Асосий мавзулар
8 март 2021

Ëрқиной қандай қилиб миллионер бўлди?

(Рассом Туз ҳикояси)

Бу қизнинг исми Ëрқиной. 27 ëшда. 7 мартда туғилган. У шу кунни ëмон кўради. Ортиқча стрессли кун. Ҳеч қачон керак бўлмайдиган финжон ëки ўзи севмайдиган исли сув совға қилинишидан безган.

Юмшоқ ўйинчоқлар¸ айиқ ва қуëнлардан нафратланади. Атиргул¸ хризантема ва гладиолусга аллергияси бор. Аллақачон қоғоз китобларни йиғмай қўйган.

Ўқийдиган барча китоби сумкасидаги жажжи кинделда мужассам. Фақат «Nina Ricci» деган француз атир сувидан фойдаланади. Юрак шаклидаги юмалоқ қирмизи шиша устидаги олтин ранг юмалоқ қопқоқли бу парфюмнинг оригиналини йилда бир марта Дубай ëки Истанбулга борганида ўзи сотиб олади.

Парфюм масаласида ўта консерватив. Ëрқиной Қозоғистондаги Нурсултон университети кимë факультетини тугатган. Рангли ичимликларга қўшиладиган пигментлар бўйича саноқли мутахассислардан бири.

Рангли ичимлик (реклама бўлмасин деб фирма номини айтмайман) чиқарадиган фирмада лаборатория бошлиғи. Ойлиги деярли фирма президенти оладиган ойликка яқин (катта ойлик).

Ëрқиной асли Бухоронинг чўлга яқин Олот туманида туғилган. Уларнинг оиласини туркман дейишади. Аммо паспортда ўзбек ëзилган. Ëрқиной Тошкентда ўзи сотиб олган квартирада яшайди.

У яшайдиган монолит бетондан бўлган уй Тошкентда ягона. Космонавтлар майдонидан пединститутга қайриладиган муюлишдаги баланд бино.

Ëрқиной ҳақида ҳамма нарсани айтдим шекилли. Ҳа-а, саволни тушундим. Ëрқиной ëлғиз яшайди. 7 йил олдин эри билан характери келишмай ажрашган. Боласи йўқ. Ëрқиной туркманларга хос баланд бўйли¸ кўзлари катта-катта, эмчаклари дуркун қиз.

Отаси Ëвшон оға уни меролим деб чақиради. Мерол – чўлларда юрадиган кўзи катта оҳу. Ëрқинойнинг яхши ойлик олиши¸ ўз уйи ва янги тўқ кўк «Малибу» машинаси ишсиз, кучсиз, пулсиз эркакларни магнитдай ўзига тортади.

Аммо ўз вақтида антиэркак вакцинасини татиб кўрган Ëрқиной уларни бир кўришда рентген қилиб, нима яратиқ эканини аниқлайди. Ҳар ҳолда Ëрқиной кимëгар эканини эсдан чиқармайлик.

Ëрқиной табиатан интроверт. Ўз ичига қамалган одам. Эмпатия йўқ. Симпатия ҳам. Ортиқча ҳаяжон ëки ҳиссий талотўмлардан холи. Кўп вақтини кимë соҳасида ëзаëтган докторлик ишига сарфлайди. Шунча гапларни ëзишдан муддао – бош қаҳрамон ҳақидаги тасаввур бериш.

Хуллас, бугун 7 март. Бутун тармоқ аëллар ҳақидаги чучмал ва дидсиз комплиментларга тўлган. Булардан азбаройи безган Ëрқиной 5 мартдан то 10 мартгача ўзига дам олиш совға қилишга қарор берган эди.

7 март куни Ëрқиной қўлига фит бит соатини тақиб юришга чиқди. Йўналиш одатий. Космонавтлар хиëбони. «Мовий гумбазлар» атрофидаги паркни кесиб ўтиб то олдинги «Зарафшон» ресторани ëнигача борди.

Кейин бурилиб, Сайилгоҳ кўчаси бўйлаб кетди. Адлия вазирлиги ëнида кўча рассомлари расм чизиб ўтирар¸ улар атрофида эса юзлаб суратлар харидор кутарди.

Дарров айтиб қўя қолай, Ëрқиной Сайилгоҳ кўчасидаги расмларни китч ва дидсизлик намунаси деб билиб, ошкора беписандлик билан ўтиб кетарди. Бу сафар айнан рассомлар олдига келганида қўлидаги фит бит соати жиринглади.

