Асосий мавзулар
14 феврал 2022

Амалга ошмаган жосуслик. Марказий осиёлик фаол ҳикояси

Бу ҳикоя Қорақалпоғистондаги туркман қишлоғида туғилган жамоатчилик фаоли ва блогер Жумасафар Дадабоев ҳақида. 2016 йилда, ҳали у жамоатчилик фаолияти билан шуғулланишидан олдин Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати уни хорижда ишлаш учун агент сифатида ёллашга уриниб кўрди. Ислом Каримовнинг касаллиги ва ўлими сабабли юзага келган таранг вазиятда у махсус хизматлар кўзини шамғалаб қилиб Туркияга қочишга муваффақ бўлди.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Понамарёв 2021 йил июнь ойида Истанбулда Жумасафар билан учрашиб, бир неча соат суҳбатлашди. Албатта, фаол 2016 йилдаги воқеаларнинг ҳаммасини ҳам аниқ эслай олмайди ва МХХ ходимларининг “агент”га айтган ҳамма гапларини ишончли деб бўлмайди. Аммо уларнинг сўзлари ва хатти-ҳаракатлари Каримов даври махсус хизматларининг жиноий иш услубларини ҳам, оддий одамлар эътиборидан ёпиқ бу муассасадаги муҳитни ҳам яққол тавсифлашга имкон беради.

Дадабоев билан суҳбат асосида тайёрланган мақола матни 2022 йил январда келишиб олинганидан бир неча кун ўтиб фаол ўғирлаб кетилди ва у ноқонуний равишда Ўзбекистонга олиб кетилгани тахмин қилиняпти.

Амалга ошмаган жосуслик. Марказий осиёлик фаол ҳикояси (1 қисм)

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Жумасафар Дадабоевни бошқа давлатларда ишлаш учун жосусликка ёллашга уринган

Қорақалпоғистондаги туркманлар қишлоғида туғилган фаол ва блогер Жумасафар Дадабоев бир неча йилдан бери Истанбулда яшайди. 2016 йилда, ҳали у жамоатчилик фаолиятини бошлашидан олдин Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати уни жосуслик, жумладан, Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази аъзоси, ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроевга қарши фитналар уюштириш учун ёллашга уринган. Президент Ислом Каримовнинг касалланиши ва вафоти муносабати билан юзага келган кескин вазиятда у хавфсизлик хизмати назоратидан қутулиб, Туркияга қочиб кетишга муваффақ бўлган.

“Мемориал”нинг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономарёв 2021 йил июнь ойида Истанбулда Жумасафар билан учрашиб, бир неча соат суҳбатлашди. Дадабоев кўргиликларини эслаб, ҳануз хавотирда эканини айтди. Унинг хориждаги журналистларга воқеа ҳақида хабар беришга олдинги уринишлари муваффақиятсиз якунланган эди. Албатта, у воқеаларнинг барча тафсилотларини аниқ эслай олмайди ва МХХ ходимлари “агент”га айтганларининг ҳаммасини ҳам ишончли деб бўлмайди. Лекин уларнинг сўзлари ва ҳаракатларида Каримов даври махсус хизматларининг жиноий иш услублари ҳам, оддий фуқаролар учун ёпиқ бу муасасадаги муҳит ҳам ёрқин намоён бўлади. Мақолани чоп этишдан олдин Истанбулдаги кўплаб марказий осиёлик муҳожирларга Жума туркман номи билан таниш фаол ўзи билан содир бўлган воқеанинг айрим тафсилотларига ойдинлик киритди.

Ҳаммаси қандай бошланди?

Жумасафар 1986 йил 10 октябрда Саройкўл қишлоғида туркман оиласида туғилган. Ўша пайтда қишлоқ Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли тумани таркибида бўлган, 2017 йилда эса янги Тахиатош тумани таркибига киритилган. Қишлоқ аҳлининг аксариятини этник туркманлар ташкил қилади ва қишлоқнинг ўзи, Жумасапарнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги “баҳсли ҳудуд” ҳисобланади. 2003 йилда у ўрта мактабнинг 11-синфини тамомлаган ва уч йилдан сўнг кўплаб юртдошлари қатори Россияга ишлашга кетган. У қурилиш объектларида ишлаган, кейинчалик юк ташиш билан шуғулланган. Уйига бориб келиб турган.

