Мултимедиа
1 апрел 2021

Қўйли-3. Ўлим бизни қўрқитолмас, аллақачон ўлганмиз…

(Рассом Туз аудиоҳикояси матнининг давоми)

Ўқувчида Қўйлига хиëнат қилган Уллибийининг кейинги ҳаëти нима бўлди, деган савол туғилиши табиий. Бу саволни Қўйли оғанинг қариндоши Тангриберганга бердим:

«Уллибийи Қўйли дойим ўлган хабаридан кейин оқ кийиб, аза тутиб юрди. Кейин Афғонистонда урушда ўлган байналмилал аскар беваси сифатида Дружба шаҳридан квартира олиб, бир ўзи кўчиб яшаб бошлади. Йўлли военком шу квартирага келиб турар экан. Военкомнинг хотини келиб, икки марта Уллибийининг сочини юлиб, тагига босиб уриб ташлаганини қўшнилар кўрибди. Бир марта Уллибийининг уйи олдида горкомбуванинг «Газ 24″ машинасини ҳам кўришган».

Бу гапларни ҳозир АҚШда яшаëтган Қўйли оғага ëзиб юборсам, «хабарим бор», деди:

«Мен Панжшерда Аҳмадшоҳ Масъуд жангарилари қўлида асирда ётганимда ëтқонимда ўлдига чиқариб кўмишибди. Шорловуқда мозорим бор. Отам васият қилган экан, ўлсам ўғлимнинг ëнига кўминглар, деб. 1986 йили отам ўлганда менинг мозорим ëнига кўмишган. 88 да онам ўлганда, уни ҳам ëнимга қўйишибди. Расмлари бор қабрларимнинг. Афғонистонга Хиванинг Космободидан келиб толибларга қўшилган Саъдуллабой айтган қўшиқдай бўлди. «Ўлим бизни қўрқитолмас, аллақачон ўлганмиз».

Қўйли яна асирликда ўтган кунларини гапиради:

«Аҳмадшоҳ Масъуднинг олдига чет эл мухбирлари кўп келар эди. Бир куни «Нью-Йорк таймс» мухбири совет асирлари билан қизиқибди. Бизлардан 10 кишини танлаб олиб, ювинтириб-тарантириб яхшироқ бир жойга олиб бориб қўйишди. Мухбир келиб расмга олди. «Қаердансан?» деб сўради. «Ўзбекистоннинг Дружба шаҳриданман», дедим.

Шорловуқни қаердан билсин у. Катта фотоаппаратини устидаги чироғини ярқ эткизиб мени суратга олди. Кўзим қамашганидан ëшланди. Кейин билсам, шунча ҳарбий асирлар ичидан менинг гўëки йиғлаб турган расмим газетага чиқибди. Одамлар мени кўриб раҳми келибди».

Қўйли оға, ҳамма ҳозир бир нарсага қизиқяпти, ҳалидан бери сўрайман, дейман. Қандай қилиб Америкага келиб қолдингиз?

«Ҳозир шунга келяпман. «Нью-Йорк таймс» газетасида расмим чиққанидан икки-уч кун ўтиб, мени тош ташиш ишидан озод қилишди. Бир қўмондоннинг уй ишларига қарашиб юрадиган бўлдим. Бир куни қўмондон соҳиб менинг олдимга келиб, бир сидра янги кийим бериб, ҳаммомга юборди. Эртасига қўмондон соҳибнинг уйи олдига Покистон номерли учта «Тойота» жип келди. Жипдан қутиларни туширишди. Менга сен қимирламай ўтир, деган амр бўлди.

Кейин қўмондон соҳиб мени еталаб ҳовлига олиб чиқди. Ҳовлида ўрта бўйли, қиммат костюм-шим кийган одам табассум қилиб, менга қараб турарди. У менга қараб, «Қўйлибой, қачон энди қўй сўясиз. Озод бўлдингиз!» деди ўзбекчалаб.