Одатда 10 минг қадам юрганида бу соат жаранглаб, ўз эгасига юлдузлар ҳадя этади. Ëрқиной тўхтаб, соатдаги юлдузлар порлашига мароқ билан тикилди. Шу пайт Ëрқиной орқасида кимдир тикилиб турганини ҳис қилди.

Эркакларнинг суқли қарашлари ëқмас эди Ëрқинойга. Аммо одатига хилоф равишда ортига ўгирилди. Ëши 40 билан 60 ўртасида деб тахмин қилишимиз мумкин бўлган серсоқол бир жулдирвоқи эркак қўлидаги расмни ушлаб, “шуни сотиб олинг”, деб мўлтираб турарди.

Ëрқиной аввалига расмнинг ноодатий катта ромига эътибор қаратди. 30 см га 40 см расм учун бу зарҳал ром жуда катта эди. Расм эскидай кўринарди.

Қуюқ мой бўëқлари чапламасига кўзингизни қисиб қарасангиз, қандайдир товуқхона ëнида қувалашиб юрган оқ-қизил товуқлар ва баҳорнинг булутли осмонига ўхшаш шамойил кўзга ташланар эди. Реализм услубидаги ўртача бир этюд.

“Буни сиз чизмагансиз”, деди Ëрқиной жулдирвоқига қараб. Жулдирвоқи унга савол аломати билан қаради. Ëрқиной давом этди: “Этюд чизилган пайт ҳали туғилмагандингиз. Ранглар эскирганига қараганда, бу тахминан 1947 йиллар атрофида чизилган”.

Жулдирвоқи расмнинг тескари тарафини Ëрқинойга кўрсатди. Қорайиб кетган холстда «1946» деган ëзув турарди. “100 доллар”, деди жулдирвоқи. Ëрқинойнинг расм сотиб олиш режаси йўқ эди. Шу боис, у йўлида давом этди.

Жулдирвоқи бўлса саксон¸ етмиш¸ эллик дея Ëрқиной узоқлашган сайин нархни пасайтирарди. Ëрқиной йўлида давом этди. Уни ортидан қувган жулдирвоқи келиб, расмни узатиб, “юз минг сўм бер”, деди.

Ëрқиной ўзи истамаган ҳолда қопчиғини очиб, юз минг узатди. Жулдирвоқи эса расмни пакетга солиб, Ëрқинойга берди. Қора ва арзон елим халта.

Ëрқиной уйга келиб, елим халтани кираверишдаги тумба устига қўйиб душга кирди. Чиқиб ўзига ромашка чой дамлаб, иш столига борди.

Ишлаб ўтирар экан, ғалати бир ҳид димоғига урди. Анордан бўлган уксус ҳидига ўхшаган ўткир ҳид. Ëрқиной ҳидлар бўйича мутахассис эканини ҳам эслаш ўринли шу ерда.

Ëрқиной худди наркотик ҳидини излаган кучукдай ис манбаини тезда топди. Бу ғалати ҳид расм солинган қора сумкадан келаëтган эди. Ëрқиной расмни сумкадан олиб иш столига келтириб қўйди.

Ҳид расмнинг ўзидан эмас, рамкасидан чиқарди. Ëрқиной қўлига лупа олиб, расм рамкасига синчиклаб қаради. Рамка икки қават эди. Бўртиб чиққан устки қисми ва ўйма гулли ички тарафи.

Ëрқиной қизиқиб кетди. Холст тортилган подрамникни рамкадан чиқариб олди. Рамкага тикилиб қараб бир синоатни англади. Рамка аслида рамка эмас, нимадир яширилган ўзига хос сандиқ эди.

Ëрқиной бу сандиқнинг эшигини қидириб топди. Кичик илгич билан маҳкамланган эшикча. Ëрқиной эшикчани очди. Нимадандир тараддудланиб ваннага бориб резина қўлқоп кийиб келди. Кўзига махус кўзойнак тақди. Пинцетни олиб, рамканинг ичига тиқди.

Рамка ичида чор даврида зарб қилинган 10 сўмлик бир нечта олтин танга бор эди. Ëрқиной танга устидаги Николай Иккинчи релефи ва бу тарафидаги қўшқанот бургут шаклиини лупа билан кўздан кечирди. Телефонига суратга олиб катталаштириб кўрди.

