Асосий мавзулар
30 ноябр 2021

Мактабгача таълим вазирлигининг болаларга хос бўлмаган ўйинлари

Мактабгача таълим вазирлиги мулозими имтиёзли кредитнинг 10 фоизини порага бермагани учун тадбиркорнинг болалар боғчаси қурилишини якунлашига халақит қилмоқда, дейилади 29 ноябрь куни  Сentre1.com нашрида чоп этилган мақолада. 

Мақолада 2020 йилда ишга туширилиши керак бўлган, тадбиркор Тўлебой Аширов маблағи ҳисобидан Тошкент вилоятининг Ғазалкент шаҳрида реконструкция қилинаётган боғча ҳақида сўз боради. Ўз маблағини болалар боғчаси қурилишига тиккан тадбиркорнинг вақти эндиликда мутасадди идоралар ва судлар остонасида сарсон бўлиш билан ўтмоқда, дея ёзади мақола муаллифи.

Тулебой Аширов боғча қурилишини 2018 йилнинг апрелида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган “Мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарорда кўзланган имтиёзлар асосида бошлаган эди.

Жумладан, ушбу қарорда боғча қурилишларига ер бепул ижарага берилиши, реконструкция қилинадиган биноларнинг текин ажратилиши, бўш ётган объектлар «ноль» қийматда реализация қилиниши  айтилган…

Бундан ташқари, Мактабгача таълим вазирлиги билан шартнома асосида лойиҳа қийматининг 75 фоизи миқдорида имтиёзли кредит олиш мумкин бўлган.

Шу билан бирга, президентнинг 2020 йил 30 январдаги яна бир қарорида “1 фоиз ставкада уч йиллик имтиёзли давр билан 15 йил муддатга бериладиган кредит” имтиёзи белгиланган. “10 йилгача солиқлардан озод қилиш ва икки йилгача божхона тўловларидан озод қилиш, 2021 йилнинг ёзидан бошлаб болалар боғчалари электр ва газ учун коммунал тўловларнинг 50 фоизи миқдорида давлат ёрдами ва бошқа имтиёзлар” кўзланган.

Тараққиёт ва тикланиш жамғармаси ва халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобидан шакллантириладиган 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ мактабгача таълим муассасалари ва уларнинг хусусий тадбиркор шерикларини рағбатлантиришнинг 2018-2019 йилги дастурига киритилган.

Бу гаплардан руҳланган Тўлебой Аширов 2018 йилда Ғазалкентда болалар боғчаси қурилиши учун ташландиқ бинони “ноль” қийматда ўз тасарруфига олади. 

Ҳисоб комиссияси бино реконструкцияси ва бошқа зарур объектлар қурилиши 4 млрд 32 млн. сўм (403 минг 200 АҚШ доллари) бўлишини аниқлайди.

Аширов қурилишни бошлайди ва лойиҳа қурилишига ўз зиммасидаги 25% улуш – 1 млрд. 16 млн сўм (111 минг 600 АҚШ доллари)ни сарфлайди ва вазирликка 2019 йилда қилинган ишлар бўйича уч ойлик ҳисобот беради. Лойиҳадаги маблағнинг қолган суммаси – 3 млрд. 16 млн. сўмни олиш учун тегишли шартномани имзолайди.  

Мақолага кўра, Тўлебой Аширов учун «Алоқабанк»нинг Ғазалкентдаги бўлимига бориб, бу пулни олиш қолган эди. Бироқ кутилмаганда уч кун ўтиб уни тағин Тошкентга чақиришади.

Вазирликнинг кредит бўлими масъули Абдуғулом Ҳакимов унга иккита рақам алмашган янги шартномани тутқазади.   

Янги битимга кўра, эндиликда Ашировнинг инвестицияси икки баробар – 2 млрд 12 млн сўмга (201 минг 200 долларов АҚШ долларига) оширилган, фоизсиз кредит миқдори эса деярли 3 баробар қисқартирилган – 1 млрд 920 млн сўмга туширилган эди…

Шартноманинг сармоя миқдори ошириб, кредит миқдори камайтирилган бу иккинчи вариантида деярли 1,1 миллиард сўм «йўқотилган», дея ёзади мақола муаллифи.