Мен яна карахт бўлиб қолдим. Қўмондон соҳибга қарадим. У ҳам табассум қилди. Қиммат костюмли ўзбек мени қучоқлаб бағрига босди. Мен хурсанд бўлишдан кўра қаттиқ қўрқаëтган эди. Чунки асир бўлсам ҳам барқарор ҳаëтим бор эди. Асир одам ўзгаришдан қўрқади. Келажак мен учун қоронғу эди».

Шу ўринда тушунтириб ўтсам. Қўйлини қутқарган одам МРБ офицери Рўзи Назар оға эди. У Қўйлининг расмини газетада кўриб қолиб, «Нью-Йорк таймс» журналистидан манзилни сўраб топиб, Покистон истиҳборати кўмагида Қўйлини қурол-яроққа алмаштириб олган эди. Яна Қўйлидан эшитамиз:

«Учта «Тойота ландкрузер» жипда Саланг довони орқали Кобул тарафга қараб кетяпмиз. Бешта шер деб аталган Панжшер дараси ортда қолди. Юрагим орзиқди. Даранинг салқин ҳавосига ўрганиб қолгандим. Бир-икки марта ўқ овозлари эшитилди. Йўлда бизни автомат кўтарган соқолли жангарилар тўхтатди».

Ҳурматли ўқувчим, сизларга Қўйлининг кечинмаларга бой гапларини тўлиқ гапирмай, қисқа билги берсам.

Воқеа 1984 йилда бўляпти. Қаҳрамонимиз Қўйли шарафли ватандошимиз, МРБ офицери Рўзи Назар кўмагида Панжшернинг Бозорак қишлоғидаги асирликдан қутқарилиб, Саланг довонидан ошиб, Жалолободга яқинлашганда уларни номаълум жангарилар гуруҳи ўраб олади. Энди яна Қўйлидан эшитамиз:

“Мен бу соқолли жангариларда ҳеч бир хайр кўрмадим. Ўн йиллар давомидаги урушда Афғонистонда юзлаб майда тўдалар пайдо бўлган ва ҳар бир тўда ўз ахлатхонасида ўзини подшоҳ эълон қилган эди. Арзимаган пул, ҳатто ëқмаган нигоҳ учун одамни ўлдириб ташлаш улар учун писта чаққандаек осон эди.

Биз тушган учта «Тоуота» карвони охирида бораëтган машина ичида ўта камгап покистонлик одам бор эди. Шерозий қоракўл телпак ва кул ранг оғли иштон кийган. Туя жунидан бўлган тўқ жигарранг енгсиз нимчали бу одамнинг чап юзида тиртиғи бор эди. Кўзлари худди шишадай рангсиз ва маъносиз эди. У секин машинадан тушиб, жангарилар ëнига бориб нимадир деди. Кейин жангарилар рация олиб келишди.

Ҳамроҳимиз рация микрофонини оғзига тутиб, нимадир деди. Рациядан пуштун тилида бир нарсалар деган гап эшитилди. Мен бир йил асирликда озроқ тожикча ўрганган бўлсам ҳам пуштун тилини умуман билмасдим. Хуллас, рациядаги гапидан кейин жангарилар “соҳиб, соҳиб” деб гапириб, бизни қўйиб юборишди. Вақт пешин бўлганди. Тушиб тўрт ракат фарз ўқидик. Йўлчи бўлганимиз учун суннатларни ўқимай қўзғалдик”.

Ëши катта ва дарди кўп бўлган одам кўп ва батафсил гапиради. Яъни у 10 минутда юз берган воқеани 10 соат гапириши мумкин. Аммо бизнинг бу тафсилотларни эшитишга фурсатимиз йўқ. Билганимиз шуки, Қўйли тушган «Тойота» карвони Жалолобод шаҳрига пешин номозидан 20 минутча ўтиб кириб борган эди.

Жалолобод 1570 йили Бобуршоҳнинг невараси Жалолиддин Акбар тарафидан Кобул дарëси бўйида бунëд қилинган азим шаҳар. Бу шаҳарда сақланиб қолган қадим Будда сиғиноқлари унинг қадимийлигига ишора қилади. Лекин Жалолобод худди Самарқанд каби темурийлар барпо қилган шаҳардир.