“Мен илгари атеист бўлганман, – дейди Жумасафар. – Қишлоғимиз мулласи ҳам ислом ақидаларига амал қилмайди, ичади, юради, Қуръонни нотўғри тушунтиради, буни халқ билади. 2008 йилда Москвага келиб, динга қизиқиб қолдим, турли эътиқодлар, ҳатто ҳиндуизм ҳақида кўп ўқидим. Исломда тўхтадим. Намоз ўқишни, Қуръон ўрганишни бошладим…”.

2012 йилда Жумасафар Москвадаги Поклонная тепалиги ҳудудида жойлашган Ал-Фотиҳа жоме масжидидаги якшанба мадрасасига ўқишга киради ва 2016 йилда ўқишни тамомлайди. 2014 йили у Москва вилояти мадрасаси талабалари ўртасида ўтказилган қорилар танловида биринчи ўринни эгаллаган.

“Менга кубок беришди ва мен у билан уйга учиб кетдим, – деб эслайди фаол. – Россияда мен полиция ёки ФХХ билан ҳеч қандай муаммога дуч келмадим. Лекин Нукусда аэропортида кубок  эътиборни тортди ва мени суҳбат учун ушлаб қолишди. Ўзбекистон махсус хизматлари билан танишувим шу тариқа бошланди. Улар мени ҳисобга олиб қўйишди. Шундан сўнг ҳар сафар Россиядан қайтганимда ёки Москвага учаётганимда чегарада тўхтатиб, сўроқ қилишарди”.

Аэропортда юклари орасидан Москва мемориал масжиди имоми Шамил Алоуддиновнинг китоблари олиб қўйилган. Уларда тақиқланган нарса йўқлигини эксперт тасдиқлаган бўлса-да, Жумасафар суд қарори билан диний нашрларни Ўзбекистонга рухсатсиз олиб киргани учун жаримага тортилган.

“Мен Хўжайлидаги участка нозири, жиноят-қидирув бўлими ва прокуратурадагилар билан гаплашишга мажбур бўлдим, – деб эслайди фаол. – Қўшни қишлоқдаги масжид имоми ҳам бир неча бор суҳбатлашди… Умуман олганда, мен машҳур бўлдим”.

2016 йилнинг май ойида тағин Нукусга учиб келганида аэропортда чегарачилар унинг паспортини кейинроқ қайтариб бериш ваъдаси билан олиб қўйишган.

Бу вақтга келиб Саройкўл қишлоғида наркотиклар савдосига алоқадор бўлган бир ўзбек туркман аёлини зўрлаган, сўнг Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимининг уйидан паноҳ топган. Туркман қишлоғи аҳли уни ўлдиришга қарор қилган. Бу ҳақдаги суҳбат ифторлик пайтида чиққан. Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан кўчиб келган ўзбек деҳқонларининг ҳам таъзирини беришга чақириқлар бўлган. Жумасафар қишлоқдошларини фикридан қайтармоқчи бўлган.

“Ўзбекларнинг халқ сифатида бунга алоқаси йўқ. Агар сиз мусулмон бўлсангиз, уларга тегманг. Буни сиз айтганингиздек, махсус хизматларга алоқадор наркосавдогар қилган. Агар сиз шунчалик қўрқмас бўлсангиз, бориб ўшалар билан шуғулланинг”, деган.  

Йиғилганлар орасида унинг сўзларини расмийларга етказган бир айғоқчи ҳам бор эди. Жумасафар бундан бехабар бўлган. Кейинчалик унга бу воқеани эслатишди.

Нукусдаги ёлланиш: Калтак ширинкулчадан кўпроқ…

“22 июль куни туман участка нозири акамга қўнғироқ қилиб, паспорт столига боришимни, паспортим ўша ерда эканини айтди, – дея ҳикоя қилади Жумасафар. – Бунгача паспорт бўйича бир неча бор мурожаат қилганман, лекин ҳар сафар қандайдир муаммолар борлиги, кутишим кераклигини айтишарди. Туман участковойи қўнғироғидан сўнг мен паспорт столига келдим. Бу ердагилар “улар сизни кутишмоқда”, дейишди. Кўчада беш киши турарди, ўзбеклар, кейинчалик билсам, Миллий хавфсизлик хизматидан. Ҳаммаси бегона, маҳаллий эмас, менга худди террорчига қарагандек қарашарди. Улар: “Қани, кетдик. Участка нозирининг уйини кўрсат”, дейишди. Машинада улар дарҳол қўлларимни кишанлашди ва огоҳлантиришди: “Жим ўтирсанг, ўзингга яхши бўлади”. Ҳеч нарсани сўрашмади. Биз Нукус томон кетдик. Йўлда бошимга қоп кийгизишди. Ўша пайтда мен бу шунчаки қўрқитиш деб ўйладим”.

