Мултимедиа
29 апрел 2021

Императив-22. Йиқилганни тепма

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобининг давоми. Матннинг аудиоверсиясини муаллифнинг ўзи ўқиган. Боши “Элтуз”нинг “Императив” рукнида. Давоми бор.)

Ҳа, биз чуқур пессимизм ичида эдик. 30 ёшга тўлганимда ўзимга ёзганларим:

Умрида бирор марта йиғламаган одам,

Бирор марта оч қолмаган одам,

Ўттизга кирдим деб ҳаммани алдадинг.

Хотинингни кўриб, болаларингни кўриб,

Сенга ишонишди даврадагилар.

Умрида бирор марта енгмаган

Бирор марта мағлуб бўлмаган одам,

Бир йил ўтсин,

Ўттиз бирдаман, деб алдайсан ҳали! (1979)

«Валфажр» (1983)

Йиллар ўтмоқда эди. Аммо бизнинг шахс норасидалигимиз давом этарди.

Туннел қоп-қоронғи эди, сўнггида нур кўринмасди. Айш-ишрат, майга ҳам кўмиб бўлмайдиган бир ёлғизлик ҳисси:

БИР УХЛАБ ТУРСАНГ, БАС

Бир ухлаб турсанг, бас, тинар пўртана,

Кетар чарчоқ деган ялмоғиз.

Ва яна яшашга тайёрдир тана,

Яна гапирмоққа шай турар оғиз.

Яна ўша давра, яна ўша май,

Қуйилару парда тортар кўзингга

Ва яна иккинчи қадаҳ бўшамай,

Даҳшатли бир бўшлиқ тўлар кўксингга.

Шунда «чўрт» узилар давра лангари,

Муаллақ қолади қадаҳу қошиқ,

Қоронғида қўрққан бола сингари,

Ичингдан отилиб чиқар бир қўшиқ!

Кўзларинг олдида олис бир воҳа,

Овозинг етмайди, титрайди лабинг,

Қўналға тополмай учади оҳанг

Юртидан қувилган сор бургут каби.

Овозинг бўғилар, қирилар томоқ,

Лекин кўзларингдан оқади қўшиқ.

Сен учун қўрқинчли энди тўхтамоқ,

Тўхтадинг, шу заҳот ютади бўшлиқ!

(1981)

«Олис табассум сояси», (1986)

Бу бўшлиқ, бу фожиани ҳис этганлар бу зулматдан қутулиш йўлини ахтарар экан, ҳис этмаганлар зид қутбга қараб чопа бошлаган эдилар. Улар тезроқ норасидаликдан чиқиб, улғайиб, душманга қарши курашишни эмас, душманга яна-да яқинроқ дўст бўлиб, унинг паноҳида у берган емакни еб, у берган орденларни кўкракларига тақиб, норасидаликларининг 60-70 йиллик юбилейларини нишонлаб, руснинг маст башарасин ўпиб юришни истардилар:

ТЎЙДА ЗЕРИККАН ОДАМ ТИЛИДАН

Юз йил давомида иккита бахши

Бир-бирига қараб йиртаркан томоқ

Ўлтириб рўбарў, қарама-қарши,

Тишни тишга босиб юз йил чидамоқ.

Ўпмоқ афт бужмайтириб, ўпмоқ ирғаниб

Қаршингда ўтирган маст башарани!..

Валдирамоқ мастнинг тилин ўрганиб

A.A.нинг «Дўстимга» деган шеърини.

Ниҳоят, тугагач бу узоқ ўйин

Янги тантанада кўтармоқ қадаҳ:

Бошламоқ чидамнинг юз йиллик тўйин

Сабр нишонини кўкракка қадаб!

(1985)

«Олис табассум сояси» (1986)

Бу манзара «пасткашлик комплекси»нинг белгилари эди. Ҳатто миллий ҳислари энг ҳассос бўлганлари ҳам ҳали «ҳақорат қиёмига етмади», деб ўйлар эди:

ЎЗБЕКНИНГ ДУНЁГА ҚАРАШИ

Қўлимда пиёла.

