Асосий мавзулар
31 май 2022

Ўзбекистонда Хитой ва Россиянинг “юмшоқ куч” соҳасидаги рақобати

Ўзбекистонда Хитой ва Россиянинг “юмшоқ куч” соҳасидаги рақобати 

Ўзбекистонда Хитой ва Россиянинг “юмшоқ куч” воситасидаги рақобати тил ва таълим дастурлари орқали яққол намоён бўлмоқда, деб ёзади The Diplomat нашри.

Россия ва Хитойнинг Ўзбекистондаги “юмшоқ куч” баҳси тил ва таълим имкониятларини олға суришда кўпроқ кўзга ташланади. Бу сиёсатда Россия оммага эътибор қаратса, Пекиннинг нишони келажак элитасидир. 

Россия 2013 йилги ташқи сиёсат консепциясига рус тилини тарғиб қилишни ҳам ўз ичига оладиган “юмшоқ куч” тушунчаси киритди. Тил ва таълим Россия президенти Владимир Путин ҳукмронлиги даврида таъсир ўтказиш воситасига айланди. 

Россиянинг Марказий Осиёдаги “юмшоқ кучи”га собиқ Россия империяси ва кейинчалик Совет Иттифоқининг минтақани босиб олиши туфайли режалаштирилган стратегия натижаси эмас, балки “мавжуд воқелик” сифатида қаралмоқда. Бироқ “ўйин”га Хитой ва Туркия каби бошқа ўйинчилар ҳам қўшилганидан сўнг Москва “юмшоқ куч” майдонида беихтиёр уларга рақобатчи бўлиб қолди.

Рус тили Ўзбекистонда чуқур илдизларга эга. Мамлакатнинг 1989 йилда қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонунида рус тилига “миллатлараро мулоқот тили” мақоми берилган. Аммо мустақилликка эришилгандан кейин, 1995 йилда киритилган тузатишларга кўра, бу мақом бекор қилинди ва миллатлараро мулоқот учун тил танлаш фуқаролар ихтиёрида қолди. 

Гарчи мустақилликка эришилганидан сўнг Ўзбекистондаги этник руслар сони камайган бўлса-да (1991 йилдаги 1593800 нафардан 2017 йилда 750000 нафарга), Россиянинг МДҲ ишлари, хорижда яшовчи ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлиги (Россутрудничетсва) Тошкент бўлими маълумотларига кўра, аҳолининг деярли учдан бир қисми рус тилида сўзлашади. Бу рақам бўрттирилган бўлиши мумкин. Ўзбекистонда аксарият аҳоли рус тилида гаплаша олиши мумкин, лекин равон эмас, айниқса, марказий шаҳарлардан ташқарида.

Мустақилликдан кейинги ўнлаб йиллар давомида Ўзбекистонда рус тилини тарғиб қилишга зарурат бўлмади. Рус тилини ўрганиш ҳар доим мамлакатда мажбурий таълимнинг бир қисми бўлиб келган. У чет тил сифатида бошланғич мактабдан бошлаб ўрта мактабни битиргунга қадар ўқитилади. Бундан ташқари, бутун ўқув дастури рус тилида олиб бориладиган 88 та мактаб (636 463 дан ортиқ ўқувчи) мавжуд. Айрим давлат мактабларида эса таълим рус тилида бўлган гуруҳлар бор. Аксарият ота-оналар фарзандлари рус мактаблари ёки гуруҳларида ўқишини исташади. Уларда таълим сифати ўзбек мактабларидагига қараганда яхшироқ деб ҳисоблашади.

Рус тилидаги таълимга талаб юқори бўлишига қарамай, рус тили кенг тарқалишига маҳаллий даражада муайян қаршилик мавжуд. Бу қаршилик, энг муҳими, рус тилини йўқ қилишдан кўра ўзбек тилини тарғиб этишга қаратилган. 

2018 йилда бу масала яна эътиборга тушди. Россия оммавий ахборот воситалари илгари собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган мамлакатларда “рус тилига эътиборни кучайтириш” ҳақида кўп гапира бошлади. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги рус тилидаги ўрта мактабларда ўқитувчилар етишмаслигини эътироф этганидан сўнг Россия Фан ва олий таълим вазирлиги ўзбек мактабларига малакали рус тили ўқитувчиларини юбориш ва уларнинг маошларини тўлашни таклиф қилди. Ўша йили Ўзбекистондаги педагогика олий ўқув юртларида рус гуруҳлари учун квоталар 30 фоизгача оширилди.

