Янгийўлдаги мактаб ўқитувчилари вакцина олишга мажбурланмоқда
Янгийўл шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси мактаб мутасаддиси Умида Сатторова муаллимларни коронавирусга карши вакцинани олишга мажбурлаётгани, акс ҳолда ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилаётгани ҳақида «Элтуз»га билдирди.
«Элтуз» суҳбатлашган ўқитувчига кўра, улардан ўзбек-хитой ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини олиш талаб қилинмоқда. У, шунингдек, мактаб ўқитувчиларининг тенг ярми бу вакцинани олишга қарши эканини айтди.
“Мен умуман вакцина олишга қаршиман. Айниқса, Хитой ва Ҳиндистон вакцинаси ҳақида ёмон хабарлар бор. Вакцинация ихтиёрий бўлиши керак”, деди «Элтуз» билан суҳбатлашган янгийўллик ўқитувчи.
Апрель охирида Ўзбекистонга яна 1 миллион доза миқдорда ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинди. Вакцинанинг 1 миллион дозалик аввалги партияси 27 март куни келтирилган эди.
Ҳозирги кунгача эмланганларнинг 46 фоизи айнан ушбу вакцинадан олган. 17 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида СЭС раҳбари Баҳодир Юсупалиев ўзбекистонликлар бирор вакцинани олишга мажбур эмаслигини маълум қилган эди.
Eltuz.com