Яна Қўйлидан эшитамиз:

“Мен озод бўлган қул мақомида эдим. Ичимда қўрқув¸ қўрқув ва яна қўрқув бор эди. Кинолардаги каби озодлик қандай ширин сўз, деб айтишга тилим келишмас эди.

Бирдан буларнинг режаси ўзгариб, мени Панжшерга қайтариб юборишса, яна бўйнимни эгиб тош ташиб юраверардим. Жалолободда бизни пуштун қўмондони кутиб олиб, емаккка таклиф берди. Биз кафе деб айтиб ўрганганга ўхшаш ошхона олдидаги шолча тўшалган сўриларга жойлашдик. Рўзи Назар оға эса ичкарига кириб қўмондон билан гаплашаëтган эди.

Ҳамроҳларим мени четроқдаги сўрига ўтказишди. Ўзлари эса бошқа каттароқ сўрига ўтиришди. Буни мен табиий қабул қилдим. Афғон жамияти табақаларга бўлинган. Ҳар ким ўз ҳаддини билади. Атиги бир йил олдин мен, оддий гўлах амалда шаҳар ҳокими бўлган горком буванинг ëнига бемалол боришга журъат топган ҳур инсон эдим. Бу ерда эса энг охирги одам ҳам мени маҳбуси шўравий деб ҳақоратлар эди.

Ҳақ-ҳуқуқсизлигим танамга ва юз қиëфамга сингиб кетган эди. Шу пайт Рўзи ака чиқиб, олдимга келиб, “Э, меҳмон, яккаланиб қолибсиз-ку. Ўтинг бу ëққа”, деб ҳамма ўтирган сўрига таклиф қилганида, ўкириб йиғлагим келиб кетди. Ўзимни тутиб, “Ёшулли, бизга шу ер ҳам бўлаверади”, деб бошимни эгдим. Аммо кўз ëшларим тирқираб оқди. Шунча хўрлик ва зорликда қотиб тош бўлиб кетган юрагим эриб, кўзимдан ëш бўлиб оқиб кетган эди.

Эҳ, мен ҳам одамман-ку ахир. Мени ҳам туғилганда онам эркалаб эмчак берган. Отам севинган”.

Қўйлини ўз дардлари билан холи қўйсак. Шокдан кейинги синдром дейилади Қўйлининг ҳолати. Жалолободда бир муддат истироҳат қилиб, бензин бакларни тўлдирган карвон Пешаворга йўл олди. Покистон чегарасида барибир ярим соат кутишга тўғри келди. Чунки чегарачилар истиҳборатдан амр келишини кутишган.

Ниҳоят шлагбаумнинг ола-була ходаси юқори кўтарилди. «Тойота»лар карвони давлат чегарасини кесиб ўтди. Қўйли умри бино бўлиб учинчи давлат тупроғига оëқ қўйди.

Яна Қўйлидан эшитамиз:

“Чегарадан ўтгач, атрофда ҳинд киноларида кўрганим каби жонланиш ва ранг-баранглик ҳис қилдим. Хароб, лой пахса девордан бўлган дўконлар рангли шокила ва шарлар билан безатилган. Юк машиналари эса қизил, сариқ ва яшил рангларга бўялиб, гулу нақшлар туширилган эди.

Атрофдаги саноқсиз афғон тиланчилари фонида маҳаллий аҳолининг ранг-баранг кийимлари, шарвар иштонлари янада чиройли кўринар эди. Яна бир жиҳати, дўконлардан мусиқа овозлари янграрди. Велосипед¸ мотоцикл ва қиммат жиплар тирбандлиги эса урушсиз ҳаëтдан далолат эди.

Панжшер дарасидаги сокинликдан кейин Пешавор менга тинимсиз карнавал каби туюлди. Ëшлигимда Ҳазорасп бозорига онамга эргашиб борганимда шундай байрамни ҳис қилардим ўзимда. Ичимни қўрқув тарк этмаган бўлса ҳам ранг-барангликдан кўзим қувонар эди”.

