Асосий мавзулар
11 январ 2021

Ўзбекистонда сиёсий ислоҳот бўлмайди, чунки…

Ҳақиқий ислоҳотлар эркин фикрловчи ва танқидчиларни тор-мор этиш эмас, балки уларни рағбатлантириш ва ҳатто қамраб олиш орқали амалга оширилади.

10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар, тадқиқотчилар, рассомлар ва киноижодкорлар Тошкентда йиғилдилар. Улар қийноқлар синоними бўлган машҳур Жаслиқ қамоқхонасидан озод қилинган собиқ сиёсий маҳбуслар ҳақидаги ҳужжатли фильм премьерасида қатнашган.

Сиёсий маҳбусларнинг аксарияти Каримов режими душмани сифатида 24 йилгача озодликдан маҳрум қилинган эдилар. 2017 йилда уларнинг озод қилиниши ва 2019 йилда Жаслиқнинг ёпилиши Ўзбекистондаги янги давр учун рамзий маънога эга эди. 

Чунки 2016 йилда марҳум диктатор ўлимидан сўнг ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келганди. Асосан, халқаро босим туфайли юз берган бундай озод этиш ҳаракатлари мамлакатнинг халқаро обрўсини яхшилаш учун янги ҳукумат томонидан уюштирилган уриниш эди. 

Аммо ҳамон ўтмиш соялари йўқолмаган. Ўша қатағон даврини бошқарган, яъни маҳбусларнинг Жаслиққа тиқилишига бош-қош бўлган кўплаб амалдорлар бугун ҳам ҳукуматда қолмоқда. 

Қамоққа олинганлар озод этилган бўлса-да, ҳануз тўлиқ реабилитация қилинмаган, уларнинг эркин фикр билдириш ва йиғилиш ўтказиш каби демократик эркинликлари ҳамон бўғилмоқда. 

Айни пайтда журналистлар, олимлар ва фаоллар таъқиб қилинмоқда ва кузатувга олинмоқда. Яқинда бир қатор оммавий ахборот воситалари мамлакатда энергия танқислиги муаммоси ҳақида ёзганидан сўнг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бундай “салбий” хабарларга қарши чиқди ва уларга агар ўзларини жиловламаса, “жиддий ҳуқуқий оқибатлар” келиб чиқиши билан таҳдид қилди. 

Интернетда ҳукуматга ёқмайдиган хабарлар тарқатадиган сайтларни фильтрлаш ва тўсиб қўйиш ҳаракатлари ҳали ҳам мавжуд. Парламент халқнинг овози ёки сиёсий муҳокамалар учун ҳақиқий минбар эмас, балки мунозаралар учун шунчаки симулятор бўлиб қолмоқда.

Шунга қарамай, баъзи кузатувчилар жиддий ўзгаришлар рўй бераётганини таъкидлашмоқда. Сиёсатшунос, Ўзбекистондаги “Билимлар карвони” нодавлат илмий тадқиқот институти директори Фарҳод Толипов яқинда берган интервюсида “Агар Мирзиёев 2021 йилда (яна президент лавозимига) сайланса, сиёсий ислоҳотларни тезлаштиради ва янада очиқ ва плюралистик сиёсий тизимни бирлаштиришга ҳаракат қилади”, деган эди. 

Аммо бу қандай амалга оширилишини тушуниш қийин. Ўзбекистон сингари авторитар мамлакатда мухолифат йўқлиги ва танқидчилар фаол таъқиб қилиниши фонида асосий инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари учун ижобий ўзгартиришни кутиш олисдаги умид бўлиб қолмоқда.

Мирзиёевнинг дастури ислоҳотга йўналтирилган эмас, балки популистик характерга эга. Хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун миллиардлаб долларлик “Тошкент сити” сингари мегалойиҳалар орқали “янги Ўзбекистон” ғояси тарғиб қилинаётган бир пайтда халқ манфаатлари ва одамларни ташвишлантирувчи масалалар умуман эътиборсиз қолди. 

Юқоридаги каби режалар ҳукуматнинг инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш стратегиясининг бир қисми бўлиб, бундан кўзланган мақсад мамлакатни Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида ҳозирги 69-ўриндан 20-ўринга кўтаришдир.

Аммо бюрократия ва самарасиз иш услубидан воз кечиш ниятидан йироқ бўлган Мирзиёев клептократиянинг кўп бора босиб ўтилган йўлини давом эттирди. 

Биз ҳукумат қўллаб-қувватлайдиган корпорацияларнинг ерларни оммавий тарзда ноқонуний, мажбуран тортиб олиши, одамлар ва корхоналарни уйсиз, ҳаётий таъминотсиз қолдириб, маданий меросларни йўқ қилишига гувоҳ бўлдик. 

