Асосий мавзулар
1 апрел 2021

Императив-17. Одам жамлаб олса ўзини

(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми)

Москвадаги икки йиллик ҳаёт миллий қарашларимни сезиларли даражада радикаллаштирди, десам муболаға бўлмайди. Албатта, бу совет режимига қарши қуролли кураш орзуси эмасди. Бунинг имконсиз экани аниқ эди.

Айни пайтда шууримда жўн романтика ҳам эмас, реал ҳаётда содир бўлиши мумкин бўлган саҳналар гавдалана бошлаган эди:

ОДАМ ЖАМЛАБ ОЛСА ЎЗИНИ

Вужуд, томирларинг ёпиб ол,

Киритма у ерга сотқин титроқни…

Кўкракка лағча чўғ темирни

Босганда душман,

Оғиз, гуллаб қўйма кўкрак сирини!

Қичқириб юборма, бўғиз,

Инграб, ҳирқирама азобдан

Одам жамлаб олса ўзини,

Ўзини катта бир майдонга йиғса,

У улкан лашкардир.

(1980)

«Валфажр», 1983 йил

Бу шеърдаги буйруқ руҳнинг баданга буйруғи эди. Ёзаётган, ҳатто босилаётган шеърларимнинг матности ифшо этилганида эди, менга «антисоветчи» тамғасини уриб, дарҳол «чора кўришлари» эҳтимоли йўқ эмасди. Буни ташкиллаштириш жуда қулай эди КГБ учун. «Йўқ нарса»дан жиноят уйдираётган КГБ менинг матнларимда НАРСАнинг ўзини топиши учун диққатини матнга қаратиши кифоя эди.

Шеърда кўрсатилган «лағча чўғ» шундоқ ёнгинамизда қримлик қардошларимизнинг кўксига босилаётган эди. Нима учун? Фақат ватанларига қайтишни истаганлари учун.

Мен ҳам ватанига қайтишни истаётган биттаси эдим, ишғолчилардан озод қилинган ватанимга. Аммо ҳозирча худди «ватани бор одамдай» яшаяпман. Қуйидаги шеър миллиятчининг шу чорасизлиги ҳақда:

АЙТГАНДАЙ

Дарвоқе, сиз бунча тўғрисиз,

Маккадан яқинда қайтгандай?!

Айтгандай, сиз кимнинг ўғлисиз,

Кимнинг набираси, айтгандай?

Айтгандай, ҳеч уялмадингиз,

Андиша йўқ, айтгандай, сизда

Халқ олдида, куппа-кундузи

Миллат ҳақда гап сотдингиз-а?

Айтгандай, сиз сал такаббурсиз,

Ўзингизни камтарроқ тутинг.

Керагидан ортиқ мағрурсиз,

Ватани бор одамдай худди!..

(1985)

«Олис табассум сояси», 1986 йил

(Давоми бор. Императив, 2020 йил, Истанбул)

Тағин ўқинг
28 ноябр 2022
2014 йилнинг декабрида Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи Мирфайз Усмоновни 9 йилу ...
16 июн 2017
Ислом Каримов ҳукмронлиги даври амалдорларнинг сўконғич, уронғич бир тоифасини пайдо қилди. Бу тоифа ўз қўл остидагиларни, аҳоли вакилларини дўппослаш, ...
6 март 2018
Сорри, албатта, бироқ мен прогрессив Президентимизнинг кечаги фармонини тушунмадим. Нимага тўй индустриясини бузиш керак? Ҳозир тўй анъаналаридан, айниқса бадавлат ...
12 декабр 2017
«Ижтимоий фикр» барака топсин, яна раҳбарга ёқадиган, ақлини таниганларнинг истеҳзосига сабаб бўладиган навбатдаги сўрови натижасини эълон қилди. Унга ишонадиган ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...