Қорақалпоғистон пойтахтида бошига қоп кийдирилган маҳбусни, унинг таърифича, махсус хизмат ходимларининг “қўриқланадиган меҳмонхонаси” биносининг иккинчи қаватига олиб чиқишди.

“Мен унинг қаерда жойлашганини аниқ билмайман, ҳар соатда поездлар ўтаётганини эшитишингиз мумкин, яъни темир йўлга яқин эди, – дейди Жумасафар. – Икки киши мен билан ўзбек тилида гаплаша бошлади. “Қалайсан, Абдулла”, деб сўрашди.

Абдулла менинг норасмий исмим. “Кел, гаплашиб олайлик. Сен оддий, ақлли йигитсан. Биз бу ерга сен билан учрашгани махсус келдик”, дейишди. “Майли, гаплашамиз”, дедим. Шундан сўнг бошимдаги қопни олиб ташлашди. Уларнинг каттаси ўзини Баҳром Полвонназарович деб таништирди, иккинчиси исмини айтмади. Кейинчалик билдимки, Баҳром Тошкентда ишлайди ва Рустам Иноятов (Ўзбекистон МХХ собиқ раҳбари) билан яқин алоқада. Бу уч кун давом этди. Баъзан хонага Миллий хавфсизлик хизматининг маҳаллий бўлимидаги қорақалпоқлар кириб келишар, лекин мен билан асосан фақат шу иккиси якка қолиб, “махфий суҳбат” ўтказишарди.

“Намоз ўқийсанми”, деган саволдан бошлашди. Кейин мусулмонлар учун фарз нима, мусулмонни кофирдан қандай ажратиш мумкин ва ҳоказоларни сўрашди. Улар Москвадаги турли одамларнинг исмларини сўрашди, баъзиларини мен ҳеч қачон эшитмаганман. “Мен уларни танимайман”, дедим.

Шундан сўнг Баҳром қўққисдан мени калтаклай бошлади. Қўлларим орқамдан кишанланган, оёқларим ҳам кишанланган. Бошимга берилган зарбадан полга йиқилдим, турмоқчи бўлганимда яна уришди. Ошқозонга бир зарба тушди, узоқ вақт нафас ололмай қолдим. Чап панжамни синдиришди, ҳали ҳам шу қўлимда муаммо бор. “Нега уряпсизлар? Мен нима, террорчиманми? Конституциянинг қаерида ёзилган?” деб бақирдим. Баҳром бошқа одамларга қўнғироқ қилиб, ўзбекча айтди: “Қани, унинг устида ишланглар. У нимагадир бизнинг тилимизни тушунмаяпти”.

Улар мени яна уришди: аввал қўллари билан, кейин бир неча таёқ олиб келишди ва улар билан товонимга ура бошлашди, оёқ бармоғимни ҳам жароҳатлашди. Улар руҳимни синдирмоқчи эканини англадим. Илгари мен кўчада уришардим, мен уларга: “Келинглар, яккама-якка чиқайлик, ким енгаркин”, дедим. Бунга жавобан: “Оҳ, сен шунчалик зўрмисан?” дея тағин уришди. Ўша пайтда ҳам, кейин ҳам тиббий ёрдам кўрсатишмади”.

Калтаклаш руҳий қийноққа алмаштирилди. Маҳбуснинг телефонидан Қуръон ва ҳадислар ўқилган файлларни топиб олган МХХ ходими “ИШИДнинг мана шу исломий видеолари учун қамоққа тушасан”, деди. Телефонда экстремистик материаллар йўқ, деган эътирозга у: “Биз нима истасак, шу бўлади. Буни биласан”, деб жавоб берди.

Улар Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати билан “ҳамкорлик”ни таклиф қилишди, рад қилинган тақдирда “давлатга қарши фаолият” учун 15 йилга озодликдан маҳрум этиш билан таҳдид қилишди. Улар телефонда “давлат душманлари” билан қилинган тергов акс этган видеоларни кўрсатишди. Бирида ўзбек аёли калтакланган, у яланғоч, ИШИД байроғига “ўралган”. Улардан: “Бу байроқ қаердан келди”, деб сўраганида Баҳром: “Нима истасанг, бизда бор”, дея жавоб беради.

“Бошқа бир видеода улар одамнинг тирноғини бир бало қилишяпти, у оғриққа чидай олмай қичқиряпти. Уни томоша қилишнинг иложи йўқ эди”, дейди Жумасафар.