Рамканинг ичидан вазелин қутисини эслатадиган думалоқ темир идиш ва оғзи сирачланган ям-яшил шиша бор эди. Бирдан Ëрқинойнинг кўзи яна бир нарсага тушди… Бу чарм халта эди.

Ëрқиной халтанинг ичини очди. Ичида ўқловнинг ярмисидай қора цилиндр бор эди. Халтанинг ичидан тушуниксиз имлода ëзилган хат ҳам чиқди. Ëрқиной бу нарсаларни расмга олиб, тарих билимдони бўлган Цюрихдаги дўсти Хайнрихга юборди. Сал ўтмай жавоб келди.

Хат яҳудийларниинг эски иврит тилида ëзилган эди. Ўқловга ўхшаган нарса эса фонографнинг овоз сақловчи цилиндри эди. Фонографни ДВД деб ўйласак, ўқлов унинг диски эди. Буюк эҳтимолда бу ўқлов ўтмишдан келган овозли мактуб эди.

Цюрихдаги таниши қоғозга ëзилган мактубни қайтадан тиниқ қилиб суратга олиб юбор, деб ëзди. Ëрқиной уч объективли айфони билан иврит тилидаги мактубни қайта суратга олиб, Цюрихга юборди.

Овозли мактубни эшитиш учун фонограф машинаси керак эди. Вазелинга ўхшаш темир қутини очиб бўлмади. Усти сирачланган яшил шишани мактубларни ўқигандан кейин очиб кўришга қарор қилди.

Ëрқиной соатга қаради. 2021 йил 7 март. Соат кундузги 11. Ëрқиной зал четида турган югуриш ускунаси устига бориб турди. Аудио қулоқчинни кийиб, қўлидаги телефонни ускунанинг устки токчасига қўйди.

Бўйнига сочиқни ташлаб, 1875 йили Париждаги “Опера-комик”да ўйналган 4 актли «Кармен» операсини эшита бошлади. Проспер Мериме новеллаларидан иборат опера 18-асрдаги Испания ҳаяжонларини жонлантирар эди.

Ëрқиной югуриш йўлакчаси тугмасини босиб, бир маромда югура бошлади. Қулоғида эса опера саси. Мана, Севилье шаҳри бош майдони. Сигара фабрикасининг олди. Дайдилар у ëқдан бу ëққа ўтади.

Мўйлови буралган шоввоз аскарлар шоп-шалопларини шалдиратиб юришади. Бирдан булутли осмонда қуëш чиққандай Кармен пайдо бўлади. Тун каби қоп қора сочлар. Қизил албиса. Чақнаган чарос кўзлар.

Қадим испан оҳангларидаги темпераментли мусиқа янграйди. Бутун майдон гўзал Кармен ҳукмронлигидаги салтанатга айланиб улгурган эди. Бирдан майдонга шоввоз сипоҳий аскар Хосе чиқиб келади. Хосе арияси бу севгига алëр эди.

Саҳна алмашади. Кармен фабрикада исëн чиқарганликда айбланади. Шоввоз аскар Хосе унга конвойлик қилиб турмага олиб бориши керак. Хосе учун аскарлик қасамидан кўра муҳаббат устун келади.

Хосе Карменни қочиради. Юксак сасларда довуллар чалинади. Виалончел саси юракни тимдалайди…

Ëрқиной тугмани босиб югуриш йўлакчасини ҳаракатдан тўхтатди. Қулоқчинни ечиб, сочиқ билан пешанасидаги терни артди. Душга кириб чиқиб, яна хазина турган столга ўтирди.

Соат кундузги 12 бўлган эди. Цюрихдан хат келибди. Цюрихдаги тарихчи Хайнрих иврит тилдаги хатни таржима қилиб юборганди. Ëрқиной қўлига айпадини олиб, оромкурсига чўкди.

Хат Украинадан Тошкентга эвакуация қилинган Елеазар Давидсон деган рассом тарафидан 1946 йили София деган номаълум қизга атаб ëзилган эди.

«София, азизим, сен бу хатни топганинг ва фонографда менинг сасимни эшитганингдан мамнунман. Уйингда Эдиссон фонографи борлигини билганим учун ҳам сенга бу хатда айта олмаган сиримни фонограф цилиндрига ëзиб қўйдим. Ҳар эҳтимолга қарши.