Oxus Society’s Central Asia Protest Tracker маълумотларига кўра, 2018 йилдан бери мамлакатдаги норозилик чиқишларининг ярми мулк ва ер билан боғлиқ бўлган.

Элита ўз чўнтагини қаппайтираётган бир пайтда аҳолининг 20 фоизи кунига 1,90 доллардан кам маблағ билан тирикчилик қилмоқда. 

Шунингдек, Каримов сингари Мирзиёев ҳам нодавлат-нотижорат ташкилотлар пайдо бўлишига тўсқинлик қилмоқда ва фуқаролик жамияти вакуумини ҳукумат томонидан ҳомийлик қилинадиган шундай муассасалар билан тўлдириб, тўтиқушларнинг доимий ҳикояларини тақдим этмоқда. 

Шунга қарамай, халқаро босим туфайли ва бир неча муваффақиятсиз уринишлардан сўнг ўтган йилнинг март ойида бир-икки мустақил нодавлат-нотижорат ташкилотнинг муваффақиятли рўйхатдан ўтказилишини эътироф этиш керак. 

Мамлакатда янги сиёсий партиялар рўйхатдан ўтолмади. Ҳали ҳам ҳақиқий мухолифат мавжуд эмас ва бу ҳолат тез орада ўзгарадиганга ўхшамайди. Мавжуд қонунчилик асосида ҳукуматга бўйсунмайдиган сиёсий партия тузиш амалий жиҳатдан мумкин эмас. Партия тузиш учун мамлакатнинг саккизта маъмурий-ҳудудий бирлигида аҳолининг 1 фоизидан имзо тўпланиши керак.

Сўз ва йиғилишлар эркинлигининг бундай чекланишларига қарамай, мамлакатнинг халқаро рейтинглар ва форумларда қайта ўрин эгаллаш имкони бор. 

Декабрда АҚШ ҳукумати Ўзбекистонни “диний эркинликни бузадиган” ёки бунга тоқатли ҳукуматлар жой олган “алоҳида ташвиш уйғотадиган давлатлар” рўйхатидан чиқариб ташлади. Давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва диний эркинлик соҳасида “аниқ тараққиёт”га эришганини таъкидлади. 

Ўзбекистон ҳукумати қатағонни юмшатган, рўйхатдан ўтмаган диний гуруҳларга қарши рейдларни тўхтатган бўлса-да, диний эркинликни фаол равишда қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар етарли эмас. Ҳеч қандай янги диний гуруҳ мамлакатда чекланган ҳуқуқий муҳит туфайли рўйхатдан ўтишга муваффақ бўлмади. 

Бошқа бир муваффақиятли пиар юришдан сўнг Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлди ҳамда дунё раҳбарлари ва халқаро матбуот томонидан олқишланди. 

Обрўни тозалаш – бу жиддий бизнесдир ва Мирзиёев ундан авторитар бошқарув моҳиятини ўзгартирмаган ҳолда Вашингтон ва Лондонда ўз ҳукуматини ёқлаш учун фойдаланмоқда.

Биз Мирзиёевнинг худди халқ манфаати учун ҳақиқий ислоҳотларни амалга ошираётгандек кўринаётган популистик тузумидан қочишимиз керак. Ҳақиқий ислоҳотлар эркин фикрловчи ва танқидчиларни тор-мор этиш эмас, балки уларни рағбатлантириш ва ҳатто қамраб олиш орқали амалга оширилади. Плюрализм асосида турли ғоялар ва қарашлар ётади, уларга қарши туриш эмас. 

Дилмира Матёқубова, тадқиқотчи ва UzInvestigations ҳамраиси, Буюк Британиядаги Ташқи сиёсат маркази илмий ходими.

Мақола The Diplomat нашрда чоп қилинган.

Тағин ўқинг
24 феврал 2017
Андижонда пенсия пулларини вақтида ололмаган пенсионерлар яна пластик карточкадан фойдаланишга ўтмоқда. Жойлардаги пенсия жамғармалари бўлимлари олдида ҳар куни тумонат ...
26 декабр 2018
Янги йил арафасида 9 яшар ўзбек қизи Мадина қорбобога хат ёзди. Нега лотиндамас, кириллда ёздинг, деган саволга қизалоқ Тошкентдаги ...
3 июл 2019
Халқаро компаниялар Буюк Британиядаги корпоратив шаффофлик ва ҳисобдорликнинг заиф режимидан фойдаланиб, ватанидаги манфаатлари ва мулкини ниқоблаши мумкин. Кристиан Ласслетт ...
9 октябр 2019
Аксарият ўзбекистонликлар орасида Салимбой дея сиғиниладиган, бошқа манбаларда «криминал авторитет» аталган Салим Абдувалиев «Қизил китоб»га кирган айиқ, бўри ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...