Асосий ёлловчи Бахром эди

“У мендан: “Сен Туркияга кетмоқчи эдингми”, деб сўради. “Мен ҳижома билан шуғулланаман, бу билан пул топишим мумкин, Истанбулда исломни ўрганмоқчи эдим”, дея тушунтирдим. Бунга жавобан: “Биз сени чет элга жўнатамиз. Лекин Истанбулга эмас, Сурияга кетасан” дейишди. Мен рад қилдим: “Мен Сурияда нима қиламан?”. “Йўқ, биз  қаерга десак, ўша жойга борасан”, дейишди.

Улар мени тағин калтаклашди. “Каллангни ишлат, бизга ишла. Агар Обид қори биз билан ишлаганида, ҳозир тирик мурдадек ётмаган бўларди (Обид қори Назаров 2012 йилнинг февралида Швецияда содир этилган суиқасддан сўнг комага тушиб қолган таниқли ўзбек диний арбоби). Абдуллоҳ Бухорий ҳақида эшитганмисан? Шахсан мен уни йўқ қилишга буйруқ берганман (Андижон вилоятидан бўлган ўзбек диний арбоби, асл исми Мирзоғолиб Ҳамидов 2014 йил декабрь ойида Истанбулда отиб ўлдирилган). Билсанг, биз сенга ёрдам беришни хоҳлаймиз. Эвазига сен ҳам ҳам бизга кўмаклашасан. Сурияга кетасан, ИШИДга, ўша ерда сени оддий иш билан таъминлаймиз, маълумот юбориб турасан… У ерга кетган ўзбеклар бизнинг душманларимиз, террорчилар, ваҳҳобийлар. Улар бу урушда кучайишади. Америка 2025 йилда Афғонистонни тарк этади, шунда улар бизга келиб, давлат тўнтаришини амалга оширишга ҳаракат қилишади”.

Мен: “Сурияга бормайман. Радикаллар бор, уларнинг қарашлари нотўғри, исломда бундай нарса йўқ”, дедим. Шунда: “Сен ҳам террорчисан, ваҳҳобийсан, уларни ҳимоя қиляпсан”, деб яна калтаклай бошлашди. Мен эътироз билдирмоқчи бўлдим: “Агар улар мени ўша ерда тутишса, дарҳол ўлдиришади”. “Йўқ, – деди улар. – Агар Сурия ҳарбийлари сени қўлга олса, Россияга экстрадиция қилишади, Россия эса сени бизга қайтариб беради. Хавотир олма, бу содир бўлмайди. У ерда ёлғиз қолмайсан, бизникилар кўп, баъзилари ошпаз бўлиб ишлайди. Агар Россия бомбардимон қилишга, отишмага тайёрланса, олдиндан огоҳлантирилади. Қизил хоч, БМТ тез-тез у ерга бориб туради, баъзида биз террорчиларга ёрдам бермаслик учун улар билан ади-бади қилмасликни буюрамиз. Европа, Америка ҳам уларга ёрдам беради ва улар бизнинг душманимиздир”.

Улар мени турли йўллар билан кўндиришди, мен ҳаммасини айтмайман, лекин Сурияга боришга рози бўлмадим. Шунда Баҳром бошқа вариантни таклиф қилди: “Истанбулга борасан. Зайтунбурни вилоятида “Эҳсон Илим” (махсус хизматлар маълумотларига кўра, 2009 йилда Россияда тақиқланган “Жабҳат ан-Нусра” билан алоқадаликда гумон қилинган Абдуллоҳ Бухорий иштирокида тузилган) ташкилоти мавжуд. Ўша ерда яшаб, ислом динини, араб тилини хоҳлаганингизча ўрганасан, у ердан Сурия, Украина ва Ливияга кимлар кетаётгани ҳақида хабар етказиб турасан… Бизнинг одамлар ҳам у ерда ишлайди, таниш мулла бор, қўрқма”.

Маълум бўлишича, Зайтунбурнида Абдулло Бухорий мадрасаси бўлган. Мен уларга: “Абдулло Бухорий энди тирик эмас. Нега у ерга боришим керак? Мен бормайман”, дедим. Улар мени яна калтаклашди”, деб ҳикоясини давом эттирди Жумасафар.