Сезаëтган бўлсангиз, Қўйлининг гапларида ахборотдан кўра ҳис-ҳаяжон кўпайиб кетяпти. Мен бу икки соатлик аудио мағзини сизга айтсам. Ўша куни Қўйли ва яна бир ҳамроҳи меҳмонхонага жойлашади. Рўзи Назар оға эса шу шаҳардаги бошқа меҳмонхонада қолади.

Қўйли Пешаворда бир ҳафта қолиб кетади. Улар қандайдир ҳужжатларни кутишаëтганди. Пайшанба куни Қўйлини сартарошхонага олиб бориб ,соч-соқолини мумкин қадар қисқартиришди. Фотосуратчи олдига бориб ҳужжат учун расмга тушди. Жума куни идоралар ëпиқ бўлгани боис, ҳужжатлар якшанба куни қўлга тегди.

Яна Қўйлидан эшитамиз:

“Бир ҳафта ичида Рўзи акани фақат икки марта кўрдим. Худди чўкаëттан одам қутқариш баллонига қандай қараса, мен ҳам Рўзи акага шундай қарардим. Бир оғиз ширин гап билан мени ўзига ишонтира олган юртдошим эди у. Қолган ҳеч кимга ишонмасдим.

Атрофдаги барча менга ëт эди. Қанча ранг-баранг бўлмасин, барибир ëт эди. Рўзи ака кўп гапирмас, фақат юзида менга тушунарли бўлган табассумли ифода бор эди.

“Исломободга борамиз энди, ука”, деди у. Пешавор билан Исломобод ораси 200 километрдан сал оз. Мен ва ҳамроҳлик қилаëтган покистонлик автобусда Исломободга борадиган бўлдик. Рўзи ака самолётда учиб кетди. Рўзи ака кетганида яна олдинги муте ҳолатимга қайтдим. Лекин иштаҳам яхшиланди. Ичига котлет солинган кобулий паловни ўз пулимга сотиб олиб ердим. Ҳамроҳим бир қоғозга бармоқ бостириб озроқ пул берган эди. Нега гўштли паловга булар яна котлет қўшади, билмадим-у, ўша пайтда мен учун бу лаззатли таом эди. Ҳамроҳим билан автобус юрадиган жойга бордик.

Ҳамма бирдан гапирганидан яна бошим оғрий бошлади. Буларнинг бақир-чақири ëқмасди менга. Шокила ва нақшлар билан безатилган, жиблажибон автобус атрофи одам билан тўла эди. Ëнимдаги ҳамроҳим шу ерда юрган полициячи билан гаплашди.

Полицияси кўмагида автобус ичидаги ўриндиққа ўтирдик. Автобуснинг ўриндиқлари орасига ҳам бурқа кийган аëлар болаларини тиззасига олиб ўтириб олишди. Юклар¸ саноқсиз тўрва халталар эса автобус томига ортилди. Автобус томига тармашиб чиқиб қолмоқчи бўлган тиланчи болаларни полициячи қўлидаги ëғоч ўқлов билан уриб туширди.

Ҳинд оҳангларини эслатувчи ўйноқи мусиқа автобус ғала-ғовурига қўшилиб кетган эди. Зуввв этиб кетяпмиз. Навбатдаги бекат Мардан шаҳри, кейин эса Исломобод”.

(Рассом Тузнинг Қўйли аудиоҳикояси матни. Давоми бор)

Тағин ўқинг
1 июл 2019
Шу кунларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг республика даражасидаги раҳбарлардан тортиб маҳаллий амалдорларгача шалтағини чиқариб сўккани можароси ОАВлару ижтимоий ...
17 феврал 2024
Анжанликлар уйни «эшик» дейди.  Ўлиб кетган Ўзбекистон президенти  Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева эгалик қилган Беверли Ҳиллздаги ҳовлини «эшик» эмас «қаср» десак ...
15 ноябр 2023
Элтуз порталига ёғилаётган шикоятлар оқимини ёритишда давом этамиз ва навбатдаги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Тошкент, Сирдарё, Андижон вилоятларидан ...
23 март 2024
Москвадан даҳшатли хабар келди. Қуролланган одамлар «пикник» гуруҳининг концерти олдидан Москванинг «Crocus City» концерт залига бостириб киришди. Улар пулемёт билан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...