Чордона қуриб,

Кутаман.

Мудрайди ҳорғин кўзларим.

Ялқов қаҳр билан пашшани қўриб,

Кутаман,

Келмади ҳали дўстларим.

Ҳали душманларим тўплангани йўқ,

Юришар узилган симларни улаб.

Ҳар ҳолда улардан менинг кўнглим тўқ,

Пайт келса, бир-бирин топажак улар.

Пайт келса, билмайман, нега ярайман?

Қўлимда пиёла.

Чордона қуриб,

Лоқайдлик пардаси аро қарайман:

Ҳали ўнгламади ўзини зўрлик,

Қанотин ёзмади ҳали ҳақорат,

Ҳали қиёмига етмади хўрлик. (1984)

«Олис табассум сояси» (1986)

Ўз фаолиятсизлигидан норозилик ҳисси, душманнинг ҳақоратига лоқайдлик пессимизмни янада теранлаштиради:

ИЛОЖ БОР ЭДИ

Туғилмаслик мумкин эди-ку,

Демак, мумкин эди ўлмаслик.

Мумкин эди, буларни мангу

Билмаслик, ҳеч қачон билмаслик!…

Туғилгандан кейин ҳам ҳатто,

Сенда имкон бор эди, аттанг.

Яшаш мумкин эди бехато,

Кўзларингни юмиб яшасанг.

Нега очдинг кўзингни йириб?

Уйғонмаслик мумкин эди-я…

Мумкин эди, қул бўлатуриб,

Кун ўтказмоқ «Мен шоҳман», дея!..

(1983)

«Олис табассум сояси» (1986)

Баъзан пессимизм тутуни ёй буржи каби характернинг ҳам бурнини ачиштириб, шундай сатрларни тизишга мажбур этарди:

СЎЗЛАРНИ ЯРАТИБ

Сўзларни яратиб,

Уларга буйсунамиз бир куни.

Ҳар кимнинг бўйнида осилиб турар

Маълум ҳарфлардан ташкилланган сўз.

Дейлик «Аҳмад!» деса, уйғонмайман мен,

Уйғонмайман «Тошмат» деб бақирсалар ҳам.

Исмимни билмаса момоқалдироқ,

Уйғота олмайди мени ҳеч қачон!…

Ўйлаб кўринг энди, қанчалар қийин

Бутун халқни уйғотмоқчи бўлган даҳога».

(1980)

«Валфажр» (1983)

…Хўш, жадидлардан кейин Туркистонда ҳеч бир ҳаракат кўрилмадими?

Масалан, 60-йиллар пайдо бўлган авлодни жадидлар давомчиси ўлароқ талқин этиш мумкин эмасми? (Шартли равишда бу авлодни «Эркин Воҳидов – Абдулла Орипов авлоди» дейиш мумкин – М.С.).

70-йиллар ўзбек адабиётшунослиги кўкларга кўтариб мадҳ этган бу фигуралар ҳақида нега лом-мим демаяпсиз?

Бу саволларни беришлари мумкин адабиёт жабҳасидагилар.

Уларнинг берилажак саволларига жавобларим шу:

Ҳа, 60-йилларда икки шоир пайдо бўлди «адабиётимиз уфқида». Уларни мадҳ этганлар туратурсин, ҳатто биз ҳам, скептицизм (ишончсизлик) тутуни билан заҳарланиб бўлган, сўлақмондай бўлиб ҳам «ёш шоир» тамғасидан қутула олмаган авлод бу икки зотга умид билан қарай бошладик!..

Улардан бириси жуда радикал кўринди бизга. Ҳатто «Юзма-юз» деган бир катта шеър ёзганида, бу одам истилочи русга майдон ўқияпти шекилли, деб гумон қилганимиз тўғри. Бир қаҳрамон чиқди биздан ҳам, дея севинганимиз рост.

