Асосий мавзулар
14 феврал 2020

РТдан ваъз: Коронавирус тавқи лаънати

Азиз ва қадрли кўрарман, яна сиз билан юзма-юз бўлдик. Томошабин деган сўзни қозоқлар кўрарман, дер экан. Ўзбеклар ҳам айтади-ку, яхши кўраман деб.

Лекин кечган ҳафтада қозоқлар дунганларни яхши кўрмаслигини исбот қилди. Бунга кейин тўхталамиз. Топишмоқ айтсам.

ТОПИШМОҚ

«Бир тоғорадан қирқ туя сув ичади» – бу нима? Албатта, чучвара. Сизники қизариб туради, бизники кириб чиқади (кулги). Кулманг, бу сиз ўйлаган нарса эмас. Умуман, яхши гумонда бўлишни тавсия қиламан. Бу топишмоқнинг жавоби тандир ва нон.

У ёққа қарасангиз кўрмайсиз,

Бу ёққа қарасангиз кўрмайсиз.

Бошингизга қарасангиз кўрмайсиз,

Соянгизга қарасангиз кўринади.

Топишмоқдаги нарса эркакда ҳам, аëлда ҳам иккита. Меники сал каттароқ. Локатор дейишарди кичкиналигимда. Бу қулоқ.

Маълумотларни эшитадиган муҳим аъзо дейишади қулоқни. Мен бўлсам оëқни муҳим деб биламан. Масалан, Ўзбекистон ëқмай қолса, кетвориш мумкин оëқ билан йўрғалаб:

Оёғим етганча Бобурдек кетар эрдим, нетай…

Аммо қаерга бориш ҳам муҳим. Бу ҳақда ҳам хабарлардан кейин тўхталамиз, жумладан, шу бугун таваллуди нишонланаётган шоҳ Бобурни ҳам эслаймиз…

Маҳаллий янгиликлар

10 февраль куни “Илҳом” театридан бинони бўшатиб қўйиш талаб этилди. Бинонинг янги эгаси Ofelos Plaza раҳбарияти бунга рўкач қилиб Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг бинони реконструкция қилиш ҳақидаги хатини келтиришди.

Кейин тармоқдаги норозиликлар ортидан маданият вазири Озодбек Назарбеков театр ўз жойида қолиши ҳақида баёнот берди.

Бироқ эйфория узоққа бормади. Бинонинг янги эгалари бир ярим йилга қадар “Илҳом” театри бинони тарк этишини маълум қилишди.

+++

1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида квартира сотиб олувчилардан прописка талаб этилмаслиги кутилмоқда. 2020 йил давлат дастури лойиҳасига киритилаётган бу тартиб 1 апрель ҳазилими ёки чин, келаси ойдан кейин маълум бўлади.

+++

Мирзиёев Хотин-қизлар қўмитаси ва «Маҳалла» жамғармаси чиндан ҳам фойдаси йўқ ташкилотлар эканини эътироф этди ва шу заҳоти улар ўрнига яна битта паразит идора – Маҳалла ва оила вазирлигини тузишни таклиф қилди. 

Чет эл хабарлари

Халқаро нашрлар Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон Назарбоев Буюк Битаниядан сиёсий бошпана сўрагани ҳақида хабар берди. Бироқ Қозоғистон расмийлари буни тасдиқлашгани йўқ.

+++

Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида 7 февраль куни  юз берган қозоқ-дунган можаросида, расмий маълумотларга кўра, 10 киши ўлди, 30 дан зиёд уй-жой, 15 та савдо дўкони, 23 та автотранспорт ёндирилди. 47 нафар шубҳали шахс ҳибсга олинди. Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида 50 мингга яқин дунган яшайди.

Ўз юртни қўйиб…

Тақдир йўғи бошимға балолиғ бўлди,

Ҳар неники айладим хатолиғ бўлди,

Ўз юртни қўйиб Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин, бу не юз қаролиғ бўлди.

Бошлаган гапимиз, шоҳ Бобур айтганидек, мамлакатдан суриш ҳақида эди.