Тадбиркор буни кўриб шокка тушади:

“Ҳакимов мендан сўради: Нима қиласиз? Етишмаётган суммани қандай ёпасиз? Кейин эса у тезгина қоғоз парчасига “10%” деб ёзиб менга кўрсатди, кейин йиртиб ташлаб чўнтагига солди”.

Аширов ундан амалдор имтиёзли кредитнинг 10 фоизини, яъни 30 минг АҚШ долларини талаб қилаётганини тушунди. Бироқ унинг бунча пули йўқ эди, дея ёзади мақола муаллифи. 

Натижада банк тадбиркорга кредитнинг бир қисминигина ажратган, етишмаётган 1,2 млрд сўмни қоплашга эса у иложсиз эди…

Ашировнинг сўзларига кўра, лойиҳа комиссияси томонидан тасдиқланган ҳужжатдаги нарсалар, масалан, қозонхона, болалар майдончаси ва мебелларсиз болалар боғчасини топшириш имконсиз эди. 

Аширов ҳукуматга ишониб, Ғазалкентдаги қуриб битказилмаган болалар боғчасига бор будини сарфлади, дейилади мақолада.

Тадбиркор мактабгача таълим вазири Агриппина Шин қабулида бўлган, бироқ вазир тадбиркорнинг: «Қандай қилиб вазирлик уч кун орасида икки хил мазмундаги шартнома бериши мумкин? Нима учун имтиёзли кредит миқдори ўзгартирилган, сармоя миқдори эса асоссиз тарзда камайтирилган? Бундай сохтакорлик нимага асосланган», деган саволларига жавоб бера олмаган.     

Мақола муаллифига кўра, тадбиркорнинг азоблари шу билан тугамаган. Жорий йилнинг ноябрида у «Алоқабанк»нинг Ғазалкентдаги бўлими билан судлашди. Банк унга “бир фоизлик кредит” бериб, кутилмаганда 8 фоизлик кредит ставкасини тўламагани учун судга берган эди. Банк можаросида Тулебой аканинг бахтига унинг қўлида барча битимлар бўлгани учун ютиб чиқди, дея ёзади мақола муаллифи, вазирлик билан бўлган можаро эса давом этмоқда.

Президент Мирзиёевнинг кенжа қизи ишлайдиган Мактабгача таълим вазирлиги мулозимлари нега ўзларини бунча сурбетларча тутишмоқда, дея ёзғиради мақола муаллифи. 

Аширов эса вазирликдаги коррупция билан тўқнаш келган биргина ўзи эмаслигини, Мактабгача таълим вазирлигида президент қарорига ишониб ўз пулларини тиккан, кейин эса «откат» тўлаш заруратига дуч келган кўплаб тадбиркорларни кўрганини айтади.  

«Ё пора берасиз ёки сизга ва сизнинг болаларингизга ҳеч нарса берилмайди!» – афтидан МТВнинг шиори шундай», дея хулоса қилади мақола муаллифи.

Тағин ўқинг
6 ноябр 2016
Ўзбекистон телеканаллари «шукуҳ» сўзини яхши кўради. «Истиқлол шукуҳи», «фаровонлик шукуҳи», «мустақиллик шукуҳи», «бахтиёрлик шукуҳи»… Хуллас, ҳамма шукуҳ бор. Фақат ...
3 май 2019
Ўзбекистонда Москва расмий нуқтаи назарини тарғиб қилувчи Вести.уз сайти  30 апрель куни 18 нафар маданият арбоби имзоси остидаги рус ...
12 апрел 2023
Шу кунларда тармоқда очиқланган бир қанча ҳужжатлар Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков шахсининг манфаатлар тўқнашуви остида қолаётганини, ...
7 апрел 2020
Таниқли ҳофиз Рустам Ҳожимамедов Самарқандий 6 апрель куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида коронавирусдан ўлгани ҳақида яқинлари маълум қилди. «Қурбон ўлам» ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...