Аммо унинг «Юзма-юз»и секин-аста Марказий қўмита котиби, Москванинг вассали билан «дийдор» кўришуви, яна-да очиқроқ айтсак, бир висол экани ифшо бўлди.

Бу бизни шок ҳолатига туширди. Қуйидаги шеърда ўша шокнинг тасвири:

ЗИНAПОЯ

Чақмокдай «ялт» этди янги бир фикр,

Шиддат тикон гулдай барқ урди,

Ўрнидан турди,

Ёришди ним қоронғу тафаккур,

«ТЎҚНАШУВ» деб ёзди қоғозга!

Ўйлаш мумкин эмас эди,

Афсус, ўйланди.

Устидан чизилди «ТЎҚНАШУВ»,

Ёнига ёзилди «ЮЗМА-ЮЗ».

Ўйлаш ўлим билан баравар эди,

Лекин у қўрқмади, «ЮЗМА-ЮЗ»нинг ҳам

«УЧРАШУВ» деб қўйди ёнига.

Энди ўйлаш ўлим деган гап эмас.

Энди у мутлақо хотиржам,

Бир-бир босиб, хиромон юриб, «УЧРАШУВ»

«ВИСОЛ»нинг ёнига келди.

(1980)

Бу истеъдодли икки зотдан биттасига (ўзи айтишича) «ҳасад қилганлар кўп» бўлди. Унга берилган висол нега бошқаларга берилмайди, нега биз ҳам хиромон юриб, ЎзКП биносининг 6-қатига кўтарилмаймиз, нега у ўпган қўлни ўпиш бизга раво кўрилмайди, деган надоматлар янгради.

Бу адолатсизликка чидаёлмаган ул зот бутун шеъриятини шу ҳасадгўйларни «фош» қилишга бағишлади. Чиқарган «энг яхши китоблар»и ўша ҳасадчиларга қарши кин билан порлаб турди.

Шонли адабиётшунослик тарафидан «энг нуктали» деб топилган «асар»лари ҳам ёки ҳасадчига, ёки бошқа бир маиший душманнинг фош этилиш санъати билан «ажралиб» турарди. Аммо бирор марта бу «ҳасадгўйлар»ни унга қайраб турган, унинг мукофотини бошқасига, бошқасининг орденини унга бериб, бирини иккинчисига қирдираётган рус метрополига қарши БИТТА САТР ҳам ёзмади.

Иккинчи фигура бир оз ақлли чиқди. У лаганбардорликни бу қадар очиқ ижро этмасдан ҳам орден олиш мумкинлигини бутун халққа намойиш этди.

Аммо бунга етган ақл ўзининг босқинчилардан орден олиб, уларни босқинчиликни давом эттиришга ташвиқ этаётганини англамади.

Диктаторлар кўпинча ўзларининг хоҳишига зид равишда илоҳий адолат қамчисига айланадилар. Каримов ҳам ўзига ва коммунист режимга садоқат билан хизмат қилган бу икки шоирни кексалигида хор қилди. Шоирлардан бири Америкага бориб, у ердан туриб «нақадар адашгани, доим подшоларнинг товонини ялаб хато килгани»дан ўксиниб шеърлар битди. Иккинчиси «унутилган буюк шоир» жуббасини кийиб, «бевафо дунё»га шикоятлар йўллади.

Булар кўзи кўр, лаънатлаган бир миллат зурёдлари каби ҳаракат этдилар:

…Қарғалган миллати ҳўкиздай ишлаб,

Раҳматнинг ўрнига эшитар миннат,

Бор-йўғини дунёнинг пойига ташлаб,

«Ўғри» деб ном олар қарғалган миллат.

Қарғалган миллатнинг келажаги тул,

Дарёлари қуриб, чирир ерлари,

Қарғалган миллатнинг болалари – қул,

Аёллари тумсо, бепушт эрлари.

Қарғалган миллатнинг қозиси – фосиқ,

Олими – савдогар, илм сотиб яшар,

Шоирлари эса, ақлдан озиб,

Душмандан мукофот олмоққа шошар!..