Яна сенга ҳар бири 10 граммлик саккизта олтин червонецни ҳам қолдирдим. Олтин дўконга топшириб, оқ нон учун талон оларсан. Қора нон ошқозон ярасига сабаб бўлади. Иложи бўлса, бу олтинларнинг ҳаммасини харжламай, қора кунга асра.

Мен эртага Каттақўрғонга кетаман. Тошкент хавфли бўлиб қолди. Бу этюдни Мингўрикда чиздим. Барибир кўргазмага олишмайди. Кеча расман мени формализмда айблашди. Бундан кейинги қадам менинг қамоққа олинишим бўлиши мумкин.

Сен, албатта, фонограф цилиндрига ëзилган овозимни эшит. У ерда муҳим гап бор. София, хатни қандай тугатсам экан? Сен билан видолашиш учун қаердан куч топсам экан?

Менинг сенга бўлган севгимни ифода қиладиган сўзларни инсоният ҳали ўйлаб топмаган. Сенинг Елеазаринг. Тошкент, 1946 йил, Мингўрик».

Хатни ўқиб бўлиб, Ëрқиной соатга қаради. Соат 12дан 20 минут ўтди. 2021 йил 7 март, Тошкент. Ëрқиной фонограф дискини қўлига олиб тикилди. Тошкентда буни ўқийдиган фонограф ускунаси борми ўзи?

Ëрқинойнинг Цюрихдаги дўсти Эдиссоннинг ишлайдиган фонографи тошкентлик физик олим Фозил Оқчурин уйида борлигини аниқлаб телефон юборди. Ëрқиной соатга қаради. 12 ярим.

Оқчуринга телефон қилди. Олимнинг қизи телефонни олди. Ëрқиной унга Цюрихдаги тарихчи саломини отасига етказишни сўради. Бир оздан кейин Оқчуриннинг ўзи Ëрқинойга телефон қилди.

Ëрқиной машинасига миниб Тошкентнинг «Медгородок» тарафидаги коттежлардан бирига борди. Коттеж эшиги олдида Фозил аканинг ўзи кутиб олди. Ëрқиной цилиндрни узатди.

Оқчурин кўзойнагини кийиб цилиндрни диққат билан кузатди. “Жуда яхши сақланган, аъло”, деди Оқчурин. Фонограф деган нарса узун карнай ва ўқлов айлантирадиган механизмдан иборат нарса эди.

Фозил ака цилиндрни ускунага ўрнатди. Карнайнинг мамбранали игнасини айланиб турган ўқлов устига қўйди. Шиғғғ этган сас чиқди карнайдан. Кейин рус тилида гапирган бир эркакнинг ўктам овози эшитилди.

Ëрқиной бу овозни ўз телефонига ëзиб олди. Оқчуринга раҳмат айтиб уйига қайтди. Соат ўнта кам икки бўлган эди. Ëрқиной ором курсига ўрнашиб ўтириб, телефонига ëзиб олган овозли мактубни қайта қайта эшитди:

“Азизам София. Ҳаëт мураккаб ва баъзан ўта оғир. Агар мен сенинг ëнингда бўлганимда, бу машаққатни зиммамга олган бўлардим. Афсус, ўзимнинг аҳволим муаллақ.

Барча замонларда пул ва бойлик одамларга ҳасса каби ëрдам беради. Ишон, бу йиллар сабоғи. Сенга совға қилганим этюдни подрамникдан ечиб ол. У ерда устма уст икки қат холст тортилган”.

Ëрқиной картина чизилган холстни подрамникдан ечди. Овозли мактубда айтилганидек, картина тагида яна бир қат мато, яъни холст бор эди. Аммо холст шунчаки кулранг бўëқ билан бўялганди.

Ëрқиной овозли мактубнинг давомини эшитди: “Азизим, рамка ичидаги думалоқ темир қутини кўрдингми? Ўшанинг ичида махсус пудра бор, шуни мактубнинг орқасига сепиб, ўн дақиқа кут”.

Ëрқиной занглаб қапишиб кетган темир қутини бир амаллаб очди. Қути ичида сариқ пудра бор эди. Ëрқиной қўлига резинка қўлқоп кийди. Иврит тилида ëзилган хатнинг орқа томонига сариқ пудрани бир текис сепиб чиқди.

10 дақиқа ўтар-ўтмас сариқ пудра нимадир билан реакцияга киришиб, қизариб, русча ëзувга айланди. “Усти сирачланган яшил шиша идишдаги суюқликни подрамникка тортилган мато устига тўк”, деб ëзилган эди.

