Асосий мавзулар
5 июн 2020

Мирзиëевнинг сиëсати тугаб, Ариповники бошландими?

Оҳ ëз, қандай соз! Мана, ўлмаган қул сиз билан яна бир ëзнинг бошида гаплашиб турибмиз. Ëзни яхши кўраман. Шу кунларда оқ ўрик пишди, бозордаги ҳандалаклар ҳиди одамни маст қилади. 

Қўшиқда айтилганидек, “ҳиди келса маст бўлайлик, ҳандалакнинг бўйига”.  Қўшиқни сал кўпроқ эшитсангиз, Николайнинг замбараги деган жойи ҳам бор. Яъни бундан 100 йил олдин ҳам исëн кўтарган одамга замбарак қаратилган. Лекин ҳамма ерда ҳам шундай эмас. 

Илон Маск кемалари  фазога учаётган бир пайтда нимага АҚШда зўравонликлар тугамаяпти, деб савол беришди. 

АҚШ констутуцияси ўз халқига қуролли қўзғолон ҳуқуқини беради. Шунинг ўзида муаззам буюклик бор. Эркинлик ва тараққиëт – эгиз тушунча. Эрк ватани Американи тангри ëрлақасин!

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Америка шаҳарларидаги норозилик намойишига ўзбеклар қўшилмай, писта-бодом бўлиб  ўтирсин, деган чақириқ билан чиқди.

Майли, океан орти мавзусига яна қайтамиз. Ҳозир маҳаллий янгиликлардан хабардор қилсам сизни.

ХАБАРЛАР

Хива тумани Оқ кўл маҳалласидa “Дамас” билан “Ласетти” тўқнашди. “Дамас” ичидаги 19 яшар йигит ўлди. Шу даврда мамлакатнинг бошқа жойларида ҳам авариялар юз берди. Жиззахда 6 яшар, Яккабоғда эса 13 ёшли бола аварияда ҳалок бўлди.

Тошкент вилоятида юк машинаси эшак аравани босиб кетди. Эшак ҳам, аравадаги икки киши ҳам ўлди.

Йўл қоидасига риоя қилинг. Кесиб ўтма ҳар жойдан – ўткин чизиқ бор жойдан. Чизиқ умуман чизилмаган бўлса-чи, деб сўраманг. 

Икки марта ҳаж ва уч марта умра зиëратини қилган Ўзбекистон халқ артисти, собиқ депутат ва ҳуқуқшунос Юлдуз Усмонованинг ТВ ва радиода чиқишига тақиқ қўйилди. Энди дазмолни тиқсак, Юлдуз қўшиқ айтмайди. Беш сўмлик девор радиодан ҳам чиқмайди. Ниҳоят, додимиз тангрига етди, дейишди мелисадаги болалар.

“Ўзавтосаноат”ни прокуратура босди. Тизимдаги UzDongYang омбор мудири  ўзини омбор тўсинига осди. Прокурор тўрда, амалдор гўрда.

Шу мудирни омбор тўсини кўтаргани қурилишлар сифатли эканидан далолат.

Илмнинг чўпчакни енгиши

Одам ерга эгилса, тупроқ ва қурт-қумурсқани кўради. Бошини кўтариб кўкка боқса, юлдузларни.

Инсоният тарихида кўкка боқиб, юлдуз санаганлар сафининг илк қаторида Улуғбек туради.

Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек ҳозирги Эроннинг Султония шаҳрида 1394 йилнинг 22 мартида дунëга келган эди. 

Астроном, математик ва давлат арбоби сифатида из қолдирган Улуғбек Шоҳруҳнинг ўғли, Амир Темурнинг набирасидир.

Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонида “Улуғбек мадҳияси” деган махсус боб мавжуд. Унда Улуғбек заминда осмон яратган олим, дея таърифланади:

Расадким боғламиш зеби жаҳондир,

Жаҳон ичра яна бир осмондир.

Билиб бу навъ илми осмоний,

Ки андин ёзди “Зижи Кўрагоний”.

Қиёматга деганча аҳли айём,

Ёзарлар анинг аҳкомидин аҳком.

Аммо Улуғбек мутаассиб жоҳил диндорлар фатвосига кўра, ўз ўғли тарафидан ўлдирилди. Жоҳил оломон у ëзган китобларни ëқди. Расадхонани кўмиб ташлади. Бугунги Ўзбекистонда Улуғбекнинг оригинал асарлари йўқ. Жоҳиллар ўз вақтида ëқиб ташлаган.

