет ошпазини ёллагани, аммо у ошхонада инсон гўштини кўрганидан сўнг Африкадан тезда қочиб қолгани айтилади. 

1976 йилда Бокасса ўзини МАР императори деб эълон қилди ва тахтга чиқишини дабдабали нишонлади. Бу тантанага мамлакат йиллик экспортининг бешдан бир қисми сарфланди. Унинг учун нуфузли маркадаги юзта автомобиль ва оғирлиги икки тонна келадиган олтин тахт харид қилинди. 1979 йилда эса тахтдан ағдарилди.

Совет Иттифоқининг яна бир дўсти Иди Амин 1971 йилдан 1979 йилгача Уганда ҳукмдори бўлган. Ҳокимият тепасига чиққанининг илк кунлариданоқ мамлакатда кенг кўламли террор уюштирди: унинг сиёсий рақиблари мурдаларини дафн этиб улгуриб бўлмасди, шунинг учун уларни тимсоҳларга ем қилишга тўғри келарди.

Ўзининг энг катта рақибларини шахсан ўлдирарди. Амин даврида Уганда махсус хизматлари тасодифий ўткинчиларни ўлдириб, кейин уларнинг яқинларидан пул талаб қилиб кун кечирарди. 

Болаларни (унинг 40 дан ортиқ фарзанди бор эди), пойга автомобилларини, Дисней мультфильмларини ва одам гўштини яхши кўрарди. Адольф Гитлерни ҳурмат қиларди, ҳатто унга ҳайкал ўрнатишни хоҳлаганди. Яна ўзини дабдабали ва ғалати унвонлар билан сийлашни хуш кўрарди. Масалан, Ердаги барча ҳайвонлар ва денгиздаги барча балиқлар ҳукмдори. 

Франсиско Масиас Нгема Экваториал Гвинеянинг биринчи президенти. Ҳокимиятга келиши билан бир қанча ислоҳотлар ўтказди: барча газеталар, кутубхоналар ва давлат мактабларини ёпди ҳамда собиқ испан колониясининг ҳарбий элитасини ва унинг кам сонли зиёлиларини йўқ қилди. 

Ҳукмронлигининг сўнггида на таълим, на дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари, на электр қолмаган бу мамлакатда 50 минг киши ўлдирилди, 100 минг одам (ўша пайтдаги аҳолининг учдан бири) қочиб кетди. 

Мамлакат валюта захираларини ўз уйида сақлаган Нгема уларни ўзининг тус жияни Теодоро Обианг Нгема Мбасого томонидан 1979 йилда тахтдан ағдарилиши арафасида ёқиб юборди. 

Ўзининг диктатор амакасидан унча фарқ қилмайдиган Теодоро ҳозиргача тахтда ўтирибди. 2003 йилда у ўзини расман «Осмондаги худонинг тимсоли» деб эълон қилди. 

Навбатдаги қаҳрамон Конго Демократик Республикаси диктатори Мобуту Сесе Секо Куку Нгбендува за Банга (1965-1997).

Ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакат номини Заирга ўзгартирди, ўзига хос Заир миллатчилиги сиёсатини эълон қилди, кичик ва ўрта бизнесни национализация қилиб, юртини иқтисодий таназзул ва гиперинфляцияга етаклади. 

Бошқа қаҳрамонликларидан ташқари аҳолига европача костюмлар кийишни тақиқлагани билан машҳур. 

Бу эса Африка ғарбида жойлашган Либерия Республикасининг собиқ диктатори Чарльз Тэйлор. Уни кўп сонли қотилликлар, қийноқлар, зўрлашлар ҳамда наркотик ва олмосларнинг ноқонуний савдосида айблашади.

У «қонли олмослар» савдосидан келган пулни Сьерра-Леонедаги исёнчиларни қўллаб-қувватлаш учун сарфлагани айтилади. 

Бу қўшни мамлакатдаги 1991-2001 йиллардаги фуқаролар уруши даврида исёнчилар тинч аҳолига нисбатан ўта шафқатсиз муносабати билан шуҳрат қозонган, улар одамларнинг қул ва оёқларини кесиб ташлаган. 