Рус тилига бундай эътибор сусаймаяпти. 2020 йилда Россия Таълим вазирлиги ва россиялик ўзбек аслли тадбиркор Алишер Усмоновнинг “Санъат, фан, спорт” хайрия жамғармаси Ўзбекистонда рус тилини оммалаштиришга йўналтириган “Класс!” лойиҳаси учун 75 миллион рубль (ўша пайтда 1 миллион доллар атрофида) ажратди. Лойиҳа доирасида Россия Ўзбекистонга 150 нафар рус тили ўқитувчиси ва ўнлаб мутахассис юборди. 2030 йилгача мўлжалланган лойиҳа доирасида рус тили бўйича 100 000 та дарслик нашр этилган бўлиб, яна 600 000 таси чоп этишга тайёрланмоқда. 

Россия ўзбекларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида олий таълимга ҳам сармоя киритмоқда. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги келишувга мувофиқ, ўзбек мактаблари битирувчилари таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тасдиқлаш каби одатий бюрократик тўсиқларсиз Россия олийгоҳларига кириши мумкин. Биргина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг 48,7 минг фуқароси Россиядаги олий таълим муассасаларида таҳсил олди. Ўзбекистон фуқаролари учун Россия олий ўқув юртларида молиялаштириладиган ўринлар сони ҳам ортиб бормоқда – 2020 йилдаги 228 тадан 2021 йилда 430 тагача кўпайди (750 тага ошиши кутилмоқда). Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Россия Фан ва олий таълим вазирлиги ўртасида 2018 йилда имзоланган келишувга кўра, Ўзбекистонда Россия университетларига солиқ имтиёзлари, соддалаштирилган рўйхатдан ўтиш тартиби ва бошқалар тақдим этилди. Ўшандан бери Россия университетлари филиаллари сони кескин кўпайди – бугунги кунда Ўзбекистонда Россиянинг 14 та олий ўқув юртининг филиаллари мавжуд (2018 йилда атиги тўртта эди), яна тўққизтасини ташкил этиш режалаштирилган. Россия университетлари маҳаллий университетлар билан ҳам яқин алоқлаларга эга – Россия ва Ўзбекистоннинг 115 та университети қўшма конференциялар ва лойиҳаларни ташкил этишда ҳамкорлик қилади.

Марказий Осиёдаги тил ва таълим “ўйини”га Хитой бироз кечикиб кирди. Унинг стратегияси бошқа мамлакатларда таълим муассасалари ташкил этиш ва Хитой университетларига кўпроқ талабаларни жалб қилишга қаратилган. Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Хитой Халқ таълими вазирлиги ўртасидаги келишувга асосан, 2004 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институти базасида Ўзбекистондаги биринчи Конфуций институти очилган. Дастлаб хитой тили ва маданиятини ўрганиш учун йилига атиги 30-50 нафар талаба қабул қилинарди. Сўнгги йилларда уларнинг сони 800 нафарга етди. Ўзбекистондаги иккинчи Конфуций институти орадан ўн йил ўтиб, 2014 йилда Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Шанхай халқаро тадқиқотлар университети ҳамкорлигида ташкил этилган.

Таққослаш учун айтиш керакки, қўшни Қирғизистонда тўртта Конфуций институти ва 21 та Конфуций синфи ҳар йили 4000 га яқин қирғизистонликка хитой тилини ўрганишга ёрдам беради. Қозоғистонда бешта Конфуций институти бўлиб, Хитой университетларида 14 мингдан ортиқ қозоқ таҳсил олади. Ўзбекистон мисолида эса бу рақамлар нисбатан кичик – 2019 йилда Хитойда ўзбекистонлик 6500 талаба ўқиган. Маълумотларга кўра, улардан 30 фоизга яқинининг ўқиши Хитой университетлари томонидан молиялаштирилган. Ўзбекистонда Хитой университетлари филиаллари ҳам йўқ, бироқ Тошкентда камида учта маҳаллий университетда хитой тили ўргатилади.

