Асосий мавзулар
11 апрел 2021

Императив-19. Рассомлар

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми. Боши «Элтуз»нинг «Императив» рукнида. Давоми бор.)

Ҳа, ўтмишга қайтамиз яна.

Бизнинг умумий (гизли бўлмаган) суҳбатларимизда фақат шоир ва ёзувчилар эмас, балки рассом ва ҳайкалтарошлар ҳам иштирок этарди. Уларнинг энг «мунтазамлари» мусаввирлар Исфандиёр Ҳайдар ва раҳматли Шуҳрат Абдурашид эди. Рассом-кандакор Омон Азиз ҳам тез-тез суҳбатларга келиб турарди.

1979 йилнинг декабрь ойида дўстимиз Шуҳрат Абдурашиддан жудо бўлдик. Уни уйидан чиққан ерда машина уриб кетди ва касалхонада бир ҳафта ётиб, ҳаётдан кўз юмди. Бу менга жуда қаттиқ таъсир килди. Жуда ёш ва истеъдодли рассом эди, Аллоҳ раҳмат айласин:

ДЕКАБРь

Рассом Шуҳрат Абдурашид хотирасига

Оёғимда декабрнинг муз занжирлари

Эриб-эриб тушар яшил арча ёнида…

Тиз чўкаркан мен январнинг оппоқ пойига,

Тилагинг не, деб сўрайди мендан Янги йил.

Тилагим шу: январингга айтгин аввало,

Қимирламай турсин бир зум, унинг пойига

Ёзиб олай, токи, шуни: февралингга айт,

Пуч ёнғоққа тўлдирмасин баҳор қўйнини.

Мартга буюр: бойчечакни қилмасин хазон,

Ёмон одам эмасмиз биз – тушунтир майга,

Декабрга ҳозироқ айт, вақт борида айт,

Дўстларимни ўзи билан олиб кетмасин!»

(1979)

«Валфажр», 1983.

«Мустақиллик»дан сўнгра санъатга бўлган ҳурмат йўқолди. Деспотик режимларда уларни мақтамайдиган санъатга ўрин йўқ. Масалан, Каримов зулмидан омон қолган рассом дўстларим бугун нима қилаётганини билмайман. Исфанидёр Ҳайдар ёки Вячеслав Охуновнинг бугунги ўзбек санъати учун қиймати борми? Бор бўлса, бу қиймат нима билан ифодаланяпти?

Дунё таниган ажойиб рассом ва буюк кинорежиссёр Рустам Ҳамдамовни-ку умуман Тошкентга яқинлаштирмадилар.

Истеъдодли кандакор Омон Азиз эса узоқ йиллардан бери Америкада ёлғиз ҳаёт кечиряпти, ватанга кайтишга имкон бермаяптилар. Каримов каби бугунги ҳукумат ҳам бу ижодкорнинг тақдири билан ҳеч қачон қизиқмаган.

1970 йилларда энг кўп суҳбатлашганим рассом тенгдошим эмас, ёши улуғ зот эди.

Буюк рассом Чингиз Аҳмарни назарда тутяпман. Раҳматли ўз ҳаёт тарзи ва хатти-ҳаракати билан бизга адабдан дарс берган бир муаллим эди. Унинг «Россия» меҳмонхонасига яқин бир сўлим кўчада устахонаси бор эди. Ўзи ҳам бир қават тепада турар эди янглишмасам. Шогирди рассом Темур Саъдуллаев ва қўлёзмалар институти аспиранти Аҳмад Аъзам билан бу маконга тез-тез бориб турар эдик.

Чингиз Аҳмар сохта илтифотдан йироқ, чизган портретларидаги қаҳрамонлар чеҳрасидаги нимтабассумга менгзар бир ифода билан юзланарди инсонга. Тавозеси билинмаган тавозе соҳиби эди. Ҳазил ҳам қиларди. Киноя ҳам. Аммо бу ҳаракатларининг ҳаммаси туғма адаб ичида содир бўларди. Ёшлар билан ҳам, катталар билан ҳам айни тавозеда суҳбатлашарди.

Столида Ғ.Ғулом нашриётида 1976 йил чиққан «Ёшлик баёзи»ни кўриб ҳайратланганим эсимда. Бу китобда менинг ҳам катта туркум шеърларим босилган эди.

Чингиз Аҳмар адабиётни кузатиб борарди, фақат катта шоирларни эмас, ёш ижодкорлар фаолиятини ҳам кузатиб борарди. Ёшларни ўзига тенг кўриб гапирарди.

