Асосий мавзулар
17 январ 2021

Марҳума шоира Гулчеҳра Нуруллаева «Бугуни бор, эртаси йўқлар» ҳақида

Шоира Гулчеҳра Нуруллаева билан суҳбат, 1988 йил.

— Гулчеҳра опа, ҳозир қайта қуриш даврида яшаяпмиз. Суҳбатимизни шу мавзудан бошласак.

— Мен қайта қуришни ўзим учун янгилик деб билмайман. Энди ўйласам, уруш йиллари қандайдир «хундори» тайёрлаб, маҳалламиз болаларини текинга даволайдиган отам, сўнгги бурдани «нон»лаб ортидан эргашибюрган қизига эмас, қўшнининг очдан ўлаётган боласига олиб чиққан онам қайта қуриш одамлари эканлар.

Бир воқеани эсласам, кўзимга ҳали-ҳали ёш қалқади. 1956 йил. Ўнинчини эндигина битирганман. Мактабимиз директори Ҳафиз Енгаличев менга:

— Сени Москвага, МГУга ўқишга юбормоқчимиз. Шунга нима дейсан? —дедилар.

Гапнинг рости, бундай таклифни сира-сира кутмаган эдим. Ҳам қувондим, ҳам ўкиндим. Қувонганим — мени Москвада ўқишга лойиқ кўришгани. Ўкинганим — боришга имкониятим йўқлиги, агар кетадиган бўлсам, кекса ота-онамнинг менга моддий ёрдам беришга қурби етмаслиги эди. Дилимдагини очиқ айтдим. Шунда директоримиз:

— Мен сенга ҳар ойда юз сўм (ҳозирги ўн сўм) юбориб тураман. Кейин қайтариб бераман, деб ўйламагин, — дедилар.

Мен, албатта, МГУга боролмаганман. Лекин директорнинг бу олижаноблигини ҳар гал энтикиб-энтикиб эслайман.

Гоҳида ҳайрон қоламан: мен ўқиган пайтда мактабимизга ўқитувчилар сараланиб йиғилиб қолганмиди ёки инсонийлик, ҳалоллик ўша урушдан кейинги қийинчилик йилларида одамлар қадрлаган, авайлаб сақлаган маънавий эҳтиёжмиди?! Ҳарқалай, Ҳафиз Енгаличев, Абдулла Қосимов, Одил Қаюмов, Мария Шаҳобиддинова, Қўчқор Турсунов, Карим Худойназаров, Зуҳриддин Сирожиддинов, Абдиусмон Абдуллаев каби ўз фанини севувчи, болаларга меҳрибон, бизларга аввало ҳалоллик, эзгуликдан дарс берган катта бир гуруҳ ўқитувчилар сабоғидан баҳраманд бўлиш — мен учун аслида қайта қуриш бўлган. Университетда ҳам Озод Шарафиддинов, Фозила Сулаймонова каби ҳалол, жонкуяр устозлар дарсини тинглаганман. Умуман, тўғрисўз, жонкуяр одамлар — мен учун ҳаётнинг асл маъноси, таянч нуқтаси. Мусулмонлар ўз Каъбаларига қандай сиғинсалар, мен ҳам ҳалол одамларга шундай сиғингим келади.

— Мени кечиринг-у, Гулчеҳра опа, ўша сиз сиғинадиган одамлар саноқлимикин, дейман. Шундай жойлар борки, меҳнаткаш одамлар ўчоққа ўтин тополмайди, ичимлик сув тополмайди. Мен яшайдиган Қоракўл районида аҳолининг қарийб ҳаммаси қудуқлардан сув ичади. Маълумки, қишнинг охири ва баҳорда зах сув юқорига кўтарила бошлайди. Қудуқлар зах сув билан тўлади. Шу боис ҳар хил касалликлар кўпаяди. Бу ҳақда ҳеч ким ўйламайди, аҳолини зах сувдан қутқармагани учун ҳеч ким жазоланмайди. Сўз билан ниқобланган баъзи кишилар янгича гапириб, эскича ишлашмоқда. 1986 йилда Қоракўл районида пилланинг нави пасайтирилиб, пиллакорлар ҳақи уриб қолинган. Халққа хиёнат қилганлар катта мукофотлар олишган. Бу фактни районнинг барча раҳбарлари, тегишли органлар яхши билишади. Лекин ҳеч ким индамайди. Мана, икки йил бўляпти. Қозон эса ёпиқлигича қолмоқда. Ҳеч ким индамаётган экан, ёзувчилар «тилга кириши» керак эмасми?

— Биринчи галда журналистлар, денг.

— Биринчи галда ёзувчилар, дегим келади. Биз эса гуруҳбозлик қиламиз, мансаб талашамиз. Ҳукумат қарори чиққач, фаол гражданлигимиз тутиб кетади. Бутифос тақиқлангунча ҳеч ким Владимир Соколовчалик туриб бермади. Тақиқлангандан кейин, бутифос ҳақида ёзмаган номард, деб ҳамма «жасорат» кўрсатиб, газета-журналларки тўлдириб ташлади. Ёзувчи-шоирларимизнинг гражданлиги кўнгилдагидай деб ўйлайсизми?