Аммо 1690 йил Гданскда поляк астрономи Ян Гевелий чоп эттирган “Юлдузлар осмонининг атласи”даги иккита гравюрада ўша даврнинг машҳур астрономлари орасидан Улуғбекка фахрли ўрин берган, унда Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Риччиоли, Вильгельм Ив ва ўзининг жадваллари билан солиштирган.

1711 йилда Оксфордда Улуғбекнинг географик жадвали 3-марта нашр этилган. 

1807 йилда ўша ерда бу жадвал янги грек тилида ҳам чоп қилинган.

1725 йилда инглиз астрономи Д. Флеметид (1646-1719) Улуғбекнинг юлдузлар жадвалини Птолемей, Тихо Браге, Вильгельм Ив, Ян Гевелий ва ўзининг жадваллари билан бирга нашр этган.

1908-1909 йилларда В.Л.Вяткин Улуғбек расадхонасининг харобаларини ва унинг асосий асбоби – квадрантини кавлаб топгандан сўнг Самарқанд олимларининг фаолиятига қизиқиш янгидан бошланади.

Натижада 1918 йилда В.В. Бартольднинг “Улуғбек ва унинг даври” асари нашр этилади.

1611-1687 йилларда яшаб ижод қилган таниқли астроном Йоханнес Хевелиуснинг Улуғбекка бўлган муносабати илм аҳлига маълум.

Таниқли астроном Лаплас Улуғбекка “энг улуғ кузатувчи”, деб баҳо берганди.  Боя айтганимиздек, Ўзбекистон ҳудудида Улуғбекниг битта ҳам китоби йўқ. Ҳозир ҳам Улуғбек каби олим чиқса, унинг китобини ëқишга тайëр оломон эса юрибди тошбақадай судралиб.

Жаҳондаги машҳур кутубхона, музейларда ҳозирги кунларгача Улуғбек асарларининг 25 та қўлёзмаси сақланиб келиняпти: олтитаси Англиянинг Британия музейида, учтаси Париж миллий кутубхонасида, еттитаси Англиянинг Бодлеан кутубхонасида, иккитаси Сент Жоунз коллежи кутубхонасида, биттадан Буюк Британия Қироллик астрономия жамияти ва Кровфорд китобликларида ҳамда бештаси Ҳинд идораси номи билан танилган ташкилот кутубхонасида.

Замонамиз Улуғбеклари бугун Америка Қўшма Штатларида яшайди. Улар худди Улуғбек каби кўкка боқиб юлдуз санашади.

Жорий хафтада Илон Маскнинг хусусий ракетаси фазовий кемани кўкка олиб чиқди. Илмнинг чўпчакни енгиши бу!!!

Ўзбекистон президенти “дафтарим сувга оқди”, дея алжираган каллаварам хотинга фалсафа доктори дипломи “падарка” қиладиган банан давлатидан туриб қаралса, бу парвоз яна юксак кўринади.

Бир пайтлар илк инсоннинг кўкка учиши тайëрланган шаҳарнинг махфий коди Т-1 эди. Расшифровкаси Тошкент-1.

Ҳозир бу шаҳар кинначи, ўғри, фирибгар ва ноғорачилар билан тўла.

Президент эса кинодаги жинни подшоҳ каби ҳар бир одам ноғора (бирорта мусиқа асбоби) чалиши зарур, деб тайинлабди.

Мамлакатнинг ярми чалиб, ярми ўйинга тушса керак.

Ўғриларнинг қайнотаси бошқарган “истон”лар “учмасликка” маҳкум. Худди қаноти бўла туриб, учолмайдиган товуқ мисоли.

Дунë илм маркази, 2 миллион ўзбек грин кард ўйнаб, сурмоқчи бўлган ҳақиқий жозибадор мамлакат – АҚШдаги парвозга алëр айтайлик.

Даглас Херли ва Роберт Бенкен тоғалар ой бориб омон келсин.

Дарвоқе, Даглас Херли 53 ëшда экан.

53 яшар одам Ўзбекистонда ëшини яшаб, ошини ошаб, бир оëғи гўрда ҳисобланади. Тўйтепага ҳам бориб келиши мушкул иш.

1961 йил Юрий Гагарин кўкка учганида қозоқ шоири, улуғ бовурим Ўлжас Сулаймонов 12 апрель куни бир кечада “Инсонга сажда қил замин” деган поэмани ëзган ва бу поэма дарҳол чоп қилиниб, учоқдан ерга сочилган эди.

Ўзбек шоираси Зулфия Гагарин билан мулоқотларидан кейин “Йўлчи юрак” достонини ëзганди.