Етмишинчи йилларда биз ҳамон ёш саналардик. Чингиз Аҳмар каминага қараб, «Муҳаммадсолиҳ, сизнинг бўйингиз узун, Худога биздан яқинроқсиз», дея ҳазиллашарди раҳматли.

Ёки бир куни: «Сиз нима ҳисобига яшайсиз, Аҳмадбойдан эшитдик, Ғафур Ғулом нашриётидан ҳам ишдан қувилибсиз», деб қолади. Мен «қорақалпоқ халқ шоирларининг шеърларини ўзбекчалаштиряпман, гонарари бизга етади», дейман. Устага бу ишнинг жуда осон эканини тушунтирган бўламан. Масалан, бу иш рассомларнинг ишидан анча осон, дейман дабдурустдан.

Нега осон, деб сўрайди Чингиз оға. Мен ҳам илҳомланиб, қора юмор билан англата бошлайман: масалан, бир шоир урушдаги ҳаётини тасвирлаётиб бундай бир сатр ёзади: «Шивиндей «шив» учиб ўтди ўқ». Мен бу сатрни айнан «чивиндек «чув» этиб учиб ўтди ўқ», деб ўзбекча қиламан. Ва сатр тайёр, 55 тийин ишладим, демак. Бундай сатрлардан бир кунда қанча «тайёрлашим»ни нашриётдагилар билишади ва «таржима истамасин» деб мендан қочиб юришади, дейман бир оз муболаға қилиб.

Кейин урушдаги немис ўқининг чивин каби лаллайиб, эринчоқлик билан парвоз қилаётганини қўл ҳаракатлари билан кўрсатиб бераман. Чингиз оға самимий қаҳқаҳа отади. Сиз сатира ёзинг, қобилият бор, дейди. Кейин бирдан жиддий тортиб (ёки қувлик қилиб): “Муҳаммадсолиҳ, сиз нега шеърларингизни қисқа ёзасиз, сиз боймисиз? Давлат шеърнинг ҳар сатрига фалон тийин бераман деб турганида, мана, Барот Бойқобилов каби туркум достонлар ёзиб ташласангиз бўлмайдими”, дейди буюк Уста.

Мен танбалман, бунинг устига, оригинал шеърларни чиқариш таржималарни чиқариш қадар осон эмас, дейман. Буюк Уста бу баҳонанинг қисқа ёзишга алоқаси йўқлигини яхши билгани учун ҳикматли нимтабассуми билан жавоб беради.

Чингиз оға муҳофазакор анъанадан келишига қарамай, бизнинг узун сочли «хиппи» кўринишимизга қараб асло киноя қилмаган. Ҳолбуки, 1973 йили университет талабаси эканимда раҳматли домламиз Очил Тоғаев «сочингизни политбюро аъзолари «прическа»си стандартида олдиринг», деган амрига бўйсунмаганим учун мени имтиҳонига олмаган эди.

Чингиз оға бизни борлиғимизча қабул этар ва тенгдошлари каби насиҳатгўйликка эҳтироси кучли эмас эди.

Чингиз оға менинг санъат идеалимга яқин бир рассом эмас эди. У замонларда бизни Эдвард Мунк каби мистик, иррационал тафаккур соҳиблари кўпроқ жалб этарди. Лекин Чингиз оғанинг портретлари жўнлиги, соддалиги билан ойдин бир кайфиятга туртки бўла оларди. Ҳар сафар унинг устахонасини зиёрат этар эканман, бу кайфиятни яққол ҳис этардим ўзимда.

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
4 феврал 2020
Президент Мирзиёев 31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида ўтган учрашувда «бир кичкина божхона пости раҳбари»нинг уйидан ...
28 апрел 2016
«XXI аср» газетаси Ўзбекистон президентининг Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устивор ...
27 март 2023
Ўзбек музейларига кўмаклушувчи Германиядаги халқаро YUZUK ташкилоти ижрочи директори Дилбар Ғаффорованинг Рауф Парфи ҳайкали очилишда сўзлаган нутқи: Ассалому алайкум, ...
7 сентябр 2020
«Элтуз»нинг қадрли ўқувчилари! Агар сизни ёки танишларингизни тўғридан-тўғри касбий мажбуриятларингизга боғлиқ бўлмаган, қўшимча ҳақ тўланмайдиган ишларга мажбур қилишса, бош ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...