Асосий мавзулар
12 сентябр 2020

“Биз уйга қайтишни истаймиз”

Ўзбекистонлик минглаб муҳожирлар Ростов-Дон шаҳридаги темир йўл станцияси олдида лагер қурди. Иссиқда, деярли пулсиз, ишончсизлик билан кетишга умид қилишмоқда.

Ёзнинг бошидан бери ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияни тарк этмоқда. Кўпчилик пандемия туфайли ишсиз қолиб, тирикчилигидан маҳрум бўлди. Фақат август ойида Ўзбекистон ҳукумати Россиядан ватандошларни олиб чиқишни бошлади. Пуллик.

Бир неча кун олдин Ростов-Доннинг ғарбий чеккасида жойлашган Первомайская бекати атрофида ўзбекистонлик муҳожирларнинг стихияли лагери юзага келди. Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан Ростовдан Тошкентга йўналтирилган махсус поезд кетиши маълум бўлгач, у ерда дастлабки “кўчманчилар” тахминан 23 августда пайдо бўлди. Ҳақиқатан ҳам битта поезд 938 нафар кишини олиб кетди. Ташиш ишларини ташкиллаштириш билан бир йил олдин Растовда очилган Ўзбекистон консуллиги шуғулланмоқда.

Первомайская бекати яқинидаги палатка лагери. Фото: Елена Романова / «Новая газета»

Айни пайтда станция яқинида икки мингдан ортиқ одам тўпланган. Улар Ростов – Тошкент махсус поездига чипталар учун жонли навбатда турибди. Бу одамларнинг барчаси кетиш умидида чипталарни сотиб олиш имконияти учун ҳар куни курашмоқда.

Чодирлар дуч келган майсазор ва пиёдалар йўлакларига ёйилган. Баъзи жойлардаги қўлбола соябонлар остидан яланг оёқлар чиқиб туради, одамлар Ростов қуёши қиздираётган парапеталарда ётишибди. Ёрқин миллий либос кийган ўн икки ёшлардаги қиз тўхташ жойига шошилаётган бир ёшли болакайни ушлаб олишга муваффақ бўлди – у ер ҳам машиналар билан тўлиб-тошган. Ишга шошилаётган ростовликлар лагерни темир йўл устидаги пиёдалар кўприги устидан  суратга олмоқда. Худди шу жойдан, юқоридан милиция ходимлари чанг ичидаги суҳбатни томоша қилмоқда. Оломон ичида полициячиларнинг дубулғалари милтиллайди.

Вокзалдаги оломон. Фото: Елена Романова / «Новая газета»

– Биз уйга қайтишни истаймиз, – деди лагерда яшаётганлардан бири суҳбат қилишга рози бўлгач. Ўзини Алишер деб таништирган йигит тахминан ўттиз ёшлар атрофида эди. – Иш йўқ. Коронавирус. Яшаш қиммат: 30 минг олинг, квартирага беринг, овқатга тўланг. 

Илгари патент 4 минг эди, энди бекор қилинди, аммо барибир қиммат. Уйга қайтган яхши.

Деярли барчада худди шунга ўхшаш вазият. Ишга яроқлилик ҳақидаги рухсатномалар мавжуд бўлса-да, аммо иш йўқ. Улар охирги пулларига деярли бутун Жанубий федерал округ – Ставрополь, Астрахандан Ростовга етиб келишган. Санкт-Петербург ва Москвадан келган оилалар бор. 

Албатта, Тошкентга учиб кетиш ҳам мумкин, аммо ҳозир чиптанинг нархи 65 минг рублни ташкил қилади, аксарият мигрантларнинг чўнтаги бу харажатни кўтармайди. 

Вокзал яқинидаги оломон. Фото: Елена Романова / «Новая газета»

Март ойининг бошларида коронавирус туфайли Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ўз чегараларини ёпди. Бу мамлакатда касаллик сонининг ортиб кетишига йўл қўймасликка имкон берди. 

Ушбу тенденция июнь охиригача давом этди.  Кейин вазият кескин ёмонлашди. “Коронавирус-монитор.инфо” веб-сайтидаги маълумотларга кўра, агар республикада 3 майгача 256 та янги ҳолат аниқланган бўлса, бу сон 23 июндан 26 июнгача деярли мингтага етди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамроевнинг сўзларига кўра, июль ойи охирига келиб деярли 90 минг фуқаро республикага қайтарилди.