Тошкент марказида 1970 йилда ҳайкалтарош Постников яратган Гагарин монументи ўрнатилди. Ўтган асрнинг 70-йилларида Самарқандда ҳам Гагаринга ҳайкал тикилди.

Ўзбекистон мустақил бўлган илк кунларда Тошкентдаги марказқўм биноси олдида қад кўтарган Гагарин ҳайкали Чилонзор савдо марказига олиб бориб ўрнатилди.

Ҳайкал ортидаги 28 метрлик стелланинг ярмини қирқиб ташлашди. Самарқанддаги Гагарин ҳайкали эса 2008 йил бузиб ташланди.

Энди бу мамлакат парвоз ҳақида ўйламас ва чуқур таназзулга маҳкум эди.

Одамлар мияси илм билан эмас, чўпчак билан тўлдирила бошланди.

Улар темирдан катта қозон ясаб, ичида гуруч пишириб, таламон қилиб еб “зўрмиз”, деб кўкрагига урадиган биомассага айлантирилди.

Лекин ер юмалоқ. Бу тарафида қоронғу бўлса, у тарафи ëруғ.

Элнинг беш мергани қани?

Бундай ўйлаб қарасам, ҳар жума ўқийдиган ваъзим бешотар милтиққа ўхшар экан. Унинг ўқдонида бешта ўқи бор. Қариндошларим Шовотдаги Бешмерган қишлоғида яшашади. Бир вақтлар бу қишлоқда бешта мерган бўлган, деб эслашади. Билганим шуки, бу қишлоқда бугун битта ҳам мерган йўқ. 

Ваъзнинг ўқдонига камида битта шеър ўқланади. Бу сафар шеърни улуғ ўзбек шоири Муҳаммад Солиҳ китобидан олдик. Шеър 1989 йили ëзилган ва “Қарғалган миллатга” деб номланади.

Қарғалган миллати ҳўкиздай ишлаб,

Раҳматнинг ўрнига эшитар миннат,

Бор-йўғини дунёнинг пойига ташлаб,

“Ўғри” деб ном олар қарғалган миллат.

Қарғалган миллатнинг келажаги тул,

Дарёлари қуриб, чирир ерлари,

Қарғалган миллатнинг болалари – қул,

Аёллари тумсо, бепушт эрлари.

Қарғалган миллатнинг қозиси – фосиқ,

Олими – савдогар, илм сотиб яшар,

Шоирлари эса ақлдан озиб,

Душмандан мукофот олмоққа шошар.

Мана, шеърни ўқидик. Но коммент, деймиз. Хулосани сиз чиқаринг. Чунки ақллисиз. “Феррари”нинг “Нексия”дан яхши эканига фаросатингиз етади. 

Рус вассалининг сиёсати

Мен энди сиëсат ҳақида гапирсам. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллар охирида Ўзбекистонда оммавий митинглар бўлганини кўрган қадимий динозавр каби одамман. 

Ўша пайтда сиëсатчилар бочка устига чиқиб, қўлида овоз кучайтиргичли карнайни ушлаб, халқ олдида ваъз қиларди. Мабодо сиëсатчи одамларни ўзига ром қила олмаса, ҳуштак чалишиб, минбардан тушириб юборишарди. 

Паблик сиëсат, дейилади. Ўз вақтида Шукрилло Мирсаидов, Шуҳрат Нусратов, Эркин Аъзам, Мирзо Кенжабек, Абдураҳим Пўлатов ва, албатта, Муҳаммад Солиҳдай забардаст сиëсатчиларнинг халқ олдида ваъз қилганини кўрганман.

Каримовнинг Намангандаги муллалар олдида қилган чиқишини ҳам эслайман. Каримов ўшанда Тоҳир Йўлдошни икки юриш билан мот қилиб қўйганди.

Кейин ўтган 30 йил ичида бундай чиқиш бўлмади. 2005 йилнинг 13 майида Андижоннинг Бобур майдонига йиғилганлар президент Каримов келиб бизнинг олдимизда ваъз ирод этади, деб умид қилишган эди. Аммо Каримов уларга қарата замбаракдан ўқ узди.

Халқ тинчиди-қолди. Мирзиëев даврига келиб, молидан ажраган, уйи бузилганлар дод-войи эшитила бошлади. 

Мана, куни кеча Сўх эксклавида жанжал чиқди. Оломон Фарғона ҳокими Ғаниевни тошбўрон қилиб ҳайдади. Эртасига бош вазир Абдулла Арипов қўлларини қанот каби ëзиб халқ ичига юрди.