Қайси мамлакатлар энг муваффақиятли ва бой? У ерга бориш учун одамлар ўзларининг охирги чақаларини конрабандачиларга беришга ва эски қайиқларда денгиз кечиб, ҳаётини хавф остига қўйишга тайёр?

Бу бой давлатлар камбағалларидан нимаси билан фарқ қилади? Нега ғарб мамлакатлари кучли иқтисодиётга, юқори даражали тиббиётга ва энг яхши текин олий таълимга эга?

Муваффақиятли иқтисодиётга эга бу бой мамлакатларнинг асосий фарқи – сўз эркинлиги борлигида. Сўз эркинлиги эса мамлакатни виждон билан бошқариш – good governance (Гуд гаверненс)га йўл очади.

Бу эса коррупция даражаси пастлиги, ҳокимиятнинг алмашинувчанлиги, мустақил суд ва фуқароларнинг ҳукумат устидан назорати деганидир.

Ўтган шанбада Ухань шаҳрида хитойлик шифокор Ли Вэньляннинг вафоти ҳақида хабар тарқалди.

Ухань бутун дунёга тарқалаётган коронавирус эпидемияси ўчоғи бўлган шаҳар.

Шифокор Ли Вэньлянь ўтган йилнинг декабрь ойидаёқ кейинчалик коронавирус номи билан машҳур бўлган юқумли касаллик ҳақида хабар берган эди. Орадан икки ой ўтиб ўзи ҳам ҳалокатли янги вирусдан ўлди.

Бу ўлим бутун дунёда кучли ҳаяжон уйғотди, чунки шифокор коронавирус борасида ташвиш билдирганида полиция участкасига олиб келинган эди. Бу ерда у “ёлғон миш-мишлар тарқатиш” ва “жамоат тартибини бузиш”да давом этса, жазоланиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Докторнинг ўлгани маълум бўлгач, миллионлаб хитойлик ижтимоий тармоқлар орқали сўз эркинлигини талаб қила бошлади. “Биз сўз эркинлигини хоҳлаймиз” интернетнинг хитой сегментида тренд мавзуга айланди.

Хитой коммунистик партияси доктор Лининг ўлими муносабати билан «омма томонидан кўтарилган масалалар»ни ўрганиш учун Ухань шаҳрига терговчиларни юборишга ваъда берди.

Хитой ҳукумати ғазаб ва ҳиссиёт тўлиб-тошиб, кўчаларга чиқиб кетишини жуда яхши англайди. Эҳтимолки, Хитой ҳукумати жамоатчилик ғазабини босиш учун бир неча маҳаллий амалдорни ишдан бўшатар. Аммо бу реал муаммони – фуқароларда сўз эркинлиги йўқлигини ҳал этмайдиган мақсадли чора бўлади.

Тарихдан чиқарилмаган сабоқ

Худди шундай воқеа бундан 17 йил муқаддам – оғир ўткир респиратор синдроми (САРС) эпидемияси вақтида ҳам юз берган эди. Ўшанда ҳам Хитойдан тарқалган бу касалликка 17 мамлакатда 8 мингдан зиёд одам чалинган, қарийб 800 киши вафот этган эди.

2003 йилда ҳам яна бир шифокор – 72 ёшли Цзянь Яньонг янги вирус ҳақида хабар бермагунча Хитой ҳукумати бу касалликни бир неча ой давомида яшириб келганди.

Айни пайтда 88 ёшни қоралаган доктор Цзянь Хитой ҳукуматини 1989 йилда Тяньаньмэнь майдонидаги исённинг бостирилишини тергов қилишга чақиргани учун ҳозир ҳам уй қамоғида ўтирибди.

Ўшанда Хитой ҳукумати асосий қисми демократпараст талабалар бўлган тинч намойишчиларга қарши ўт очган ва бир неча юз кишини ўлдирганди.

Афсуски, Хитой САРС эпидемиясидан сабоқ чиқармади.