— Муҳаммад Солиҳнинг бир чиройлн шеъри бор. Одам не куйларга тушмасин, унинг ичида бошдан товонгача ўтувчи тўғри чизиқ бўлар экан, демак у одамлигича қолади, дейди шоир. Сиз айтган ўша тўйдан кейин ноғора чалувчиларни эмас, балки доимо ўз «тўғри чизиғи» ўз собит эътиқодига эга ёзувчиларни мен ҳақиқий ижрдкор деб биламан. Ўзингизга маълум: наврўз масаласида не-не гаплар бўлди. Наврўзга бағишлаб шеър ёзганлар дарҳол уни «баҳор» деб ўзгартира бошладилар. Энди яна қайтадан таҳрир қилган бўлсалар керак. Ижоди мураккаб сиймолар масаласида ҳам икки тараф майдонга тушди. Масала ижобий ҳал этила бошлагач эса, ўша ашаддийлар дарров ҳомийга айланишди-қолишди. Уялмай-нетмай… 

Уларнинг кўзига кўзим тушганда ҳар гал мен уялиб кетаман. Москвалик кекса олима Зоя Кедрина бу масалани ижобий ҳал қилиш учун неча марталаб Тошкентга келиб-кетди-ю, улар эса… Барибир, эътиқодли, курашчан ёзувчиларимиз, олимларимиз кучли эканки, ҳақиқат юзага чиқяпти. Фақат «билимдонлар» уларни боплаб «таҳрир» қилишларидан, қайчилашларидан қўрқаман. Абдулла Қодирийни таҳрир қилганларидай… Ваҳоланки, Қодирийлар таҳрирга муҳтож эмас. Улар ҳар бир сўзларини минг бор тарозига солиб ёзганлар. Айтадиган гапларини, аввало кундага бошларини қўйиб айтганлар.

— Чингиз Айтматовнинг «Кунда»сига ишора чоғи.

— Шундай. Мен бу романни ўқиб, ҳақиқатни айтадиган одам бошини кундага қўйишга тайёр бўлиши керак, деган фикрни уқдим. Ҳақиқатнинг қиймати ана шундай буюк. Ўзингиз ҳам айтасизку «Журъатсиздан чиқмайди шоир» деб. Ҳар қадамда муаммо, муаммо… Ҳар қадамда кураш, кураш… Кимлар билан курашмоқ лозим? Аввало ичимиздаги душманлар бўлган сохталик билан, ёлғон билан…

Турғунлик йилларининг бутун сабабкорлари — шундайлар, деб биламан. 

Эсимда: 60-йиллар эди. «Саодат» журналида ишлардим. Бирданига олий минбардан туриб: «Халқимизнинг ҳозирги авлоди коммунизмда яшайди» — деб айтишди. Бу гапни шиор қилиб, кўчаларга осиб қўйилди, газета-журналлар саҳифаларига чиқарилди. Худди шу кунларда мен журнал топшириғи билан Сурхондарёга бордим. 

Қишлоқларни кездим. Колхозчиларнинг ночор аҳволини кўрдим. 20—25 сўм ойлик учун ишлаётганларини билдим. Қора чироқ ёқиб ўтирганларининг гувоҳи бўлдим. «Қизларимиз бузилиб кетади» деб, уларни мактабларда ўқитишдан бош товлаётган ота-оналарни учратдим. Ана ўшанда «Саксонинчи йилларда коллмунизм қурмоқчи бўлганлар Сурхондарёга бир келиб кетса ёмон бўлмасди» деб ўйлагандим. Ажойиб «ура-ура» даври бўлганди-да ўзи. Журналистман-у, кўрган-кечирганларимни ёзолмайман. Босилмайди. «Чет эллик мухолифларимизга ғийбат учун озуқа бермайлик» дейишади. Мана, оқибати нима бўлди: биз айтмаган, ёзмаган, кўрсатмаган камчиликлар ошиб-тошиб кетди. Агар аҳамият бераётган бўлсангиз, марказий газета ва журналлар ҳозир жуда қўлма-қўл. Сабаби: бор камчиликлар ҳақида ошкора ёзишмоқда. Публицистика, айниқса жонбозлик кўрсатмоқда. Бизда эса… 

Мана ўзингиз Қоракўлдаги мавжуд камчиликлардан бир шингилини айтдингиз. Мен «биринчи галда журналистлар фаоллик кўрсатиши керак» деганимга боис шу эдики, ҳаёт муаммоларининг жуда кўпи журналистларнинг, публицистларнинг бевосита «нони». Бу билан мен ёзувчилар четда турсин, демоқчи эмасман. Шу долзарб кунларда виждони бор ёзувчининг ҳаммаси қайноқ муаммолар ичида бўлиши шарт. Шу маънода мен Ёзувчилар союзимизнинг пропаганда бюроси гуруҳ-гуруҳ қилиб областларга жўнатадиган ёзувчи-шоирларимиз одамларга ўз асарларидан намуналар ўқиб беришдан ҳам олдин одамлар дардини тингласалар, жойлардаги аҳволни ўз кўзлари билан кўрсалар, муаммоларни хоҳ маҳаллий, хоҳ марказий матбуотда кўтариб чиқсалар, телевидениеда «Ёзувчи сафардан қайтди» рубрикаси остида суҳбатлар уюштирсалар, қайта қуришнинг жадаллашувига кўпроқ ҳисса қўшган бўлардилар, деб ўйлайман.

— Гулчеҳра опа, мана сиз ҳозиргина турғунлик йилларига тўхталдингиз. Иқтисод соҳасида турғунлик ҳақиқатан рўй берди. Бу кун эса баъзи бировлар, адабиётда ҳам турғунлик даври бўлди, демоқдалар. Мен бунга қўшилмайман. Ахир адабиёт — ҳамиша янгича фикрлаш, дегани эмасми?