Чўлпоннинг шеъридаги каби: “Қучоқ очиб халқ ичига юрайлик, Бутун кучни халқ ичидан олайлик”.

Аммо шаклан гўзал кўринган бу чиқиш Ўзбекистон Россия вассали бўлишининг эски шаҳар шевасидаги рекламаси бўлиб чиқди.

Бош вазир Арипов 1 июнь куни Сўх туманида чиқиш қилиб, Сўх-Риштон йўлини ёпишни ЕОИИ талаб қилганлигини айтди. Бу нима, ЕОИИнинг рекламасими? Бу ЕОИИнинг биз билмаган яна қанақа талаблари бор?

Арипов ўз сўзига муҳтарам президентмиз, дея қўшса ҳам амалда Мирзиëевнинг сиëсати тугаб, Ариповники бошлангани каби манзара кўринди.

– Муҳтарам президентимиз бошқа мамлакатла билан, мана кўрвосила, ҳозир Россия мамлакати билан худди шунақенги ҳамкорлик йўналишларини йўлга қўяптила. Хабарила боми бундан? Кереми биззага?

Халқ йўқ-йўўқ, деса, Арипов албатта кере, деб карнайдан бақирди.

Кимдир чиқиб, “Сўхдаги муаммони ечса, Мирзиëевнинг ботинкасини ялайман, деди. Аммо муаммонинг ечиладиган сиëғи йўқ. Ботинкани ялаш Тошкентдаги маддоҳлардан ортмаса ҳам керак.

Бундай қарасанг, урушга ҳам ўхшайди. Каска кийган, қалқон кўтарган аскарлар. Тош отаëтган халқ. Аслида уруш ҳам сиëсатнинг давоми.

200 йил олдин немис ҳарбий файласуфи Карл фон Клаузевиц: “Уруш – бу сиëсатнинг давомидир. Бундан буëғига воситалар ўзгаради, холос”, деган эди. 

Сўхда оëққа қалққанлар Ўзбекистон ватандошлари. Уларни кўриб, мен севган буюк шоир Нозим Ҳикматнинг мана бу шеърини эсладим:

Бу мамлакат бизники!

Билаклар қонга тўлган!

Тишлар қисилган!

Оëқлар яланг.

Ипак каби юмшоқ тупроқ.

Бу жаҳаннам.

Бу жаннат бизники.

Қўлларимиз мушт бўлиб тугилсин

ва бир дафъа очилмасин.

Йўқ қилинг инсоннинг инсонга қуллигин!!!

Бу давлат бизники!!!

Бир оғоч каби тек ва ҳур яшамоқ.

Ва бир ўрмон каби қардошларча..

Бу ҳасрат бизники….

Улуғбек бахши айтганидек, ëмон бўлса ҳам шу юрт бизники. Амалдорники эмас.

Не бўлсам, сен билан бўлайин, Ватан,

Тупроғинг кўзимга сурайин, Ватан,

Ўлсам ҳам бағрингда ўлайин, Ватан.

Рассом Тузга мактуб

Шунча гапирдик. Ўзи Сўхнинг муаммоси нима, деган саволга жавоб бермадик. Жавоб мана бу мактубда ëзилган.  Мактуб муаллифи Erkin Abdulaxatov. Ўқиймиз:

“Мен ўтган қиш ойида Сўхга иш билан борганман. Чегарадан ўтиш билан бошланади ҳамма нарса, одамга қилинадиган муомаладан тортиб, ҳаммаси. Энди жавоб қайтараман десанг, сени олиб кетаётган шофёр бола ўртага тушади. Бир сафар Боткен вилояти Қадамжой тумани постида Ўзбекистондан чиқиш ва Қирғизистонга киришда паспортга муҳр босадиган зобит ҳақоратли оҳангда пальтомнинг тугмасини қадаб олишим кераклигини айтган. Қадамайман, гапинг борми, деганим билан бизни олиб кетаётган сўхлик шофёр тиззаси билан чўккалаб, ўзи пальтом тугмасини қадаб қўйган. Келинг, ака, муаммосиз етиб олайлик Сўхга, деб қўшимча қилган.