У билан суҳбат асносида гап Туркиядаги воқеалар ҳақида кетди. 15 июль куни, Жумасафар ҳибсга олинишидан бир ҳафта олдин бу мамлакатда давлат тўнтаришига уриниш содир бўлганди. Фаолнинг ҳикоясидан кўриниб турибдики, Ўзбекистон махсус хизматлари Эрдўғонга салбий муносабатда бўлишган, уни ИШИД билан алоқадорликда айблашган:

“Тўнтариш ташаббуси ҳақида Баҳром: “Бу яхши, турклар яқинда Сурияда уруш бошлайди. У ерда тўпланган барча террорчи ва ваҳҳобийларимизни қайтариб беришади, агар шундай бўлса, сен ҳам биздан кўп узоққа бормайсан”, деди.

Эртаси куни суҳбат яна давом этди. “Агар Сурия ёки Туркияга боришдан бош тортсанг, Қорақалпоғистонда қол. Бу ерда “Олға, Қорақалпоғистон” мухолифат ҳаракати бор. Унга хорижга қочган террорчи Омон Саъдуллаев бошчилик қилади. Қорақалпоқлар энди Ўзбекистондан ажралиб чиқмоқчи, аёлларнинг бепуштланишига қарши… Уларни ким қўллаб-қувватлаяпти, ким улар билан боғланган, билиб ва бизга хабар бериб турасан. Сен туркмансан, қорақалпоқ эмас. Қорақалпоқлар кўтарилса, туркманлар учун ҳам муаммо бўлади (Қорақалпоғистон Республикаси мустақиллиги тарафдори бўлган “Олға, Қорақалпоғистон” яширин ҳаракати 2014 йилдан бошлаб оммалаша бошлаган ва икки йилдан сўнг рўйхатдан ўтмаган ташкилотга айланган. Унинг асосчиси ва раҳбари Омон Саъдуллаев 2016 йилда Норвегиядан бошпана олган), деди Баҳром.

Омон Саъдуллаев ҳақида ўшанда биринчи марта эшитгандим. Уларга: “Менга нимани таклиф қиласиз? Агар эртага қорақалпоқлар мустақилликка эришса, менинг сизларга ишлаганимни билиб олишса, мени ўлдиришади, кейин туркманлар билан қорақалпоқлар ўртасида муаммо пайдо бўлади”, дедим. Баҳром эса: “Улар ҳеч қачон мустақилликка эриша олишмайди (Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси референдум йўли билан Ўзбекистон таркибидан чиқиш ҳуқуқини кафолатлайди). Аммо агар улар Европа ёки Америка разведка хизматлари томонидан қўллаб-қувватланса, НАТО бу ерда ўз базаларини жойлаштиради, ҳаммада кўп муаммолар пайдо бўлади”, деди. Мен яна рад этдим ва яна калтакландим.

Мен агар бирор нарсага рози бўлмасам, МҲХ ходимлари мени қамоққа ташлаши, уларни алдаб розилик бериб, кейин қочиб Ўзбекистонга ҳеч қачон қайтмаслик кераклиги ҳақида ўйлаб, таклиф қилдим: “Менинг Москвага боришимга рухсат беринг, мен у ерда яшаганман ва сизларга гиёҳвандлик моддалари сотувчилар ҳақида хабар бериб тураман”.

МХХ билан “ишлаш” келишуви Баҳромга ёқди, лекин у таклифимни рад этди: “Биз гиёҳвандлик моддаларини сотувчиларни шусиз ҳам биламиз. Сен Баҳром Ҳамроев (Ўзбекистон ҳукуматини кескин танқид қилувчи ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли, 1992 йилдан бери Москвада яшайди, “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази аъзоси) билан алоқадор бўлган намозхонлар ҳақида хабар етказиб турсанг яхши бўлади. Сен у билан танишмисан? “Москва ўзбеклари” миллатчилик ҳаракати ҳақида биласанми? Балки эшитгандирсан, Усмон Баратов дегани бор (балки “Ватандош” ўзбек жамияти асосчиси назарда тутилгандир)? Бизни унинг темурийлар гуруҳи билан алоқалари ҳам қизиқтиради”.

Менга нотаниш Абдуллоҳ ҳақида, фалончи ваҳҳобий, фалончи сўфий ҳақида сўрашди. Мен билмаслигимни айтдим. Бундай масалаларда ўзбеклар билан алоқам йўқ эди. Бироқ диаспора бўйича алоқаларим бор эди. Ҳижома қилгани кўп одамларнинг олдига борардим, камбағалларга текин қилардим.