— Сизу биз шундай тушунамиз. Лекин турғунлик йилларида янгича фикрлашнинг қаршисида ҳозиргидай кўк чироқ йўқ эди-да. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Жамол Камол, Омон Матжонлар ёзган яхши шеърлар билан уларни табриклаш ўрнига маломатлар ёғдиришарди, ҳазинликда айблашарди, яна аллақандай «хатолар» топишарди, юмалоқ хатлар уюштиришарди. Кимлар, дерсиз. Шу ўзимизникилар. Адабиётда устун бўлиб қолишга орзумандлар. Адабиёт тақдирини эмас, балки чўнтагини ўйлайдиганлар.

Бугина эмас, ёзиб борган нарсангни газета, журнал, нашриётдаги «доно»лар мингта лупа орқали ўқишарди, хато излашарди. Мисол: 1974 йилда от ҳақида бир шеър ёздим. Мазмуни: тойчоқ яйловда эркинликда юрарди. Фурсат етганини кўриб, унга одамлар юган солдилар. У эса саркаш, тизгин тутган қўлни устидан улоқтириб ташлашни истайди… Шеър шундай тугалланарди:

Саркашгинам, зўр берма жангга,

Билиб-билмай безма дўстингдан.

Бошласам ўз кўнгил кўчамга,

Унда отиб ташла устингдан.

Ана шу оддийгина шеърни китобдан тушириб қолдирдилар. Сабаби: унинг ёнида «Ғоя? Автор нима демоқчи?» деган сўзлар турарди. Бу — турғунлик эмасми? Нафақат турғунлик, фожиа бу.

Яна мисол: айни ўша «ура-ура»лар ҳақида «Мен олис юлдузлар мадҳига тўйдим» деб бошланадиган кичик бир шеър ёздим. Ҳеч ерда босишмади. Охири шеър устига «Мактубингга жавобим» деб сарлавҳа қўйганимдан кейингина шеър ёруғ дунёни кўрди. Бу — турғунлик эмасми?

Яна мисол: журналлардан бири янги йилга бағишлаб шеър ёзиб беришимни илтимос қилди. Ёздим. Лекин шеърни истаганча «таҳрир» қилишганди. Ўзингиз бир солиштиринг-а: Ўзбекистонга қарата битилган сатрлар менда:

Фарзандларинг номусга бой, саркаш тилайман,

Куйчиларинг маддоҳ эмас, дардкаш тилайман.

Журналда:

Фарзандларинг номусга бой, ўктам тйлайман,

Куйчиларинг иқболингга ҳамдам тилайман.

Менда:

Оппоқсоқол отахонлар, бир қўлда асо,

Пахтам, дея пайкалга сиз эгилар онда,

Тик турғазиб, бергим келар виждонга сазо,

Бўлмас экан олдингизда, қаторда, ёнда.

Журналда:

Оқ соқолли отахонлар, ҳиммати расо,

Пахтам, дея лайкалга сиз эгилар онда,

Чаноқларга сочилади меҳр ва зиё,

Ниятингиз салобати буюк хирмонда…

Журналда ушбу олтилик бутунлай олиб ташланган:

Болажоним, вазминлик бор бола кўзингда,

Қўлларингни улкан ишга боғлиқ туяман.

Ўқиш чоғи сени кўриб дала-тузингда,

Юрагимда бир энтикиш, оғриқ туяман.

Янги йилинг, болажоним, осуда кўрай,

Орзулисан. Сени китоб, орзуда кўрай.

Бу — турғунлик эмасми?

Яна бир мисолни айтмасам, кўнглим жойига тушмайди. «Светофорнинг кўк чироғи» номли шеърим босилгач, турли «суҳбат»лар, «шивир-шивир»лар кўпайиб қолди. Ёзувчилар союзимизнинг ўша пайтдаги раҳбарларидан бири билан ўртамизда шундай суҳбат бўлиб ўтди:

— Нега тузумимизга туҳмат қилиб шеър ёздингиз? Сиз томон бостириб келаётган шофёр орқали нима демоқчисиз?

— Афсус, шеърни тушунмабсиз. Мен тузумимизнинг обрўйини тўкаётганларга қарши шеър ёздим, Шофёр образи айни шундай.

— Мен ҳар бир сатрини қизил қалам билан чизиб ўқидим. 

Мана:

Орзиқар юрагим, қалтирар оёқ,

Ортимга коптокдек сакраб тушаман, — дейсиз. Шоир ҳаётдаги гўзалликни ёзиши керак, одамларга кўтаринки кайфият бериши керак. Мана, яна нима дейсиз шеърда:

Шундайлар эмасми, дейман баъзи дам —

Сокин ўйларимга тошганча учуқ,

Усмон Носир сўзин юлган бўғзидан,

Ойбек домламизни айлаган дудуқ.

— Нима бўпти? — ҳамсуҳбатимнинг оддий шеърни тушунишдан шу даража йироқлигига таажжубим ошди.

— Ўзингизга ўзингиз нега ғалва сотиб оласиз? Ахир Ойбекни, сиз айтгандай, дудуқ қилганлар, Усмон Носир сўзини бўғзидан юлиб олганлар ҳали тирик-ку.

— Тирик бўлса, уялсин, уялсин, — дедим мен титраб.

Биласизми, Юсуфжон, афсус, мен Ойбек домламизни дудуқ қилганларнинг, Усмон Носирни жувонмарг қилганларнинг кимлигини, буюк Қодириймизнинг дантесларини билмайман. Лекин билишни истайман. Ҳозирги ошкоралик, покланиш даврида истеъдодларни ардоқлашимизнинг ўзигина камлик қилади. Йўқса, талантларга қарши кураш, ҳалолликка қарши кураш қайта қуриш шиори остида ҳам давом этаверади.

