Мултимедиа
31 март 2021

Қўйли-2. Панжшер дарасидаги тузоқ

Қўйлидан келган овозли лавҳадаги узундан узоқ тафсилотларга тўла ҳикоядан тушунганларим қуйидагича. Қўйли ҳарбий хизматни Афғонистоннинг Панжшер дарасида жойлашган 108-мотоўқчи дивизияда ўтаган. На русча¸ на тожикча ва на тузукроқ ўзбекча билмайдиган Қўйли бошида кўп қийинчилик кўрган:

“Ëмон қийналдим лекин. Бир куни Гулим деган шопир бола билан танишдим. У Руха деган қишлоқ яқинидаги комдив блиндажига озиқ-овқат таширди. Гулимнинг тўла исми Гулимбет эди. Гурланлик бола. Менинг аҳволимни кўриб, ичи увишди. Гулим русча яхши гаплашар ва тожикча ҳам биларди. Армияга Шарқшунослик институти иккинчи курсидан чақирилган эди. Комдив адьютантига айттириб, мени Руха қишлоғига олдирди. Аҳволим яхшиланди.

Бир марта вертолётда даранинг усти билан учиб, Панжшер дарëсини юқоридан кўрдим. Нишон кўрсатувчилик (наводчиклик) қила бошладим. Оти нишон кўрсатувчи бўлгани билан ишим ҳаммоллик эди. Оғир артиллерия снарядларини таширдим. Бир куни соқолли икки афғон тожиги келиб, комдивга айтадиган гапимиз бор, деди. Гулим гаплашди улар билан. Мен бу икки тожикка конвой бўлиб, автомат билан ҳамроҳлик қилдим.

Комдив блиндажи бир қараганда тоғнинг бир қисмига ўхшайди. Ҳамма ëғи тош. Икки тожикни ичкарига олиб кирдик. Мен орқасида турибман. Улар тожикча гапирди, Гулим рус тилига таржима қилди. Мен ҳеч нарса тушунмадим.

Гулимнинг айтишича, улар Аҳмадшоҳ Масъуд қурол-яроқ омбори ҳақида маълумот сотмоқчи экан. Бензин билан ишлайдиган иккита электр движок ва 10 калашников автомати эвазига улар картадан Аҳмадшоҳнинг омбори кўрсатиб беришди. Комдив маълумотни олиб бўлиб, бу икки тожикни қамаб қўйди. Гулимнинг айтишича, разведка қўшимча тасдиқласа, сўраган нарсасини бериб, уларни қўйворишар экан.

Тўғрисини айтсам, шу икки тожик менга ëқмади. Шубҳали эди улар. Лекин разведка бу икки тожик кўрсатган ерда омбор борлигини тасдиқлади. Тожикларга жавоб берилди. Комдив бу омборни эгаллаш учун 120 кишилик батальонни иккига бўлиб жўнатди. Бир қисм аскар пастдан юрар, бир қисми эса юқоридан уларни кузатар эди.

Мен пастдаги қисм ичида эдим. Дара бўйлаб юрардик. Ҳар икки соатда устимиздан вертолёт учиб, шартли сигнал олиб қайтиб кетар эди. Армиянинг тушёнкасини еб, ичим қотиб қолган эди ўша кунларда. Батальон дам олишга тўхтаган жойда каттароқ бир ариққа бетон лоток кўприк қилиб қўйилганини кўрдим.

Ариқда сув йўқ эди. Мен шу бетон лотокнинг ичига кириб, лаш-лушларга тўла аскарлик иштонимни ечиб ҳожат қилишга ўтирдим.

Лоток тешигидан дам олаëтган аскарлар кўриниб турарди. Комбат Аксенов дарахтга суяниб сигарет чекарди. Аксенов яхши одам эди. Менга кўп яхшилиги теккан. Аксеновга қараб туриб отам Шихназар акани эсладим. Негадир Йўлли военком ва хиëнатда ушлаб олганим хотиним Уллибийини эслаб хўрлигим келди.