Хитойда ахборот қаттиқ назорат қилинади. 34 ёшли шифокор Ли ўзи ўқиган тиббиёт билим юрти битирувчиларининг ижтимоий медиагуруҳида тирик жониворлар сотиладиган маҳаллий бозорнинг етти ишчисига САРСга ўхшаш касаллик ташхиси қўйилгани ва улар ўзи ишладиган шифохонага карантинга олингани тўғрисида хабар қолдириши ортидан полицияга чақирилди.

Уни «агар қилган ишига пушаймон бўлмаса ва ноқонуний фаолиятини давом эттирса, қонун бўйича жазоланиши»ни тушуниб тургани ҳақида таҳқирловчи баёнотни имзолашга мажбурлашди.

Бугун кўп сонли изоҳларда бир фикр якдил – агар Ли турли муаммоларни фош этиш жазоланмайдиган эркин жамиятда яшаганида, унинг огоҳлантириши акс-садо берган ва тезда зарур чоралар кўрилганида эди, вирусни жиловлаш мумкин бўларди эҳтимол.

Бугун вирусдан вафот этганлар сони 1500 нафарга яқинлашди, 60 мингдан кўп одам хасталанди ва касаллик дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда.

Сўз эркинлиги йўқлиги боис…

Ноумид бўлдум, эй Мўғул, сендин,

То эшитдимки, Андижон бординг.

Айтғон сўзга келдим, аммо сен

Яхши келдинг демай, ямон бординг.

Ўзбекистонда ҳам Хитойдаги каби сўз эркинлиги бўлганида юз бермаслиги мумкин бўлган ўз фожеаси бор. Бу фожеа Орол денгизининг қуришидир.

Денгизимиз ўзбек коммунист етакчиларининг жўшқин нутқлари ва ювош совет фуқароларининг гулдурос қарсаклари садоси остида аста-секин ўлиб борди.

Орол денгизи сатҳи ўтган асрнинг 60-йиллариданоқ уни тўйинтириб турадиган Амударё ва Сирдарё сувлари пахта далаларини суғоришга олингани сабаб пасая бошлаган эди.

Агар Совет Иттифоқида сўз эркинлиги бўлганида, олимлар денгиз қуриётгани ва сувнинг улкан сарфини тўхтатиш кераклигини қўрқмасдан гапира олганида эди, экологик ҳалокатнинг олдини олиш мумкин эди.

Аммо мулоҳазасиз, биринчи навбатда, шундай ҳам нореал бўлган пахта режасини у беш йилликдан бу беш йилликка ошириб бориш билан ўзини Москвадаги катта бошлиқларга қандай яхши кўрсатишни ўйлайдиган ўзбек раҳбарлари айби билан Ўзбекистон асосан Россиянинг Европа қисмида жойлашган тўқимачилик саноати учун хомашё базасига айлантирилди.

1970 йилга келиб экишга яроқли барча далалар пахта учун ажратиб берилди. Катта ҳажмдаги сувдан фойдаланиш Орол денгизининг қуришига олиб келди.

Сиз либерал демократия, инсон ҳуқуқлари, бағрикенглик, сўз эркинлиги каби тушунчаларга шубҳа билан қарашингиз мумкин, аммо кўриниб турган фактларни инкор эта олмайсиз.

Сўз ва матбуот эркинлиги рейтинги ҳолати аҳолининг турмуш даражаси рейтингиникидан деярли фарқ қилмайди. Оддийроқ айтганда, сўз эркинлиги кафолатланган ва юқори даражада бўлган мамлакатларда инсонлар бой яшайди, у ерда юқори сифатли тиббиёт ва сифатли текин олий таълим мавжуд.

Ўзбекистонда 20 йил давомида сўз эркинлиги бўғилди. Каримов сўз эркинлигининг ҳар қандай кўриниши душмани эди.

Мирзиёев журналистларни яхши кўришини айтади, аммо «Озодлик» ва «Элтуз» сайтларини тўсишни давом эттиради ва мустақил нашрларга интервью бермайди.