— Давом этяпти шекилли.

— Уёғини сўрасангиз, адабиётимиздаги қайта қуриш айни шундан бошланди ҳам. «Қайта қуриш» шиори остида талантли ёшлар асарларининг тафтиши бўлди, ёзувчи Станислав Кулишнинг дурустгина «Кўнгилочар сайр» асари бирёқлама, асоссиз танқид қилинди, Тоғай Муроднинг истеъдод билан ёзилган «Ойдинда юрган одамлар» қиссаси «уркалтак» бўлди. Нурали Қобул асарларидаги энг ҳаётий, энг ҳаққоний ўринлар ижобий баҳоланиш ўрнига қораланди.

Бугина эмас. «Уркалтакчилар» Озод Шарафиддиновнинг ўз қўллари билан азобда қурган боғ ҳовлисини тафтиш қилдирдилар. Оддийгина иморатни шоҳонага чиқариб, фельетон ёздилар, иккинчи қаватдаги шийпон ва ижодхонани буздиришга эришдилар.

— Бизда бағрикенглик, тантилик, фахрланиш каби хислатлар етишмайди.

— Ҳақ гап.

— Бу ноёб хислатларсиз зўрни зўр деб бўлмайди. Биргина мисол. Шубҳасиз катта шоирларимиздан бири Жамол Камолнинг шеърияти ҳақида дурустроқ бир мақола йўқ. Унинг ижоди етарли баҳоланмади.

— Мен бу ҳақда гапириб чарчадим. Ҳатто Жамол аканинг эллик ёшга тўлиши муносабати билан тайёрланган ўн беш босма табоқли китобини муҳокама қилиб, уни чиқариш керак эмас, дегувчилар ҳам топилди. Уялмай-нетмай гапиришди. Ваҳоланки, икки томлик қилиб чиқаришга ҳам арзигулик ижод.

— Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби ноёб истеъдодлар халқимиз орасидан етишиб чиққанидан қувонмайдиганлар бор. Эркин Воҳидов 50 ёшга тўлгандан кейингина «Ўзбекистон халқ шоири» унвони берилди. Аслида у чорак асрдан бери халқ шоиридир. Менимча, Абдулла Орипов ҳам бу унвонга жуда лойиқ. Фалон ёшни тўлдиришини кутиб ўтириш шарт эмас. Санъаткорларда бундай эмас-ку!

— Бошқа республикаларда, хусусан, Болтиқбўйида, худди сиз айтаётгандай, ижодига қараб баҳосини беришаркан. Лекин гап унвондами? Эркин ака, Абдуллажонларга Ҳамза номидаги мукофот берилганида мен табриклар эканман, «Ие, энди берилдими? Мен сизларни аллақачон бу унвон эгаси, деб билардим», — дея ҳазиллашувдим.

— Гулчеҳра опа, аждодларимиз Бедилни ёдлаб, Румий, Навоийларни ёдлаб савод чиқарганлар. Биз-чи?

— Биз «Лаққашиқилдоқ»ларни ёдлаб… Биз:

Ҳар ён гўзал, ҳар ён соз,

Кел, чаманда қил парвоз… каби сатрларни ёдлаб… Сиз ўқитувчилик қиласиз. Мактаб дарсликларининг аҳволини мендан кўра яхши биласиз.

— Мана, биринчи синф ўқиш китобидан:

Жуда яхши бизнинг қиш,

Қишга бўлсин минг олқиш…

Боғбон чиқар боғига,

Чўпон кетар тоғига…

Фермада товуқлар бор,

Парлари нақ оппоқ қор…

Турғун акам яхши сақлар

Кўмир қазиш асбобин…

— Демак, биринчи навбатда, шуларни шеър деб китобга киритган биз — катталарнинг саводимиз ҳақида ўйлаш керак экан.

— Ҳозир ўқувчи-ўқитувчилар нари турсин, шоирлар орасида ҳам Навоийдан ўн байтни ёддан ўқиб, маънисини айтиб берадиганлар кам топилади. Бу — фожиа-ку.

— Тўғри. Фожиа. Тан олишимиз керак. Ота-боболаримиз тушунган Навоийни биз тушунмаймиз. Ҳамма гап — классикадан узилиб қолганимизда, унинг қонимизга она сути билан кирмаётганида. Агар Навоийни ўқитиш 1-синфдан бошланса, ишончим комилки, Навоийни тушунмаймиз, деган сўзлар бўлмасди. Кечаги кунини билмаган одамнинг эртаси бўлмаслиги маълум. Ўз ўтмишини билмаган халқнинг келажаги қандай бўларкин?!

Мен Литвада бўлганимда, ўлка этнографик очиқ музейини кўрсатишди. Юз гектардан кўпроқ ер ажратилган экан. Ҳар бир дарахт — улар учун тарих. Ҳар бир чайла — улар учун тарих. Дарахт ғўлаларига қаерда ўсгани, неча йил яшаганн кўрсатиб қўйилган. Литваликларнинг ҳунармандчилик ишларидан тортиб, пиширадиган нонларигача намойиш қилинган. Мен музейни айланар эканман, бутун Ўзбекистонимизни очиқ музей қилса бўлар экан, деган фикр хаёлимдан ўтди. Ахир нималар йўқ бизда асли. Биз эса тарихни, тупроқни эъзозлаш ўрнига, унга қулдорнииг қулга муомаласидай беаёв қарадик. Боболаримиз юзига оёқ тирадик. Китобларини йўқотдик. Обидаларини сарқитга чиқардик. Анъаналарини бизга тўғри келмайди, дедик. Айтаверсам, гап кўп. Сувни ифлослантиришдан ор қиладиган, бир дарахт кесса, ўн кўчат ўтқазадиган, ҳаром-харижни иснод биладиган, кўзи Навоий, Фузулийлар билан очилган аждодларимиздан кўра саводли бўлиб, нималарга эришяпмиз?!

