Мултимедиа
5 феврал 2021

Императив-2. Сен кимсан?

(Арафадаги ўйлар)

Бу саволни сизга эмас, ўзимга бердим узун йиллар давомида.
Бу саволга бугун жавобим бор, алҳамдулиллоҳ, аммо кеча йўқ эди.
Кечадан ҳикоя этмоқчиман.

«Сен кимсан?» («Мен кимман?») саволи бизнинг кечмишимизда тақиқланган савол эди. Чунки кимлигимизни биз эмас, биз яшаётган жамият белгилаб берарди.

Бу кимлик остидаги инсонлар коммунистик жамиятда яшаётган бахтиёр фард (индивид)лар эди.

Бу бахтиёрлик ташқарисида ҳеч бир кимлик йўқ эди, бўла олмас эди.
Мен шундай жамиятда дунёга келдим.

Яратган мен қулини Ёй буржида дунёга келтирди. Ёй буржида дунёга келганлар ақл бовар қилмас даражада оптимист бўладилар. Уларнинг одамлар, нарсалар, воқеалар ҳақида ҳуснизони – яхши гумони беқиёсдир.

Яхши гумони ортиқча бўлгани учун ҳам «яхши одамлардан» алданади, «яхши воқелардан» кутгани чиқмайди, «яхши нарсалар» эса у қадар яхши бўлмагани маълум бўлади. Аммо Ёй бу кутмагани натижадан бироз талмовсираб туради-да, яна ўз характеридаги некбинлик пардаси ўртган янги таҳликалар гирдобига шўнғийди:

СИЗДАН ФАРҚЛИ ЎЛАРОҚ

Сиздан фарқли ўлароқ, ҳар хил
Йўлларин биламан oвунишнинг мен.
Сиздан фарқли ўлароқ, мени
Вояга етказар етишмовчилик.
Узокда милтиллаётган шамчироқ – нафрат
Кўпроқ ёритади йўлимни
Меҳр қуёшига кўра дўстларнинг.
Агар ҳеч ким мени ерга урмаса,
Кўкка қандай сакрай олардим?
Оддий ўсимликман, хуллас:
Қанча кўп сув қуйсалар тагимга
Мен шунчалик гуллаб-яшнайман.

(1983) «Олис табассум сояси», 1986.

Бу шеър мансуб бўлганим Ёй буржи умрининг лейтмотивидир.

Буларни гороскоп китобларига қараб эмас, бошимдан кечирган тажрибаларимга суяниб, эътироф этяпман. (Камина гороскопларга эмас, Аллоҳнинг тақдирига имон келтирган бир бандаман.
“Ёй буржи” муқоясалари рамзий маънода қўлланилмоқда).

Менинг ўрта мактаб, мактаб, армия, университет ва кейинги бутун ҳаётим ТАXМИНАН кун кўрган, аммо ҳеч ИККИЛАНМАЙ яшаган одам ҳаётидир.

Яшаганим воқеалар силсиласига боқиб, бу ёшимга қадар қандай тирик қолганимдан ҳайратга тушаман. Ҳеч нарсани ўйламай, ҳеч нарсани писанд қилмай, ҳам ижтимоий, ҳам хусусий ҳаётда
бирорта компас қўлланмасдан, туриш-турмушни таваккул ичтуйғусига топшириб, етмиш ёшга етиб келиш бир мўъжизадир чунки.

1991 йил президент сайловига кираётганда жуда кўп дўстлар яхши ният билан мени бу фикрдан воз кечтириш учун ғайрат кўрсатдилар. Шоир Эркин Воҳидов шахсан келиб, «сайловда 1% олгандан кўра, «катта» билан келишиб, ҳукуматга ўртоқ бўлиш кўпроқ переспективали» эканини уқтиришга уринди.

Ҳатто дўст тутинганим ёзувчи Аҳмад Аъзам ҳам «сайлов»нинг таҳликали эканини айтиб, муроса қилиш ҳақда дўстона маслаҳатлар берган эди.