Сиз машҳур Муаммар Каддафий – “Ливия Араб Халқ Социалистик Жамоҳириясининг биродар етакчиси ва раҳбари” ҳақида албатта эшитгансиз.

1979 йилдан 2011 йилгача Ливиянинг ўзгармас ҳукмдори. Диктаторлик бошқарувининг сўнггида қотилликлар ва ноқонуний қамоққа олишларда айбланиб, Халқаро жиноят судининг ҳибсга олиш тўғрисидаги ордерига лойиқ кўрилган. 

Унинг ҳаёти қандай тугаганини биласизми?

У исёнчилар томонидан судсиз-сўроқсиз ўлдирилди. Ҳамма кўриши учун унинг жасади супермаркетга қўйилди.

Диктаторга хос тақдир.

Жанубий Америкада жойлашган Венесуэла президенти Мадуро ҳокимият тепасига 2013 йилда, бошқа бир диктатор Уго Чавеснинг ўрнига келганди. Бу икки «инқилобчи коммунист» табиий қазилмаларга бой мамлакатни таназзулга етаклади. 

Венесуэла дунёда нефтнинг аниқланган захиралари бўйича биринчи ўринда туради, аммо электр энергияси ўчирилгани ва ёритиш чироқлари синдирилгани сабабли тунлари Каракас кўчалари зулматга чўмади. Тоза сув ва дори-дармон етишмайди. 

Кўплаб оилалар ҳеч ким ташиб кетмайдиган чиқиндилар орасидан ўзига егулик излашга мажбур. Ўн минглаб венесуэлаликлар Колумбия ва Бразилияга кетмоқда. 

Аммо диктатор мамлакатни бошқара олмай қолгани учун ҳокимиятдан шундоққина воз кечишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. 50 йил аввал минтақада энг бой ҳисобланган мамлакат аҳолиси озиқ-овқат учун соатлаб навбатда туради, егуликка алмашиш учун металлолом излайди ва юртини тарк этади.

Боя айтганимдек, диктаторнинг айтгани айтган, дегани деган бўлади. У оқ деса оқ, қора деса қора.

Тарихий генетик хотира

«Тестга ишонмайман, рассомлар математикадан тест топширмасин, ашулачи қишлоққа бориб қўшиқ айтсин, ликкиллаб қўшиқ айтадиганга халқ артисти берилмасин, дабадабали тўй қилишга йўл қўйган ҳокимга ҳайфсан берилсин».

Мирзиëев бу ва бошқа ўнлаб таклифларни 3 августдаги битта мажлисда айтди.

Давлат раҳбари айтаëтган шу таклифларниг ҳар биттасини хабар қилса арзийди. 

Зотан, битта мажлиснинг ўзида мақомчилик ва дикторлик мактаблари яратиш ва уларга Абдуҳошим Исмоилов ва Абзал Рафиқовни директор қилиб тайинлаш таклифи ҳам президентдан чиқди. 

Шералидан бошқа барча халқ артистлари коллежга директор бўлсин, дейилди. Бу эшитган одамнинг қулоғига ëқадиган гаплар. Сиëсатда буни диктаторнинг алжираши деб аташади. Кўпинча бу алжираш риторикаси ўша мажлиснинг ўзида қолиб кетади. 

Масалан, Туркиянинг собиқ бош вазири Демирэл халқ билан учрашувида ҳар бир туркка иккита калит ваъда қилган эди – квартира ва автомобиль калити.

Демирэлнинг исми темир қўл бўлса ҳам диктатор эмас эди,  шу боис кейинги йиғилишда халқ ундан «калит қани», деб сўради.

Бош вазир «Кечанинг гапи бугунга тўғри келмайди», деб жавоб қайтарди- қўйди.

Ўзбек қавми раҳбарга ваъдани бажармаслик ҳақида эслатишдан андиша қилади. Масалан, ҳеч ким «Қани товуқ, қани тухум, қани эчкининг сути ва лимон», деб сўрамади.

