Асосий мавзулар
7 апрел 2021

“Ғоя муаллифи Шавкат Мирзиёев” ёки плагиатларга жазо борми?

Самарқандлик ёзувчи ва журналист Каримберди Тўрамурод faceebook саҳифасида унинг асарларини ўғирлаб, ўз номидан эълон қилаётганларга ҳеч қандай чора кўриш имконияти бўлмаётганидан шикоят қилди. 

Унинг сўзларига кўра, “Сеҳрли кеча”, “Сирли кеча”, “Қадр кечаси” ҳикояларини ўз номидан эълон қилган Муҳаммад Амин ва Умида Жўраевадан хафа бўлиб ўтирганида, бир киши бу ҳикоялардан бирини “Азон ТВ” кино ҳам қилганини ёзган. Бунга кейин ўзи ҳам амин бўлган. 

“Азон ТВ” раҳбарига телефон қилса, у ҳикоя муаллифи кимлигидан бехабарлигини, аммо кинони сценарийсини ўзим ёздим деган, ўзи суратга олиб, ўзи бош ролни ўйнаган, аёл ролини ҳам кимидир бўлган Тамара Мирмаҳсудовага ўйнатган Баҳодир Мирмаҳсудов олганини айтган.

“Нима қилай, кимни судга берай? “Азон ТВ”ними, Баҳодир Мирмаҳсудовними?” қабилида пост қолдирди ёзувчи.

Каримберди Тўрамуроднинг “Элтуз”га маълум қилишича, кўчирмакашлик ҳолатига биринчи маротаба дуч келиши эмас. У ортиқча даҳмаза ва югур-югур туфайли плагиатларни судга беришдан чарчаган.

– “Жийда гули” кўп қисмли сериали сценарийсини мен ёзганман, – дейди Каримберди Тўрамурод. – Аммо у учун бир сўм пул олмаганман. Сериални суратга олиш ишлари Ургутда бўлган. Ўзим ёрдам берганман, жойларигача, актёрларнинг овқатланиши-ю, бошқасигача қарашганман. Иш битгандан сўнг менга бир сўм тегмаган. Фильм ижодий гуруҳи раҳбарияти устидан ариза ёзиб Интеллектуал мулк агентлигига борсам, улар уни олиб келинг, буни олиб келинг, деб бир дунё ҳужжат кўрсатди. Кейин шунча югур-югур самара берармикин, деб индамай қўя қолдим.

Ёзувчининг айтишича, режиссёр Ҳилол Насимов ҳам унинг “Йўқолган она” ҳикояси асосида фильм суратга олган. Фақат унда қаҳрамон она эмас, ота бўлади. 

Муаллифнинг таъкидлашича, сюжет, диалоглар бир хил. Иш бўйича судга мурожаат қилганида, “иккаласи икки хил – бирида она, бирида ота ҳақида гап кетяпти” қабилида жавоб беришган.

“Ўзбек қонунчилигида энг енгил жазо ўғрига берилади, – дейди юрист Истам Қаландаров. – Жазони ўташ жараёнида ҳам, аввало, ўғрилар амнистияга тушиши белгиланган. 

Интеллектуал мулкни ўзлаштириш учун қамоқ жазоси белгиланмаган. Бунда айбдор фақат маъмурий жавобгарликка тортилиши кўрсатилган. Муаллифлик ҳуқуқларини ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи айрим ҳужжатларда эса муаллиф манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинмайди. 

Буни зиммасига олган ташкилотлар аризачини сарсон қилишдан нарига ўтмайди. Шунинг учун аксар ҳолларда масала икки томоннинг ўзаро келишуви билан ҳал бўлади”.

Каримберди Тўрамурод ўзининг “Ургутда бир чинор бор” ҳикоясини кўчириб, “Илҳақ” фильми учун сценарий ёзган журналист Ҳасан Тошхўжаев устидан ҳам бирор ташкилотга арз қилмаганини айтди.

Унинг билдиришича, ҳикоясидаги воқеалар фильмдаги билан айнан бир хил. Бу ҳикоя ёзилганига анча йиллар бўлган. Кўчирмакаш Ҳасан Тошхўжаевдан бу ҳақда сўрашса, Каримберди Тўрамурод ким, танимайман, деган. 

“Яқинда унинг ўзига 2013 йил менга ёзганларингизни меҳр билан ўқийман, деб ёзган хатларини юбордим, – деди Каримберди Тўхтамурод. – Демак, у ёзганларимни сидқидилдан ўқиркан-у, ўзимни ёдимдан чиқариб қўйибди-да.

Менинг ҳам бошим битта, бу фильмни судга беролмайман. Чунки фильмда “ғоя муаллифи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев”, деб ёзиб қўйилган. “Элтуз” ҳам “Жижи” ҳажвиямни мультфильм қилган. Мурожаат этганимизда бунинг муаллифи бошқа киши, биз унинг ўзидан рухсат олганмиз, деганди”.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Амир Худойберди ёзган “Девоналармиз” шеърини ҳам ҳаваскор шоир ўғирлаб, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновага пуллагани шов-шув бўлганди.

“Шеър 1990 йилда ёзилган эди, – деди Амир Худойберди. – 2008 йилда “Ойдин лаҳзалар” китобимга киритилган. Уни Тошкентда яшаб ижод қиладиган арман йигити ўзим ёздим, деб Юлдуз Усмоновага пуллаган. 

Қизим ва шогирдларим бу шеърнинг муаллифи мен эканимни кенг жамоатчиликка исботлаб берди. У шоир бола билан ҳам гаплашиб қўйишган. Очиғи, у болани судга бериш ёки устидан шикоят қилишни ўзимга эп билмаганман. 

Эшитишимча, арман миллатига мансуб бу йигит ислом динини қабул қилиб, Абдураҳмон тахаллуси билан ижод қилаётган экан. Юлдуз Усмонова ҳам кўп давраларда бу шеър менинг қаламимга мансублиги айтган. Менга маълум миқдорда қалам ҳақи ҳам тўлаган.

“Элтуз” мухбири Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги матбуот хизмати раҳбари Феруз Жўраев билан боғланди. Унинг айтишича, муаллиф ариза билан мурожаат қилиб, сўралган ҳужжатларни тақдим этса, иш мутахассислар томонидан ўрганилиб, кўчирмакашликда айбланадиган томон жаримага тортилади. Жарима миқдори ҳолатга қараб белгиланади.

Аввалроқ Шерали Жўраевнинг ашуласини бузиб ва кўчириб айтди, деган айб қўйилган Насафийга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жарима белгиланган эди.

Тағин ўқинг
24 ноябр 2021
«Элтуз» Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми билан ҳамкорликда меҳнат ҳуқуқларига бағишланган туркум анимацияларини давом эттиради. Туркумнинг ўтган сонларида биз жамоа ...
28 август 2018
2002 йилнинг 31 мартида кутилмаганда Муҳаммад Бекжон Зарафшондаги 48-зонага этап қилинади… Сиёсий маҳкумни сил касалининг ўткир турига чалинган маҳкум ...
21 сентябр 2020
Аёллар дискриминацияси ва гендер тенгликка қарши ҳаракатлар аввал масжидларда, ички ишлар ходимлари орасида (аёлларни ечинтириб, тўдалашиб томоша қилиб видеога ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича қайтиб келмабди. Бир қариндоши ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...