Ëрқиной айнан шундай қилди. Хонани анор шарбатидан бўлган ускусга ўхшаш ўткир ҳид тутиб кетди. Мато устидаги кулранг бўëқ оқиб тушиб, тагидан жуда ëрқин ва ўта майда деталларигача аниқ чизилган тасвир чиқиб келди.

Тасвирда яҳудийлар ҳаëтига оид тавротий бир саҳна тасвирланган эди. Саҳро¸ ҳабашу туялар ва улар бўйнидаги олтин қўнғироқлар ўта аниқ ва тароват билан тасвирланган эди. Расм бурчагида имзо ва сана ëзилган эди.

Расмдан тарқалган нур Ëрқинойнинг уйини ëриштириб юборгандай бўлди. Ëрқиной ўн минутча ҳайрат ва завқ билан асарга тикилиб турди. Романтик академизм услубидаги бу асар 1909 йил чизилган эди.

Ëрқиной бу асарни суратга олиб, Цюрихдаги тарихчига юборди. Ўн дақиқадан кейин Цюрихдаги дўстдан “наҳотки”, деган бир калима келди.

Кейин эса у телефон қилиб, бу асарнинг таниқли британ рассоми сэр Лоуренс Альма-Тадемага тегишли эканини билдирди. Ëрқинойнинг қўлидаги бу асар Альма-Тедеманинг хотини билан ажрашган пайтдаги изтиробли кунлар маҳсули эканини айтди.

Цюрихдаги тарихчига кўра, бу расм камида 35 миллион доллар туради. Чунки бундан заифроқ асар кимошди савдода 35 миллион долларга ўтган йили сотилган. Ëрқиной қўлидаги асар 1913 йилги каталогларга кирган ва йўқолиб кетган асар сифатида кўрилган.

Ëрқиной соатига қаради. Соат 18 бўлган эди. 2021 йилнинг 7 марти. “Қизиқ кун бўлди”, деди хўрсиниб Ëрқиной. 7 март куни у 27 ëшга кирди. Ëрқиной таассуротлардан анча чарчаган эди. 8 март куни табрикларни эшитмаслик учун у телефонини ўчириб қўйди.

(Лондондаги махсус экспертиза Ëрқиной эгалик қилган асарнинг асл нусха эканини аниқлади. Британия музейи бу асарни савдолашмай 36 миллион долларга сотиб олиш истагини билдирди. Ëрқиной бу пулга Қозоғистоннинг Остона шаҳрида кимë лабораторияси очади ва «Форбс» рўйхатига кирган олотлик илк миллионерга айланади).

Ëрқинойга бу хазинани ато қилган рассом Елеазар Давидсон 1946 йили “яҳудийлар иши” бўйича қўлга олиниб, узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Давидсон 1951 йили Янгийўл турмасида касалланиб оламдан ўтган. Қабри номаълум. Қариндошлари қолмаган.

София Розенблат 1946 йили Тошкентда силдан ўлган. Қабри номаълум. Қариндошлари қолмаган. Ëрқинойга картинани 100 минг сўмга сотган жулдирвоқи кимлигини аниқлаб бўлмади. Сайилгоҳ кўчасидаги рассомлар уни танимаслигини айтишди.

Ҳикоя реал воқеага асосланди ва бу рассом Тузнинг барча хотин- қизларга байрам совғаси

Тағин ўқинг
25 октябр 2016
Ислом Каримов ҳукмронлигининг гуллаб-яшнаган даврида халқ шоири даражасига эришган «омадли» шоирлардан бири Иқбол Мирзо шамол қаёққа эсаётганини кўпчилик ижодкорлардан ...
15 ноябр 2024
РТ: Мана хафта зувв этиб айланиб яна сиз билан юзма юзман. МС: Овонг оғо, бугун бешланжий гун. Гурунгни сиздан ...
9 апрел 2024
Элтузнинг ишончли манбаси хабар беришича, Андижон шаҳар электросеть юристи мансабини суиистеъмол қилиб, 10 млн. сўм пора олаётганида ушланди. Манбанинг ...
2 август 2021
Сепаратизм дея талқин қилинган виртуал чиқишлари ва ўзбек лотин ëзуви жорий қилиниши бўйича мавжуд қонунларга қаршилиги ортидан назоратга олинган ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...