Сўрасам гўштнинг нархи яна баландлайди, деб ирим қилади.

Бу қавм фақат «қўллаб-қувватлайди». Тарихий хотира бор бу қавм генида.

Гап бошқа – амал бошқа

Горбачёвнинг ароққа қарши маъракасини қўллаб-қувватлаб туриб, «чойнакка ароқ солиб ичишни кашф қилган» бу қавм Мирзиëев қарори билан жорий қилинган эчки, товуқ учун банкдан кредит олиб, пулни тўйга ë боласини институтга киритиш учун порага сарфлашни ҳам «уддалайди». 

Яша, уддабурон.

Яъни ташқаридан ўзини Мирзиëев гаплари «қулоғига ëққандек қилиб кўрсатган» бу қавм барибир ўз билганидан қолмайди.

Каримов «Дабдабали тўй қилма», деганида ТВга чиқиб Беҳбудийни эслаган мулозим сал ўтмай Самарқанднинг Регистон майдонида тўй қилгани эсимда. 

Мен эсламасам, ютуб эслайди. Ютуб ўзбек мулозимларнинг дабдабали тўйлари акс этган видеолар билан тўла.

Бир профессор ТВ га чиқиб, «Олийгоҳларни битириб диплом олган мутахассис республиканинг олис жойларига бориб ишласин. Ватаннинг ҳар бир нуқтаси азиз», деб айтганида таъсирланиб кўзим намланган эди.

Аммо бир ҳафта ўтиб бу профессорни тоғамнинг уйида кўриб қолдим.
Бу профессор вазир бўлиб ишлайдиган тоғамдан институтни битирган ўғлини Тошкентда ишда қолдириш (албатта, вазирликда) илтимоси билан келган эди….

Касалнинг хархашаси

Мавзу диктатура ҳақида эди. Ўз вақтида марҳум Туркманбоши Сапармурод Ниëзов ҳақида мақолалар ëзиш асносида диктатор хархашаси нималигини анча ўргангандим.

«Нега дориларнинг устига лотинча аналгин деб ëзади¸ бош оғриғи дориси деб ëзсак ҳамма тушунади», деган эди марҳум. 

Ва бу гап туркман халқи ва «зиëли»ларга ëққан эди. Бир кун ўтиб қутисига «Бош оғриғи дориси» деб ëзиб ҳам қўйишди.  Аммо бу билан сиëсатнинг асосий бош оғриғига даво топилмади.

Иқтидорга келган сиëсатчидан ислоҳот кутилади. Касал одам уйига доктор чақирса, ундан даво кутади.

Доктор келиб латифа айтиб қайтиб кетса, касал ҳам, унинг яқинлари ҳам ғалати аҳволда қолади.

Сингапурнинг қаддини кўтарган Ли Куан Ю, Грузияда коррупцияни йўқ қилган Саакашвили, Россияда бозор иқтисодини жорий қилган Егор Гайдар, 1979 йилда Британия иқтисодини ислоҳ қилган Маргарит Тетчер айнан жиддий ва касал кўз ëшига ичи ачимайдиган доктор каби иш тутишган эди.

Натижа эса тарих ҳукмида турибди.

Каримов диктатурасига 25 йил банги бўлган 33 миллионлик қавм энди ўзининг «ломкасини» Мирзиëевга содиқлик билан даволамоқчидек.

Шу ўринда мен чор давридаги ислоҳотчи Столипиннинг 1907 йилда Россия Думаси депутатларига қарата айтган машҳур гапини сал ўзгартириб сўнгсўз қилсам:

«Жаноблар, сизга буюк ҳаяжон керак, бизга эса ислоҳ қилинган кучли давлат керак».

Диктаторни ағдариш ҳуқуқи

Суҳбатдан диктатор ëмон, деган хулоса чиқди. Бу ëмонликдан қандай қутулиш мумкин? 

Тарихни ҳар ким ҳар ҳил талқин қилади, аммо ҳамма гап уни ўзгартиришдадир.