Аммо ичимдаги «ёй» олинган қарорда иккиланишга изн бермай, каминани воқеалар гирдобига итқитди. Кейин 1992 йил 5 май куни диктатор И.Каримовнинг ўзи чақириб, Э.Воҳидов маслаҳат берган
ўша «ҳукуматга ўртоқлик»ни таклиф қилди. Мен таклифни ҳеч иккиланмай рад этдим.

Каримов бундан ғазабланиб, менга, оиламга, ташкилотимга қарши кенг миқёсда репрессиялар бошлаб юборди. Бунга жавобан 1992 йил 2 июл куни депутатлик мандатини диктаторнинг юзига улоқтириб, ўзимни янги гирдобларга отдим.

Бу ҳаракатлар ташқаридан қараган инсонларнинг аксариятига, ҳатто дўстларимга ҳам мантиқсиз туюлди. Камина уларга бошига қўнаётган бахт қушини отиб ўлдирган телба овчи бўлиб кўриндим.

Аммо Ўзбекистондан бош олиб чиқиб кетар эканман ва сўнгра йилларча уйсиз, маконсиз, эртага қаерга боришим номаълум сарсон кезар эканман, манглайга ёзилган бу тақдирдан ҳеч бир он пушаймонлик туймаган бир Ёй буржи мансуби эдим.

Дўстларимга мантиқсиз кўринган ва кўринишда давом этаётган бу ҳаёт меники эди. Уни менга берган Рoббимга шукрлар бўлсин, мен қулини бу ҳаётнинг кечиш тарзидан ҳеч пушаймон эттирмади.

Чунки агар дўстларим менга яхши ният билан раво кўрган «яхши ҳаёт» таклифларини қабул қилсайдим, мен у «гўзал ҳаёт»да бир сония ҳам ҳузурли яшаёлмасдим. Чунки виждонимга, инончимга,
эътиқодимга, иймонимга қарши борган бўлардим. Ва у «гўзал ҳаёт» мен учун даҳшатли бир виждон азобига – жаҳаннамга айланган бўларди.

Ҳа, мен қарши чиқолмаганим қийматлар – виждон, инонч, эътиқод, иймон мен учун ақлимнинг устидаги бир ақл эди. Яратганга чексиз шукрлар бўлсин, буюк лутф кўрсатиб, мени сургун диёрига йўллади.

Ва бу 27 йиллик сургунда, ватансизлик, саргардонлик, таҳлика менинг мураббийларим бўлди. Асл ҳузурни айнан шу мураббийларим соясида топдим.

Бутун бу таҳлика занжири билан чирмалган ҳаётимда мени оёқда тутган нима эди? Ҳеч иккиланмай айтишим мумкин: ҲАҚЛИЛИК ТУЙҒУСИ эди. Агар ўзимни ҲАҚСИЗ билса эдим, мужодалани бир сония ҳам давом эттиролмасдим.

Қайси ҳақлилик туйғуси? Адолат тарафида туриб зулмга қарши курашмоқ, золим эмас, мазлум ёнида бўлмоқнинг берган ақлилик туйғуси. Бизни яратган Аллоҳ ҳамиша одилдир ва мазлумнинг ёнидадир. Аллоҳ тарафида бўлмоқ, буни ҳис этмоқ менинг маънавий умуртқам эди.

Бу курашда мен енгдимми ёки енгилдимми? Бу саволга ҳам ҳар ким ўз мантиғидан келиб чиқиб жавоб беради. Баъзилар бизнинг позициямиздаги бир шахс учун енгишни “ватанига қайтиб
тахтга ўтириш”, деб билади.

