Асосий мавзулар
14 апрел 2021

Хатирчилик фермернинг қабри очилди, аммо экспертиза хулосалари яқинларига кўрсатилмаяпти

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 2021 йилнинг 2 февраль куни фермер Музаффар Муҳаммадиевнинг қабри очилди. 55 ёшли фермернинг жасади ўтган йили 6 ноябрда уйининг олдидаги катта ариқдан топилган эди. 

Туман суд тиббий экспертизаси чиқарган дастлабки хулосада марҳум алкогол ичимлик истеъмол қилгани, ариққа йиқилиб, нафас йўлига сув кетиши оқибатида ўлгани қайд этилган.

Марҳумнинг яқинлари маҳаллий экспертиза хулосадан норози бўлиб мурожаат қилганидан кейин республика даражасидаги ишчи гуруҳ келиб, майит қайта экспертизадан ўтказилган. 

29 февраль куни марҳумнинг акаси Ҳамро Мустафоевга Республика суд тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази директори Алишер Искандаров имзоси билан экспертиза хулоса билан танишишин мумкинлиги ҳақида хат келган.

Аммо Мустафоевнинг “Элтуз”га айтишича, шу вақтга қадар вилоят прокуратураси марҳумнинг яқинларига экспертиза хулосаларини кўрсатмаган.

Хатирчилик фермер Музаффар Муҳаммадиев 2020 йил 5 ноябрда уйидан танишлари томонидан овқатланишга бориш мақсадида олиб кетилган. 6 ноябрь куни унинг ўлиги хонадонидан унча узоқ бўлмаган Қаҳрамон ариғидан топилган.

Марҳумга тегишли “Шерали Бобур 2018” фермер хўжалигига 49 йилга ажратилган ер майдонининг туман ҳокими қарори билан 3 нафар фуқарога ўтказилиши ўзаро келишмовчиликларга сабаб бўлган.

Марҳум фермер 5 ноябрь куни Навоий вилояти маъмурий судида ўз даъво аризаси бўйича иштирок этган. Айбланувчи томон – ўша вақтдаги туман ҳокими Ғафур Алиев судда иштирок этмаган ва суд бошқа кунга қолдирилган. Ўлимидан кўп ўтмай эса марҳум фермер судда ғолиб, деб топилиб, туман ҳокими маъмурий жавобгарликка тортилган.

Фермернинг ўлими билан боғлиқ тергов иши бир муддат қўзғатилиб, кейин яна тўхтаб қолган. Сўнг марҳумнинг яқинлари туман, вилоят ИИБлари, Бош прокуратура ва президентгача ариза билан мурожаат қилган.

Мурожаатлар самараси ўлароқ, маҳаллий экспертиза хулосаларидан қониқмаган марҳумнинг яқинлари майитни қайтадан экспертиза қилдиришга эришади.

Навоий вилояти прокуратураси мулозимининг “Элтуз”га айтишича, шикоятчиларнинг аризасига биноан марҳум фермернинг қабри очилган ва бу бўйича тергов олиб боряпти. 

Суд ҳукми эълон қилинмагунча бошқа қўшимча маълумот тақдим эта олмаслигини билдирган прокуратура вакили ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани тасдиқлади. 

Унинг таъкидлашича, далиллар ва аризачининг мурожаатидан келиб чиққан ҳолда иш юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси “ж” банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) бўйича тергов давом этмоқда.

Марҳумнинг акаси Ҳамро Мустафоевнинг сўзларига кўра, бу иш бўйича Тошкентга 5 марта бориб келган. Жиноят яширилиб, ишлар яна босди-босди бўлиб кетишдан қўрқяпти.

“Бу ишларнинг бошида туман ҳокими Ғафур Алиев турибди,– дейди Ҳамро Мустафоев. – Бошидан иш олдинга силжимади. Орада ҳоким ишдан кетса ҳам бу иш кўтарилмади. 

Маҳаллий суд экспертизасининг дастлабки хулосаларидан қониқмадик. Республикага мурожаат қилдик. Ишчи гуруҳ келиб, 2 февраль куни майитни қайта экспертизадан ўтказди. Хулосаларни вилоят прокуратурасига топширди. 

Бизга маълум қилишларича, хулосада укамнинг сувга тушиб кетиб ўлмагани, ундан олдин жони узилгани, сўнг сувга ташлангани айтилган. Ишни тезлатишлари бўйича вилоят ва республика прокуратурасига қайта-қайта мурожаат қилдик. 

Аммо на иш олдинга силжийди, на бизни жараён қандай кетаётганидан бохабар қилишади. Ҳатто адвокатимиз сўраган ҳужжатларни ҳам беришмаяпти. Ҳолат ижтимоий тармоққа чиқиб кетишидан чўчишаётган экан”.

“Элтуз”га яқин манбанинг хабар беришича, Навоий вилояти прокурори Бахтиёр Аҳмедов яқинда ҳайфсан олган. Унинг иш фаолиятидан норозилар кўпчиликни ташкил этади. 

Бош прокуратурага унинг устидан келиб тушган мурожаатлар орасида навоийлик фермерларнинг аризалари анча кўп. Бироқ ишлар олдинга силжимаяпти. 

Чунки кластердан норози фермерлар сони қанчалик кўп бўлмасин, бу тизим ўзини оқласа ҳам, оқламаса ҳам шахсан президентнинг ташаббуси ҳисобланади. Марҳум Музаффар Муҳаммадиев яқинлари ҳам фермернинг ўлимига ер бўйича муаммолар сабаб бўлганини иддао қилишмоқда.

Тағин ўқинг
25 феврал 2022
Қадрдонларим бормисиз? Омонмисиз? Ўтган хафта касал бўлганлар бугун тузалганидан¸ ўткан ҳафта пули йўқлар бугун бойиб битиб кетганидан хурсандман. Бугун ...
21 ноябр 2021
Сиëсатчи бўлиш¸ сиëсатга кириш бугунги Ўзбекистонда бошни кундага қўйиш билан баробар. Бу ҳақда Жаҳонгирга ëзувдим сал олдин. «Сенга гул ...
16 феврал 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Дастлабки шикоят Қашқадарё вилоятининг Косон туманидан. Нартичуқурлик аёллар маҳалла ажратган ...
2 июн 2017
1 июндан мамлакат ички бозорида GM Uzbekistan автомобиллари миллий валюта – сўмга сотиладиган бўлди. Бу ҳақда ширкат рахбарияти 31 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...