Асосий мавзулар
3 май 2022

Қўрғонтепада 500 дан зиёд тадбиркор кўчага ҳайдалмоқда

Андижоннинг Қўрғонтепа тумани буюм бозори вилоятнинг бошқа бозорларига нисбатан анча ҳамёнбоп ва гавжум. Шу боис, йўли узоқ бўлса-да, бошқа туманларда яшовчи савдогарлар ҳам савдо-сотиқ учун Қўрғонтепа бозоридан жой олишади. 

Аммо шу кунларда бозорда фаолият юритаётган савдогарларнинг тинчи бузилган. Сабаби, бозорнинг Шаҳрихонсой қирғоғидаги қисмида савдо қилаётган тадбиркорлар жойидан ҳайдалмоқда. 

– Бозоримизда катта маблағ эвазига савдо расталари, янги дўконлар қурилди. Жойи йўқ, кўчада ноқонуний савдо қилувчи ёймачилар, савдогарларга арзон нархларда сотилди. 

Кам таъминланган, боқувчисини йўқотганлар ҳатто расталар билан текин  таъминланди. Ҳали фаолият бошлаганимизга бир ой ҳам бўлгани йўқ. Энди жойни бўшатиб, чиқиб кетишимиз ҳақида гап-сўзлар бўляпти, – дейди тадбиркор Санобар Содиқова. 

Мазкур бозор Шаҳрихонсой каналининг шимолий қисмида жойлашган. Маълум бўлишича, “Ҳамкор барака савдо люкс” МЧЖ  каналнинг бўш  қирғоғидан фойдаланиб туришга 7 йилдан бери шартнома қилиб келган.  Аммо кутилмаганда канал маъмурияти ҳимоя ҳудудини бўшатиш юзасидан огоҳлантириш хати юборди.

– Агар ҳудудни очиш керак бўлса, нега шуни энди айтишяпти? Нега биз бетонлаётган пайтимиз индашмади? Расталарни қўяётган пайтимиз, шунча одам пул сарфлашидан олдин  қаерда эдилар? Одамларни нима қиларди овора қилиб? 

500 та дўкон, 300 та раста. Бу камида 800 та оиланинг тирикчилиги, дегани! Кимдир тилла буюмларини сотиб, кимдир қарз-ҳавола билан бу дўконлардан сотиб олган. Уларнинг шунча сарф-харажатларини энди ким тўлаб беради, – дейди куюниб “Ҳамкор барака савдо люкс” МЧЖ раҳбари Зикрилло Мўйдинов.

Шаҳрихонсой ирригация тизими мутахассиси Ғанижон Хўжамбердиевнинг “Элтуз”га айтишича, шартномани бекор қилиш ғояси Қўрғонтепа тумани ҳокимлигига тегишли. Канал маъмурияти эса тадбиркорлар билан шартномани давом эттиришга қарши эмас. 

“Ҳамкор барака савдо люкс” МЧЖ билан бир неча бор судлашган туман ҳокимлиги сув хўжалиги вазири номига каналнинг ҳимоя ҳудудидаги буюм бозори учун тадбиркорлар билан тузилган шартномани бекор  қилиш ва ноқонуний қурилмаларни бартараф қилишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. 

Қўрғонтепа тумани ҳокими ўринбосари Дониёр Азимовнинг сўзларига кўра, президентнинг жорий йил январдаги қарорида туманда замонавий кўча қуриш назарда тутилган. 

“Лойиҳага кўра, Шаҳрихонсой қирғоғида  пиёдалар ва велосипедчилар учун йўлак қурилиши керак. Бироқ бу қурилишга мана шундай турли ноқонуний қурилмалар тўсқинлик қиляпти”, деди ҳоким ўринбосари “Элтуз” билан суҳбатда

Каналнинг чап қирғоғида деҳқон бозори ҳам жойлашган. Ҳозирча бу бозор билан ҳеч кимнинг иши бўлгани йўқ. Ҳимоя ҳудудига фақат буюм бозори халал берадими? Деҳқон бозори-чи? Лойиҳадаги велойўлак-чи? Улар халал бермайдими? 

Бу саволга ҳоким ўринбосари: “Йўқ, умуман халал бермайди. Каналда таъмирлаш ишлари кетадиган бўлса, техника кириб бемалол ишласа бўлаверади. Одамлар ҳам сайр қилса бўлади. Лекин ноқонуний дўконлар халақит беради”,  деб жавоб берди.

Туман ҳокимлиги буюм бозорининг нафақат канал қирғоғини эгаллаб турган қисми, балки майдони ҳам ноқонуний эгаллаб олинганини иддао қилмоқда. Тадбиркорнинг қўлидаги ҳужжатлар эса бунинг аксини кўрсатади. 

– Кадастримиз бор, техник шартлар олганман, “Сувоқова”дан ҳам, Фарғона жанубий магистрал каналидан ҳам. Вилоят архитектура бошқармасидан рухсатномалар олинган. Мана, қўлимда турибди ҳаммаси. 

Канал бўйидаги расталар эса муқим дўконлар эмас. Булар жойидан силжитиб, кўчириб юрса бўлаверадиган енгил металл конструкциядан ишланган. Хуллас, ноқонуний ҳеч нарса йўқ бу ерда. Аммо бозордан нон топаётган 500 дан зиёд тадбиркорни улуғ айём кунларда қақшатиш кимга керак бўлганини тушунолмаяпман, – дейди МЧЖ раҳбари Зикрилло Мўйдинов.

Велойўлак – яхши ғоя. Бироқ бу жойга меҳнати ва маблағи сарфланган тадбиркорларнинг тақдири нима бўлади? Янги ғоялар билан тўлиб-тошган туман мутасаддилари инсофга келиб, ишсиз, жойсиз қолаётган бозорчилар масаласига жиддий ёндашармикин!!? 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 ноябр 2021
Азиз ва қадрдон, севгили ва севимли, бир-биридан ардоқли томошабинларим. Сиз билан ноябрь ойида иккинчи марта ҳамсуҳбат бўлиш бахтига ноил ...
12 апрел 2017
2017 йил 12 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари 68 яшар Бўритош Мустафоев юрак касаллиги боис юзага ...
4 январ 2017
Украин халқ артисти, “Верка Сердючка” тахаллуси билан шарафланадиган 44 яшар Андрей Михайлович Данилко янги йилни Тошкентда қутлади. Данилко Тошкентдаги ...
21 январ 2021
Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ватандошларнинг тана аъзоларини ўлчаш деб номланган антропономик тафтишга минглаб тиббий ходим сафарабар қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...