Ўзбекистонга олинган чипта. Фото: Елена Романова / «Новая газета»

“Уларнинг 27 348 таси чартер рейслар билан, 1245 таси поездларда ва 60 589 таси автотранспортларда олиб келинди, – дея вазирнинг сўзларини келтиради “кун.ўз” сайти. – Ҳозир 90 мингдан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтиш истагини билдириб, уларни етказиб келишни ҳал қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”.

Ҳамроевнинг сўзларига кўра, 2,5 миллиондан ортиқ ватандош чет элда яшайди. Жумладан, Россияда 1,5 миллион, 100 мингдан ортиғи АҚШда, 140 минги Қозоғистонда, 13 минги Қирғизистонда, 5 мингдан ортиғи Тожикистонда, 50 минги Европа мамлакатларида, 4 мингга яқини  Японияда. Чет эл университетларида деярли 50 минг талаба таҳсил олади.

8-21 июнь кунлари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” томонидан чартер рейслар ташкил этилиб, Россия, Туркия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Италия ва Украинадан 5208 нафар фуқарони қайтариш режалаштирилган эди.

Одамлар вокзал деразасидан қарашмоқда. Фото: Елена Романова / «Новая газета»

Мустақил ўзбек журналисти Шоҳида Тўлаганованинг фикрича, июнь ойи охирида касалланишнинг кўпайиши, асосан, меҳнат муҳожирларининг уйларига оммавий равишда қайтиши билан боғлиқ.

– Узоқ вақт давомида Ўзбекистон ҳукумати эпидемиянинг жадал ривожланишини жиловлай олиб, бундан фахрланишди. Аммо чет элда қанча одам ишлашини ҳамма билади. Келишларни назорат қилиш қанчалик самарали йўлга қўйилганини айтиш қийин. Эҳтимол, касалликнинг кўпайиши шу билан боғлиқ. 

Бундан ташқари, кўпинча Ўзбекистон фуқаролари оғир шароитларда чегара хизматчиларига пора бериб, уйларига қайтишга мажбур бўлишган. Буларнинг барчаси, фикримча, вазиятни янада оғирлаштиради, – дейди Лондонда яшовчи ва ўз ватани билан алоқани ушлаб турган журналист.

Қозоғистон транзит шароитларини кучайтиргандан сўнг ўзбеклар Россия-Қозоғистон чегарасида тўплана бошладилар. Аммо фақат август ойида Ўзбекистон уларга эътибор қаратди: 6 август куни 920 киши Бузулук станциясидан поездда Тошкентга йўл олди. Эртаси куни яна 930 нафар муҳожир Кинелдан (Самара вилояти) темир йўл орқали уйларига кетишди. 

Ушбу маълумот Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан тасдиқланган. Тахминан 23 августда Ростовдан жўнаб кетган худди шундай таркиб ҳақида дипломатик ваколатхонада маълумот йўқ. Аммо оғзаки ваъдалар ҳавога учиб, ўзбекистонлик муҳожирлар Первомайская станциясига ошиқишди.

Аҳмаджон Мизакаримовга омад кулиб боқди: у 8 сентябрга уйига чипта олди. Поезд республика ҳукумати томонидан Ўзбекистон фуқароларини ватанига қайтариш учун махсус ташкиллаштирилганига қарамай, йўл чиптаси пулли. Аҳмаджон чипта учун 13 800 рубль тўлаган, гарчи бу осон бўлмаган бўлса ҳам.

Ўзбекистон Ростовдаги консуллиги ходими бекатга кириш олдида турибди, ким кассаларга боришини у белгилайди. У ватандошларининг узлуксиз саволларига жавоб беришга мажбур, улар баланд овозда гапиришади. Йўловчилар рўйхатини тузиш тартиби одамларга ёқмайди, аммо Ростов ОМОНи консуллик ходимлари томонида.