Бу ўзгартириш ҳуқуқи бизнинг қўлимизда. Энг ғализ ўзбек конституциясида ҳам ҳокимиятинг бирдан бир манбаи халқ, деб ëзилган.

Демократик тамойиллар диктатурани қурол билан ағдариш ҳуқуқини сўнгги чора сифатида кафолатлайди. Исён табиий ҳуқуқ ҳисобланади ва ижобий ҳуқуқ тамойиллари тасдиғини талаб қилмайди.

Зулмга қарши кураш – ҳуқуқ асоси, диктаторларни ўлдириш қадимги ҳуқуқ давридан бошланган. Илк бор исён ҳуқуқи 1776 йилги АҚШ мустақилллиги декларациясида ёзма равишда қайд қилинган.

Ушбу ҳужжат муқаддимасида бундай дейилади: “… агар қандайдир сиёсий тузум ушбу ҳуқуқларни бузса, у ҳолда халқ уни ўзгартириш ёки бекор қилиш ва халқ фаровонлиги ва хавфсизлигини энг яхши тарзда таъминловчи тамойилларга асосланган ва бошқарувни шу шаклда ташкил қилувчи янги тартиб ўрнатиш ҳуқуқига эга…

Қачонки қатор ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва зўравонликлар натижасида… халқни мутлақ мустабид тизимга бўйсундиришга уриниш аниқланса, у ҳолда бундай ҳукуматни ағдариш ва ўз келажаги хавфсизлигини таъминловчи янги кафолатларини яратиш халқнинг ҳуқуқи ва бурчидир”.

Шунингдек, 1789 йилги Франциянинг инсон ва фуқаро эркинлиги ва ҳуқуқлари декларацияси 2-моддасида эркинлик, хусусий мулк ва хавфсизлик каби табиий ва ажралмас инсон ҳуқуқлари билан бир қаторда зулмга қарши исён ҳуқуқи ҳам таъкидлаб ўтилган.

Қолаверса, 1793 йилда ушбу декларация кенгайтирилган ва қуйидаги сўзлар қўшилган:

«Ҳар кимса халқга тегишли бўлган ҳукмдорликни ўзлаштириб олса, у дарҳол эркин фуқаролар томонидан ўлимга ҳукм қилинади».

Қачонки ҳукумат халқ ҳуқуқларини поймол қилса, исён қилиш ушбу халқ ва унинг ҳар бир аъзоси учун муқаддас ҳуқуқ ва фавқулодда вазифасидир.

Польша қироллиги ва Польша-Литва ҳамдўстлигида исён ҳуқуқи шляхта ҳуқуқ ва имтиёзларига риоя қилинмаган пайтда уларнинг ҳимоясини таъминлаш мақсадида шляхтанинг имтиёзларидан бири бўлган.

Қиролга босим ўтказиш мақсадида тез-тез қўлланилган. Хусусан, ушбу ҳуқуқга таянган ҳолда қироллар Казимир I, Болеслав II сургун қилинган.

Шунга қарамай, ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш қиролнинг қуролли ғалабаси бўлган тақдирда қўзғолон сифатида кўрилиши мумкин эди.

1948 йил БМТ томонидан қабул қилинган Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси муқаддимасида бундай дейилади:

“Инсон сўнгги йўл сифатида диктатура ва зулмга қарши исён қилишга мажбур бўлмаслигини кўзда тутган ҳолда инсон ҳуқуқлари ҳукумат томонидан ҳимоя қилиниши лозим”.

Кўпчилик замонавий демократик давлатлар конституциясида мамлакатда ягона ҳукумат манбаи халқ экани ва шу сабабли ҳокимиятни эгаллаб олиш ва уни суиистеъмол қилишга қарши туриш ҳуқуқига эга эканини тасдиқловчи халқ суверенитети эълон қилинади. Балки айнан шунинг учун кўплаб замонавий конституцияларда исён ҳуқуқининг махсус таъкидлаб ўтилиши талаб қилинмайди. 