(1983)

«Адашганлар қўшиғи»

Ҳа, биз умидлар қилган бу икки зотнинг иккиси ҳам жадидларнинг қотили большевиклар ташкилоти КПССга ғоз юриб кирдилар ва бу ташкилотга умрлари охиригача хизмат қилдилар.

Аммо уларнинг иккиси ҳам «Биз ўзбекка хизмат қилдик», деган қатъий ишонч билан ўлдилар:

ИЖОДИЙ ЙЎЛ

Мана, шоир ётибди, мана қўли,

Шу қўл билан тинмай шеър терган.

Манави – шоирнинг ижодий йўли,

Яъни унвонлари – буни халқ берган.

Ниҳоят, манави шоирнинг тили,

Унда катта чипқон кўринар узоқдан.

Аммо буни халқ бермаган, билинг,

Буниси – Худодан.

(1986)

«Орзу фуқароси» (1990)

Камина бу «ўзбеклик»дан, душманга қарши бу ҳалимликдан қаттиқ ғазабланардим.

Чунки «Ўзбек халқи қўйдай ювош», деган муқоясани ўзбекларнинг ўзлари қиларди. Ўзбекнинг шоирлари ҳам ниҳоятда «халқчил» эди.

Бундай халқ ва халқчилликдан «илҳом»ланган Жириновский каби рус ирқчилари бемалол «Рашидовнинг 20 миллион қўйи бор», деб юбораверарди (Рашидов даврида ўзбеклар 20 миллион эди). Бундан илҳомланган менинг шеърий ғазабим эса мана бундай зуҳур этарди:

ТАБИБ МАСЛАҲАТИ

Тўғрисини айт,

Соғлом бўлиш ниятинг бўлса,

Ортиқча семириб кетмайин десанг,

Тўғрисини айт.

Еб қўйилган сўзлар,

Изма-из ютилган ҳақиқат

Семиртириб юборар одамни.

Семизликни қўй кўтарсин,

Безабон, мўмин қўй кўтараверсин.

(1977)

«Шаффоф уй» (1985)

Ўзбекнинг яна бир ажойиб ҳусусияти сабрни зулм билан муроса деб тушунишидадир. Ва ҳавасга арзийдиган бир некбинликда «Эртага ҳаммаси яхши бўлади!» дея ҳайқиради:

ЭРТАГА

Эртага шубҳасиз бахтли бўламиз

Бугун ўлмасак.

Эртага орзуни қувиб етамиз

Бугун чополсак.

Эртага қувонч улашамиз ҳаммага

Агар уни бугун тополсак.

Шоир куйламайди ғамгин куйларни

Эртага.

(1981)

«Валфажр» (1983)

Юқорида зикр этилган икки зотдан бири 1980 йилда «Марказқўмга» (кейинроқ бу сарлавҳа «Нажот қалъаси» деб ўзгартирилди, янглишмасам) деган бир шеър ёзиб, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги коммунист раҳбарига мадҳу сано ўқиди. Мен ёшлик қилиб, унга «Абдуллажон ака, бу мадҳия билан обрўйингизни тўкдингиз, раҳбарни мақтамоқчи бўлсангиз, унинг ёнига бориб, қулоғига шивирлаб мақтанг, халқ эшитмасин, халқ сизни севади, ўзингизни шарманда қилманг» қабилида бир «укалик маслаҳати» килган эдим.

Шоир: «Алишер Навоий асарларининг бошида Аллоҳга, Пайғамбарга, кейин подшоҳга қасида бағишлайди, асар сўнггида учовини ҳам инкор этади. Мен ҳали асарларимини ёзиб битирмадим», деди маънодор жилмайиб.

«Бугун подшоҳга лаганбардорлик қиламан, аммо эртага уни инкор қиламан Навоийга ўхшаб», демоқчи бўлди шоир.

Ҳар нарсадан бурун Навоийнинг «асари сўнггида» Аллоҳни ва Пайғамбарни инкор қилиши ақлга сиғмайдиган гап эди.