Яхшиям, бахтимизга чин маънодаги қайта қуриш бошланди. Мен табиатан оптимистман. Гарчи қайта қуриш самаралари ҳозирча унчалик кўринмаётган бўлса ҳам, унинг ғалабасига жуда-жуда ишонаман. Муҳими: илк қадам қўйиляпти. Умид қиламанки, сизга ўхшаган истеъдодлар кўмагида мактаб дарсликлари қайта тузилади. Болаларимиз Навоий, Фузулийларни Пушкин, Шекспирлардан кам билмайдиган бўладилар.

— Яна бир масала. Яқинда Қоракўл район партия комитетининг пленумида пленум аъзоси, механизаторга сўз берилди. У ёзиб берилган нутқни олиб минбарга чиқди-ю, лекин қоғозга қарамай, дилидагини айтди: «Биз рус тилини қадрлаймиз. Болаларимизга, бу тилни яхшироқ ўрганинг, деб талабчанлик қиламиз. Ўзимиз эса маълум сабабларга кўра рус тилини яхши билмаймиз».

— Юсуфжон, механизатор рус тилини билмаслиги ҳақида гапирса, мен шахсан ўзим ўзбек тилини ҳам, ижодкор бўла туриб, кўнгилдагидай билмаслигимдан уялиб кетаман. Биламан: тил бойлиги халқда. У жилолантириб сўзлайди. Бутун бир романга арзигулик гап икки қаторда қойил қилиб айтилган халқнинг мақол, маталларини ўқиб, халқ даҳосига қойил қоламан. Мен, ўқиб… — деяпман. 

«Эшитиб» дея олмайман. Негаки, биз шаҳарликларда «тил йўқ». Хоҳ магазинга киринг, хоҳ транспортга чиқинг, хоҳ ўзингиз айтганингиздай, мажлисларда ўтиринг, хоҳ ишга қабул бўйича бир оғизгина ариза ёзинг — ҳаммасида биз билсак-билмасак, рус тилини намойиш қилгимиз келади. Натижада на рус тилини, на она тилимизни чуқурроқ биламиз.

Турли гуллар қанчалик кўп бўлса, гулдаста шунчалик чиройли бўлганидай, СССРнинг қудрати — турли миллатларнииг тенг ҳуқуқлилиги ва якдиллигида. СССР Ёзувчиларининг сўнгги съездида рус ёзувчиси Василий Белов сўзга чиқиб, мен ҳамманинг бир хил кийинишини, бир тилда сўзлашишини, бир хил ҳаёт кечиришини кўришни истамайман, миллий ранг-барангликни истайман, деганди. Шундай экан, совет ҳукуматимиз ҳамма соҳа каби тил масаласини ҳам ўз ҳомийлигига олмоғи керак. Зеро, тил масаласи — давлат миқёсидаги масала.

«Ёшлик» журналининг ўтган йилги декабрь сонида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш министри С. М. Баҳромовнинг журналга айни шу тил масаласи юзасидан жавоб хати босилди. Ҳурматли министрнинг ўзбекча журнал билан русча мулоқоти мени таажжубга солди, ўз тилини ҳурмат қилмаслигидан ранжидим. Тилимиз — онамиз. Онамизга ўзимиз шундай муносабатда бўлсак бошқалардан нима кутиш мумкин?

Мен бу билан нима демоқчиман? Муҳаббат эски нарса, лекин ҳар бир юрак уни ўзича янгилаганидай, тилимиз ҳам ҳар бир дилдан ўз оҳори билан чиқади. Яқинда талантли таржимонимиз Холида Аҳророва билан суҳбатлаша туриб, «қаноат», «ийманиш» сўзларига дуч келдим.

— Шу сўзларни мен ишлатмаган эканман, — дедим суҳбатни бўлганимни унутиб.

Сўз билимдони, тил билимдони Кибриё опа Қаҳҳорова билан суҳбатлашсак, ҳозирги китобларимиз, матбуотимиз тилидан у кишининг фиғонлари фалакка чиқади. «Тилимиз йўқ, тилимиз», — дейдилар куюниб. Агар биз тил товланишларини ҳар қадамда кўриб, ифорларини ҳар қадамда ҳидлаб турмасак, тилимиз қашшоқлашаверади-да.

— Гулчеҳра опа, Улан-Баторда Ўрта Осиёдан олиб кетилган тўрт миллион қўлёзма сақланаётган экан. Ўша қўлёзмаларни ўрганиш пайти келмадимикин?

— Таниқли тёрихчи олимимиз Бўривой Аҳмедовнинг айтишларига қараганда, ўзимиздаги тарихий китоблар ҳам анчагина экан.

— Саксон минг атрофида.