Кошки рус тилини билсам¸ Аксенов аканинг олдига бориб дард тўксам, деб орзу қилардим. Негадир шу одам мени тушунса керак, деб ўйладим. Шу пайт Аксенов силкиниб кетди. Унинг қоқ пешанасига ўқ теккан эди. Мен буни аниқ кўрдим. Пешанасидан тизиллаб қон оқди. Кейин тўс-тўполон қий-чув бошланди…”

Асирлик

Қўйлининг узундан узоқ ҳикоясини бўлиб, аниқроқ маълумотни ўзим ëзиб қўйсам. Демак, комдивга қурол омбори ҳақидаги билгини “сотган” икки афғон тожиги аслида душман агентлари экан. Афғонлар аввалига юқорида кетаëтган 60 аскарни қириб ташлашган. Кейин мерган комбат Аксеновни отиб ўлдирган. Охирида тепадан ўқ узиб, пастдаги 60 аскарни ҳам ўлдиришган. Бетон лоток ичига ҳожат чиқариш учун кирган Қўйли батальоннинг омон қолган ягона аскари эди. Яна Қўйли ҳикоясини эшитамиз:

“Мен ўтирган жойимда қотиб қолдим. Бомба портлаб, лотокнинг бир тарафини тош-тупроқ босиб қолди. Қалтираб, қўрқиб, оëқ устида ҳожат қилганча ўтирибман. Қўрққан пайтда одамнинг қотиб қолган ичи бўшаб, ҳожати роҳат келар экан. Шунга ҳам шукур.

Кейин ўқ овозлари тинчиди. Мен эса ўтиравердим. Бирпасдан кейин бақир-чақир овозлар эшитилди. Бир- бирига гап бермай баланд овозда гапираëтганлар Аҳмадшоҳ Масъуднинг тожик жангарилари эди. Битта жангари лотокнинг оғзига келиб орқаси билан туриб олди. Мен қўрққанимдан нафасимни ичимга ютганман. Агар бу жангари лотокнинг ичига битта граната ирғитса, куним битарди-қоларди.

Афғонистондаги тожик жангарилари нинзя каби девор ортида одам борлигини сезади, деган гап юрарди. Шу гап тўғри чиқди. Менга орқасини ўгириб турган қора соқолли жангари илкис бурилиб менга, автомат қаратиб, “дастҳо боло шўравий”, деди. Мен бақрайиб туравердим.

У осмонга қараб ўқ узиб, шерикларини чақирди. Ўнлаб тожикнинг бир-бирини бўлиб бақир-чақир қилганидан қулоқларим битиб, бошим қаттиқ оғриди. Мени лотокнинг ичидан судраб чиқишди. Устимдан кулишди. Мен дарахт тагида ўлиб ëтган одамлар ичида гурланлик Гулимни ҳам кўриб эзилиб кетдим.

Жангарилар бўлса, бир русча биладиган одам топиб келиб, мени сўроқ қилишди. Аммо русча деярли билмаганим учун жавоб бера олмадим. Жангарилардан бири ғалати ўзбек тилида гапирганда жуда оз тушунган бўлдим”.

Шу ўринда Қўйлининг гапини бўлиб қисқача маълумот берсам. Қўйли асир олиниб, Бозорак қишлоғига олиб келинади. Олдинига 10 кун карцерда сақланади. Кейин эса тош ташиб, мудофаа истеҳкоми қуришда қул қилиб ишлатилади. Яна Қўйлидан эшитамиз:

“Соч-соқолим ўсиб кетган. Афғонлар киядиган телпак кийволганман. Эрталабдан кечгача тош ташийман. Ҳеч ким мени отимни айтиб чақирмайди. Ҳамма мени асири шўравий ëки маҳбуси шўравий, деб чақиради. Тожиклар намоз ўқиганда мен ҳам уларга тақлидан ëтиб турадиган бўлдим. Мусулмон мусулмонни ўлдирмайди, деган заиф умид бор эди менда. Қишлоқда ўрис асирлар ҳам намоз ўқирди”

Файсбукда ҳужжатли проза ëзаëтиб, кутилмаган фактлар ўз-ўзидан пайдо бўлишига ўрганиб қолганман.