– Ростовга келганингизда сиз консулликда рўйхатдан ўтишингиз керак, кейин улар ким кетиши мумкинлиги ҳақида рўйхат тузишади, – дейди Аҳмаджон. – Мен 18 августга ёзилдим. Бизга 20 сентябрь куни чегаралар ёпилишини айтишди. Одамлар қолишни хоҳламайди, кетишни истайди.

Хавотирга тушган ўзбеклар бир-бирлари билан консуллик устидан шикоят қилиш учун курашмоқдалар. Уларнинг таъкидича, консуллик одамларни олиб кетишни ташкил қилишдан кўра чипталарни олибсотарлар қўлигиа чиқариш билан кўпроқ шуғулланмоқда.

– Консуллик бизни алдаяпти, – дейди ўттиз ёшлардаги Алишер рус тилида зўрға гапириб. – Фақат 400 та чипта қолди, дейишяпти. Қолганлари қани? Улар ўз “яқинларига” жуда қимматга сотишяпти.

Консуллик ходими бу айбловларни тўлиқ рад этди, аммо оломон хавотирда. Аёллар ва болалар расмийни таҳдид билан ўраб олишади, полиция эса янада кўпроқ бақиришга мажбур: “Кетинглар!” 

Аёлларнинг орқасида эркаклар жим туришади. Улар жуда кўп чекишади, вақти-вақти билан ўзаро гаплашишади, консуллик вакилига кескин қараш қилишади – бу сафар залга кимлар киритилади?

Омади чопганлар ўзларининг маълумотларини металл детектори олдидаги постга қолдириб, кейин узоқ кутилган чиптани сотиб олиш учун кассага боришади.

– Ҳозир чипталар тугайди ва биз қўшимча ёрдам сўрашимиз керак бўлади, – дейди кимгадир телефонда фуқаролик кийимидаги одам залдан оломонни кузатиб турганча.

Дераза ташқарисида бир неча ўнлаб кўзлар вокзал биносида нималар бўлаётганини диққат билан кузатмоқда. Кўпчиликнинг қўлида паспорт ва гувоҳнома бор. Ниқобини олиб ташлаган ёш аёл ультратовуш фотосуратларини кўкрагига маҳкам тутиб йиғлайди – у ҳомиладор.

– Кеча бу ерга бир неча марта тез ёрдам чақирилди. Ҳушини йўқотишади, юраклари хуруж қилади. Шифокорлар келишади, текширишади, елкаларини қисишади – ҳеч нарса йўқ, – дейди станция ходими.

Лагерь. Фото: Елена Романова / «Новая газета»

Тўсатдан эшик олдида жанжал бошланади: узун тим қора кийимдаги кекса аёл қичқирганча кордонни ёриб ўтишга уринади, “ковид” ниқоб кийган эркаклар уни кўчага итаради. У ўзлари тушунадиган тилда нимадир деб йиғлайди, қичқиради. 

Эшитмайдиган полициячилар бинога кириб келишади (кондиционер остида дам олиш учун), кейин шлемларини кийиб оломон олдига қайтиб кетишади. Дераза ташқарисида – +30 даража, аммо одамлар тарқалмайди, ҳа, борадиган жойлари йўқ.

Ростов вилояти ҳокимлиги станцияда аллақачон атрофдаги аҳолини безовта қила бошлаган стихияли чодир лагерининг пайдо бўлишига тайёр эмаслигини билдирмоқда.

– Интернет тармоғида Первомайская станциясидан поезднинг жўнаши тўғрисида вилоят ҳокимлиги ва шаҳар маъмурияти билан келишилмаган маълумотларнинг тарқалиши туфайли кескин вазият юзага келди. Первомайская темир йўл станциясида ўзбекистонлик фуқароларни йиғиш ҳам вилоят ва шаҳар маъмурияти билан келишилмаган эди, – дея тушунтиради ҳудудий иқтисодиёт вазири, “номувофиқлик”га қарамай, Тошкентга кейинги поезд 8 сентябрь куни йўл олишини биладиган ва вазиятни ҳал қилиш учун ишчи гуруҳга раҳбарлик қилган Максим Папушенко.

“Номувофиқлик”га ишониш қийин: Ўзбекистон консуллиги ходимлари узоқ масофали поездлар жўнаб кетадиган асосий Ростов станциясида чипталарни “тарқатиши” мумкин эди.