Тортишиб ўтирмасдан, шу жумлани сарф этдим: «Бугунги хатоларимизни бугун тўғрилашимиз керак, чунки бугун ўлиб қолишимиз мумкин, эртагача яшаш кафолатини бизга ҳеч ким бермаган».

Бу қисқа суҳбат Абдулла Орипов билан диалогимизнинг сўнгги бўлди.

Абдулла Орипов бу суҳбатдан хафа бўлиб, камина билан 6-7 ой гаплашмай юрди. Кейин билсам, «М.Солиҳ мени Марказқўмга чақибди», дея гап тарқатиб юрган экан. Буни эшитиб, ҳайратлар ичида қолдим ва бу «ака шоир»га «мафкуравий маслаҳат» бериш каби зарарли машғулотдан абадиян воз кечдим.

Орипов баҳонасида унинг топингани Шароф Рашидов ҳақида ҳам бир неча сўз айтишни истардим.

Рашидовни ўша йилларнинг сиёсий конюнктурасида Ўзбекистонга фойда келтирган бир шахс дейиш мумкин. Ёки Ўзбекистонга зарари тегмаган раҳбар эди, дейиш мумкин. Аммо у Москвага тамоман содиқ коммунист раҳбар эди. Рашидов рус тилини «иккинчи она тили» эълон қилганида биз нақадар ғазабланганимизни яхши эслайман.

Фақат бу ерда сиёсий воқеаларни эмас, бир шеъримни КГБнинг қандай қилиб Рашидов номига боғлаганини ҳикоя қилмоқчиман сизга.

ЙИҚИЛГАННИ ТЕПМА

Йиқилганни тепма.

Ҳар ҳолда, марҳум…

Тўғри, у йиқилди, лекин ҳар ҳолда,

Сену менга ўхшаб йиқилмади-ку,

Ўлмади-ку балиқ қилтаноғидан.

Ўлмади у балиқ қилтаноғидан,

Унинг томоғига туғ тиқилган, бил.

Йиқилса ҳам, унинг ланг оёғига

Яловлар ўралиб, йиқилгандир ул.

(1985)

«Олис табассум сояси» (1986)

Бу шеърнинг автобиографияси бундай: 1985 йилда миллий қадриятларнинг топталишига қарши ёзган норозилик мактубимизни муҳокама қилиш учун бизни Ўзбекистон КП Марказкўм идеология котибаси Раъно Абдуллаева ҳузурига чақириб, сазоий қилган бўлди. Бизнинг «унутилаётган миллий қадриятларимиз» доирасига Амир Темур шахси ҳам кирар эди. Юқоридаги «Йиқилганни тепма» шеъри Ўзбекистон коммунистларига қарши, Амир Темурнинг адабиётдаги реабилитацияси учун ёзилганди.

Аммо бу шеър эълон қилинишидан 3 йил сўнгра бу шеър руслар учун мени нафақат миллатчиликда, ҳатто «рашидовчилик»да айблаш учун бир ҳужжат сифатида «хизмат» қилди.

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
3 октябр 2024
Асқар Баҳронов ушбу тизимни коррупцияга ботирган. У ҳар ойлик “шапка”ни бермаган қўл остидаги раҳбарларни ноқонуний равишда ишдан бўшатмоқда. У ...
25 март 2020
Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар аниқлангани ортидан карантин жорий қилиниши муносабати билан ижтимоий тармоқларда вирусга қарши челленж бошланиб кетди. ...
22 январ 2019
Афтидан Ахборот технологиялари ва коммуникациясини ривожлантириш вазирлигидагиларнинг юмор ҳисси кучли. Интернетдан тўсиб қўйилган, илгари VPNсиз кириб бўлмайдиган сайтларнинг ишлаб ...
24 март 2021
И – бу иккиюзламачилик. Х – бу Хоразм. ММ – бу мансабдорлар/ментлар. П – бу педофилия. УР – Учинчи ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...