Ҳикояни ëзиш чоғида Қўйлини таниган икки шорловуқлик мен билан алоқага чиқди.

Улардан бири ўзини Қўйлининг қариндоши Тангриберган деб таништирди:

“Дайраварсин (раҳматли) Шихназар отанинг кичкина синглисининг ўғлиман. Тангриберганман. Қўйли доим «Элтуз»да чиқибди, деганга мен сизга ëздим”.

Тангриберганнинг айтишича, Қўйлининг тирик қолиб асирга олинганини ҳеч ким билмаган:

“1983 йили Қўйли ўлди, деган хат келди. Йўлли военкомнинг ўзи олиб келди қорахатни. Дайраварсин Шихназар отам Йўлли военкомни ҳассаси билан уриб ҳайдаб чиқарди. Кейин Қўйли дойимнинг ўлиги солинган «груз 200» темир тобут келди. Икки аскар олиб келди тобутни.

Очмайсизлар ичини. Тобут билан кўмасизлар, деб маҳкам туришди. Шихназар отам бу икки аскарни ичириб пиëн қилди. Аскарлар ухлаб ëтганда конгилтир (цинковий) тобутни очишди. Очсак, ичида ўлик йўқ. Тўрт дона видеомагнитофон. Ўн беш дона довча ранг зар ўтган япон рўмоли ва қора салафан халталарда унга ўхшаш бир нарса чиқди.

Героин экан кейин билсак. Шихназар отам горком бовони чақирди. Уйни КГБ босди. Тобутни қайтариб олиб кетишди. Тобутлар алмашиб кетганмиш. Қайсидир генерал афғондан контрабандани «груз 200» ичида чиқаришни йўлга қўйган экан. Шу фош бўлди”.

Тангриберганнинг айтишича, Қўйлининг отаси Урганчга бориб, “боламнинг ë ўлик-тириги, ё дарагини билиб беринглар”, деб арз қилган. Сал ўтиб Мудофаа вазирлигидан яна бир хат келган. Қуролли фельдъегерь келтирган бу хатда Қўйлининг Панжшер дарасида қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ëзилган эди. 1983 йил охирига бориб Шихназар отанинг уйига яна бир темир тобут келади. Тобут устига ëпиштирилган қоғозда «108-мотоўқчи дивизия оддий аскари Сайилхонов Қўйлининг жасад қолдиқлари», деб ëзилган эди.

Шихназар ака эски трюкни қўллаб, тобутга ҳамроҳлик қилиб келган икки аскарни ичириб маст қилади. Тобутни очиб кўришса, тош-тупроқ аралаш одам суяги ва жасад қолдиқлари бор эди. Шихназар ота аза очиб, ўғлининг жанозасини ўтказади. Яна Қўйлининг қариндоши Тангриберган гапиради:

“Қўйли дойимни урушга юборган Йўлли военкомни ўзи югуриб йўртиб мармардан қабр тоши буюртирди. Дойимнинг расмини қабр тошига ўйдирди. Байналмилал жангчи оиласи деб Шихназар отани поëк рўйхатига қўшди. Мактабдаги пионер отрядига Қўйли дойимнинг отини қўйишди».

Рассом Туз

(давоми бор)

Тағин ўқинг
20 август 2018
Тошкентга келган Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни 17 август куни аэропортда президент Мирзиёев қучоқ очиб қаршилади. Имомали Раҳмон худди Брежнев ...
17 ноябр 2016
«Ҳуррият» газетасида (16.11) «Талаба-журналистга мактублар» рукнида чоп этилган мақолада муаллиф бўлажак ҳамкасбларига «Журналистнинг таянч нуқтаси»ни топиб беришга уринади. У ...
12 сентябр 2016
Бош Вазир Шавкат Мирзиёев ўзининг муштумзўрлиги билан, шунингдек, Тошкентдаги аҳоли уй-жойларини, гаражларини бузиш, пойтахт аҳолисини оммавий тарзда шаҳар чеккасидаги ...
15 март 2021
Рассом Кирпи
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...