Сабаблардан яна бири шу бўлиши мумкинки, мавжуд бошқарув гўёки муайян бир ҳуқуқ ва эркинлик қоидаларини бузяпти, деган баҳона ила ҳукуматнинг сиёсий экстремистлар томонидан зўравонлик йўли билан босиб олиниши хавфидан исён ҳуқуқини юридик назар билан чегаралаш жуда ҳам қийиндир.

Франциянинг 1958 йилдаги конституцияси билан 1789 йилги инсон ва фуқаро ҳуқуқлари декларацияси тасдиқланган. 

Бундан келиб чиқадики, унда тўғридан-тўғри айтилган зулмга қарши исён ҳуқуқи Франция фуқароларига тегишли асосий ҳуқуқлардан биридир. 

1971 йил 16 июль куни Франция конституциявий кенгаши ушбу декларацияга риоя қилмаслик конституцияга хилоф, у юридик равишда мажбурий ҳужжат, дея эътироф қилган.

Шу ерда гапим тугади. Йўқолсин зулм ва диктатура. Яшасин демократия. 

Биз истаса суяк ташлаб, истаса калтакланадиган бўйни боғлиқ кўппак эмасмиз. Бизда инсон, бизда одаммиз…

Урилганлар нега жим?

Шу ўринда ўз гапимга ўзим ишонмай қоляпман. Кейинги уч йил мобайнида юзлаб мулозим ишдан олинди. Ўнлаб амалдор қамалди.

Уларнинг юзига қараб, сен каламушсан, ўғрисан, қароқчисан, деб ўшқирди президент. Аммо ҳеч бир мулозим миқ этиб сасини чиқармади. Бетини без қилиб, сўкиш ва ҳақоратни эшитиб тураверди.

Урганингиз ун оши, сўкканингиз сўк оши. Этимиз ҳам, суягимиз ҳам сизники. Тепкилаб-тепкилаб ташласангиз ҳам майли.

Наҳот ишдан кетган, урилган-сурилган ва қамалган мулозимларнинг иззат-нафси йўқ?

Жоҳилият давридаги араблар тирик туя ўркачини ëриб, ëғини олиб ейишган. Бу ҳолатда туя оғриққа чидамай бўкирган. Тўрт бадавий араб бу туяни зўрға ушлаб туришган.

Хўш, нега 3 йил давомида ўз жабҳасидаги биринчиликдан мосуво бўлиб, иккинчи даражали лавозимларга туширилган ëки умуман кўчага ирғитилган мулозимлар “жимгина писта-бодом” бўлиб юришаверади?

Лавозимдан тепилиб, мол-мулки мусодара бўлиб, беш-олти йил қамоқ жазоси олган вилоят ва туман даражасидаги мулозимлар сонини Бекобод қамоғи нозирлари яхши билади.

Шу ўринда савол: нега улар миқ этиб товуш чиқаришмайди? Ахир улар тирик одамлар-ку! Нега улар жим?

Бу савол жавоби оддий, деди собиқ мулозимлардан бири Туз оғангиз билан суҳбатда.

Ишдан олинган мулозим оила мафияси деб аталган улкан ўргимчак тўрининг бир катаги¸ холос. Қолган минг одам бор. Ука вазир¸ ака нозир, куëв ДХХда, жиян прокурор, қуда Вазирлар Маҳкамасида. Почча эса Ливерпулда пахта сотади…

Неваралар қиммат пулли боғчаю мактабга, қизлар эса гимнастикаю балетга боради.

Хуллас, ишдан олинган ҳоким ҳақоратларни жимгина ютиб, қамоқхонанинг «люкс» ҳужрасида «маслократ» мақомида аччиқ «чефир»ни босиб-босиб ичиб амнистияни кутиб ўтираверади. «Положенец»ларга доля бериб турилса бас.

Қолаверса, коттакон «ҳаммани қамамаймиз», деб ваъданинг каттасини берган..

У ëғи сокин ҳаëт.

Лепрозорийдаги собиқлар

Тошкентнинг медгородогида собиқ вазиру ҳокимларнинг виллалари бор. Бу ўзига хос лепрозорий муқимлари мусодара қилинмаган каттагина мол-мулкини майда тишла-ааб ўтиришибди.

