Императив-33. Шеърлар таъқиби
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 33-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)
Ёзувчи Темур Пўлатнинг «Салбчилар» деб номланган публицистик китобидан яна бир мисол.: «Маълумки, Каримов билан Муҳаммад Солиҳ муносабатлари “Эрк” раҳбарининг тақа-тақ мухолифат рутбасига ўраниб олиши билан якунланади, у подшоҳдан улгу олмайди.
1999 йил февралm ойида Тошкентда содир этилган портлашларга алоқадорликда айбланган мухолифат раҳнамоси сиртдан узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилади, аммо Ўзбекистон Интерполи буюртмаси бўйича Прага аэропортида ҳибсга олинган Муҳаммад Солиҳ Прага шаҳри суди томонидан айбсиз деб топилиб? озод этиб юборилади.
Ўзбекистон ҳукуматининг унга нисбатан илгари сурган айбловлари сохталиги учун исботини топмайди. Ўша таҳликали кунларда Тошкентда Дўрмон ижод боғи қоптолидаги Ёзувчилар маҳалласида яшайдиган шоир Мирпўлат Мирзо сайр этиб юриб “Эрк” газетасининг собиқ бош муҳаррири Иброҳим Ҳаққулни учратиб қолиб: “Мана, қўлга туширдик юртбошимиз душманини, эшитдингизми?! Энди Ўзбекистонга келтириб суд қиламиз, қилмишига яраша жазосини олади, қочиб қаёққа боради!” дейди заҳарханда аралаш.
Иброҳим Ҳаққул турган жойида қотиб қолади. Мухолифатсиз қолган юртнинг шоирлари ҳам жаллодга айланиб кетади: Қаҳрамон нишони билан тақдирланган Абдулла Орипов катта йиғилишда ички ишлар вазири Зокир Алматовга қараб: “Зокиржон ака, уларни атинғ, неға аяб ўтирибсиз, ҳаммасини атиб ташланғ!” деб дўқ ўради (ширакайф ҳолатда: – таржимон қистирмаси).
Суд жараёни поёнига етгач, Чехиянинг “диссидент” президенти Вацлав Ҳавел Солиҳни қароргоҳида махсус қабул қилиб, узр сўрайди.
Солиҳ ўн йиллар давомида муҳожиротда юриб, ҳаётини хавф остида қолдириб бўлса-да, сабр-тоқат билан, Каримовнинг ёвузона қилмишларини мардонавор фош этиб, жаҳон афкор оммасини огоҳ этиб келяпти» (Темур Пўлатовнинг «Салбчилар чавандози» асаридан Набижон Боқий таржимаси).
Айни мавзу доирасида Иброҳим Ҳаққулнинг тилидан бир саҳна. «1999 йил февраль портлашларини уюштирган учлик (И.Каримов, Р, Иноятов, З.Алматов) бу портлашларнинг орқасида турган асос фигура Муҳаммад Солиҳ эканини исбот қилиш учун бутун кучларни ишга солаётган бир давр: «Марказий ТВга чақириб қолишди, бордим,- дейди Иброҳим Ҳаққул.- У ерда Хуршид Даврон, Аҳмад Аъзам, Назар Эшонқул ва мен ўтирибмиз.
Каримовдан «Муҳаммад Солиҳнинг дўстлари уни портлашларда айблаб қораласинлар», деган буйруқ келган. Ҳаммамиз саросимадамиз. Нима қилишимизни билмаяпмиз. Шу пайт Усмон Азим келиб қолди. Унга ҳам нима учун чақиришганини айтишди. Усмон: «Солиҳнинг ҳақиқатан ҳам бу ишга бош-қош бўлганлиги ҳақида далил-ҳужжат беринглар, биз гапирайлик. Ундай ҳужжат бўлмаса, мен гапирмайман», деди. Мен ҳам бу гапга қўшилдим. Қолганлар ҳам ҳеч нарса деёлмади ва биз бир уятдан қутулиб қолдик».
Муҳаммад Солиҳнинг дўстларини ТВга чиқариш амалиёти бошида Абусаид Кўчимов турган. Табиий, у ҳам диктаторнинг амрига биноан ғайрат қилган. Абусаид Кўчимов, Азим Суюнов кабилар диктатор Каримов даврида режим мухолифларига қарши курашда мафкуравий жабҳанинг олд сафида туриб, садоқат билан хизмат қилдилар. Азим Суюн ўлди, аммо Кўчимов энди янги мустабидга ҳам эскисига каби садоқат ва ғайрат билан хизмат этмоқда.