2014 йилда Тошкент давлат шарқшунослик университети Марказий Осиёда биринчи бўлиб хитойшунослик факултетини очди. У вақти-вақти билан Хитойдан моддий-техникавий кўмак олиб туради. Яқинда Хитой элчихонаси ҳам Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёт университетида Хитой тили ва маданияти маркази очилишини молиялаштирди ва талабалар алмашинув дастурини ташкил этишни режалаштирмоқда. Ёш ўқувчилар эътиборини тортиш мақсадида 2020 йилда Хитой Ўзбекистондаги давлат боғчаларида хитой тили машғулотларини йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказди. 

Ўзбеклар фикрича, хитой тилини ўрганиш рус тилини ўрганишдан кўра қийинроқ ва кўпроқ вақт талаб қилади – кўпчилик, айниқса, камбағалларнинг бунга қурби етмайди. Бироқ хитой тилида эркин гапириш ўзини оқлайди, чунки Хитой компанияларда ишлаш анча даромадли ҳисобланади. 2022 йил май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокидаги 1984 та компания рўйхатга олинган. Рус тили эса амалийлиги  учун жозибалироқ. Офис ишчилари ва шаҳарлардаги хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларидан, айниқса, рус тилини яхши билиш талаб этилади. Ҳатто халқаро ташкилотлар офисларида ҳам рус тилини билиш асосий мезонлардандир. Ўзбек тилини билиш эса “устуворлик беради” ёки “мақбул” саналади, лекин мажбурий мезон эмас. Мамлакатда Россия капитали иштирокидаги 2471 корхона ва ташкилот бўлиб, улардан 210 таси биргина 2022 йилда иш бошлаган.

Ҳар йили Россияда ишлаётган миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожири учун рус тили, айниқса, фойдали. Маълумотларга кўра, Россиядаги ҳар бешинчи ўзбек муҳожиридан фақат бири тил билади. Шу боис, 2020 йилда Россиянинг бешта шаҳрида ўзбек муҳожирлари учун бепул тил ўрганиш курслари (тўлови Тошкент томонидан) очилди. Россия расмий статистикаси маълумотларига кўра, 2021 йилда Россияда Ўзбекистоннинг 4,5 миллион фуқароси меҳнат қилган ва 31,9 минг ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олган.

Москванинг асосий мақсади маҳаллий аҳоли орасида рус тилининг мавжуд мақомини сақлаб қолишдир. Шу мақсадда Россия ҳар бир ўзбекни потенциал рус тилида сўзлашувчи сифатида кўради. Шу билан бирга, Тошкент ва Пекин ўртасидаги алоқалар кучайгани сари хитой тилида эркин мулоқот қилиш ва Хитой университетлари дипломига эга бўлишнинг аҳамияти ва нуфузи ошиб бораверади. Рус тилини билиш Россиядаги мавсумий қурилиш майдончаларида ёки хизмат кўрсатиш соҳасида ишлашга йўл очса, хитой тилига сармоя киритиш кенг имкониятлар беришини маҳаллий аҳоли яхши англайди. 

Манба: The Diplomat  

Тағин ўқинг
11 август 2021
“Хива шаҳри – турк дунёси пойтахти” дастури доирасида Туркиянинг Невшеҳир вилояти ҳудудида жойлашган Ўртаҳисор ёки бошқа номи Кападокия шаҳарчасида ...
3 декабр 2018
Мана бу расмларда кўриб турганингиз Суриянинг Идлиб ёхуд Ҳалаб шаҳарларидаги биноларнинг эмас, Ўзбекистон Республикаси Навойи вилояти Хатирчи тумани Лангар ...
30 ноябр 2021
Eurasianet нашри президент Мирзиёевнинг Россияга ташрифи Ўзбекистоннинг Россия етовидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши керакми ёки йўқлиги ҳақидаги қизғин баҳс-мунозараларга ...
7 ноябр 2016
Шанба эрталаб жони узилган Абдулла Орипов тошкентликлар коммунист-мозор деб айтадиган Чиғатой қабристонига олдин режалангани каби сешанба куни хам, кейинчалик ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...