Улар кечаги кун хотиралари билан яшашади. Кечагина қамчисидан қон томган (собиқ) ҳоким бугун пижама кийиб, уйи олдидаги уруғи Канададан келтирилган ажриқ (тўнғиз ўти)ни ўриб, ФМ радиосидан тарқалаëтган қўшиққа қўшилиб секингина хиргойи қилмоқда.

Сал нарида собиқ вице-премьер ит етаклаб юрибди¸ ундан нарида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири қўлида гулқайчи билан дарахтларни бутамоқда…

Улар бир-бирлари билан салом-аликдан нарига ўтишмайди. Ортиқча гап қилишса¸ юқорига етишини ва бу ҳаловатдан мосуво бўлишларини яхши билишади улар.

Аммо «собиқ»лар орасида «тили бир қаричлар»и ҳам бор.

Масалан, собиқ матбуот котибларидан бири бўлган ëзувчи ака Фейсбукда ўтириб ўзининг эски қадрдони бўлган мухолифатчи билан очиқ гаплашаверади.

Олдин ҳам у кишининг оғзида ўлчов йўқ эди¸ деб ўзини овутишади «тилсиз» «собиқлар».

Юпитер ўзига эп кўрган нарсадан ҳўкиз мосуво…

Аммо лепрозорийдаги ҳамма «собиқлар»ни бирлаштирадиган муштарак жиҳат бор – улар «юқоридан» телефон қўнғироғини кутишади.

Президент девонидан Крайнов ëки Зелимхон қўнғироқ қилиб, «Ака, бир кеп кетинг, каттакон сиз билан гаплашмоқчи», деган гапга маҳтал улар.

Ҳатто бир «собиқ»нинг пастки қаватда жиринглаëтган телефонга югураман деб, зинапоядан йиқилиб оëғини синдиргани ҳақида ҳикоя бор.

Улар яна қайтиб бош прокурор, ички ишлар вазири, ҳоким, қамоқхона бошлиғи ëки судья курсисига ўтириб сиëсат қилишни, одамларнинг фикру ўйи, иродаси устидан ҳокимлик қилишни исташади.

Аммо уларнинг аҳволи кимсасиз оролдаги Робинзонникидан ҳам чатоқ. Робинзон ўз оролида ўзини губернатор деб эълон қилиб байроқ тиккан ва ҳукмини Жумавойга ўтказган эди.

Бу «собиқлар» яшаëтган кимсасиз орол «каттакон»нинг қаттиқ назоратида. Ғинг деб кўришсин-чи… Ғинг демайди улар.

Туя олис саҳродаги сувсизлик ва емсизлик машаққатига ҳозирланиб ўркачига ëғ тўплайди. Бу ўркачни ëриб ëғ олишар экан, туя даҳшат билан ўкиради.

Ўзбек мулозимларининг эса ўркачи кўп. Биттасини ëриб ëғини олсангиз,  яна қирқтаси бор.

Бу мулозимлар ҳеч қачон режимга қарши исëн қилмайди, ҳар ҳолда «каттакон» лавозимда ўтирар экан.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
24 ноябр 2022
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Дастлабки шикоят Самарқанддан. Ҳибсга олинган ўспирин юрак касалидан ўлганмиди? «Ассалому ...
7 январ 2022
Азизлар мана яна сиз билан юзма юзман. Ҳазрати Заҳириддин Бобур лутф қилишича қозоқ бу туркнинг ботирлик ҳислати экан. Шу ...
29 сентябр 2016
Пахта териш ҳар бир мусулмон учун «вожиб амал» дея ҳукм чиқараётган имомлар ҳақидаги мавзуни рассом Адолатхон давом эттиради. Унинг ...
25 январ 2023
 “Элтуз”га етиб келган маълумотларга қараганда, Риштон туманида прокурор босими остида фермерлар ипак қурти боқиб, пилла етиштириш шартномасини имзолашга мажбурланган. ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...