Москвада мадрасада ўқиб юрган пайтимда Россия фуқароси бўлган ўзбек Фозил гоҳида келиб турарди, менимча, Намангандан эди. Каримовга мухолиф бўлган таниқли миллатчи Фозил ўша пайтда диний гуруҳларга алоқаси йўқ эди. 2015 ёки 2016 йил январ ойларининг бирида мени паловга таклиф қилди. У ерга Баҳром Ҳамроев келди, танишиб қолдик. Баҳром ҳуқуқ ҳимоячиси, мусулмонлар ва бошқа одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, диктатурага қарши эканини айтди…

Бу мен учун қизиқ эмас эди. Лекин, маълум бўлишича, олти-етти ўзбек орасида жосус бўлган, Қорақалпоғистонга қайтганимда, палов устидаги суҳбатдан махсус хизматлар аллақачон хабардор эди. Шу Фозилни ҳам топиш, Баҳромни ҳам суриштириш керак, дейишди.

Умуман олганда, менинг “ҳамкорлик” ҳақидаги келишувимдан сўнг гап бошқа томонга бурилди. Қўлимдаги кишанлар олиб ташланди, мен хонада у ёқдан бу ёққа юришим мумкин эди.

Мен фақат қочиш учун рози бўлдим. Улар тез орада мени Москвага жўнатишади, деб ўйладим, Лекин бу жўн иш эмас экан. Аввало, Баҳром Полвонназаровичнинг диктовкаси билан мен Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматида “Акбар” лақаби билан ишлашга тайёр эканим ҳақида ариза ёздим. Улар мени видеокамера олдида ўқишга мажбур қилишди. Улар “ҳар бир киши” учун 200 доллар “бонус” ваъда қилишди (ҳозир қандай айтилганини аниқ эслай олмайман). Менга имзо қўйишим учун бўш варақлар беришди. Улар бир вақтнинг ўзида: “Хафа бўлма, биз сизга ишонамиз, лекин аввалроқ баъзи ваҳҳобийлар ҳам ҳамкорликка рози бўлиб, кейин қочишга ҳаракат қилишган. Шундайлардан бири бизни алдади, у Москвада “Озодлик” радиосига интервью бермоқчи бўлди. Лекин уни қўлга олишди ва Ўзбекистонга депортация қилишди, ҳозир қамоқда… Ўзбекистонга узатиладиган Ғарб станцияларида бизнинг одамларимиз ишлайди, гарчи у ерда ҳамма билан келишиб бўлмаса ҳам… Умуман, аҳмоқ бўлма, керак бўлса, биз сени ҳамма жойдан топа оламиз”, дейишди.

Улар мени шу жойда уч кун ушлаб туришди. Деразалар ёпиқ, кўчага қарашнинг иложи йўқ эди. Озодликка чиқишдан олдин улар тез орада топшириқларга тайёргарлик кўриш учун Тошкентга чақиришларини айтишган. Баҳром шу кунларда “Олға, Қорақалпоғистон” ҳаракати ҳақида маълумот тўплашимни ва етиб келганимдан кейин шу ҳақда хабар беришимни буюрди. Телефонга пул бериб: “Сим картани ол, Россиядаги дўстларингга қўнғироқ қил (тўртта исм: Фозил, Муслим, Пўлат ва Иқбол), уларнинг қаердалигини билиб, кейин айт”, деди. Кейинчалик мен Москвага бир неча бор қўнғироқ қилдим, аммо беҳуда бўлди.

2016 йилнинг 24 июлида, якшанба куни тушликдан кейин мени қишлоқ четига олиб келишди, ўша ерда тушириб юборишди ва бизни ҳеч ким бирга кўрмаслиги кераклигини айтишди”.

(давоми бор)

Виталий Пономарёв

Тағин ўқинг
26 май 2021
“Абдулла Ғариб продакшн”, рассом Элсевар, рассом Туз ва “Элтуз” янги сиёсий сатирик анимацион фильмлар туркумининг 7-қисмини тақдим этади. Автобусни ...
6 декабр 2016
Фотосуратчи Карл де Кейзер (Carl De Keyzer) 1989 йил аввалига Тошкентга кейин эса Тошкентдан 1000 километр узоқ бўлган Урганчга ...
22 феврал 2023
Ўзбекистон Суриянинг зилзиладан жабр кўрган ҳудудига 50 тоннага яқин инсонпарварлик ёрдам юкини жўнатди. Аввалроқ Туркияга ҳам 170 тонна гуманитар ...
7 июл 2016
«Ҳуррият» газетаси Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилган «Эътиқод эркинлигининг тоза ҳавоси» сарлавҳали мақола юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳайит намозини адо ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...