Адолат ҳаққи, тан олиш керакки, сўнгги уч йилда Ўзбекистонда сўз эркинлигининг илк куртаклари пайдо бўла бошлади. Ҳокимларни ва вазирларни, таълим ва тиббиётдаги вазиятни танқид қилиш мумкин бўлди, аммо президент ва унинг оиласи аъзоларини танқид қилиш мумкин эмас.

Бироқ сўз эркинлигини ҳимоя қилиш керак. Агар эртага яна цензура жорий этилса, журналистлар ёки фаол блогерлар қамалса, уларни ким ҳимоя қилади?

Сиз журналистнинг иши ва мажбурияти жамият манфаатларини ҳимоя қилиш эканини тушунишингиз лозим.

Ғарбда журналистларни қўриқчи ит деб аташади. Бу итлар ўз касби тақозосига кўра, ҳокимиятга танқидий ёндашиши лозим.

Агар сиз ҳокимият журналистни ҳақоратлаяпти ёки жазолаяпти, деб эшитсангиз, бошингизда тревоганинг қизил чироғи ёниши шарт.

Одамлар қўллаб-қувватласагина журналист ўз ишини қилиши мумкин.

Мен гап аввалида айтиб ўтганим вафот этган хитойлик шифокор мисолида тушуниш керакки, сизнинг хавфсизлигингиз, саломатлигингиз ва бутун ҳаётингиз мамлакатда сўз эркинлиги вазияти қандайлигига боғлиқ.

Ривоят

Гапимни эртак билан тугатсам. Бир куни миттигина қуш овчининг тўрига тушиб қолибди.  Овчи қушни қовуриб емоқчи бўлибди. Қуш эса ëлворибди. Мени еганинг билан барибир қорнинг тўймайди. Бир чимдим гўштим бор. Раҳминг келсин. Буни ўрнига учта маслаҳат бераман, дебди қуш.

Майли дебди овчи.

1. Қўлдан кетган нарса ҳақида афсусланма.

2. Бўлиб ўтган нарсани орқага қайтариб бўлмайди.

3. Чўпчакларга қулоқ солма, илм ва мантиққа ишон.

Бу маслаҳатларни маъқул топган овчи қушни қўйиб юборди. Қуш пир этиб учиб кетди ва дарахтга қўниб овчига қараб гапирди:

Аҳмоқ мен сени алдадим. Сен мени сўйганингда ошқозонимдан ғоз тухуми каби олмос чиқарди. Бойиб кетган бўлардинг.

Овчи афсусланиб кўз ëш тўкибди. Аттанг, шундай бойликни қўлдан чиқардим, деб.

Қуш бўлса дарахтда мағрур ўтираверибди. Қушга қараб овчи ëлворибди: «Қушчажон, кел, қайт менинг бағримга. Сенга олтиндан қафас қилиб бераман. Ҳар куни дон ва сув бераман».

Қуш эса кулиб: «Эй овчи, сен аҳмоқсан. Сенга берган учта дарсимни дарров эсдан чиқардинг. Сенга чўпчакка ишонма, дедим-ку. Қандай қилиб мендай митти қушнинг қорнига ғоз тухуми каби улкан олмос сиғади.

Айтдим-ку сенга, чўпчакларга ишонма, илмга ишон деб».

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
3 октябр 2018
Япониянинг NHK, TBS ва JNN ахборот манбалари хабарига кўра, Ўзбекистон фуқароси, Андижон вилоятида туғилган ва Япониядаги касб-ҳунар коллежида чет ...
8 апрел 2015
Тошкентла “Style.uz” санъат ҳафталиги ўтмоқда – президент тўнғич қизининг дабдабали эрмаги, айни пайтда эса пахта далаларида болалар ўлмоқда, дея ...
17 феврал 2017
«Халқ сўзи» газетаси (15.02) «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг ёшлар қизиқиш ва қарашларини ўрганишга бағишланган сўрови натижаларини эълон ...
10 июл 2019
Муҳаммад Солиҳ шоир ва сиёсатчи. 1949 йил 20 декабрда Хоразмнинг Урганч туманида дунёга келган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультети ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...