— Ана, кўрдингизми. Олимнинг гапига қараганда, бу қўлёзмаларнинг саксон фоизга яқини умуман очилмаган экан. Яна ўша масала табиийки, замонавий имлони асло рад этмаган ҳолда эски имлони ҳам биладиган кадрларни кўплаб тайёрлаш масаласи ижобий ҳал қилинмаса, «битта-битта япроқ учар, япроқ учар…» бўлиб, сийраклашиб бораётган араб ёзуви ва тилининг билимдонлари ўрни тўлатилмаса, сафи кенгайтирилмаса, ўз онасини танимаган манқуртга айланамиз-қоламиз, на фақат Улан-Батордаги, балки ўзимиздаги қўлёзмалар ҳам архивларда тураверади. Уларни сақлашдан ҳеч бир манфаат бўлмайди. Тарихимиз тилга кирмайди. Демак, эртамиз бўлмайди.

— Ваҳоланки, тарих — халқ устозидир. Халқимиз устоз кўрмаган устадек яшамаслиги керак. Ўша архивдаги минг-миллион китобларни ўрганишни тезлатиш зарур. Бундан ташқари уларни нашр қилиш масаласини ҳам ўйлаш лозим.

— Тошкентда ўндан ортиқ нашриёт бор. Сиз айтган масала билан «Фан» нашриёти, «Ўзбекистон», Ғафур Ғулом номидаги нашриёт, «Ёш гвардия», «Юлдузча» нашриёти бемалол шуғулланса бўлади. Бунинг учун озгина жонкуярлик, фидойилик керак, холос.

— Мактабларимнзда на адабиёт, на тарих ўқитиш бўйича мақтагулик ҳолимиз йўқ. Мен баъзи мактабларнинг битирувчиларидан «Муқанна ким?» деб сўраб кўрганман. Ҳеч биттаси жавоб бера олмаган. Ўрта, ҳатто олий маълумот ҳужжатига эга бўлганларнинг кўплари буюк боболаримизнинг номларини ҳам билмайдилар.

— Сабаби: бизнинг тарих дарсликларимизни ўқиб бўлмайди. Мен беш китоблик «Ўзбекистон тарихи»ни ўқиб, очиғини айтсам, унчалик қониқмадим. Ўтган аср венгер тарихчи-сайёҳатчиси Вамберининг инқилобга қадар чоп этилган кичкинагина китоби менга, аксинча, Ўрта Осиё ҳақида кўпроқ маълумот берганди. Мен уни қизиқиш билан ўқигандим. Устоз Абдулла Қаҳҳор «Бадиий асар шавқ билан ўқилиши керак» дегандилар. Тарих китоблари ҳам айни шундай шавқ билан ўқилиши керак. Бизда эса аксинча… баён, баён, баён… Баёнчилик эса билимсизликнинг белгиси, талантсизликнинг ўзи.

— Кейинги пайтларда ким бўлишидан қатъи назар, халққа хиёнат этганлар жазосини оляпти. Жуда тўғри қилиняпти. Бундан халқ хурсанд. Адабиёт-чи! Ҳали ҳеч ким ёмон китоб ёзгани учун жазолангани йўқ. Кўплар ҳамон унвонини пеш қилиб, гердайиб юрибди. Ҳамон уларнинг ишлари «беш». Ҳатто қалам ҳақини ҳам унвонсиз талантли шоирга қараганда икки-уч ҳисса ортиқ олишади. Бу — адолатсизликдир. Сизнингча, бу адолатсизликка қарши қандай курашиш мумкин?

— Бу — жуда мураккаб масала. Негаки, талантлилар кўп эмас, Лекин дарахтни силкитсангиз, талантсиз ношир, талантсиз шоир, талантсиз ёзувчи, талантсиз адабий ходим ёғилади. Талантлиларга оид бир хислат бўлади: андиша. Минбар талашишни, юқори ташкилотларга югуришни, атрофига ҳамфикр-ҳамтовоқлар тўплашни ўзлари учун ор деб биладилар. Талантсизлар эса сиз билан биз ўйлагандай, унчалик талантсиз ҳам эмас. Улар яхши ёзолмаса ҳам, «яхшигина» ҳасадгўйми, «яхшигина» иғвогарми, «яхшигина» лаганбардорми, «яхшигина» ёлғончими, «яхшигина» гуруҳбозми, «яхшигина» худбинми… бўладилар. Ёмонлик тезда ўзаро тил топиша олади. Яхшилик ўзига суянса, ёмонлик ён-атрофдагиларга суянади. Истеъдод танҳо учраса, беистеъдод тўда бўлиб учрайди. Шунинг учун ҳам ёмон китоблар чиқаверади, талантсизнинг ошиғи олчи бўлаверади. Сиз истаган адолатнинг бўлиши учун ҳакам ташкилотлар оқни қорадан ажрата биладиган ташкилот, талантлилар ташкилоти бўлиши керак. Бу — бир. 

Иккинчидан, нашриётлар ўз маҳсулотини ўзи сотиши керак. Ўтмаган китоблар харажатини ўзи қоплаши лозим. Учинчидан, кенг халқ оммаси фаол бўлиши даркор. Ёмон китобларни магазинлар қайтариб юборадиган бўлсин, ёмон китобларни одамлар магазинларга қайтариб олиб боришдан эринмайдиган бўлсин. Тўртинчидан эса, бадиий адабиётга халқ талабини ўрганиш том маънода йўлга қўйилиши, бу масалада психолог, социологларимиз ёрдамга келиши керак. Ленинградда бўлганимда, психологлар кўмагида ҳар соҳада унумли фойдаланишларини эшитиб, ҳавасим келганди. Психологлар бизда, Ўзбекистонда нималар билан шуғулланишаркин, деб ўйлайман гоҳида. Чунки уларнинг на матбуот саҳифасида бирон-бир муаммо билан чиқишини кўраман, на у, на бу масала юзасидан умумхалқ фикрини олганларини эшитаман. Халқ қалбини билмай туриб, халқ номидан иш кўришлар нималарга олиб келганини кўриб турибмиз.