Шубҳасиз, мигрантларни юбориш учун шаҳар четидаги станция махсус танланган: губернатор ва шаҳар думаси депутатлари сайлови арафасида расмийлар Ростов марказида минглаб муҳожирларнинг чодирларини кўришни хоҳламайди.

Фото: Елена Романова / «Новая газета»

Вазирнинг мамнуният билан таъкидлашича, 8 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 900 фуқароси чиқиб кетди.

Аммо Ростов расмийлари қолганларини нима қилишни билмайди.

– Биз бу ерда уч мингга яқин одаммиз, – дейди ўзини Соиджон деб таништирган ўзбеклардан бири. – Ҳозирча бу ерда қолган ҳамюртларимиз бизга ёрдам беришмоқда. Улар сув ва озиқ-овқат олиб келишяпти. Аммо пул тез орада тугайди. Яна бошқа поезд беришларини сўранг. Биз кетишни хоҳлаймиз.

Журналист Шоҳида Тўлаганованинг фикрича, республика расмийлари Россиядан ватандошларни қайтаришга атайин шошилмаяпти: Ўзбекистонда коронавирус авж олмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 34 миллионлик мамлакатда вирус юқтирганлар сони 43 893 та, ўлимлар – 352 та.

– Мен қурбонлар сони ҳақидаги рақамларга ишонмайман. Дўстларим ва қариндошларимнинг ярми касал бўлди. Айрим оилалардан беш кишилаб вафот этганлар мавжуд. Муҳожирларнинг қайтиб келиши вазиятни янада оғирлаштиради – расмийлар буни тушунишади, – дейди Шоҳида. – Бундан ташқари, расмийлар муҳожирларнинг қайтиб келиши мамлакатда ижтимоий-сиёсий вазиятни оғирлаштириши мумкинлигидан қўрқишади. Ишсизлар Россияга кетиб, у ердан пул жўнатишар экан, ҳаммага маъқул эди. Республика ҳукумати ҳеч қандай ислоҳот ўтказмади.

Расмийлар Россия билан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини легаллаштиришни енгиллаштириш масаласини ҳам ҳал қилиб олишмади. Улар республиканинг ўзида халқи ҳақида қайғурмас экан, чет элда ишлаб, кўп йиллар давомида пул ўтказмалари билан мамлакат бюджетининг деярли учдан бир қисмини қоплаб келаётганларга ёрдам беришлари даргумон.

Энди эса порахўр амалдорлар муаммога дуч келган одамлар чартер поездларга чипталар сотишмоқда. Бу одамларнинг пуллари тугаса нима бўлади?

Mақола Новая газета нашрида чоп этилган. Элтуз таржимаси

Тағин ўқинг
22 ноябр 2016
Шундай иштиёқни билдирганлар орасида 68 яшар фарғоналик фермер, 63 яшар хоразмлик пенсионер, андижонлик новвой бор. Жумладан, фарғоналик кекса фермер ...
12 август 2019
“Элтуз” орқали президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат билан чиққан “бир гуруҳ ишсиз қилган ва ишлаётган прокуратура ходимлари” ҳозир ҳам ...
3 июл 2016
Туркия аэропортида 28 июн кечаси уюштирилган бомбали ҳужум пайтида ҳалок бўлган наманганлик Аброржон Устабоев ва тошкентлик Мухиддинов Самад Муродовичлар ...
26 январ 2016
Ўзбек расмий рухонийларини тамсил қилган нашр ҳар бир фуқаро ўқиши керак бўлган китоблар рўйҳатини белгилади. “Ҳар бир ўзбек ўқиши ...
Блоглар
22 октябр 2020
Миллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш деган баҳона, ниқоб ёрдамида монополларимиз қонимизни сўриб ётибди. Ташқаридан истеъмол моллари ...
20 октябр 2020
Бундан ўн йил илгари пойтахдаги ўртача иккита амалдор тушликка бир миллионга яқин пул сарфлашини эшитиб ...
15 октябр 2020
Ўнта роман ёзай, элликта шеърий тўпламим нашр этилсин, ёзганларим дунёнинг барча йирик тилларига таржима қилинсин, ...