Мултимедиа
23 феврал 2021

Императив-7. Қон-қонимга сингиб кетган тил

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

Сизлар-чи, 1987 йилда нима билан машғул эдинглар, жаноб манқуртлар?

Масалан, мен биламан, сизларнинг адабиётчиларингиз у пайтларда бирор-бир журналнинг бирор бўлимида муҳаррир мақомига тайинланиш учун, бирор-бир нашриётда бирор китобини нашр этиш учун, сал омадлироқлари эса бирор китоби эвазига комсомол мукофотини олиш учун ғайрат кўрсатаётган эди.

Сизларнинг «биринчи дoдангиз» Ислом Каримов эса у пайтларда Давлат режалаштириш қўмитасида ёки Компартиянинг Қашқадарё вилояти қўмитаси биринчи котиблиги лавозимида Москванинг пошнасини ялаб юрган эди.

Сизлар-чи, ул «дода»нинг болалари, кимга қарши «Ўзбекистон учун нима қилдинг?» деб ҳайқираётган эдингиз?

Масалан, мен ўша пайтда бундай деб ҳайқираётган… йўқ, йиғлаётган эдим.

ДЕСА ЭДИ…

(85 ва 86-йилларда «пахта иши» дея бегуноҳ қатағон қилинган деҳқонлар учун йиғи)

Мана шу кетаётган одамларга қараб,

Мана шу кетаётган одамларга мен,

Мен жавоб бераман деса эди кимдир.

Мана шу кетаётган, тинмай кетаётган

Одамларга қараб, шуларга мен жавоб бераман,

Мен жавоб бераман, деса эди кимдир.

Майли, бақирмасин, майли, ҳайқирмасин,

Майли, жар солмасин дунёга,

Майли, пичирласин,

Лоақал пичирласа эди,

Мен жавоб бераман шуларга, дея.

(1986)

«Тун ташбеҳлари»

(1988)

Ўша мақолага ҳеч ким жавоб бермаса, гўё «жавоб бериш масъулияти» менинг зиммамга тушарди. Ҳолбуки, «xалқ учун жавоб бериш» каби иддао ҳеч қачон бўлмаган менда. Сиёсат билан шуғулланиш нияти ҳам бўлмаган. Иродамдан ташқари юз берган воқеалар сиёсат билан шуғулланишга мажбур этди.

Шу маънода, экзекуционерлар: «Ўзбек учун нима қилдингиз?» деркан, писандаларида ҳақлидирлар. 30 йилдан бери бу саволни бериб келаётганлар, эшитинглар ниҳоят: Ўзбек учун ҳеч нарса қилмадим, нима қилган бўлсам, ЎЗИМ учун қилдим.

Силлогизм шу: халқ ЎЗИМНИНГ ХАЛҚИМ бўлгани учун ёздим. Яъни ЎЗИМ учун ЁЗДИМ. ХАЛҚдан эмас, ЁЗГАНЛАРИМдан масъулман. Ёзганларим учун терганг, аммо ХАЛҚИНГ УЧУН НИМА ҚИЛДИНГ, дея ҳайқирманг.

Бир ривоят:

Яман ҳукмдори Абраха Каъбага бораётган зиёратчиларни ўз ўлкасига йўналтириш учун Каъбани йиқишга қарор қилади.

Маккаликларнинг бу ҳукмдорга қарши қўядиган кучлари йўқди. Абраха қўшини Макка халқининг мол-мулкини яғмо қилиб, Абрахага келтирдилар. Унинг қароргоҳига Каъбадан бир ҳайъат келди. Бошида Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг бобоси Абдулмутталиб бор эди. У Абрахадан яғмоланган туяларини қайтиб беришини талаб этди.

Абраха киноя билан:

  • Каъбани йиқма деб ёлворишга келдингиз, деб ўйлабман. Сен мендан қандайдир 100 та туянгни истаяпсанми, деди.

Шунда Абдулмутталиб:

  • Мен туяларнинг эгасиман, уларни истайман. Каъбанинг эса ўз эгаси бор, Каъбани У қўрияжак, деб жавоб берди.