— 1986 йил охирларида Эркин Воҳидов Бухорога келди. Ўша пайтларда нашриётда ишлардим. Шу боисдан Бухородаги китоб дўконларига кириб, қайси китобларга қизиқиш катта, қайси китоблар сотилмай, чанг босиб ётганлигини суриштирди. Бир китоб дўконида ғаройиб суҳбат бўлиб ўтди. Сотувчи — рус аёли Эркин акага деди:

— Ноширман, денг. Сизлар нега Эркин Воҳидов китобларини кўплаб нусхада чиқармаяпсизлар? Ҳамма унинг китобини сўрайди. Яқинда икки томлиги келган эди, талаш бўлиб кетди.

Бу гапларни шоирга ҳамроҳ бўлган бир қанча таниқли адиблар ҳам эшитишди. 1987 йилнинг бошларида Ёзувчилар союзининг мажлисларидан бирида эса Эркин Воҳидовга «Нега ўз китобларингизни икки томлик қилиб чиқарасиз? Нега фалончиларники бир томлик бўлиб ҳам чиқмайди?» — деб таъна қилишди. Ўша фалончиларнинг китобини, кошкийди, халқ ўқиса.

Бир ёш шоир Қодирий, сиз бугун бўлганингизда, биз ёшлар сизни ҳимоя қилардик. Сизга қалқон бўлардик, деган мазмунда шеър ёзган. Мен бунга ишонмайман. Юқоридаги гаплардан кейин ишониб бўладими?

— Юсуфжон, дилимдаги гапларни айтдингиз. Мен куни кеча «Чингиз Айтматовга мактуб» деган шеър ёздим. «Чингизимизни асранг, одамлар!» дейиш учун. Шу шеърни айни пайтда ўқувчиларимиз ўзимиздаги бармоқ билан санарли истеъдодларни асраш маъносида тушунишларини ҳам орзу қиламан.

— Мен бир нарсага ҳайрон қоламан: яхши шеър ҳамиша ноёбдир. Лекин ҳамма жойда навбат: газетада навбат, журналда навбат… Нашриёт ходимларининг гапини эшитиб, ёқамни ушлайман: «Бизга қийин. Ахир республикамизда 420 та ҳужжатли шоир бор. Барининг китобини чиқариш керак». Ё тавба! 420 та! Булар ҳали ҳужжатли шоирлар! Ҳужжатсизлари-чи!! Шунча шоирларимиз бору, ўқийдиган шеър йўқ. Эркин Воҳидовнинг «Шарқ юлдузи»да эълон қилинган туркуми, Абдулла Ориповнинг «Ёшлик»да эълон этилган шеърларидан бўлак яйраб ўқиладиган шеърларии 1987 йилда эълон этилган ашъорлар ичидан топиш жуда-жуда қийин.

— Мен жуда бунчалик фикрда эмасман, Юсуфжон. Жамол Камолнинг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида босилган туркум шеърини эсланг. «Отанг ўтди чапак чалиб, онанг ўтди чапак чалиб, сен ҳам ўтасан чапак чалиб…» маъносидаги шеърлар. Ёхуд Сулаймон Раҳмоннинг «Шарқ юлдузи»да босилган талай шеърлари… Бу каби асарлар учун нашриётларда ҳеч қандай навбат бўлмаслиги керак, деб ўйлайман.

— «Қора кўзим» янграган радиода нега бемаъни қўшиқлар янграйди? Нега «Диёнат», «Ёнғин», «Кунда» чол этилган босмахоналарда бемаъни асарлар босилади? Рости, бунақа саёз асарларни ўқишдан, маъносиз қўшиқларни тинглашдан қўрқаман.

— Сизнинг айтганларингизга қўшимча: мен яна ёлғондан қўрқаман. Сўзи бошқа-ю, ўзи бошқаликдан қўрқаман. Ҳаромдан қўрқаман. Оқни қора, қорани оқ дейишларидан қўрқаман. Келгусимиз олдида ҳисоб бермаслик туйғусидан қўрқаман. Биз бугунимизга фақат бугуннинг кўзи билан эмас, эртанинг кўзи билан ҳам қарашимиз керак. Қишлоқдагиларнинг турмуш савиясини кўтариш керак. Аёлларимизда камқонлик бўлса, даволайлик, болалар ўлими кўпаяётган экан, сабабларини ўрганайлик, мева-сабзавотлар истеъмоли даражаси Ўрта Осиёда ниҳоятда камайиб кетган экан, боғлар яратайлик, соғломлаштириш муассасалари қурайлик, қишлоқ муҳитини яхшилаш учун сафарбарлик эълон қилайлик, ҳашарлар уюштирайлик, атроф-муҳитни тозалайлик, ичар сувимизнинг софлигига эришайлик…

Биласизми, Юсуфжон, турғунлик даврининг зарарлари, назаримда, шу даража каттаки, уни ҳисоб-китоб қилишнинг ўзини ҳатто иложи йўқдай туюлади менга. Энг даҳшатлиси: у одамлардаги тўғрилик туйғусини деярли ўлдириб қўяёзди, эътиқодга путур етказди, ишонч пайини қирқди. Лўттибозлик, ниқобийлик авж олди. 