Шоҳимардонсой бўйлаб асфальт йўлда юрасиз, сой Шоҳимардон томон бурилгандан сўнг ўнгга тупроқ-тошли йўлга буриласиз, аслида асфальт йўл орқали давом этса ҳам бўлади. Аммо ўзбекларга, ўзбек рақамига эга машиналарга у қишлоқнинг асфальт йўлидан юриши қатъиян ман этилган. Агар у йўлдан юрилса, қирғизлар томонидан тошбўрон қилинади. 15 км.ча тош-тупроқ йўлдан юрилгандан сўнг Ҳайдаркон шаҳарчасига яқин жойда асфальт йўл давом этади. Ҳайдаркон шаҳарчада овқатланадиган кафелар, ошхоналар, озиқ-овқат дўконлари бор. Аммо у ерларда ҳам тўхташ мумкин эмас. Тўхтасанг, можаро чиқади. Мабодо йўлда машина бузилса, дарров сўхлик шофёрлар тўпланиб олишиб, бузилган машина тузалишига ўз ёрдамларини беришади. Бўлмасам маҳаллий халқ машинани пачоқ қилишади. Додингни ҳеч ким эшитмайди. Йўлда ҳатто ҳожат қилишга ҳам қўрқасан, ишонаверинг. Ўша ташландиқ тошлоқ йўлда сўхликлар ўзлари учун кўримсизгина ҳожатхона қилиб олишган. Бутун бошли 65 км.ли йўлда фақат шу манзилда тўхталади. Шофёрларни тўхтатиб, қирғиз ГАИлари қийнаб пул олишини-ку, айтмай қўяверай, қуёнюракдек бир-бирларига сигнал, имо-ишора билан юришади.

Сўхга борганда эса қирғиз шофёрларининг Сўх орқали йўлдан бемалол фойдаланишига қойил қоласан, улар кафеларда бемалол овқатланишади, дўконга кириб савдолашишади. Ҳеч ким индамайди. Аслида ҳамма сўхликлар ичида ғазаб бор бўлса-да, аммо уни ташқарига чиқара олмайди. Чунки…”

Шу ерда мактуб тугади. Чункининг нарëғида нима ëзилиши мумкинлигини сиз ўйлаб кўринг. 

Боя бешотар милтиқ ҳақида айтган эдим. Ўқдоннинг бир тешигида эртак бўлади. Эртаклар яхшиликка етаклар. Аммо ҳаëтий эртакнинг ëлғон чўпчакдан фарқи бор. Бу айтадиганим эртак эмас, ҳақиқат.

Пархоналик 27 яшар “эркак” бир ажрашган хотинни “ўраб”, унга уйланаман, деб қулоғига лағмон осди (улар уста бунақанги ишларга). Хуллас, эрсираган 37 яшар жувон опа 31 май куни ясаниб-тусаниб учрашувга чиқди. Келишилгандай, учрашув Яйпан тумани марказида бўлди. Куëв бола бўлғуси келинга “вилламни кўрсатаман”, деб жувон опани жийданинг тагига олиб кирди. Кейин куëв дарров мақсадга ўтиб, бўлғуси келинни уриб, қулоғидаги нархи 2.100.000 сўмлик олтин исирғани юлиб олиб қочди. Биратўласига аëлнинг сумкасидаги ярим ичилган колани ҳам олволди. Жувон опа бўлса сочини юлиб, мелисага арз қилди.

Бу пайтга келиб “эркак” эрсираган боша жувон опани авраëтган эди. ИИБ ходимлари келиб, талончининг қўлига кишан тақди.

Талончи қамоқда. У ЖКнинг 166-моддаси 2-қисми “а” банди билан (талончилик) айбланди.

Бу эртак эмас, кундалик ҳаëтимиздан олинган оддий хабар. 

Туядан сўрадилар, нега бўйнинг эгри, деб. Туя ажабланиб, қаерим тўғри, деди. 

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
1 март 2023
Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин¸ ўликни ювғучи ювиб¸ гўрков кўмсин. Бу мақолларда ҳар бир ишни ўз мутахассиси қилиши зарурлиги ...
28 апрел 2016
Бугун Ўзбекистоннинг марказий шаҳарларида камбағалларнинг мункайган кулбаси ёнида қад кўтарган муҳташам қасрларни кўриш мумкин. Албатта, аксарият амалдорлар камбағал маҳаллада ...
5 май 2016
Ўзбекистон фуқароси 36 яшар Муборакхон Усмонова ўз жазмани 55 яшар Азиз Чалишқон (Aziz Çalışkan) тарафидан 27 апрел оқшомида бўғиб ...
4 август 2016
Ўзининг машҳур «Абдуллажон» филми билан танилган ўзбек кинорежисери Зулфиқор Мусоқов ўзининг фейсбудаги саҳифасида Телевидение орқали цензура қалинган филми юзасидан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...