Абдулмутталибга туялари қайтарилди. Абраха ва қўшинларига эса Аллоҳ оғзида сирли тош-ўқ бўлган қуш галасини юбориб, уларни яксон қилди.

Қиссадан ҳисса: Ҳар ким ўз ишини қилсин ва бу қилинган ишдангина масъул тутилсин. Менинг туяларим – сўзларимдир, улардан жавобгарман. Уларнинг тўғри бўлишидан, адолатга, иймонга, Аллоҳга қарши бўлмаслигидан масъулман.

Аммо халқ учун жавобгар эмасман. Унинг учун бирор нарса қилиш мажбуриятим ҳам йўқ. Аммо ўзим учун қилаётганларим кутилмаганда халқимга ҳам фойдаси тегса, табиий, севинардим.

Энди ЎЗИМ УЧУН нима қилганимни тушунтириб бермоқчиман.

Юқорида билдирдим, умримнинг нақ ярми шеър ёзиш билан кечди, ярми сиёсат билан. Бу китобда шеър билан кечган қисмини гаплашамиз.

Ўз аравамни доим ўзим тортдим. На ақробо, на дўст-ёрон, на халққа юк бўлдим, алҳамдулиллоҳ.

ЎЗИ БОР

Балким янги ороллар очмас,

Лекин айтадиган сўзи бор.

Аравани қуруқ опқочмас,

Аравада унинг ўзи бор.

(1981)

«Олис табассум сояси»

(1986)

Бу шеър, истайсизми-йўқми, автопортрет эди. Бугун ҳам унинг бирорта чизгиси ўзгармади. Бу автопортрет қаҳрамони ўзининг яшаш тарзи ва ҳаётдаги ҳадафини 1981 йил учун жуда ҳам очиқ ифода этган:

Мен ҳеч кимга бўйинсунмасман

Мен ҳеч кимга бўйинсунмасман,

Балки менга бўйсунар қисмат.

Мен сиз эккан жойда унмасман,

Фақат руҳга қиларман хизмат.

Мен сизларга pаҳм қилмасман,

Яъни ўзни аямайман ҳеч.

«Оқ-қора!» деб ваҳм қилмасман,

Йўқ, сочимни бўямайман ҳеч.

Букилмасман қувончу ғамдан,

Сўрамасман сиздан нафақа,

Яъни мен бу моддий оламда

Аллоҳ учун яшарман фақат!..

(1981)

(«Олис табассум сояси»)

(1986)

Аллоҳнинг изни ила бу мавҳум сатрлар йиллар ўтиб айнан моддийлашди. Раббим мен қулини Ўзидан бошқа ҳеч кимга бўйсундирмади. Қисматимни ниятимга кўра «ўзгартирди» ва мени золимлар «экмоқчи» бўлган ерда ундирмади.

Ҳадаф йўлида аввaламбор ўзимни аямадим, «оқ»ни зинҳор «қора» демадим, оқарган сочимни қорага бўямадим, нафақа олмадим ва иншааллоҳу таоло, бошим саждага келган кундан бошлаб Яратганнинг ризоси учун яшашга ҳаракат қилдим.

Муҳаммад Солиҳ

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
4 июл 2019
Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди 3 июль куни ака- ука журналист Бобожоновлар даъвоси юзасидан Урганч тумани ҳокимлиги ҳамда ...
24 декабр 2018
Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг бир гуруҳ фаоллари Zeromax GMBH кредиторларининг Гулнора Каримованинг ноқонуний активларини товон сифатида олиш ҳаракатлари кучайганидан хавотир ...
20 июн 2022
Фарзандим бу йил мактабни битиряпти. Орзулари бир олам. Чел элда ўқишни, дунё кезишни орзу қилади. Ҳозир репетиторда тайёрланяпти. Ахир ...
12 сентябр 2017
«Элтуз» нашрининг Фарғона вилоятидаги манбаларига кўра, туманларнинг узоқ ҳудудларида ўқитувчи, шифокор ва талабалардан таркиб топадиган терим отрядлари учун ётоқ ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...