Енгилиш эса улар учун “ватанга қайта олмасдан, ёт элларда ўлиб кетиш”дир. Мен эсам ҳаётим мазмунини мазлумнинг ҳақлари учун сўнггигача курашда кўрганман. Шунинг учун ҳам ватанга қайта олмаслигим, сиёсий ҳадафларимга эриша олмаганимни енгилиш деб
билмайман. Бу хил аxлоқий қараш умуминсонийдир.

Эрнест Хемингуэй ҳам «Инсонни ўлдириш мумкин, аммо енгиш мумкин эмас», деганида айнан шу қарашни ифодалаган эди.
Табиий, бундай қараш моддиятчи зеҳниятга бегонадир.

1992 йили юртимни тарк этаётиб, бир неча киши ёки бир неча гуруҳни эмас, бир мустабид бошида урган кап-катта давлат машинасини қаршилаётганимни билардим. Аммо бу машинага қандай қарши туражагимни билмасдим – ҳеч бир
режа, стартегия, мўлжал йўқ эди.

Чунки юртимни тарк этиш учун ҳеч тайёрланмаган эдим. Тарк этиш хаёлимда ҳам йўқ эди. Аксинча, кетишга исрор-ла ундаётган дўстлар
мулоҳазасига қарамай, атрофимни қуршаб бораётган таранг шароитга қарамай, юртдан кетишни сўнгги дамгача ўйламадим.
Аммо сўнггида тарк этдим.

Бу радикал қарорда ҳам ақлдан кўпроқ ичтуйғу, тадбирдан кўпроқ таваккул бор эди. Тошкентдан Олмаотага, у ердан Бокуга учдим. Бокуда Озарбайжон президенти раҳматли Абулфайз Элчибей қабул қилиб, оғаларча меҳр билан: «Ўлкадан чиқиб тўғри қилдинг, қардошим, у ерда ҳеч нарса қилолмасдинг, сени ўлдиришарди. Биз сени Турғут Ўзoл билан бирга дастаклаймиз, мароқ этма», деганида ҳам бу қароримнинг тўғри бўлганидан том амин эмасдим.

Шуур остидаги «сен кимсан» саволига сурункасига жавоб излар, аммо бу ҳолнинг реал эканига ўзимни ишонтиролмаган эдим.

Француз шоири Артур Рэмбонинг «сархуш кемаси» бўлмасам ҳам лангар ташлайдиган жойи ҳали номаълум бўлган, ҳар милда бир қароқчига дуч келиш эҳтимоли бор кемадай ҳис қилардим ўзимни.
Устига устак, у паллалар шахсиятимдаги кибр ўзининг энг юксак чўққисида эди.

Мен излаган кимлик тамоман унинг соясида қолган эди. Лекин анави савол xудди тўхтатилиши унутилган пластинка каби такрорланишда давом этарди: «Сен кимсан?».

Мени машғул қилган ғояга аввал ўзимни ишонтиришим керак эди.
Майли, дўстлар ишонмасин, майли, ақраболар, яқинлар, ҳатто халқ ишонмасин, аммо ўзим мутлақо ишонишим шарт эди.

Аллоҳ наздида тўғри эканини билиш мен учун етарли эди, у ҳолда бу ғоя йўлида ўлимга боришим мумкин эди. Бу ҳолда ўзимни ғоя учун мужодалада ҲАҚЛИ ҳис қилардим.

1970-80 йиллари ўзимни ишонтирганим ғоя миллий истиқлол ғояси эди.

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
25 июн 2019
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг «Қурол тўғрисидаги қонун»ни маъқуллаши ортидан тармоқда айни қонун тарафдорлари ва қаршилар ўртасида баҳс қизиди. «Шахсий ...
18 ноябр 2019
Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бугунги ўзбек жамиятининг пул қутуртирган энг типик вакилидир. Қутурган махлуқ ҳатто ўз хўжайинини ҳам ...
17 ноябр 2020
Фарғона вилояти Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраевнинг ўз қўли остидагиларни сўкишлари акс этган аудио 16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда ...
4 феврал 2022
Рассом Кирпи
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...