Асосий мавзулар
30 январ 2019

Қонунни бузган ўзбек оиласи болалари билан Швециядан ҳайдалмоқда

Швециядаги «Экспрессен» интернет нашри 28 январь куни мамлакатдан Ўзбекистонга депорт қилинаётган навбатдаги ўзбек оиласи ҳақидаги мақолани чоп қилди.

Ғаффоровлар оиласи Швецияда 10 йил яшаган. Уларнинг 9 яшар кенжа ўғли Сардор 2009 йилнинг 12 ноябрида Каролинска университетига қарашли туғруқхонада туғилган, унинг акаси 12 яшар Темур эса ота-онаси билан Швецияга келганида бор-йўғи икки яшар бола бўлган эди, дея ёзади швед нашри.

Швед боғчасида, мактабида тарбия кўрган Темур ва унинг укаси Сардор ўзларини швед деб билишади ва швед тилида гаплашишади, дея ёзади «Экспрессен» нашри.

«Уларнинг ҳеч бири ўз она тилида гапирмайди. Сардор ҳеч қачон Ўзбекистонда бўлмаган», дея иқтибос келтиради швед нашри унинг отаси Ғайрат Ғаффоровдан.

Ғаффоровлар оиласи Швецияда. «Экспрессен» нашридан

Депортдан кейин миграция қонунини бузиб, мамлакатга қайта киришган

Миграция идорасининг швед нашрига билдиришича, бу ўзбек оиласи қонуний иқомат мақомига эга бўлмагани учун депорт қилинмоқда.

Миграция идораси ўз қарори юзасидан «Экспрессен»га ёзган хатида, шунингдек, Ғайратга илгари ҳам депортация қарори чиқарилгани, шу муносабат билан икки йилга мамлакатга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилингани билдирилган.

«Швед Миграция кенгашига, қонунга мувофиқ, кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинганидан кейин ҳам мамлакатга қайтиб кирган шахсларга иқомат ҳуқуқи бериш тақиқланган. Қисқа муддатли кириб-чиқиш бундан мустасно», дея иқтибос келтиради швед нашри Миграция кенгаши хатидан.

Ўзбекистон фуқароси Ғайрат Ғаффоров эса бундан ўн йил бурун, ўз ватанидаги хорижий ширкатда ишлаган пайти ўзбек режими босимига дуч келгани боис хотини билан Швецияга қочиб келишга мажбур бўлганини иддао қилган. Эндиликда ватанида бундай хатар бўлмаслиги мумкин, аммо бутун ҳаётини Швецияга келиб қайтадан қургач, яна қайтиб бориш уларга жуда оғир бўлади.

«Бутун ҳаётимиз издан чиқади. Шу ерда фарзандларим ўсиб катта бўлишди. Агар қайтиб борсак, ҳаммасини бошидан бошлашга тўғри келади. Ўзга жамият ҳаётига кўникиш қийин. Улар мактабни ҳам бошидан бошлашлари керак», дейди Ғайрат Ғаффоров.

Швед нашрига кўра, Ғайрат ва унинг хотини Азиза швед жамиятига аллақачон қўшилиб кетишган. Ғайрат қурилиш ширкатида дурадгор, унинг хотини Азиза эса ҳамшира бўлиб ишлайди.

Бу хабар болаларнинг синфдошларига қаттиқ таъсир қилди

Ўзбек оиласининг Швециядан ҳайдалиши ҳақидаги хабар Сардор ва Темурнинг кўплаб дўстлари ва синфдошларини қаттиқ ҳаяжонга солди, дея ёзади швед нашри.

«Синфдагиларнинг кайфияти қаттиқ бузилган. Болаларга нима учун дўстларини улардан ажратишаётганини тушунтириш қийин», дейди Темур ва Сардор ўқиётган Шоансскулан (Sjöängsskolan) мактаби директори Анжела Свенссон.

Темур оиласини мамлакатдан ҳайдашаётгани ҳақида ўқитувчисига билдиргач, мактаб улар ҳимоясига чиқишга қарор берди.

«Биз инсон сифатида четда шунчаки қараб тура олмаймиз», дейди Анжела Свенссон.

Сўнгги кунларда нима учун бундай қилинаётганига ақли етмай, тушкунликка тушган ўқувчиларни эндиликда ўқитувчилари ҳам қўллаб-қувватлай бошлашди.

«Бироқ қандай тушунтиришимиз мумкин ҳатто ўзимиз англашимиз қийин бўлган муаммони. Синфдошининг эндиликда бу ерда яшашга ҳақи йўқлигини қандай тушунтириш мумкин?» дейди Анжела Свенссон «Экспрессен»га берган интервьюсида.

Жума, 1 февраль куни Шоансскуланда ўқиётган барча ўқувчиларга Темур ва Сардор ҳимоясига норозилик чиқишида иштирок этиш учун дарс қолдиришга рухсат беришди.

«Сардор улар ҳимоясига манифестация уюштиришларини эшитиб, хурсанд бўлиб уйга келди. «Дада, нима учун шунча одам мен учун қайғураётганини тушунмаяпман», деди ўғлим», деб ёзди «Экспрессен» нашри Ғ.Ғаффоровнинг сўзларидан иқтибос келтириб.

Темур ва Сардор ўн йил Швецияда яшашган.
«Экспрессен» нашридан

Ғаффоровлар оиласи Миграция кенгашининг депортация қарори устидан шикоят қилмоқчи. Шу ўринда ижтимоий тармоқда ўзбек қочқинларининг «илгари ҳукумат босими ёмон эди, ҳозир яхши», деган иддаосига ҳам шубҳа билдирилмоқда.

Расмий статистикага кўра, бугунги кунда Ўзбекистонни тарк этувчилар динамикаси Каримов давридагига нисабатан ҳам сезиларли даражада ортган. 2018 йил давомида 13838,6 минг одам Ўзбекистондан четга чиққан ва бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан икки баробар кўпдир. 2014 йилда 4225,9 минг одам Ўзбекистондан четга чиққан эди. Швеция эса энг кўп миқдорда муҳожирларни қабул қилган мамлакатлар ўнлигига киради.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
6 август 2023
Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги “Зарбдор” газетасининг бош муҳаррири Ғуломжон Ҳамзаев Элтузга мактуб йўллаб, мамлакат раҳбариятидан туман ҳокими Зафар Рўзиев ...
8 апрел 2024
2010 йил 7 апрель куни ўз қарорлари билан озиқ-овқат ва коммунал хизматлар учун нарх-навони мислсиз даражада кўтариб юборган Қурмонбек ...
17 сентябр 2018
Бир вақтлар Ислом Каримов ноннинг нархини оширмаймиз, деб катта ваъда берган, лекин кейинчалик кўп бора кузатилганидек, ўз ваъдасининг устидан ...
2 декабр 2017
1 декабрь куни Тошкент шаҳри судида одам савдосида айбланиб, 10 йилга қамалган 28 яшар Шерали Маҳмудов шикояти бўйича аппеляция ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...