Масалан, 2018 да «Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтариш» учун ижодкор зиёлилар ёзган мактубга имзо чеккан ёзувчи ва шоирларни чақириб ёки телефонда «Бу ишни тўхтатинглар!» деб таҳдид қилган шу Кўчимов бўлади. 1999 йили А.Кўчимовнинг М.Солиҳни шарманда қилиш режасини илк гуруҳ рад этганидан кейин Кўчимов икки кишидан иборат бошқа «тим» тайёрлайди. Иккалови ҳам шоир – Тўра Мирзо (Жабборов) ва Абдували Қутбиддинoв. Улар Кўчимовнинг «юзини ерга қаратмадилар», унга «оғир пайтда дастак» чиқдилар, ТВда Муҳаммад Солиҳни портлашларда айблаб, диктаторга ёқадиган гапларни айтдилар. Солиҳни айнан ижодкорлар айблашининг халққа таъсир кучини яхши ўлчаган эди МХХ.
Абдували Қутбиддин ўз туҳматлари учун кейин жуда пушаймон бўлгани ҳақида ривоятлар бор, Аллоҳ гуноҳларини кечирсин. Тўра Мирзо (Жабборов) ҳам кейинчалик дўстларимиздан бирига ўша уятли ҳодисани афсусланганнамо оҳангда изоҳлаб берган деб эшитдим. Ҳақиқатини Аллоҳ билади.
Қисқаси, мен ўзим ёзган шеърларимдан ҳеч қутула олмадим. Бир пайтлар шунчаки ёзган сатрларим кутилмаганда бир реал воқеага айланиб, олдимга чиқишини кутиб яшадим. Бир пайтлар бу ҳақда ҳазил аралаш «Фаришталарни унутманг» деган бир мақола ҳам ёзган эдим. Аслида бу у қадар ҳам менсимайдиган ҳол эмасди. Ҳатто Ўзбекистонни тарк этганимдан кейин ҳам улар мени таъқиб этдилар.
Қуйида 80-йиллар бошида ёзилиб, 15-20 йил сўнгра юз берган воқеалар:
ВАТАН
У зарур одамга.
Айниқса, қайгадир жўнаётган бўлсанг.
Хайрлашиб,
Хўрсинишга керакдир Ватан.
У керак бўлади
Ненидир ўртаниб соғингинг келса,
Узоқда Ватанинг бўлса йиғлайсан.
Сенга Ватан керак
Қайтишинг учун –
Қувончдан Юрагинг «паққа» ёрилиб,
Ўлишингга керак ҳеч бўлмаганда.
Сўра, уни!
Керак бўлади.
(1973)
«Шаффоф уй»
(1985)
Яқинда каминанинг ватанга қайтишини тақиқлаб, «Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистонга тириги тугул, ўлиги ҳам кирмайди», деган баёнотдан кейин 1973 йилда ёзилган бу хаёлий шеър реал воқеликка айланди. Қуйидаги шеър эса бир муҳожирни ишғол остидаги ватандан келган хабарлар нақадар қўрқитгани ҳақдаги лавҳа. Муҳожирликда кечган ҳаётимнинг 12 йил аввал битиб қўйилган тасвири:
ҚЎРҚОҚ ОДАМ
Телефон жирингласа, титраб кетаман, эшик «тақ»илласа, сапчиб тушаман.
Хабардан қўрқаман.
Қариндошим келса, қочиб кетаман, яширинаман оғайним келса.
Хабардан қўрқаман.
Почта қутиси ёнидан чопиб ўтаман, қайрилиб қарамайман биров чақирса.
Хабардан қўрқаман.
Йўқ, мен бу дунёнинг фожиа тўла кўзларига тик қарай олмайман.
(1982)
«Валфажр».
(1983)
Аммо бу реал ҳаёт билан параллел яшаётган озодлик ҳақдаги хаёл ҳеч ўлишга рози эмасди:
СИР
Оғзинг қулоғингда,-
Нимани эшитди ўзи қулоғинг?
Кайфиятинг яхши,
Жунбушдасан қандай хабардан?
Қачон? Қай мaҳал? Эрталаб?
Тонг пайтида? Қайси соатнинг,
Қайси лаҳзасида? Қайси радио?
Қайси халқнинг? Қанақа Эркка
Эришганин эълон қилажак?
Оғзинг қулоғингда,
Кайфиятинг баланд –
Биз ҳам воқиф бўлайлик сирдан,
Тонггача ухламай юрайлик биз ҳам.
(1983)
«Орзу фуқароси» (1990)