Бахтимизга яхшиям қайта қуриш бошланди. Газета-журналларда ўқияпсиз: 40—50 йиллаб арбоблик пиллапоялари бўйлаб тобора кўтарилиб борган Вишинскийга ўхшаган одамлар аслида Лениннинг кушандаси бўлса, меньшевик бўлса, халқнинг жаллоди бўлса… Ёхуд давлат бошида турган раҳбарнинг ёрдамчиси катта порахўр чиқса… Ёхуд Социалистик Меҳнат Қаҳрамони (қандай қаҳрамон бўлгани энди маълум!) Аҳмаджон Одиловдай инсоний қиёфасини йўқотган қонхўрлар даврини сурган бўлса… Бундайларга қарши борувчилар ҳал хил сохта ҳужжатлар, туҳматлар, ҳамтовоқларнинг имзо уюштиришлари билан бадном қилинса… 

Қайси диёнатини ютганлар имзо чекаркин? Ўзингизга маълум: «халқ душмани» тамғаси остида қанча-қанча ажойиб зиёлилар, давлат арбоблари, бир сўз билан айтганда, жамиятимиз гуллари қурбон қилинган. Мен «халқ душмани» иборасини ўйлаб топганлар — халқ душмани, халқимизнинг тарихини сохталаштирувчилар, тилини менсимовчилар, дилига қулоқ солмовчилар — халқ душмани, дегим келади. Халқ жонидан севувчи истеъдодларимизнинг дилозорлари —халқ душмани.

Турғунлик даври турғун одамларнинг жуда катта отрядини яратиб қўйгани сир эмас. Ишламай тишлашга орзумандлар отряди, юлғичлар отряди, чиройли шиорлар остида ҳаромхўрлик қиладиганлар, таниш-билишчиликка ружу қўйганлар, соф-ҳалол одамларни бадном қилишга устаси фаранглар отряди… яралди. Улар ҳалиям тирик. Улар яшаяпти. Бундай одамларнинг тили бошқаю дили бошқа бўлади. Улар, аксарият, гапга чечан. Улар, аксарият, ҳалолликни билмаса-да, қонунларни яхши билади, Бундайларнинг бугуни бор. Эртаси йўқ. Эртаси бўлмагани учун ҳам улар ашаддий бўладилар. Мен ақлимни танибманки, инсон қалбини ойна каби акс эттирувчи аппарат ихтиро қилишларини орзу қиламан. Шундай аппарат бўлса, турғунлик даври ҳам чўзилмасмиди, дейман.

— Марказий газеталарнинг бирида юртимизда рўй берган ножўя ишлар ҳақида мақола босилган эди. Ўша мақолада ўзбеклар ҳар қандай буйруқни, тўғрими-нотўғрими, ҳаммша эътирозсиз қабул қилади, не деб буюрмасинлар, хўп, деб маъқуллайди, деган фикр баён қилинган эди. Алқисса, халқимиз «хўп-хўп»чиликда айбланган эди. Мен бу гапга қўшилмайман. Биринчидан, наинки бизда, бошқа республикаларда ҳам «хўп-хўп»чилар истаганча топилади. Иккинчидан, «хўп-хўп»чиликка қаршилар, адолатни деб ўтга кирувчияер бизда ҳам бисёр (Дилмуродовга ўхшаганлар). Сиз бу ҳақда нима дейсиз?

— Бу саволингизга, назаримда, бундан саккиз йил илгари ёзилган «Зарурият» номли шеъримда жавоб берган эканман чоғи. Яъни: «Керак бўлса туғар халқ янги даҳоларни ҳам». Халқ ўзининг соф фарзандларини севади, уларга ишонади, уларни ардоқлайди. Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов каби буюк арбобларини яратиб, менинг ўзим бўл, деган халққа, Ҳалима Носирова, Аброр Ҳидоятов, Муножот Йўлчиева каби санъаткорларини яратиб, менинг овозим бўл, деган халққа Ҳабиб Абдулла каби эътиқоди пўлат олимларини яратиб, менинг дилим бўл, деган халққа, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Эркин, Абдуллаларини яратиб, менинг сўзим бўл, деган халққа, миллион-миллион тонна пахта етиштиришга қодир халққа тил тегизиш — гуноҳларнинг гуноҳи деб биламан. Ҳаромхўрларнннг атрофдаги қиёфасиз, таъмагир югурдакларга келганда, Омон Матжон ибораси билан айтадиган бўлсам: «Халқми шу?!»

Суҳбатни Юсуф Жумаев олиб борди.

«Шарқ юлдузи» журнали, 1988 йил, 6-сон

Тағин ўқинг
30 октябр 2019
Таниқли ўзбек ёзувчиси Одил Ёқубовнинг бу фикрлари 2008 йилнинг июнида машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов вафоти муносабати билан «Озодлик» ...
9 октябр 2016
9 октябр куни Тошкент вақти билан соат 12.20 да Бухоро вилоятининг Олот туманида Елена Урлаева ва Малохат Эшонқуловалар ушланган ...
6 июн 2019
Андижон вилояти ҳокими ўтказган матбуот анжуманида маҳаллий телевидение раҳбари хориж оммавий ахборот воситаларини “умумий душманимиз”, деб атади. Шу кунларда ...
28 октябр 2019
Ўзбекистон ҳарбийлари илк бор бор ҳаво ҳужумидан мудофаага мўлжалланган FD-2000 ракеталарининг амалий синовларини ўтказмоқда.  Мазкур синовлар Қашқадарё вилоятида жойлашган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...